Ислом ақидаси ҳақида Ат-Таҳовий рисоласи.

Шундай ном билан <islam.ru> интернет сайти машҳур ислом олими имом Таҳовийнинг ақидавий қарашлари ифодаланган китобини рус тилида чоп қилди. Биз уни рус тилидан ўзбекчалаштирдик ва ўзбек тилида ўқийдиган дин қардошларимизнинг диний билимларига қўшимча маълумот бўлар деган ниятда эълон қилишни жоиз ҳисобладик. Материалнинг русча оргиналининг интернет адреси: http://www.islam.ru/vera/tahawi/

 

Мараҳамат рисола билан тубанда танишинг.

Имом ат-Таҳовий тарафидан тартибга солинган Ислом ақидаси, Аҳл-и ас-Сунна вал-Жамоатнинг дунё қарашини ифодалайди. Унинг бу асари ўз соҳасидаги энг машҳур ва баобрў асарлардан бири ҳисобланади.

 

Имом Абу Жаъфар Аҳмад бин Муҳаммад бин Сулаймон бин Салма Абдал-Молик бин Салма бин Сулаймон бин Жавоб Азди Мисрда туғилган бўлиб, имом Таҳовий исми билан танилган ва ислом дунёсида ҳадис ва фикҳ соҳасининг машҳур ва баобрў имомларидан бири ҳисобланади. Унинг яшаш замони, Ислом дунёсининг энг машҳур олимлари-имомлари Абу Ҳанифа, Молик, Шофий ва Ҳанбалнинг  талабалари ва уларнинг талабаларининг талабалари бевосита ишлаб ижод қилишган даврга тўғри келди. Бу давр эса, ҳадисшунослик ва ислом қонуншунослигининг (фикҳнинг) гуллаган бир даври эди.   

 

У ўз фаолиятини имом Шофийнинг атоқли издошларидан ҳисобланган тоғаси (онаси  жиҳатдан) Исмоил бин Яҳё Музнининг талабаси сифатида бошлади. Бироқ имом Таҳовийни имом Абу Ҳанифа гуруҳининг асарлари кўпроқ қизиқтирарди. У тоғасининг ўта мураккаб масалаларни ҳал этишда ҳанафийлар мактаби олимларининг асарларига мурожаат қилганини кўрарди. Бундай масалаларда Таҳовийнинг тоғаси ҳанафийлар мактабининг фикҳ илмини ҳанафий масҳаби бўйича синфлаштирган  атоқли имомлари Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний ва имом Абу Юсуф асарларини диққат билан ўрганарди. Ана шуларнинг барчаси имом Таҳовийни ҳанафий олимлари асарларини ўрганишга алоҳида эътибор қилишига сабаб бўлди ва оқибатда у ҳанафийларга қўшилиб кетди.

 

Имом Таҳовий, ҳанафийлар мактабининг фақатгина атоқли давомчиси бўлиб қолмай, ўзининг билим даражаси ва ўрганиш қобилиятига кўра ҳанафийларнинг машҳур олимларидан бирига айланди. Унинг “Шарҳ Маъоний ал-Ансар” ва “Мушкил ал-Ансар” каби маҳобатли асарлари ўзларининг қамрови бўйича қомусий асарлар даражасига кўтарилган китоблар бўлиб ҳисобланади. Бу машҳур асарлар узоқ замонлар давомида қонуншуносликни (фикҳни) ўрганувчиларни етиштиришда асосий манбалар бўлиб хизмат қилди.  

Унинг Ал-Ақида асари эса, ҳажмий жиҳатдан кичикроқ бўлса-да, ҳар бир мусулмон кишисининг нималарни билиши ва нималарга ишониши (иймон келтириши) ва қалбан нималарга эришишларини санаб берган ҳамма вақтлар учун асосий матн бўлиб келмоқда.

 

Унинг бу асарида саналганлар, имомлар Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад, Молик, Шофий ва Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг сафдошлари ва издошлари орасидаги ислом ишончи – таълимоти принсипларида мавжуд бўлган бир фикрлиликни ифода этади. Аҳл-и ас-Сунна ва-ал-Жамоат орасидаги фарқларни ифода этадиган ҳолатлар,  Исломнинг бош манбаси бўлган муқаддас Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан келиб чиқиши зарур.   

Бу асар ақида ҳақидаги матндан иборат бўлиб, Муқаддас Қуръони карим ва Сунна ўрнатган далилларни қамраб олади. Шунингдек тўғри йўлдан четга чиқишган турли хил гуруҳларни фош қилиш учун келтирилган далиллар ҳам Муқаддас Қуръони карим ва Суннадан олинади.

Таҳовийнинг асарида тилга олинган турли хил гуруҳларни (секталарни) олсак, буларни тушуниш учун имом яшаган давр исломият тарихини қараб чиқиш лозим бўлади. Имом асарининг матнида муътазилийлар, жаҳмиялар, қадариялар, жабриялар ҳақида сўзланади. Булардан ташқари шиаларнинг,  харижийларнинг собитқадам бўлмаган ва оғувчан қарашларига ва бошқа тўғри йўлдан чиқиб кетишган суфийларга қаратилган шамалар ҳам учрайди. Халифа Маъмун ва бошқа Аббосий халифалари замонида Қуръони каримнинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги (Холиқ-ал-Қуръон) ҳақида бўлиб ўтган мунозаралар ҳақида очиқ ойдин кўрсатмалар мавжуд.    


 Ат-Таҳовий тасвиридаги Ислом Ақидаси.
Буюк олим, Исломнинг далилу-исботи ҳисобланган Абу Жафар ал-Варрак ат-Таҳовий ал-Мисрий (Оллоҳу таоло уни раҳматига муносиб тутсин) шундай деганди: “Бу ифодалар, Аҳл-и ас-Сунна вал-Жамоатнинг Абу Ханифа ан-Нуман ибн Собит ал-Қуфий, Абу Юсуф Яқуб ибн Ибрҳим ал-Ансарий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний (уларнинг барчасидан Оллоҳу таоло рози бўлсин ва раҳмат этсин) каби ҳуқуқшунослар мактаби принсипларига мос диний таълимотни ва улар инонган дин асосларини, Бутун оламлар Подшоҳи, Ягона Яратувчига иймонларини билдиради.”

 

1. Биз Оллоҳнинг ёрдамига инониб (иймон келтириб),  Оллоҳнинг ягоналиги ҳақида гапирамиз, Оллоҳ Ягонадир, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир.

2. У, Унинг ҳеч бир шаклда ўхшаши бўлмаган Ягонадир.

3. Ундан юксак Бирон шаклда бирор махлуқ ёки нарса бўлиши мутлақо мумкин эмас. 

4. Унинг Ўзидан ўзга иллоҳ йўқдир.

 

5. У бошланиши  бўлмаган азалий ва ҳамиша тирикдир, Тугаши ҳам бўлмаган доимий Ҳозирдир.  

6. У ҳеч замон ўлмайди ва Ўзининг Мавжудлигини тўхтатмайди.

 

7. Унинг хоҳишидан ташқарида ҳеч нарса содир бўлмайди.

8. Ҳеч қандай бир тасаввур, хаёл Уни қамраб ололмайди ва ҳеч қандай бир тушунча Уни ифодалай олмайди.

9. У, яратилган ҳар қандай мавжудоддан фарқлидир.

 

10. У тирик ва ҳеч замон ўлмайди. У азалий ва ҳеч бир вақт ухламайди.

 

11. У яратади, бироқ У ўзи яратганларга муҳтож эмас. У, ўз яратганларига ҳеч бир ташвишсиз озуқа беради.

 

12. У, яратганларини ҳеч иккиланмай ўлдиради ва ҳеч қийиналмай уларни такрор ҳаётга қайтаради (тирилтиради).

13. У, махлуқларни яратгунича ҳам ўз хусусиятлари билан бирга  азалий мавжуд эди. У мавжудлиги билан яратганлари ҳисобига Унда азалдан бўлган хусусиятларига ҳеч бир нарса қўшилмади ёки улардан бирон бир хил хусусият камайиб ҳам қолмади. У, Ўзининг барча хусусиятлари билан азалдан бор эди ва шундайлигича абадий бўлади.

 

14. Унинг ҳақида, яратиш содир бўлганидан қадимда ҳам фақат Яратувчи дейдилар ва яна Уни тузилиш содир бўлганигача ҳам Тузувчи эди дейилади. 

15. У азалдан Оллоҳ, ҳали ҳеч нарса бўлмаган замонда ҳам Оллоҳ эди ва У ҳамиша Яратувчи, ҳали ҳеч нарса яратилмаганида ҳам Яратувчи эди.

 

16. У, яратилганларга биринчи марта ҳаёт ато қилганидек, улар ўлиб, тирилтирилганигача ҳам У “Ўликларни Тирилтирувчи” номига лойиқдир.  Худди шундай уларни яратгунларича ҳам “Яратувчи” исмига муносиб эди.

17. Бу шунинг учундирки, У, ҳамма нарсалардан устун ва улардан қувватлидир (У нимани истаса, уни ато қилиш қудратига Эгадир), ҳамма нарсалар фақат Унга боғлидир. Унинг учун мураккаб нарсалар йўқдир. Ва У ҳеч нарсага муҳтож эмасдир. Шунинг учун Қуръони каримда, “Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир” (Қуръони карим, 42:11) дейилади.

 

18. У, яратилганларни Ўз билимига кўра яратди.

19. У, Ўзининг барча яратганлари учун тақдир(қадар)ни ўрнатди.

 

20. У, яратганларига чекланган ҳаёт умри белгилади(ўрнатди).

 

21. Уларга тегишли бўлган ҳеч бир нарса, уларни У яратганича Ундан яширилмаганди ва У, улар яратилганича, улар яратилганларидан кейин нималар қилишларини биларди. 

22.
У, Ўзига сажда қилишни буюрди ва Унга қулоқ осмасликни ман қилди.

 

23. Ҳамма ҳодиса ва воқеалар Унинг қарорига (Қадарига) ва ихтиёрига кўра содир бўлади ва Унинг Эрки тўласинча содир бўлади. Кишилар қўлида ягона эрк бўлиб, у ҳам бўлса, фақат улар учун Унинг хоҳишидир. У, улар учун нимани хоҳласа, ўша содир бўлади, нимани истамаса ўша содир бўлмайди.

 

24. У, истаган бандаларини тўғри йўлга солиб қўяди. У, Ўзининг меҳрибонлигидан Уларни ҳимоя қилади ва ёмонлик, ёвузликлардан сақлайди, Ўзининг Адолатлигидан эса, истаганларини адаштиради (йўлдан уради), хароб қилади, азоб беради.  

25. Уларнинг барчаси Унинг Меҳрибонлиги ва Адолати орасида Унинг Эрки ҳукмронлиги остидадир.

 

26. У, Ўзига қарама-қаршиси бор ёки Унга тенг бўлиш маъноларидан юксак туради.

27. Ҳеч нарса ўзидан Унинг Қадарини қайтара олмайди ёки Унинг Буюруғини  орқага бура олмайди, Унинг Кўрсатмаларини енга олмайди.

 

28. Биз буларнинг барчасига инонамиз ва уларнинг ҳаммаси Ундан эканлигига иймон келтирамиз.

 

29. Ва биз, Муҳаммад (соллаллоҳу алейхи ва саллам) Унинг танлаган бандаси ва сайлаган Пайғамбари ва Расули, ва Ундан  Унинг Ўзи рози бўлган деб инонамиз ва иймон келтирамиз.

 

30. Ва у пайғамбарлар Муҳри ва барча расулларнинг энг олижаноби ва Оллоҳдан қўрқувчиларнинг имоми ва бутун оламлар Яратувчиси - Подшоҳининг маҳбубидир.

31. Ундан кейинги ҳар қандай бир шаклда пайғамбарликка уриниш ёлғон ва алдамчиликдир.

 

32. У, ҳақиқату-адолат ва йўлланма, нур ва мунавварлик билан бутун жинларга ва инсониятга юборилган зотдир.

 

33. Қуръони карим – бу Оллоҳнинг калимасидир, Ундан нутқ шаклида индирилди. Бироқ уни “шаклида” деб айтиш мумкин эмас. Қуръони карим Оллоҳу таолонинг Расулига (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ваҳий шаклида нозил қилинди. Иймон келтирганлар уни мутлақ ҳақиқат деб қабул қиладилар. У кишиларнинг сўзлари, нутқлари каби тузилмаган. Қуръони каримни тинглаган ихтиёрий бирон киши уни одамзотининг сўзи деса, ундай киши дарҳол диндан чиқиб, иймонсиз бўлиб қолади. Ундайларни Оллоҳ огоҳлантиради ва олов билан қўрқитади ва “Яқинда Мен уни Сакарга (жаҳаннамга) киритажакман” (Қуръони карим, 74:26) дейди. Оллоҳ, “Бас, бу Қуръон Оллоҳнинг сўзи эмас” (Қуръони карим, 75:25) дейдиганларни жаҳаннам билан қўрқитаётганида, биз, бу кишиларни Яратувчининг сўзи ва у кишилар сўзига батамом ўхшамайди деб жуда аниқ ва равшан тафаккур қиламиз ва қабул этамиз.


34. Оллоҳни бирор мавжудод каби, одамзотига қандайдир бир шаклда ўхшаш тасвирлаган киши иймонсиз бўлиб қолади. Кимки буларни яхши англаб етган бўлса, эҳтиёт бўлиши ва иймонсизлар сўзлайдиганларни тилга олишдан сақланиши зарур бўлади ва ундай киши биладики, Оллоҳу таоло Ўзининг бутун хусусиятлари билан ҳеч қандай бир шаклда одамларга ўхшамайди.

 

35. Боғнинг кишилари Оллоҳни кўрадилар, бироқ Унинг бутун борлиги билан эмас ва уларнинг кўриш усуллари ҳам аниқ эмас. Кўриниш, Оллоҳу таолонинг Китобида ”У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир!” дейилганидек содир бўлади. Буни эса, Оллоҳу таоло билади ва У истаганидек бўлади деб тушинтириш мумкин. Булар ҳақида буларнинг барчаси Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) унинг саҳиҳ ҳадисларида у қандай сўзлаган ва тушунган бўлса ўшандай шаклда ва маънода бизга етиб келган. Биз эса, буларни муҳокама қилмаймиз, уларнинг маъноларига чуқур берилиб, ўзимизча тушунтиришга ҳаракат қилмаймиз ва хаёлларимизга ихтиёр бермаймиз. Ҳар қандай бир киши, ўзини Қудратли ва Буюк Оллоҳга, Унинг Расулига (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) бутунлай бўйинсунтирмаса, тушунмаган нарсалари ҳақида уни биладиганлардан сўраб ўрганмаса, у ўзини динида хавфсиз деб ҳисоблаши мумкин бўлмайди.

 

36. Агар Ислом бўйсуниш ва итоатга асосланмаган бўлса, ундай ҳолда одамнинг Исломдалиги мустаҳкам ҳисобланмайди. Билишдаги ўз қобилиятидан ортиқча билишга, тафаккур қилишга интилган ва итоатга қаноатланмайдиган ҳар қандай киши, ўзининг қизиқишлари, унинг Оллоҳнинг ҳақиқий ягоналигини соф равишда  тушинишга, соф билим ва тўғри ўлчовни билишга ҳалақит бераётганини, иймон ва иймонсизлик, тасдиқ ва рад бўлиш, қабул бўлиш ва  таҳқирланиш орасида сарсон бўлаётганини кўради. У ғийбатга берилиб қолади ва ўзини шубҳалар ва саросималарда кўриб, иймонни (ҳақиқатни) қабул қила олмайдиган, рад этувчи ҳам бўлмай (ёлғонни эълон қилувчи бўлиб) қолади.

 

37. Агар Боғ кишилари томонидан Оллоҳу таолони кўриш, тасаввур қилиш билан тушунтириладиган бўлса ёки кўришни киши ўз тушунчасига мослаб тасвирлайдиган бўлса, ундай кўриниш нотўғридир. Чунки бундай кўришни тушуниш ва тушунтириш бутун оламларни Яратганнинг Ўзига (Унинг ҳукмига) оиддир. Бу дин мусулмонларнинг динидир. Ҳар қандай бир киши ўзини Оллоҳга тегишли хусусиятлардан сақламаса, уларни ўзидан айри тутмаса ёки Оллоҳга бирор нарсани ўхшатса, у йўлдан адашган бўлади ва демак у Оллоҳ Шарафини тушуна олмабди. Чунки бизнинг Оллоҳимизнинг мутлақо Ягоналиги имкони қадар алоҳида атамаларда тасвирланади, ҳеч қандай бир яратилган ҳеч бир йўл ва усул билан Унга ўхшаш бўлмайди ва бўлолмайди. 

 

38. У, Унга қўйилиши мумкин бўлган барча чеклашлардан юксакдир, У, қандайдир доираларда бўлишдан ёки қандайдир чеклиликларга эга бўлишдан ташқарида, юксакликдадир. Барча яратилганлар сингари У ёруғ дунёнинг олти томони билан чегараланмайди ва У жиҳатсиздир.   

39. Ал-Мираж ҳақиқатдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳ ва саллам)  кечаси тўла жисмоний руҳи тетик ва хушёр ҳолда бутун коинот узра Оллоҳу таоло Ўзи истаган юксакликларга чиқарилди. Оллоҳ унга ҳурмат кўрсатди, унга нима очишни хоҳлаган бўлса, уларни очди, кўрсатди ва унинг “кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади” (Қуръони карим, 53:11). Оллоҳу таоло уни дуо қилди, унга оқ йўл тилади ва бу дунё ҳамда охиратда ҳаёт ҳадя қилди.


40. Ал-Ҳовуз (Оллоҳу таоло Пайғамбарга (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) Қиёмат куни  унинг умматлари чанқоғини қондириши учун ҳадя қилинган Ҳовуз) ҳақдир.

41. Машҳур олимлар тарафидан ихтилофсиз таъкидланган, ҳадис-и шарифларда келтирилган Аш-шафоат (Қиёматда мусулмонларни шафоат қилиш) ҳақдир.

 

42. Оллоҳу таолонинг Одам ва унинг авлодларига берган ваъдаси ҳақдир.

 

43. Оллоҳ, замон мавжуд бўлганига қадар Жаннат Боғига кимлар ва қанча миқдорда киришларини, шунингдек кимлар ва қанча миқдорда Оловга-Жаҳаннамга киришларини  аниқ биларди. Бу миқдорлар кўпаймайди ва камаймайди.

 

44. Кишилар тарафидан нималар қилинмасин, уларнинг барчаси мутлақо Оллоҳу таоло биладиганлардир. Кимки бахтиёр бўлса, у фақат Оллоҳнинг иродаси билан бахтлидир ва кимки бадбахт бўлса, бу ҳам мутлақо Оллоҳнинг иродаси билан бахтсиздир.

 

45. Тақдир, қадар бу Оллоҳу таолонинг яратганларидан яширилган Унинг сиридир. Аршу-Аъло атрофидаги бирорта фаришта (малак), вазифалар билан юборилган биронта пайғамбар буни биладиган билим ололмади. Бу ҳақда чуқур фикрлаш ва тафаккур қилиш фақат мағлубиятга олиб боради ва билганларидан маҳрум бўлади ва итоатсизлик билан тугалланади. Шундай экан, бу масалада фикр юритишда ва тафаккур этишда ва сенинг устингга тақдир этилганлар ҳақида шубҳаланишларда жуда эҳтиёт бўлиш лозим бўлади. Чунки Оллоҳ қадар ҳақидаги билимни кишилардан қўрийди ва уни кавлаштиришни Ўз Китобида, “У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар” (Қуръони карим, 21:23) каби буюриш билан ман қилади. Шунинг учун кимки, “Оллоҳ нима учун бундай қилади?” дея сўроқ қўядиган бўлса, у демак Қуръони карим-Китоб қарорига қарши бўлган бўлади. Кимки Китобга қарши бўлса, у иймонсиз бўлиб қолади, кофир бўлади.

 

46. Қалблари ойдинлаштирилган, нурлантирилган Оллоҳнинг дўстлари биладиган нарсалар қисқача мана шулардир ва мустаҳкам билим билан таъминлаганларнинг даражалари ана шулар билан белгиланади. Чунки фақат икки хил билиш бор: булар яратилган мавжудотлар учун билиш мумкин, яъни улар эришиши мумкин бўлган ва улар эриша олмайдиган, яъни  улар учун билиш мумкин бўлмаган билимлардир.  Эришиш мумкин бўлмаган билимни рад этиш иймонсизликдир ва эришиш мумкин бўлмаган билимни эгаллашга даъвогар бўлиш ҳам иймонсизлик, кофирликдир. Иймон, билиш мумкин бўлган билимни эгаллаб, эришиш мумкин бўлмаган билимни эгаллашга интилилмасагина мустаҳкам бўлиши мумкин.

 

47. Биз ал-Лавҳ ва ал-Қаламга ва ёзилганларнинг ҳаммасига инонамиз. Агар бутун яратилганлар биргалашиб, ҳаммаси бирданига, Оллоҳу таоло мавжуд бўлишини ал-Лавҳда қадар этган бирон нарсанинг мавжудлигига тўсқинлик қилмоқчи бўлсалар, улар бунинг уддасидан чиқа олмаслар. Худди шу каби Оллоҳу таоло бирор нарсанинг мавжуд бўлишини қадар этмаган бўлса-ю, бироқ бутун яратилганлар йиғилиб, уни мавжуд бўлишга мажбур қилсалар, улар бунинг ҳам уддасидан чиқа олмаслар. Қиёмат Кунига қадар мавжуд бўлишни ёзиб Қалам қуриб қолади. Инсонга тақдир (қадар) этилмаган нарсага у ҳеч қачон эриша олмайди, шунингдек у нималарга эришмасин, у ҳеч қачон ўша қадар қилинганидан маҳрум қолмайди. 

48. Бандаси шуни билиши керакки, Оллоҳу таоло, Ўз яратганлари билан нималар бўлишини азалдан биларди ва У буларни энг кичик заррачаларигача қадарда аниқлагандир, ва Ҳукми қайтарилмас, ва такрорланмасдир. Унинг ҳукми ва қарорига қарама-қарши келадиган, бунга қўшимча қиладиган ёки уни ўчириб юборадиган, ўзгартирадиган, ҳар қандай бир усуллар билан уларни кўпайтириб ёки камайтириб қўядиган Ерда ёки коинотда Оллоҳу таолонинг бирорта яратган махлуқоти, мавжудоти йўқдир. Бу иймоннинг энг муҳим асосий жиҳати ва бутун билимнинг зарурий элементидир ва Оллоҳу таолонинг Ягоналигини  ва Унинг Ҳокимиятини тан олишдир. Оллоҳу таоло Ўз Китобида, ”У барча нарсаларни яратиб (аниқ) ўлчов билан қўйган зотдир” (Қуръни карим, 25:2)  дея буюради. Шунингдек У, “Оллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди” (Қурънои карим, 33:38)  каби таъкидлайди. Оллоҳу таолонинг бу Ҳукми юзасидан душман бўладиган ва қалби кирланиб бу масалада чуқур мулоҳазага борадиганнинг ҳолига вой. Чунки у ўзининг бундай нотўғри тушунчаси балан ҳеч қачон очиб бўлмайдиганларни излайди ва гуноҳкор бўлиб, фақат ёлғонларни сўзлайдиган бўлиб қолади. 

 

49.Ал-Арш (Тахт) ва ал-Қурси ҳақдир.

50. У, Тахтга ва унинг остида бўлган бутун нарсаларга муҳтож эмас.

 

51. У ҳамма нарсаларни қамраб олади ва бутун нарсалардан юксакдир ва У яратган барча нарсалар, мавжудотлар Уни қамраб олишга қодир эмаслар.

 

52. Оллоҳ Иброҳимни (алейҳиссалом) ўзига дўст (ҳалил) этганини ва У, Мусо(алейҳиссалом) билан тўғридан тўғри сўзлашганига биз Оллоҳу таолога итоат билан иймон келтирамиз.

53. Биз, фаришталарга, пайғамбарларга ва улар орқали юборилган Китобларга иймон келтирамиз ва уларнинг барчалари Ҳақ йўлдан юрганликларига шаҳодат келтирамиз.

54. Биз, бизнинг Қибламиз кишиларини, улар Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) нималар келтирган бўлса уларнинг ҳаммасини тан олишган ва у нималар сўзлаган ва бизга хабар қилган бўлса буларнинг барчасини чин ҳақиқат деб билганлари замон давомида уларни мусулмон ва инонувчилар-иймонлилар деб атаймиз.


55. Оллоҳ ҳақида сўзлаш лозим бўлмаган мунозараларга киришмаймиз ва Оллоҳнинг дини ҳақида ҳар қандай бир тартишмаларга йўл қўймаймиз.

 

56. Биз, Қуръони карим ҳақида мунозара қилмаймиз ва Оллоҳнинг содиқ фариштаси ерга тушиб, барча раусулларнинг ҳазрати-имоми ҳисобланган Муҳаммадга (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўргатган бутун оламларнинг Подшоҳининг калимаси эканлигига шаҳодат келтирамиз. Бу ҳақиқатан Оллоҳ сўзидир ва у билан бошқа ҳеч қандай яратилганнинг сўзи қиёслана олмайди. Биз уни яратилган демаймиз ва бу хусусда мусулмонлар жамоатига қарши чиқмаймиз.

 

57. Биз, бизнинг Қибламиз кишиларидан гуноҳ қилганларни, улар ўзларининг бу гуноҳларини қилиш мумкин деб ҳисобламагунларича  кофир ҳисобламаймиз. 

58. Биз, иймонли киши содир этган гуноҳ, унга ёмон таъсир кўрсатмайди демаймиз.

 

59. Биз умид қиламизки, Оллоҳ Ўзининг марҳамати билан иймонлилардан хайрлиларини афв қилади ва уларнинг Жаннатга (Боғга) киришига имкон беради. Бироқ биз, айнан шундай бўлишига тўла ишонишимиз ва аниқ шундай бўлиши ва уларнинг Боғга киришига гувоҳлик беришимиз мумкин эмас. Биз иймонли бўлиб гуноҳкор бўлганлар тақдиридан қўрқсак-да, уларнинг афв этилишини тилаймиз ва сўраймиз, улар учун умидсизликка тушмаймиз.

 

60. Тўла ишонч(қўрқувнинг батамом йўқлиги) ва қутилишга умидсизлик кишини диндан чиқаради. Қибла кишилари учун ҳақиқат йўли ана шу икки чегара орасида ётади (масалан, кишиОллоҳ ҳузурида ҳисоб беришдан қўрқиши керак ва бу ҳақда ўзига ҳисоб бериши лозим, шунингдек, Оллоҳу таолонинг меҳрибонлигига, марҳаматига ҳам умидни узмаслиги керак).

 

61. Киши, ўзини динга келтирган нарсани рад этмаса, у диндан чиққан ҳисобланмайди.

 
62. Ишонч, иймон тил билан тасдиқлаш ва қалбдан қабул қилишдан иборатдир

 

63. Шариат ва Қуръони карим ва Исломни тушунтиришлар ҳақида Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) тарафидан келаётган ҳамма нарсалар шубҳасиз ҳақдир.  

64. Ҳамма кишилар учун иймон-ишонч асосда бир хилдир, бироқ кишилар, динда бир-бирларидан, уларнинг Оллоҳдан қўрқиши ва Унинг ҳақидаги фикрлари, нафсларининг эҳтиросларига қарши тура олиши ва Оллоҳ нимадан кўп рози бўлса,  ўшани танлаганликлари билан фарқланадилар ва фақат шуларга кўра бир-бирларидан устун бўладилар.     

65. Иймонлиларнинг барчаси Оллоҳу таолонинг дўстларидир ва уларнинг  итоаткорлироқлари ва Қуръони каримга ҳаммадан дуруст амал қиладигани Оллоҳ наздида энг олийҳимматлиларидир.

 

66. Иймон, Оллоҳга, Унинг фаришталарига, Китобига, пайғамбарларига, Қиёмат кунига инонишни ўз ичига олади ва меҳрибонлик ҳамда ёвузликнинг қадарга боғлигига ишониш, шодлик ва ғамгинликнинг барчаси Оллоҳдандир деб билишдир.

 

67. Буларнинг ҳаммасига инонамиз, иймон келтирамиз. Пайғамбарларнинг орасида ҳеч қанақа фарқ қилмаймиз, улар нималарни қабул қилишган бўлсалар, уларнинг барчасини ҳақиқат деб қабул қиламиз.

68. Муҳаммад (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) умматларидан катта гуноҳ қилганлар Қиёматда Оловда ёнадилар, аммо абадий эмас, улар гуноҳларига тавба қилишмаган бўлсалар ҳам Оллоҳнинг ягоналигини тасдиқлаган иймонлилар қатори ўлганларидан кейин қиёматда Оллоҳу таоло билан учрашадилар. Улар Оллоҳнинг ҳокимияти ва Унинг маҳкамаси ихтиёридадирлар. Агар у истаса, Ўз Марҳамати билан Қуръони каримда хотирлатганидек, “Албатта Оллоҳ ўзига (бирон нарса ёки кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари  учун кечиради” (Қуръони карим, 4:116) уларни афв қилади. Агар У хоҳласа, Ўзининг Адолатидан Оловда жазолайди ва сўнгра уларни Оллоҳ Ўз Марҳамати билан Оловдан озод қилади ва Оллоҳга итоаткор бўлганларнинг шафоати билан уларни Боғга юборади. Бу шунинг учун Оллоҳ, Уни тан олганларнинг оталигини олади, ҳимоячиси бўлади,   Ва У Келажак дунёда уларга нисбатан Уни рад қилганлар, Унинг ҳидоятига муносиб бўлмаганларга бўлагани каби муносабатда бўлмайди. Эй Оллоҳ, Сен Ислом ва мусулмонларнинг қўруқчиси, бизни Сен билан учрашадиган ўша Кунгача бизнинг Исломда бўлишимизни насиб айла.  

69.Биз Қибла кишиларининг (улар гуноҳсиз ёки гуноҳкор бўлишларидан қатъи назар) ҳаммаси орақасида намоз ўқиймиз ва уларнинг қайси бири бўлса ҳам улар ўлганларида уларнинг жанозалари ўқилади.

70. Биз уларнинг биронтасининг Жаннатга ёки Жаҳаннамга албатта тушиши  ҳақида сўзламаймиз ва агар улар куфрни (иймонсизликни), ширкни (кўп худоликни) нифоқни (мунофиқликни) очиқчасига намойиш қилишмасалар, биз уларнинг ҳеч қайси бирини бу саналганларда айбламаймиз. Биз уларнинг содир этганларини Оллоҳу таоло ихтиёрига ташлаймиз.

 

71. Шариат буюрмаган ҳолда Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) умматидан ким бўлишидан қатъи назар, унинг ўлдирилишини биз рад қиламиз.

 

72. Биз, ўзимизнинг имомимизга исён қилишни тан олмаймиз ёки бизнинг бошлиқларимиз адолатсиз бўлганларида ҳам уларга қарши чиқмаймиз, уларга ёмонлик истамаймиз ва уларга эргашишдан воз кечмаймиз. Биз, уларга итоат қилишни Оллоҳу таолога итоат қилишнинг бир қисми деб биламиз, демак, улар бизни гуноҳ қилишга буюрмаётган бўлсалар, бизнинг уларга итоаткор бўлишимиз биз учун мажбуриятдир. Биз уларнинг тўғри йўлга тушишлари учун ва уларнинг адолатсизликларининг (ноҳақ ишлари) кечирилишини сўраб дуо қиламиз.

73. Биз Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) Суннатига ва мусулмонларнинг жамоатига эргашамиз ва оғишлардан, ихтилофлардан ва бўлинишлардан қочинамиз.

 

74. Биз адолатли ва содиқ, вафодорларни севамиз ва адолатсиз ва мунофиқлардан, аҳдида турмайдиганлардан нафратланамиз.

75. Бирон нарса ҳақида билимимиз етарли, аниқ бўлмаган ҳолларда биз, “Оллоҳ ҳаммадан яхши билади” деймиз.

76. Биз, саҳиҳ ҳадисларда тасдиқланганидек саёҳатдами ёки ундан ташқарида таҳорат олишда маҳсиларга масҳ қилишни жоиз деб биламиз.

 

77. Мусулмон ҳокимлари раҳбарлигидаги Ҳаж ва жиҳод, уларнинг гуноҳсиз ёки гуноҳкор бўлишларига қарамасдан, улар учун Қиёматга қадар бурч бўлиб қолади. Буни ҳеч нарса кучдан қолдира олмайди ва бунга ҳеч ким эътироз билдириши мумкин эмас.

 

78. Биз, бизнинг ишларимизни ёзиб борувчи Кирамун-Котибинга (савоб ва гуноҳларни ёзиб борувчи фаришталарга) инонамиз, иймон келтирамиз. Чунки Оллоҳ уларни бизнинг устимиздан иккита қўруқчи этиб тайинлаб қўйгандир.

 

79. Биз, бутун дунёнинг руҳини олиб кетувчи ажал фариштасига (Азроилга) инонамиз, иймон келтирамиз.

 

80. Оллоҳу таолонинг Расули (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида ва унинг издошлари (уларнинг барчаларидан Оллоҳ рози бўлсин ва уларни раҳмат айласин) хабарларида кўрсатилганидек ким қабрда жазоланишга муносиб бўлса, улар учун қабрда жазо берилишига инонамиз ва қабрда Мункар ва Накир тарафидан сўроқ қилиниб, ўлган кишидан унинг Оллоҳи, дини ва пайғамбари ҳақида сўралишига иймон келтирамиз. 

 

81. Қабр, Жаннат Боғидан бир дарча ёки жаҳаннам чуқурларидан биридир.

 

82. Биз, ўлгандан кейин тирилишга инонамиз, иймон келтирамиз ва Қиёмат Куни бизнинг  ҳаракатларимизга муносиб ҳақ берилишига, ал-Ард (кўрсатиш), ал-Ҳисоб ( ҳисоб-китоб бўлишига) ва қиръати ал-Китоб (китоб ўқилишига) ва мукофот  ёки жазо берилиши ва ос-Сирот ҳамда Мизаннинг (торози) борлигига иймон келтирамиз

 

83. Жаннат ва Жаҳаннам ҳеч қачон битмайдиган яратилган нарсадир, Оллоҳ уларни бошқа мавжудотларни яратгунича яратди ва бундан сўнгра унисини ҳам бунисини ҳам тўлдириш учун инсонни яратди. Оллоҳу таоло марҳамати ва шафқати билан истаганини Жаннатга-Боғга, Адолатига кўра истаганини Жаҳаннам-Оловга юборади. Буларнинг барчаси уларнинг қадарига кўра қилинади ва ҳаммаси улар учун тузилганларга қараб кетадилар.

 

84. Кишилар учун эзгулик ва ёвузлик тақдирда, қадарда белгилангандир. 

 

85. У ёки бу ҳаракатларни содир бўлишга мажбурлайдиган тавфиқ (Оллоҳнинг шафқати ва марҳамати) атамаларида ифодаланадиган қобилият, яратилган тарафидан ифодаланиши мумкин эмас. Бу қобилият ҳаракатдан ажралмаган бўлиб, шу вақтнинг ўзида ҳаракат қобилияти сифатида, зарурий соғломликнинг, имкониятнинг, мослашишнинг ва зарурий воситаларнинг бўлишлиги нуқтаи назаридан кишида ҳаракатгача мавжуд бўлади. Бу Шариат ифодаларининг объекти бўлиши лозим бўлган бир қобилиятнинг туридир. Бутун оламларнинг Оллоҳи Ўз Китобида, “Оллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди” (Қуръони карим, 2:286) дея таъкидлайди.


86. Кишиларнинг ҳаракатлари Оллоҳ тарафидан яратилган, кишилар тарафидан эса  ўзлаштирилгандир.


87. Оламларнинг Парвардигори кишиларга улар бажара олиши мумкин бўлган нарсаларни буюради ва кишилар ҳам фақат Оллоҳ улар учун лозим кўрганларнигина бажаришга қобилиятлидирлар. Бу ”Оллоҳда бўлганидан ташқари ҳеч қандай ҳокимият ва куч йўқдир” иборасини тушунтиради. Биз эса, Оллоҳу таолонинг Ўз ёрдамисиз Унга итоатдан қочиш ва ундан четланиш учун ҳеч бир ҳийла ёки бирор усул йўқ, ва Оллоҳ ўзи истамаган ҳолда ҳеч бир кимса ишларида Унга бўйсуниш ва қаттиқ итоатда бўлиши мутлақо мумкин эмас деган қўшимчалар қиламиз.    

88. Ҳамма нарсалар Оллоҳ иродасига, Унинг Билимига, Қадари ва Қарорига кўра содир бўлади. Унинг иродаси, бошқа барча иродадан (истаклардан) юксакдир ва Унинг Қарори бошқа барча қарорни қоплаб кетади. У нимани хоҳласа, ўшани қилади ва ҳеч қачон адолатсиз бўлмайди. У Ўзининг Софлигида ҳар қандай ёвузлик ва ифлосликлардан юксак туради ва У ҳар қандай бир нуқсон ёки иллатлардан мутлақо узоқдадир. “У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар” (Қуръони карим, 21:23).   


89.
Тирикларнинг дуолари ва садақалари ўлганлар учун фойдалидир.


90. Оллоҳ кишиларнинг дуоларига жавоб беради ва уларга сўраганларини насиб этади.


91.Оллоҳ ҳамма нарсалар устидан мутлақ назорат қилади, Унинг устидан эса ҳеч нарса ҳеч қандай бир кўринишда назорат қила олмайди. Ҳеч ким ўзини кўз юмиб-очиш қадар вақтга ҳам  Оллоҳга боғли бўлмаган ҳолда сеза олмайди. Кимки, кўз юмиб очгунча қадар вақтга ҳам ўзини Оллоҳга боғли бўлмаган ҳисобласа, у иймонсизликда гуноҳкор бўлади ва мағлуб бўлган кишилардан бирига айланиб қолади.

 

92. Оллоҳ ғазабланади ва рози, мамнун бўлади, аммо Унинг бу ҳоли яратилганларнинг ҳеч бирида бўлганига ўхшаш бўлмайди.

 
93. Биз, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) сафдошу-издошларини севамиз, бироқ уларнинг бирортасини алоҳида ажратиб ҳурмат кўрсатмаймиз ва уларнинг ҳеч биридан юз ўгирмаймиз. Биз улардан нафратланадиганлардан, улар ҳақида яхши сўзламайдиганлардан нафратланамиз ва ўзимиз улар ҳақида фақат яхши сўзлар сўзлаймиз. Уларга муҳаббат, Исломнинг, иймоннинг ва марҳаматли (эҳсонли) бўлишнинг бир қисмидир. Шу билан бирга уларнинг ҳар қандай бирига ҳурматсизлик ёки нафрат бу динсизлик, мунофиқлик ва ўзбошимчаликдир.

 

94. Биз, Расулуллоҳнинг(соллаллоҳу алейҳи ва саллам) вафотидан кейин халифалик Абу Бакир ас-Сиддиққа (радияллоҳу анҳ) ўтди, бу эса унинг бошқа мусулмонлардан буюк ва устунлигини билдиради, бундан кейин Умар ибн ал-Хаттобга (радияллоҳу анҳ), ундан сўнгра, Усмонга (радияллоҳу анҳ) ва ниҳоят Али ибн Толибга (радияллоҳу анҳ) ўтди дейилган фикрни қўллаймиз. Улар мусулмонларнинг халифалари ва адолатли раҳбарлари эди.

 

95. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) исмларини атаган ва Жаннат Боғи билан хурсанд қилган ўша ўн кишининг Жаннатда бўлишига биз гувоҳлик берамиз. Чунки сўзлари ҳақиқатдан иборат бўлган Оллоҳ Расулининг(соллаллоҳу алейҳи ва саллам) гувоҳлик беришича улар у ерда бўладилар. Бу умматнинг олийжаноб ўша ўн кишиси мана кимлар эди: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳо, Зубайр, Саъд, Сайд, Абдураҳмон ибн Ауф ва Абу Убайда ибн ал-Жарраҳ (ҳаммаларидан Оллоҳу таоло рози бўлсин ва барчаларини раҳмат айласин).

 

96. Оллоҳ Расулининг(соллаллоҳу алейҳи ва саллам) сафдошлари-издошлари ва унинг хотинлари, авлодлари ҳақида яхши сўзлаган ҳар бир киши софдир ва ҳеч қандай бир нотозаликка учрамаган, мунофиқликда айбланишдан мустасно кишилардир.

97. Мусулмонларнинг илк жамоаси олимлари ва уларнинг йўлидан кетишганларнинг барчаси, яхши фазилатли, саховатли, ҳадисларни хабар беришган, фикҳчи ва илмли кишилар эдилар. Улар ҳақида фақат яхши ва ижобий сўзлар билан хотирлаш лозим, кимки улар ҳақида бирон шаклда салбий сўзлайдиган бўлса, у киши тўғри йўлда бўлмаган бўлади.

 

98. Биз авлиё(каромат эгалари, Оллоҳга яқин бўлган бандалар) аҳлидан ҳеч бирига  алоҳида ўрин бермаймиз, уларни пайғамбарларнинг ҳеч биридан олдинда ҳисобламаймиз, бироқ ҳар қандай бир пайғамбар, барча авлиёларни бирга ҳисоблаганда ҳам улардан олдинда туради деб биламиз.

 

99. Биз, каромат ҳақида билганларимизга – авлиёларнинг мўъжизалари ва улар ҳақида ишончли манбаларда ҳикоя қилинганларига ишонамиз.

 

100. Биз, Соат аломатларига ишонамиз, Масалан, Дажжолнинг пайдо бўлиши, Исо ибн Марямнинг (алейҳиссалом) самодан тушиши ва қуёшнинг ботишидан(шарқдан эмас, ғарбдан) чиқиши, ердан йиртқич Ҳайвоннинг чиқишига инонамиз.

 

101. Биз, башорат қилувчилар ва фолбинларнинг сўзларини ҳақиқат ҳисобламаймиз. Китоб, Сунна ва мусулмонлар уммаси келишиб қабул қилганларига қарши кетувчиларнинг ҳеч бир нарса ҳақида сўзлаган баёнотларини қабул қилмаймиз. 

102. Биз бирлик тарафдоримиз ва биргаликда бўлишга қўшиламиз. Ана шу тўғри ва ҳақиқий йўлдир, бўлиниш эса, тўғри йўлдан оғиш ва жазо йўли бўлади.

 

103. Оллоҳу таолонинг самолар ва ердаги дини биттадир ва бу дин Исломдир. Оллоҳу таоло, ”Албатта Оллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир” дейди (Қуръони карим, 3:19). Ва яна шундай ҳам дейилади: ”Ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим” (Қуръони карим, 5:3).

 

104. Ислом, ҳаддидан ошиш ва етишмовчилик; ташбиҳ (Оллоҳнинг атрибут-хусусиятларини нимагадир бошқа нарсаларга ўхшатиш) ва таътил (Оллоҳнинг атрибут-хусусиятларини рад қилиш); мажбурлаш ва Оллоҳ тарафидан ўрнатилган қадарни рад қилиш; ўзига ўта ишониш(Оллоҳнинг ҳисобидан қўрқмаслик) ва ишончсизлик (Оллоҳ марҳамати, раҳм-шафқатига)  оралиғида (ўртасида) жойлашгандир.

 

105. Ана шу бизнинг динимиз, ана шу биз қалбдан ва ташқи кўринишдан иймон келтирган динимиздир. Биз,  сўзлаганларимиз ва тушунтирганларимизга қарши борадиган ҳар қандай киши (у ким бўлмасин) билан исталган алоқани, Оллоҳ номи билан рад қиламиз.

 

Биз, Оллоҳдан бизни иймонимизда маҳкам туришни насиб айла дея илтижо қиламиз ва бизнинг ҳаётимизни унга муҳрлаб қўй, бизни мушаббиҳ, муътазила, жаҳмия, жабрия, қодария ва бошқа шуларга ўхшаш Сунна ва жамоатга қарши чиқишган ва хато  эътиқоднинг тарафдорлари бўлиб қолишган турли хил ғоялар, тарқоқ фикрлар ва  ярамас мактаблардан ҳимоя қилгайсан деб дуода бўламиз. Биз улар билан бўладиган ҳар қандай алоқани рад қиламиз ва бизнинг фикримизча, улар адашганлардир ва ҳалокат йўлидадирлар.

 

Биз, Оллоҳдан бизни барча ёлғонлардан сақлашини ва ҳимоясини тилаймиз ва бизнинг эзгуликлар, савобли ибодатлар содир қилишимизда Унинг марҳамати, шафқати ва хайрини сўраб дуода бўламиз.

 

Имом Таҳовийнинг китоби ана шулар билан тугулланади.

Имом Абу Жафар ат-Таҳовий.

 

Рисолани рус тилидан ўзбекчага ағдариш, ҳижрий 27- Зилҳижжа 1428 йил, (мелодий 06 - январ 2008 йил), якшанба куни, тарихида тугади. 

 

Рисолани рус тилидан ўзбекчалаштирган таржимон: Алибой Йўляхши.

 

 

Hosted by uCoz