Мусулмонлараро ички музокара ва у қандай бўлиши лозим?

 

Таржимондан: Инсоният тарихи кўрсатадики, дунёда доим ёвузлик ва меҳр-шафқат, адолат ва адолатсизлик, ҳақ ва ҳақсизлик ўртасида антагонистик кураш тўхтамай давом қилиб келаяпти. Биз, бу курашнинг  тўхташи ёки сусайишини эмас, аксинча унинг турли хил кўринишларда ва хилма хил ниқоблар остида шиддатли давом этаётгани гувоҳи бўлиб турибмиз. Затон Ислом ақидасига кўра,  қуёш ботиш тарафидан туғадиган бўлгунича (Қиёмат Кунига қадар) бу кураш давом этажак. Асли очиқ айтиладиган бўлса, дунёнинг бутун муаммолари, айнан ана ўша ёвузлик ва меҳр шафқат қарама қаршилиги, Ягона Яратувчининг қонуни - Ислом дини ва унга қарши (яъни Ягона Яратувчи – Оллоҳга) қонунлар – яратилганларнинг қонунлари курашидан иборатдир. Масалан, бу кураш йигирманчи асрда бир мунча бошқача кўриниш олганди, кучларнинг асосий қисми коммунизмга қарши курашга жалб қилинган бўлса-да, қарама-қаршиликларнинг асосий қисми зимдан Исломга қарши тайёрланаётган ёки олиб борилаётган урушдан иборат эди. Бугун коммунизм хавфи тарқатилганидан кейин дунёнинг асосий муаммоси ўз юзини очиқ кўрсатди. Кўраяпмизки, дунё кўп қутбли бўлмай, фақат икки қутблигина экан. Булар Ягона Яратувчига иймон келтириш, мўминлар қутби – Ҳақ йўли ва иймонсизлар қутби – Ҳаққа олиб бормайдиган янглиш йўлдир. Дунёнинг бутун ташвиши, муаммоси ана шу икки йўлда юрувчиларнинг тортишуви, мунозарасидан эмас, балки уларнинг ҳақиқий урушидан иборатдир. Бу шундай эди, ҳозир ҳам шундай, бундан сўнгра ҳам то Қиёмат Кунигача шундай бўлиб қолади. Янглиш йўлда юрганлар, яъни Ҳақиқатга, Ҳаққа қарши урушаётганлар ўз башараларини тенглик, демократия, турли хил меҳр-шафқат ижтимоий ташкилотлари, динни давлатдан ажратиш сингари ниқоблар, ҳийлалар билан қанча безамасинлар энди у башарани ёпиб бўлмайдиган вазиятга келди. Қадрли диндош биродарларим, қанчалик аччиқ бўлмасин ҳақиқат мана шундай. Мусулмонлар маълум сабаблар оқибатида  техник-технологик ривожланишда ўз душманларидан жуда орқада қолди. Бунинг устига, айнан ўша душман уларнинг ораларини бузиб улгурди ва бузишда давом қилмоқда. Бугун мусулмон аталмиш миллат кечириб бўлмас даражада тарқоқ ҳолга тушиб қолгандир.

 

Замонамизнинг таниқли имоми шайх Юсуф ал Қардавий “Мусулмонлараро ички музокара ва у қандай бўлиши лозим?” номли рисоласида мусулмонларнинг бугунги ўта тарқоқ ҳолидан ачиниб, уларни кучли душман қаршисида ақлларини йиғиб олишга чақиради ва Исломга қарши очиқчасига катта урушлар олиб боришаётган душманга қарши бирлашиб курашиш йўллари ҳақида ўз фикрларини шериклашади. Рисоланинг рус тилидаги таржимаси, http://www.islam.ru/pressclub/analitika/vnumisdol/  адресда эълон қилинган. Биз ана шу адресдан олиб уни ўзбекчалаштирдик ва ўзбек тилида ўқийдиган диндошларимиз эътиборига узатишни лозим кўрдик.

 

Марҳамат рисоланинг ўзбек тилидаги мазмуни билан танишинг!

 

Мусулмонлараро ички музокара ва у қандай бўлиши лозим?

11-сентябр террористик ҳаракатларидан сўнгра Ғарб ва Шарқда динлараро, айниқса Христиан дини ва Ислом ўртасида музокараларга қаратилган жуда кўп чақириқлар бўлди. Жуда кўп кишилар бундай таклифга ижобий қарадилар, шунингдек мусулмонлар ва христианлар бир қатор мамлакатларда учрашувлар ва конференциялар ўтказишди.

 

Шундай тадбирлардан бири “Ислом-христиан саммит”и номи билан Сант Эжидио жамияти ташаббуси билан Римда ўтказилди. Бошқа бири эса, диний даъват ва ижтимоий ёрдам Ислом кенгаши (совети) ва Ислом диалоги (музокараси) Халқаро форуми тарафидан ташкил қилиниб, Қоҳирада ўтказилди. Мен эса, шуларга ўхшаш ва улардай кенг қамровда бўлмаган бир қатор бошқа учрашувларда ҳам қатнашдим.

 

Бироқ кўпчиликда тубандаги адолатли саволар туғилиши табиийдир: “Мусулмонлар нима учун ўзларини ўзаро музокарага чақирмайдилар? Ишни ана шундан, ўзаро келишиб олишдан бошлаш лозим эмасми? “Аввал ўзингиздан бошланг, сўнгра сиз масъул бўлганлар билан шуғулланинг” дейилган ҳадиси шариф, ана шу ҳақда огоҳлантирмайдими?”

 

Умма ичида мусулмонларнинг ўзаро фарқлари, Ислом ва бошқа динлар орасидаги фарқлардан аҳамиятлироқми? Нега биз ўзаро яқинлашиш ва бир-бирларимизни дурустроқ тушунишга интилмаймиз?

 

Шубҳасиз, дин қонунлари, фан ва реаллик, энг аввал мусулмонларнинг ўзаро музокаралар олиб боришларининг ўта аҳамиятли эканлигини кўрсатади. Ислом закийлари (интеллектуаллари) айнан ана шу масалаларга диққат ва эътиборни қаратиши зарур.


Оллоҳ бизга бошқа диндагилар билан ”Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг!”* (Қуръони карим, 16:125) деб турса-ю, биз қандай қилиб, ўзимиз билан бир динда бўлиб, бизнинг қибламизга қараб ибодат қиладиганлар ва бир хил Ислом ишончини – шаҳодатини келтириб турганлар билан музокаралар ва мунозаралардан қочамиз? Шунинг учун мен, уммадан ташқарида эмас, балки унинг ичида ўзаро тушуниш йўлларини топиш ҳақида кўпроқ ташвишланиш зарур деб ўйлайман
.

 

Бу музокаранинг олий, оқибат мақсади, турли хил оқимларни алдаш йўли билан эмас, балки ақлона, чин саммият билан бир-бирларига яқинлаштириш, бир-бирларини ёқтирмасликни дўстона хайрихоҳликка алмаштириш, ғоявий фикр алмашиш, бир-бирлари билан тез-тез учрашишлар ўтказиш, ўртадаги ноаниқликлардан, тушунмовчиликлардан ва турли хил шубҳалардан қочиш, улардан четлаб ўтишдан иборат бўлмоғи зарур. Бироқ бизда, чинакамига саммият ва садоқат, тафаккур, сабру-чидам экстремизмни енгади деган қаттиқ ишонч бўлсагина бу мақсад бирон маъно касб қилишига умид қилса бўлади.

Агар бизнинг нодўстларимизга келсак, қаранг уларнинг ўзаро жуда жиддий фарқлари бўлишларига қарамай, улар умумий душманлари - Исломга қарши бирлашишга ўзларида имкон ва куч топа олишдилар. Оламларнинг Эгаси таъкидлайди: “Албатта Оллоҳ қонунларини бузган золимлар ёлғонларда бир-бирларини қўллайдилар” (Қуръони карим, 49:19).

 

Агар биз бошқа дин вакиллари билан музокара олиб бораётган бўлсак, яъни бегоналар билан нималардир ҳақида сўзлашаётган ва бирор умумий фикрга ҳам келиша олаётган бўлсак, нима учун  ўзаро фарқларимизни четга суриб қўйиб, жамоамизни жипслаштириб ҳаммамизга бирдай даҳшат солаётган хавфнинг башарасига барчамиз бирликда ягона куч бўлиб боқмаймиз? Мисрли шоир Аҳмад Шауқийни Оллоҳ раҳмат айласин, мана у нималар деганди: ”Ҳақиқатан мусибат, унинг хавфида қолганларни бирлаштиради”.


Ана шундай фикрларга ботиб, бизга хавф солаётган барча диний, маданий, иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий хавф-хатарлар авж олган бир мураккаб замонда бизнинг йўлимизни ёртишга кўмак берармикан деган ният билан мусулмонларнинг ўзлари орасидаги музокаралар ҳақида бир неча мақолалар ёздим. Биз бугун бутун замонларда кўрилмаган инқирозда яшамоқдамиз. Биз бугун ҳамишагидан кўпроқ  Қуръони каримга оғишмай эргашишга ва ички фарқларимиздан жиддий чекинишга мутлақо муҳтожмиз. Шунинг учун бугунги олимларнинг вазифаси ва масъулияти эса, мана шу муҳим масалаларга диққатни жалб қилиш ва уммани мусулмонларга бўлган барча душманликларга ягона куч бўлиб қарши туришга чақиришдан иборатдир.

 

Биз нималарда ягона фикрда бўлсак ...

Мусулмонларнинг ўзаро муносабатлари ва музокараларининг энг муҳим принсипларидан бири, бизни нималар бирлаштирса, ўшалар атрофида жипслашиб, фикрлар ажраладиган нарсалар ҳақида ўйламасликдир. Бизни бирлаштирадиган муҳим масалалар эса, диннинг, иймоннинг устунларидир. Маълумки, фикрлар ажраладиган ҳолатлар жуда муҳим бўлмаган масалаларга тегишлидир.

Биринчидан, барча мусулмонлар ҳар нарсага Қодир Ягона Оллоҳга инонадилар, Қиёмат кунига, Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) юборилганлигига ва Унинг барча пайғамбарларнинг муҳри эканлигига иймон келтирадилар.  Мусулмонлар, Қодир Оллоҳ, Ўзининг расуллари воситасида юборган барча Диний Китобларга бир хил иймон келтирадилар.

 

“Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Улар барчаси Оллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирдилар. Улар айтдилар: “Унинг пайғамбариларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз. Ва “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз” (Қуръони карим, 2:285). Биз мана шу оятда Исломнинг ва иймоннинг бутун мусулмонлар учун ягона бўлган устунларини топамиз.  

 

Иккинчидан, Қуръони карим, Қодир Оллоҳнинг китоби, тўғри йўлни доноларча эслатиб турувчи машъал деб билишда ҳам  мусулмонлар бир хил иймон келтирадилар. Оллоҳу таоло Қуръони карим ҳақида, “Алиф. Лам. Ро. (Ушбу Китоб) сизларга фақат Оллоҳгагина ибодат қилишингиз учун, ҳикмат ва (ҳамма нарсадан) хабардор зот – Оллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилинган бир Китобдир” (Қуръони карим, 11:1) дейди. Қуръони каримнинг ўзгаришлар ва бузилишлардан сақланиши ҳақида Оллоҳу таоло ўз Китобида таъкидлайди: “Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагичимиз” (Қуръони карим, 15:9).

 

Мусулмонлардан ҳеч бир кимса, у суннийми ёки шиами бўлмасин, Қуръоннинг икки муқаваси орасида нималар ёзилган бўлсалар, уларнинг ҳаммаси Оллоҳ нозил этганлигини инкор қилмайди. Кимки, теология бўйича мунозара олиб бораётган бўлса, Қуръондан олинган кўчирмалардан фойдаланади, ким ҳуқуқий (фикҳ) масалалари бўйича мунозара қилаётган бўлса, у ҳам Қуръонга суяниб иш қилади. Бутун мусулмонлар Оллоҳнинг Муқаддас Китобига мурожаат қиладилар. Ҳа, баъзи бир шиалар Қуръонга қўшимча қилинган деб билишадилар, бироқ бу ана ўша қаролмайдиган, эътиборга олинмайдиган, унинг устида ҳеч қандай мунозара, муҳокама қилинмайдиган масаладир. Бу шубҳасиз диндан қайтиш, муртадликдир.

”(Эй Муҳаммад), улар ўртасида Оллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Оллоҳ сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар Сизнинг ҳукмингиздан юз ўгирсалар, билингки, Оллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз, одамлардан кўплари итоатсиздирлар” (Қуръони карим, 5:49). “Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Оллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!” (Қуръони карим, 5:50).

 

Қуръони каримда Оллоҳ, баъзи гуруҳларнинг ўз мулоҳазаларига кўра ўзгартиришлар киритиши ҳақида Пайғамбарни (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) огоҳлантираётганини кўрамиз. Бу эса, биз Оллоҳ очиб берган йўлдан адашмай юришимизни билдиради.  

Мусулмонларнинг ягоналигини кўрсатадиган бошқа бир соҳа эса, Исломнинг амалий устунларида уларнинг бирлигидир, яъни шаҳодат келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, Рамазонда рўза тутиш ва ҳаж ибодатини бажаришда ягоналикдир.

 

Бу ибодатларни бажаришда ҳам мазҳабларга кўра фарқлар бор. Агар биз суннийларнинг фикҳ мактабини ўрганиб қарасак, масалан, ҳанбалийлар ва моликийлар орасида жуда кўп фарқларни кўрамиз. Кўпгина қоидалар борки, улар фақат ҳанбалийлар мактабида учрайди. Улар, “муфрат ал-мазҳаб” (бошқа мазҳабларда учрамайдиган фикрлар) деб аталади. Бу ҳоллар ҳатто бир ҳанбалий олими тарафидан дидактив поэма шаклида тўплам ҳам қилинган. Бироқ умумий олганда барча мазҳаблар бир-барларига жуда яқин ҳисобланади.

 

Қарама қаршиликлар ҳақида сўзлашмалар – музокаралар.

“Ал Манар” журналининг ташкилотчиси ва “Қуръон ал Манар” тафсирининг муаллифи мусулмонларнинг атоқли фикҳ олими Муҳаммад Рашид Рида, бир-бирлари билан музокаралар олиб боришаётган мусулмонлар орасида ўзаро муносабатлар учун “Олтин қоида” деб аталган бир қоида ўрнатди. У ҳақиқатан ҳам шундай, яъни у қоидага  кўра, “Биз ишни фикрлар ягона бўлган масалалардан бошлаймиз ва фикрлар бир-бирларидан узоқлашадиган жойларда ўзаро бир-биримизни кечирамиз”.  

Бу қоидани имом Ҳасан ал-Банна бошлиғидаги замонавий янгиловчилар ўз услубларига айлантирди. Ҳасан ал-Банна ўзининг асарларида ва лексияларида бир неча марта бу қоида ҳақида сўзлади. Шу сабабли кўпчилик бу қоидани у чиқарди дейишади.

 

Бизнинг баъзи дин қардошларимиз бу қоиданинг иккинчи қисми билан келиша олмайдилар ва “Биз муқаддас манбаларга рози бўлмаганларни қандай қилиб оқлашимиз мумкин бўлади?” дейишади. Бу саволга мен “Замонавий фатволар” номли китобимда жавоб берганман. Ҳозир эса такрорлайман.

 

Баъзи бир матнлар борки, улар ким томонидан узатилиши ва уларнинг изоҳланиши жиҳатидан шубҳасиз тўғридир. Бундай ҳолларда уларни тан олмайдиганларни оқлаб бўлмайди. Бироқ бундай матнлар жуда кўп эмас.


Ҳуқуқий ҳужжатлар Қуръони карим ва Суннатга кўра уч турга ажралади:

1) уларни узатганлар занжири шубҳасиз аниқ, аммо уларни изоҳлашларда бир хиллик йўқ, 2) изоҳлашларда бир хиллик сақланган, аммо узатиш занжири шубҳасиз эмас, 3) узатиш занжири ҳам шубҳасиз эмас ва изоҳлашларда ҳам бир хиллик йўқ. Ана шу ҳуқуқий матнлардаги бир хиллик бўлмаган жойлар ва уларни шарҳлаш,  тушунтиришлар олимлар учун ижтиҳод ( иджтихада ) қилишга ўрин қолдиради ва булар ҳақида фикрларнинг турли хил бўлиши мутлақо зарарсиздир.


Шунинг учун мен билан мунозара қилаётганингизда, сиз ўз фикрингизни бир ҳадиси шариф билан исботлашга ўринасиз, бироқ у ҳадисни ривоят қилганни мен тан олмайман, сиз уни тан оласиз. Ёки масалан, биз иккимиз ҳам ҳадиснинг ривоят қилинган манбасига шубҳа қилмаймиз, аммо уни ҳар хил шарҳлаймиз. Шунинг учун бундан ҳар хил хулосалар чиқади. Бу ҳолда мен ҳадисни инкор қилмаган, фақат сизнинг шарҳлашингизни инкор қилган бўламан. Қисқа қилиб айтганда, ҳадис илоҳий ваҳийдир, сизнинг уни тушунишингиз эса, ундай эмас, ахир.

 

Олтин қоида, “Пайғамбарлик замонида аёлларнинг  озод қилиниши” исмли қомуснинг муаллифи, ҳозирги замон миср мутафаккири Абу Шукка номли киши тарафидан бир мунча ўзгартирилди. У (Оллоҳ уни раҳмат айласин) шундай дейди: “Биз бир хил фикрда бўлган масалалар устида ҳамкорлашамиз, фикрларимиз фарқли бўлган масалаларда эса, мунозара ва муҳокамалар олиб боришга ўрин бор деб ҳисоблаймиз”. 

Абу Шукка, ҳақиқатни излашга калтафаҳмларча кўр-кўрона фанатизм нуқтаи назаридан эмас, балки чинакамига хоҳиш билан яқинлашиладиган бўлинса, ҳар қандай масала устида муҳокама юртиши мумкин деб ҳисобларди. Мунозара ва муҳокамалар оқибатида ғоявий фикрларни чуқурлаштириш, тушунарли бўлмаган жойларни аниқлаш, умумий изоҳларни топиб, уларни барча томонлар қабул қила оладиган шаклда бир—бирларига яқинлаштириш мумкин, ахир.

 

Менимча, биз масалаларнинг амалий тарафларида бир нуқтага келишимиз лозим. Назарий ва абстракт масалаларни бир мунча орқага ташлаб туриш керак. Чунки масалан, “Қиёматда Оллоҳни кўрамизми?” ва шунга ўхшаш бошқа назарий талашишлар ҳеч нарсага олиб келмайди. Бу мавзулар бўйича Суннийлар, мутазалитлар, зайдитлар, жафаритлар ва ибадитлар ўртасидаги тотишувлар асрлар бўйлаб давом этиб келмоқда. Бу тортишувлар ҳеч нарса бермайди, чунки ҳар бир тараф муросасиз ўз йўлини тасдиқлайдилар. “Улар исбот излаб бепаён чўлда то чарчаб бўлганларича сарсон бўладилар. Сўнгра эса, ўзларини ҳеч бир жойга қимирламаган сингари яна ўша бошлаган жойларида кўрадилар” деганди, ўз китобида шофий мактабининг машҳур фикҳ олими Абу Ҳамид ал-Марвазийдан иқтибос  келтирган Абу Хиян ал-Тавҳидий.

 

Амалий музокара деганимда мен шу икки нарсани тушунаман. Биринчидан, энг аввал сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий шарт ва шароитларни эътиборга олиш лозим. Бизнинг олдимизда душманга қарши ягона позитсия ишлаб чиқиш учун бирлашиш мақсади турибди, бизга ягона стратегия керак. 

1994 йили аҳолининг кўпайиши ва ривожланиш муаммолари бўйича Қоҳирада ўтказилган Халқаро конференсияда Ислом дунёси Лигаси ва Эрон ҳукумати Ал-Аҳзар умумий позитсиясига келиша олдалар-ку, ахир. Шу билан бирга улар инсонларнинг бузилиб кетишаётганларига, обортга, ножўя кийинишга, жинсий алоқадаги эркинликка, ёшларни жинсий тарбиялашда катталарнинг назорати бўлмаслиги керак каби тушунчаларга қарши масалаларда Ватикан вакиллари билан ҳам келишишдилар.

 

Агар умумий манфаатлар Ислом ва Христианликни бир сафга туришга мажбур қилган бўлсалар, наҳотки, умумий душманга қарши мусулмонларнинг турли хил оқимлари шундай қила олмайдилар? 

 

Иккинчидан, мулкий ҳуқуқдаги турли хил тушунишларни муҳокама қилиш, диний асослардаги ва ибодатлардаги хилма-хилликни муҳокама қилишдан анча енгилдир. Агар энг зарурий масалаларни кўр-кўрона фанатизмга суяниб ҳал қилишга уринилса, уларни ҳеч қачон ҳал қилиб бўлмайди, бу йўл билан ўзаро тушуниш эшикларини очиш мумкин эмас. Сўзлашувлар, музокаралар фақат барча тарафлар сўзлашувлар, музокаралар принсипига софдиллик, қардошлик ва сабр-тоқат билан яқинлашсалар ва бир-бирларини айблашларнинг, антагонистик қарашларнинг барчасидан қочинсаларгина ратсионал ва самарали бўлиши мумкин.

 

Иғволарсиз муҳокама.

Мусулмонлар орасида бўладиган музокараларнинг асосий принсипларидан бири, уларнинг ораларидаги ажралиш масофасини қисқартиришга интилиб, оқимлар орасидаги фарқлардан ташкил этилган тубсиз жарликнинг устига кўприк қуришдан иборатдир. Биз, бир-биримизни иғволарга тортишдан тўхташимиз зарур. Сўзларимиз конструктив ва тортишмаларимиз юмшоқ, маданий бўлиши учун ҳар бир тараф, бошқа тарафнинг иззат нафсига тегадиган, уни ўзидан узоқлаштирадиган, нафрат ва душманликни келтириб чиқаришдан  бошқага ярамайдиган ўзаро ҳақоратлардан тийилиши шарт. Аксинча биз бир-биримизни, келишмовчиликка эмас, муросага;  бўлинишга эмас, бирликка; нафратга эмас, муҳаббатга олиб келадиган сўзлар билан аташимиз лозим. 

Шунинг учун ҳар бир тараф ихтиёрий бир ҳақоратга ўхшаш тамғаларни қўллашдан қочиши зарурдир. Аксинча ҳар бир гуруҳ бир-бирига мурожаат қилганда уларни ўзларида аталадиган исмлар билан айтиши лозим. Оллоҳу таоло Қуръони каримда, “Ўзларингизни (яъни бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар ташламанглар(яъни айримларинигиз бошқа айримларингизга лақаб қўйиб олманглар)!” (Қуръони карим, 49:11) деб кўрсатма беради.

 

Шунингдек суннийларни Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам)  оиласини ҳақорат қилишда айблаш ёки шиаларнинг унинг сафдошларини ҳақорат қилиши сингари жуда қатлис масалаларни ҳам четлаб ўтиш ортиқча бўлмасди. 


Ҳақиқатда эса, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) оила аъзоларидан исталган бирига нисбатан бирор шаклда ҳурматсизликни биронта суннийнинг хаёлига келиши ҳақида гапириш мутлақо ўринсиздир. Аксинча, суннийлар уларнинг ҳар бирини жуда севишади ва уларнинг буюкликларини таъкидлаб, уларга чексиз ҳурмат кўрсатадилар. Иймонлиларнинг йўлбошчиси ҳазрати Алини ёки Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) севимли қизи, мусулмонларнинг бениҳоя ҳурматли онаси Фотимани суннийлар севмаслиги ҳақида хаёл қилиш ҳам мумкин эмас. Ёки Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) севимли неваралари, Жаннатда ёшларнинг йўлбошчилари Ҳасан ва Ҳусайнни (Пайғамбар соллаллоҳу алейҳи ва салламнинг оила аъзолари ва сафдошларидан Оллоҳ рози бўлсин ва уларни раҳмат айласин)  севмасликлари ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас.

 

Бироқ бу ерда, Оллоҳ Расулининг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам)  сафдошлари, айниқса Унинг вафотига қадар ёнида бўлганларни ҳақорат қиладиган шиалар муаммоси бор. Буларга аҳамият бермасликнинг иложи йўқ. Масалан, мусулмонларнинг содиқ халифалари Абу Бакр, Умар ва Усмон, ва бошқа Талҳо, Зубайр каби Оллоҳ жаннат билан хурсанд қилган ўнта мусулмонларни шиаларнинг ҳақорат қилишлари, мана булар ҳақиқатан муаммодир. Уларнинг ҳаммаси (барчасидан Оллоҳ рози бўлсин ва уларни раҳмат айласин)  Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) сўзига ишонган, бошқалар Ундан воз кечганларида ҳам улар Унинг ёнида қолган биринчи мусулмонлар эди. Шунинг учун уларни Оллоҳу таоло Муқаддас Қуръони каримда юксак даражаларга кўтаради.

Ойшанинг (радияллоҳу анҳа) айбсизлиги Қуръони каримда Оллоҳ тарафидан исбот қилинишига қарамасдан уни ва Оллоҳ Ўз Расули (алейҳиссалом) бирга яшашни насиб этган зотларни ҳақорат қилувчилар шиалар орасида учраб туради. “Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ – эҳсон қилган ва (расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар эмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Оллоҳ гўзал (оқибат – жаннат) ваъда қилгандир. Оллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Қуръони карим, 57:10).

 

Аслида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам)  яқинларини ҳақорат қилиш масаласи бизнинг ва шиаларнинг орамиздаги энг ўткир масаладир. Агар бирлари “Абу Бакр (Оллоҳ ундан рози бўлсин)” деса-да, бошқаси “Абу Бакр(унга Оллоҳнинг қаҳри, ғазаби бўлсин)” деб турсалар, қандай қилиб улар орасида ўзаро тушуниш бўлиши ҳақида сўз кетиши мумкин.

Мен шиаларнинг бир иллоҳиёт мутахассиси билан мана шу масала бизнинг орамиздаги чоҳни қисқартиришдаги биринчи тўсиқ эканлиги ҳақида сўзлашдим. Ва ниҳоят ана шу тўсиқни олиб ташлайдиган, ҳеч бўлмаса уни чегаралайдиган бир закий топилиши лозим. Бу масала омманинг эркига ташлаб қўйиладиган бўлинса, донишманд ва масаланинг моҳиятини тушунадиган кишиларни ўзаро яқинлашиш имкониятларидан маҳрум қилиб, уммани тўласинча вайрон қилиб ташлайди.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Муҳаммад ат-Тасҳирий, аятулло Ваиз-Зода ва бошқа шулар каби шиа иллоҳиёт мутахассислари менинг фикрларимга тўла қўшиладилар. Шунингдек улар ҳам, шиалар орасида Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) оиласи ва унинг сафдошлари (уларнинг барчасидан Оллоҳ рози бўлсин) шанига ҳақоратлардан тортиниш хусусияти кўпроқ тарқаётганини таъкидлашадилар. Ҳатто шиаларнинг мактаб дастурларида ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар мадҳ этилиб, уларнинг Ислом тарихидаги ролини кўрсатган китоблар пайдо бўла бошлади.

Мен у олимларга, шундай қараш ҳукуматлар ва маориф-таълим муассасалари тарафидан рағбатлантирилиб, шулар тарафидан бошқарилиши лозимлигини сўзладим. Шунингдек жуда кўп нарсалар  ота-оналарга ҳам боғлидир. Ниҳоят ота-оналар ҳам шиа халқ оммаси орасида тарқалган фолклор, кўпинча ёлғон ҳикоялар ва фикрлару-ғоялар билан тўлиб – тошганлигини ва улар ҳеч қандай илмий асосга эгамасликларини тушиниб етишлари лозим. Жуда кўпчилик кишилар ўша эртакларни ва фикрларни реал факт ва ишонч шаклида қабул қилишни давом қилишаяптилар, ўша эртаклар эса, уларнинг хусусиятларга таъсир қилаяпти.

 

Саҳобани ёмонлаш масаласига ниҳоятда жиддий, виждонан, ҳалоллик билан қараш зарур. Буни тушунтириш учун бу муаммога донишмандларча яқинлашиш керак. Мен масалани қарашда бир неча қадамлар таклиф қиламан. Мени ҳаракатга келтирувчи унсур эса, Оллоҳ ризоси, динга хизмат қилиш учун уммани жипслаштириш истагидир, холос.

 

Ниҳоят биринчидан,

Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) издошлари (саҳоба) орасида бўлган фарқли қарашлар ва тортишувлар ўтмишга айланди. Уларни бўртириш эса, фақат Исломнинг душманлари манфаатига мос келади. Улар (саҳоба) фақат Оллоҳнинг олдида жавоб берадилар ва фақат Оллоҳ улардан уларнинг амаллари бўйича сўроқ қилади. Шунинг учун уларни муҳокама қилишни Қодир Оллоҳнинг ҳукмига қолдириб, уларни ҳам, уларнинг амаллари ва ишларини ҳам биз ўзимизча муҳокама қилмаслигимиз лозим. 

”Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларинигиз ўзларингиз учундир. Ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз” (Қуръони карим, 2:134). Шунинг учун халифа Умар ибн Абдул Азиздан саҳоба орасидаги келишмовчиликлар ҳақида сўрашганларида, халифа, “Қодир Оллоҳ бизни қон тўкишдан қандай қўриган бўлса, биз ҳам ўз тилимизни бу масала ҳақида алжирашдан шундай қўришимиз лозим” дея жавоб қилганди.  

 

Фикрлари бир-бирларидан узоқлашадиганлар орасида диний сабр, динсизларни ва тўғри йўлдан озганларни биз эмас, фақат Оллоҳ, фақат Ягона У маҳкама қилишга ҳақли эканлигини тан олишдан иборатдир. Маҳкама замони бу ерда (бу дунёда) эмас, келгуси ҳаётда бўлади: “Албатта иймон келтирган зотлар яҳудий бўлганлар, собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар) ва насронийлар – (улардан) қайсилари (иймонга келиб) Оллоҳга, Охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшалар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир” (Қуръони карим, 5:69).

 

Агар бу ояти карима ҳар хил динлар ҳақида бўлса, дини бир бўлиб, мактабларидагина фарқи бўлганлар билан нима қилиш керак бўлади?


Қуйидагича ҳисоб қилишдан қулайи йўқ: барча саҳоба, уларнинг ниятларига кўра баҳоланадилар. Энди агар улардан ноҳақлари бўлган бўлса, уларнинг Оллоҳ Расулига (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) яқин бўлиши ва у билан жангларда елкама елка қатнашганликлари Қиёмат Куни уларни шафоат қилиш учун етарли бўлади.

 

Хотиб ибн Балтаҳа, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алаейҳи ва саллам) сафдошларидан бири ва Бадр жангида қатнашган эди, у билан бўлган тарихни хотирлайлик -чи. У Маккани фатҳ этишдан олдинроқ  мушрикларга маълумот бериб, мусулмонларга қарши жосуслик қилди. Ўшанда Умар (радиёллоҳу анҳ) Пайғамбардан (соллаллоҳу алаейҳи ва саллам) уни ўлдиришни сўради. Пайғамбар (соллаллоҳу алаейҳи ва саллам) эса, “Ундай қилма, Умар. Балки Оллоҳ Бадрда жанг қилганларнинг барчасига қараб, “Сиз нима қилсангиз ҳам афв қилдим” дегандир” деб жавоб қилди.

 

Имом Ал-Қуртубий ўзининг “ал-Жамили аҳком ал-Қуръон” номли тафсирида, “Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алаейҳи ва саллам) ҳар қандай бир сафдошини хато қилди деб айтиш ман қилинади. Чунки улар фақат Оллоҳнинг розилигини қозонишга интилиб амал қилгандилар. Уларни айблашдан воз кечиб, улар ҳақида фақат ижобий сўзлар сўзлаш ибодатдир. Шундай қилиш билан биз, улар Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алаейҳи ва саллам) сафдошлари эканлигига амал қилган бўламиз. Пайғамбар (соллаллоҳу алаейҳи ва саллам) уларга салбий муносабатда бўлишни ман қилганди, Оллоҳ уларнинг гуноҳларини афв қилгандир” дейди.

 

Бундан ташқари ҳадиси шарифда айтиладики, Оллоҳнинг Русули (соллаллоҳу алаейҳи ва саллам), “Ер юзида юрган Талҳо шаҳиддир” деди. Агар Талҳонинг ҳазрати Алига (улардан Оллоҳ рози бўлсин) қарши сўзини диндан чиқиш, Оллоҳга итоатсизлик деб қабул қилинадиган бўлса, Пайғамбар (соллаллоҳу алаейҳи ва саллам) уни шаҳид дейиши мумкинмиди? Оллоҳ йўлида қурбон бўлган кишигина шаҳид-ку, ахир.

Биламизки, ҳазрати Али бир тарафда ва Талҳо билан Зубайр бошқа тарафда туриб жанжаллашиш оқибатида Зубайр ўлдирилади. Бироқ яна ҳадиси шарифда, ”Сафиянинг ўғлини ўлдирган қотил, дузахда ёнади” дейилади. Демак, Талҳо ва Зубайр муртад бўлолмайдилар. Акс ҳолда Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) Талҳо шаҳид, Зубайрнинг қотили дузахда бўлади демаган бўларди. 

Шунингдек биз, ўша урушда қатнашмай, ўзларини четга олган саҳобаларни ҳам айблай олмаймиз. Чунки улар ўзларини Қодир Оллоҳ қандай кўрсатган бўлса, ўшандай тутдилар. Демак, уларни лаънатлаб, Оллоҳга итоатсизликда ва муртадликда айблайдиганларни оқлашга ҳеч қандай асос йўқдир. Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) сафдошларининг барчасидан Оллоҳ рози бўлсин.

 

Ал-Қуртибий Ибн Фуракадан иқтибос келтириб қуйидагиларни сўзлайди: ”Бизнинг кўпгина (Шофий мазҳабининг), олимларимиз, саҳобанинг орасидаги фикр қочишларини ва келишилмовчиликларни Юсуф (алейҳиссалом) ва унинг қардошлари орасидаги воқеаларга ўхшатишадилар. Бироқ бу уларнинг Юсуф (алейҳиссаломнинг) пағамбарлигига ишонмаслигини ва Оллоҳга содиқ бўлмасликларини кўрсатмайди. Саҳобаларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилади”.

 

Шу билан бирга ўтмиш билан эмас, балки бугунги муҳим муаммолар билан шуғулланиш яхшироқ ва фойдалироқдир. Кунлардан бир куни шайх Муҳаммад Ал-Ғозалийдан саҳобанинг орасидаги жанжаллар ҳақида, “уларнинг қайси бири халифатни эгаллашга ҳақлироқ эди?” деб сўрадилар. “Халифаликнинг ўзи бўлмагани каби Абу Бакр ва шунга ўхшаш Али ҳам бугун тирик эмаслар. Мусулмонларни ажнабий давлатлар бошқаришмоқда. Биз эса, ҳеч қандай маънога эга бўлмаган қиёслашлар билан машғул бўлишда давом қилмоқдамиз” дея жавоб қилганди шайх Ғозалий.  

 

Иккинчидан,

Исломда бошқа кишиларни лаънатлаш қораланади. Ҳеч кимни лаънатламаслик, сўкмаслик, масхараламаслик ёки масхараловчи сўзлар ишлатмаслик мусулмон кишисининг хусусиятлари ҳисобланади. Қуръони карим ҳатто мушрикларнинг бутларини сўкишни ҳам ман қилади, чунки улар Оллоҳни сўкишлари мумкин. “Кўпхудоликлар сиғинадиган уларнинг бутларини ёмонламанг, чунки сизга душманлик қилишларидан ва тушунмаганларидан Оллоҳни ҳақоратлай ва Унинг шанига ёмон сўзлар айта бошлайдилар”.


Булардан ташқари бизга жуда кўп ҳадислар маълумки, уларда сўкиш ва лаънатлаш таъқиқланади. “Саҳиҳ ал-жами ас-Сағир” номли китобда бу мавзуга боғишланган бир қанча ҳадисларни учратамиз:

- “Менинг саҳобамни сўкманглар. Менинг қалбим қўлида бўлганнинг номи билан қасамки, кимдир агар Уҳуд тоғи қадар садақа қилса ҳам уларнинг улуғлигидан бир томчисига ҳам эриша олмайди”;

- “Ўлганларни сўкманглар, улар нимага йўналтирилган бўлса, ўшани олдилар. Улар, ўзларига тақдир қилинганига эришдилар”;

- “Замонни сўкманг, замон – бу Оллоҳдир, замон Оллоҳнинг қўлида”;

- “Хўрозларни сўкманглар, улар намозга туришга ёрдам берадилар”;

- “Шамолни сўкманглар, шамол – бу Оллоҳнинг марҳаматидир”;

- “Иситмани сўкманг, у одамларни гуноҳдан тозалайди”.

 

Ҳадиси шарифларнинг энг ажойиби: “Шайтонни сўкманг. Оллоҳдан унинг макру-ҳийласидан сақлашни сўранг”. Кўраяпсизми,  бизга ҳатто лаънатланган шайтонни ҳам сўкмасдан, унинг макридан Оллоҳнинг ҳимоясига ўтиш буюрилмоқда. Чунки шайтонни сўкиш – бу суст ҳаракат бўлиб, Оллоҳдан ҳимоя сўраш – бу фаол ҳаракатдир.

 

Ғарбда, “Қоронғиликни сўкканингча, чироқ ёқ” дейилган мақол бор. Ҳақиқатан, биз қоронғиликни сўкиш билан реалликни ҳеч ўзгартира олмаймиз, ахир.

 

Сўкиш ва лаънатлардан қочиш гуноҳ эмас. Шунингдек, иймонсизларни ва адашганларни сўкиш диний бурч ҳам эмас. Буни бажармаган мусулмон Қодир Оллоҳ тарафидан жазога тотилмайди.

 

Бу ҳолни олимлардан бири қуйидагича тушунтиради:

”Агар киши, Фиръавн, Абу Жаҳл ва шайтон ҳақида бир оғиз ҳам ёмон сўз сўзламай бутун ҳаётини ўтказган бўлса, Оллоҳ уни бу иши учун саволга тутмайди. Бироқ, у киши бирон бошқа одам ҳақида унга муносиб бўлмаган сўз сўзлаган бўлса, бундай амал учун  жавоб беради”.

 

Макки ибн Иброҳим айтадики: ”Бир куни биз Ибн Авн билан ўтирардик, шу вақт биримиз Билол ибн Аби Бурданинг (ҳукмдорнинг) исмини тилга олди-да уни ёмонлай бошлади. Қолганлар ҳам унга қўшилишдилар. Фақат биргина Ибн Авн жимлик  сақларди. Биз ундан, нега сен жим ўтирибсан, биз у одамни сенга ёмонлик қилгани учун гап қилаяпмиз-ку деб сўрадик. Ўшанда у бизга, “Мен Қиёмат куни, “Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир” ва “Унга ва у-буларга лаънатлар бўлсин” жумлаларидан бирини сўзлашим мумкин. Мен бу жумлаларнинг биринчисини сўзлашни танлардим” деб жавоб берди.

Ниҳоят, мусулмон кишига Русулуллоҳнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) яқинларини ёмонлаш тўғри келмайди. Оллоҳу таоло уларга Пайғамбар(соллаллоҳу алейҳи ва саллам) замонида яшашни, у билан бирга бўлишни, бир сафда туришни насиб этди. Улар Унга энг яқин кишилар эди ва ҳаммадан кўпроқ Суннатга амал қилардилар. Улар, Унинг таълимоти ва Қуръони карим ваҳий бўлишининг ва Исломнинг илк тарихига гувоҳ бўлиш шарафига муяссар бўлдилар. Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) юборилишини энг кўп биладиганлар улардир. Пайғамбарлик замонидан қанча узоқ бўлсак, унинг нури шунча заиф бўлади.

 

Буларнинг барчасидан ташқари Оллоҳу таоло Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) саҳобаларини мадҳ этади. Оллоҳ, уларга эргашганларни мақтайди: ”Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар – Оллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Оллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир” (Қуръони карим, 9:100).

 

Бундан ташқари буларга гувоҳлик берадиган маълумотларни тавотур (бир вақтнинг ўзида биттадан кўп бўлган ишончли манбадан ривоят қилинган, яъни ишончлик даражаси юксак бўлган ҳадис)  даражасига эга саҳиҳ ҳадисларда, яъни Суннатда ҳам топамиз.  Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўзининг бу ҳадисларида саҳобани умумий шаклда ҳам, алоҳида-алоҳида ҳам мадҳ қилади.

Ва ниҳоят биз, саҳобанинг реал ҳаётидан ҳам мисоларга эгамиз. Тарих кўрсатадики, Қуръони каримни айнан ана ўша саҳоба сақлаб қолди ва уни бузилишлардан ҳимоя қилиб, бизга топширди. Худди шундай улар, Оллоҳ Русулининг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) нималар сўзлаганини, у ўзини қандай тутганини ва нималарни маъқул топганларини бизгача етказиб бердилар. Ана ўшаларнинг қўли билан Ислом тарқатилди ва Ислом давлати кенгайди. Агар ўша саҳобалар бўлмаганларида балки биз мусулмон бўлолмаган бўлардик.

 

Саммийлик ва ақлона, донимандлик билан мулоҳаза юритиш.

Мусулмонларнинг ички ўзаро музокараларининг асосий прнсипларидан яна бири, улар орасидаги муаммоларни, тартибга солинмаган масалаларни ва фарқли қарашларни ҳал етиш учун саммимий фикр алмашишдан иборатдир. Бу муаммоларни ва тўсиқларни ақлона, ҳамкорликда кечиб ўтиш лозим бўлади. Чунки Оллоҳу таоло бизга шундай қилишни буюради. Муаммоларни кун тартибига чиқаришдан қўрқиб, улар ҳақида индамаслик ёки унинг ечимини орқага ташлаш, калтабинликдир.

Масалан, шиалардан кимнингдир хаёлига суннийлар мамлакатларида, Миср ва Судан каби мамлакатларда шиаликни тарғиб қилиш фикри келиб қолиши мумкин. Менимча, бундай ҳолда зарар бутун фойдаларни супириб ташлайди. Чунки бу ҳол сунний жамоасида келишмовчиликларни чуқурлаштириб, шиаларга нисбатан нафратни оловлантириб юбориши мумкин. Шиалар эса, ҳеч бир нарсага ярамайдиган бир неча тарафдорлар ортириши мумкин, холос. Бир неча кишини ўз тарафига ағдариб олиш, шунақа оқибатга арзийдими?

 

Мен бу масалани ат-Тасҳирий билан  муҳокама қилганимни хотирлайман [шу фикрларни унга айтгандим]. У менга, ”Оллоҳга қасамки, сиз ҳақсиз. Мисол сифатида мана шу ҳолни келтирса бўлади. Бизнинг Судандаги Қаршилик ҳаракати билан жуда яхши алоқамиз бор эди, биз у ерда маҳаллий идора очгандик. Бир вақт идорамизнинг бошлиғи, шиага ўтган сунний кишиси тарафидан ёзилган “Тумма интадайт” (“Мана энди мен ҳақиқий йўлдаман”) номли китобдан бир неча юз нусхани тарқатади. Натижада бизнинг қардошларимиз Хартумдаги идорамизни ёпишга мажбур бўлдилар, идоранинг бошлиғи эса, мамлакатдан чиқариб юборилди” дея ҳикоя қилиб берди.

 

Бир замон Эронда бўлганимда мамлакатда сунний озчиликнинг ҳуқуқлари сақланишининг, шунингдек суннийлар мамлакатларида шиа лар озчилигининг ҳам  ҳақ ҳуқуқлари сақланишининг муҳимлиги ҳақида очиқ сўзладим.

 

Мисрда копт номли озчилик мавжуд ва мамлакатнинг барча маъмурий бўлимлари ҳокимиятида улардан камида икки-уч киши иштирок қилади. Шунингдек Эронда ҳам араблар, қурдлар ва белужийлардан иборат суннийларнинг жуда катта озчилиги яшашадилар. Шунга қарамасдан суннийларнинг вакилларидан бирон киши ҳокимиятларда қатнашмайди ва бунга қўшимча суннийлар яшашадиган ҳудудларда ҳокимиятларни шиалар бошқаришадилар. Кенгашларда шунақа вакиллик борлигини менга айтишдилар, бироқ мен унга норозилик билдирдим. Чунки у кенгаш (Шура)да суннийларнинг ваколати жуда заифдир. Ундан ташқари Шура – ҳукумат, ҳокимият эмас-ку, ахир.   

Шунингдек мен шиаларга қарата, “Эронда икки миллион, ҳатто ундан ҳам кўпроқ суннийлар яшайди. Улар кўп йиллардан буён Жума намози учун масжид берилишини талаб қилишадилар. Бироқ афсуски, ҳокимият уларнинг талабларига жавоб бермай келади” дедим.

 

Менинг бу сўзимни эшитиб турган шиа шайхларидан бири,  “Нима учун суннийлар шиалар билан бирга (шиаларнинг масжидида) намоз қилмайдилар?” дея менга савол берди. Мен эса, “Шиаларга кўра, жума намози фарз эмас, чунки 12-имом ёпиқ. Ва шунга ўхшашлар бор. Аммо суннийларда ҳаммаси бошқача” деб жавоб қилдим.

 

Ироқдаги вазият, айниқса Саддам ва баас режими қулатилганидан кейинги Ироқдаги вазият, шиалар ва суннийлар ўртасидаги муносабатларни саммимий фикр [муаммоларни ҳал этиш усуллари бўйича] алмашишлар орқали ва икки тараф орасида ҳокимиятни адолатли бўлиш йўли билан тиклашни талаб қилади. Бироқ суннийлар, шиалар, уларга бир бурда нон қолдиришдан бошқа бутун ҳудудни эгаллаб олаётгани ҳақида йиғлаб юрибдилар. Шиалар ҳатто суннийлар яшашадиган районлардаги масжидларни ҳам ўзларининг назорати остига олганлар, бунга масалан, биронта ҳам шиа яшамайдиган районда жойлашган Саддам ал-Кабир масжидини кўрсатиш мумкин.

 

Шиалар бизни Саддам сунний эди ва у уларнинг манфаатларини қўлларди деб ишонтирмоқчи бўладилар. Бироқ бу мутлақо нотўғри, буни шиа олимлари жуда яхши биладилар. Аслини олганда Саддам шиа ҳам, сунний ҳам бўлган эмасди. Саддам энг аввал бутун ироқ халқини сиқувчи эди, у кишиларни сунний, шиа, араб қурд деб ажратмасди. Шунинг учун уни сунний деб атаб, унинг жиноятларини ҳаммага бирдай тарқатиш адолатсизлик бўлади.

 

Бирлашишнинг зарурлиги ва душманга қарши доим тайёр туриш.

Шунингдек умумий мақсадлар йўлида мусулмонларнинг бирлаша олмаслиги ва ҳатто бир-бирлари билан алоқада ишламасликлари учун уларнинг орасига бўлиниш уруғини сочаётган умма душманларидан ва фитна-ю ҳийлалардан эҳтиёт бўлиш ҳам муҳимдир.  Биз душманларимизнинг фикрларини, улар бизнинг мамлакатларимизни мустамлакага айлантира бошлаганларидан буён биламиз. Уларнинг усуллари ва мақсадлари равшан, яъни бизни бўлиб ташлаб, бўл-да, устиларидан ҳукм сурдан иборатдир.   

Биламизки, куч бирликдадир. Бирлик, заифларнинг кучига куч қўшади, уларни мустаҳкамлайди, тарқоқлик, бўлиниш эса, бирликларни кичрайтиради, бузади,  кучлиларни заифлаштиради. Умманинг душманлари, у тарқаб кетганидан кейин, лидерлар бир-бирлари билан уруша бошлашганларидан сўнграгина унга зарар келтира олиш имконига эга бўлди. 

 

Қуръони каримда, “(Ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетиб, улар мағлубиятларга сабабчи бўлади!” (Қуръони карим, 8:46), дейилади. Оллоҳ Расулининг(соллаллоҳу алейҳи ва саллам) даъвати ҳам айнан шунга қаратилади: “Бўлинманглар, чунки сизгача ўтган халқлар бўлинишлари оқибатида (ораларидаги фикрларнинг фарқлиликларидан) қурбон бўлгандилар”. 

 

Бу умманинг душманларини энг кўп чўчитадиган, паришон қиладиган ҳол, бизнинг бир орага келишиб, ўзаро иноқ бўлишлигимиздир, уларни шодлантириб, хурсанд қиладигани эса, бизнинг бирлигимиз йўқлиги, тарқоқлигимиздир. Бизнинг душманларимизнинг шундай муносабатига Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ҳаётидан бир ибратли мисол келтириш мумкин. Авз ва Хазраж қабилаларининг Ислом дини шарофати билан бирлашиб, ўзаро қардошларга айланишиб, Исломгача бўлган узоқ йилар давом қилган урушларини унутишганларидан хабар топган бир Шас ибн Қайс исмли яҳудий,  мусулмончиликнинг бундай ибратли ишига ҳасад қилиб, душманлиги жўшиб, уларга Исломгача бўлган даврдаги урушларини, уларнинг ораларидаги келишмовчиликларни эслата бошлайди. Қабилаларнинг биридан бўлган бир шоирнинг ислом давригача ёзилган шеърини (декломатсия қила бошлайди) ўқиб бера бошлайди. Бошқа қабила эса, бунга жавобан ўзларининг шоири ёзган шеърни ўқий бошлашади. Шундай қилиб, бу ҳол то Исломгача бўлган фанатизм уйғонгунича давом қилади. Оқибатда, Авз қабиласининг одамлари, “Эй, Авз қабиласининг кишилари!”, Хазраж қабиласининг кишилари эса, “Эй, Хазраж халқи!” дея бақириб бир-бирларига қарши даъват қила бошлашади. Ниҳоят улар, “Қурол олинг! Қурол олинг!” дея қичқира бошлашгача бориб етишадилар.   

Оллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) бундан хабар топганиданоқ дарҳол уларнинг олдиларига шошилдилар  [атрофида туришган саҳобага қараб] сўради: “Мен уларнинг ораларида туришимга қарамай, улар Исломгача бўлган жоҳилия даврининг даъватлари билан қичқирмоқдаларми-а? Исломгача бўлган даъватларни зудлик билан тўхтатинг, чунки улар ёвузликдир”. Ундан кейин Қуръони каримдан суралар ўқиб, уларни Оллоҳни хотирага олишга чақирди. Улар қилганларидан пушаймон бўлиб йиғлашдилар ва надомадлар чекдилар. Ана шулардан сўнгра, улар шайтонга алданганларини тушуниб, икки қабиланинг эркаклари бир-бирини қучоқлай бошладилар. 

 

Ана ўша ҳодисалар муносабати билан “Ол-и Имрон” сурасининг бир неча оятлар нозил бўлганди (мазмунан): “Оллоҳнинг оятлари сизларга тиловат қилинаётган, Унинг Пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда қандай қилиб диндан қайтасиз?! Ким Оллоҳга боғланса (яъни Унинг динини маҳкам ушласа) бас, Муҳаққақки, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди. Эй мўминлар, Оллоҳдан ҳақ-ростдан қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар! Ва барчангиз Оллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Оллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирларингизга душман бўлиб юрган пайтларингизда, сизларнинг дилларингизни ошно қилиб қўйди-ку, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дузах чоҳу ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Оллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади” (Қуръони карим, 3:100-103)

 

Бироқ билингларки, ўша Авз ва Хазраж қабилалари орасига душманлик уруғини сочган Шас ибн Қайс турли хил ниқоблар остида бугун ҳам бизнинг орамизда яшамоқда ва унинг мақсадида бизга нисбатан заррача ижобий ўзгариш содир бўлгани йўқ. У, ўша узоқ ўтмишдаги сингари бугун ҳам чўнтагидаги заҳар уруғини сочиб турибди. Унинг ёрдамчилари, болалари, унинг қардошлари ва опа-сингиллари, барчаси бирлашиб, мусулмонлар орасида душманлик, нафрат уйғотиб ва бир-бирларидан қўрқиш хавфини тарқатиш билан уммага қарши қутқу тўрларини тўқишмоқдалар. 

Улар кўпинча Мисрда бўлгани каби мусулмонлар ва насронийлар (христианлар) ўртасидаги диний фарқлардан ҳам усталик билан фойдаланадилар. Баъзан улар, масалан, Ироқда араблар ва қурдлар, Мароккода араблар ва берберлар орасидаги ирқий қарма-қаршиликлардан фойдаланмоқда. Улар, ҳатто мусулмонлар орасидаги мафкуравий фарқликлардан ҳам фойдаланишга уринадилар. Масалан, Ироқда ва Ливанда суннийлар ва шиалар, Оманда суннийлар ва ибадитлар (ибадитлар, бу харижизмнинг муъдатил шохобчасидир. Бугун Оманда ибадизм расмий йўналиш ҳисобланади)  ва бошқа шу кабилар орасидаги фарқлардан фойдаланадилар. 

 

Агар улар, мусулмонларни тўғридан тўғри бўлишнинг йўлини топа олмасалар, “миллатчи” ва “исломчи”, “ўнг” ёки “сўл”, “инқилобчи” ёки “либерал” ва шуларга ўхшаш тамғаларлардан фойдаланадилар.

 

Бироқ диққат-эътиборини йўқотиб қўймаган кузатувчи, келишмовчиликларни тарқатувчилар, бир замон ўз диққатини мусулмонлар орасидаги доктринал (чуқур мафкуравий) келишмовчиликка қаратганини, чунки улар бутун бор бўлган ижобий нарсаларни битирадиган урушга, сунний ва шиалар ўртасида келиб чиқадиган урушга умид қилаётганини кўрмаслиги мумкин эмас. Эрон-Ироқ урушида асосан ирқий келишмовчиликка аҳамият берилганди, яъни арабларнинг форсларга қарши уруши шаклда юзага келганди. Аммо бизнинг душманларимиз суннийлар ва шиалар ўртасида аниқ, очиқ-равшан уруш бўлишини исташадилар! Улар, бизнинг бир-биримиз билан қандай талашимизни маза қилиб кузатишни исташадилар.


Бироқ Қодир Оллоҳ, “(Эй Муҳаммад), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Оллоҳ эса, сизга қутилиш йўлини кўрсатади, уларнинг макрларидан қутқаради. Оллоҳ сизга ғалабага келтирадиган барча яхшиликларни юборади. У ҳамма нарсага Қодирдир!” (Қуръони карим, 8:30), дея буюради.

Мусулмонлар ўртасидаги келишмовчиликлар нималардан иборат бўлмасин, қанақа ва қандай шаклда бўлмасин, улар мўминларни ўзаро урушга олиб келмаслиги шарт. Бу эса, Оллоҳ Расулининг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) видо ҳажида (Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) бу дунёда энг сўнгги ҳажи замонида ўқиган хутбаси (
Прощальная проповедь) ҳақида сўз кетмоқда), “Мен кетганимдан сўнгра, бир-бирларингизнинг бошларингизни кесиб, жоҳилия даврига қайтманглар” деган насиҳатининг, огоҳлантиришининг ўзигинасидир.  

 

Умма, ким унинг дўсти ва ким унинг душмани эканлигини, айниқса Ироқда уруш бошланганидан кейин жуда яхши фикрлаб, тушуниб олиши зарур. Бутун қитъада ўзини ягона куч ҳисоблаётган АҚШ, ҳеч кимдан сесканмай, жазосиз ўзи билган бемазачилигини қилмоқда. “Мен сизнинг энг буюк Тангрингизман” дегандек ўзини ҳис қилаётган янги замон Фиръавнининг диктатига қарши самарали курашиш учун бирлашиш вақти келиб етганига анча бўлди.

 

Мушкулликда келишувчилик, бу заруратдир.

Бугун мусулмон давлатларидан ҳар бири ва умуман умма бутунлай, 11 – сентябрдан сўнгра янада оғирлашган бир оғир хасталикка йўлиқди. Ҳозир умма, ўзининг мустаҳкамлигини кўрсатадиган бир тестдан ўтаяпти ва бу вазият мусулмонларнинг бирлигини, айниқса уламонинг ичидаги бирликни талаб қилади. Биз, бизга уруш билан келаётганлар қаршисида бир бутун яхлит куч каби туришимиз лозим ва бу бизнинг орамизда фикрларнинг қочишига йўл қўйиш мумкин бўлмаган бир ҳолдир.  Қодир Оллоҳ Қуръони каримда мана нима дейди: “Албатта Оллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севади” (Қуръони карим, 61:4).   

Энг хавфли ҳодисалардан бири, мўминларнинг тарқоқлиги соясида бу уммага қарши кофирларнинг бирлашишидир. Қуръони карим бу ҳақда бизни кескин огоҳлантиради: “Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига ҳамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур” (Қуръони карим, 8:73).

 

Мусулмон бўлмаганларнинг ораларида тарихан чуқур келишмовчиликлар ва ҳатто душманлик мавжудлигига қарамасдан уларнинг бирлашаётганлари гувоҳи бўлиб турибмиз. Масалан, Овропа иттифоқини олинг, бу иттифоққа аъзо бўлган давлатлар ўтмишда узоқ йиллар бир-бирлари билан урушлар олиб боришгандилар, у урушлар (икки Жаҳон уруши) миллионларча кишиларнинг жонига забун бўлгандилар. Бироқ улар ўтмишдаги фожиавий келишмовчиликларни орқага ташладилар ва уларнинг муҳим мақсадлари бирликда эканлигига тўла ишонч ҳосил қилдилар.

 

Илгарироқ насронийлар орасидаги оқимларнинг бир-бирлари билан яқинлашишларининг гувоҳи бўлдик. Айнан шундай яқинлашиш ҳолати, ораларида тарихий душманлик борлигига ва Исонинг (алейҳиссалом) қони учун яҳудийлар айбдорлиги ҳақида Ватикан ҳужжат тарқатганлигига ҳам қарамай Насронийлик ва Яҳудийлар орасида ҳам содир бўлди.

Бугун фақат мусулмонлар ўзаро жипслашишлари учун жуда кўп сабаблар борлигига қарамай, ҳали ҳам ўзларининг келишмовчиликлари ва тортишувларининг асири бўлиб қолишмоқда. Биз учун бир йўналишга (Қиблага) қараб намоз ўқишимиз, Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Унинг Русули(соллаллоҳу алейҳи ва саллам) эканлигига иймон келтиришимизнинг ўзи кифоя-ку, ахир. Биз, бизнинг Парвардигоримиз – Оллоҳ, динимиз – Ислом, бизнинг ҳақиқат ўлчовимиз –Қуръони карим ва пайғамбаримиз – Муҳаммад (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) эканлигидан мамнунмиз, ахир.

 

Ва шу тадқиқотим хулосасида Қуръони каримнинг ушбу оятини эслатишни истардим: “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға – инининг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Оллоҳдан қўрқинглар – шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангсизлар” (Қуръони уарим, 49:10).

 

Муҳожирлар ва ансорлардан кейин иймонга келганлар Оллоҳу таолога қандай мурожаатда (дуода) бўлган бўлсалар, мен ҳам Унга ўшандай мурожаат (дуо) қиламан. “Муҳожирлар ва ансорлардан кейин бу ҳаётга келадиган мўминлар шундай дейдилар: “Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан бирон ғилли-ғаш пайдо қилмагин. Парвардигоро, албатта Сенинг меҳрибонлигинг ва раҳматинг бениҳоядир” (Қуръони карим, 59:10).


Рисоланинг муаллифи: Юсуф ал-Қардавий, Халқаро уламолар кенгашининг бошлиғи.

IslamOnline (рус тилига таржимаси қисман қисқартиришлар билан нашр қилинган).

 

* Қуръони каримдан келтирилган суралар ва оятларнинг ўзбекча мазмуни, “Қуръони карим, ўзбекча изоҳли тарижима”. Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур. Тошкент “Чўлпон”, 1992, китобидан олинди.

 

Рисолани рус тилидан ўзбек тилига таржима қилиниши ҳижрий 1429 йил 18-Муҳаррам (м. 2008 йил 27 – январ)да тугатилди. Таржимон: Алибой Йўляхши.

Қўшимча қуйидаги рус тилида эълон қилинган материалларни ўқиш ҳам фойдалидир:

Амманская декларация. Ведущие улемы исламского мира об обвинении в неверии и единстве мусульман

Беспокойтесь о своем будущем, а не муссируйте исторические разногласия между исламскими лидерами


Причины успеха и неудач исламских движений


Держитесь за вервь Аллаха и не разделяйтесь!


Эта угроза всей умме, и вся умма должна оказывать сопротивление. Аль-Карадави о ситуации на Ближнем Востоке

 

Hosted by uCoz