Алибой Йўляхши: Қирғиз қардошларимизда яна инқилоб бўлдими?


Аммо афсус бу сафар инқилоб (аммо бу ҳолни инқилоб деб атаса бўладими?) деганлари рангли эмас, қонли бўлди. Демак бу ҳолга, яъни Қирғизстондаги бу сафарги давлат ҳокимияти ўзгаришини баҳолашда диққатли бўлиш ва воқеаларга холисона баҳо бериш керак деб ўйлайман. Ана шундай қилинганда мазкур воқеалардан ибрат олишга арзийдиган хулосалар тузиш мумкин бўлади. Воқеаларни ўз исмлари билан аташга, уларни холисона баҳолашга ҳам ўрганишимиз шарт. Ана шундай позиция демократик позиция бўлади. Шу сабабдан ҳам мен, бу воқеалар ҳақида фикр билдиришда бир мунча вақт суқут сақлашни афзал кўрдим.


Воқеалар бошланган кунлардаёқ Машҳад радиосининг ўзбекча эшиттиришлар шубаси мендан уларни бироз изоҳлаб беришни сўрашди. Мен радио мухбирига ўша воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни ким ёки кимлар (тўғрироғи қайси давлат ва давлатлар) ташкил этди ёки ташкил этилишида кўмакчи, ҳатто ёрдамчи бўлишлари мумкинлиги ҳақида, ва дарҳол бу ҳаракатни қайси давлат (ёки давлатлар) маъқуллаши эҳтимоллари тўғрисида бир-икки оғиз мулоҳозаларимни билдирдим.


Воқеалардан сўнгра кечган вақт кўрсатдики менинг эҳтимолларим ҳақиқатдан узоқ эмас экан. Ҳатто радионинг мухбири менинг фикрларимга эътироз билдиргандек бўлиб, “Домла, бу сафар халқ ўз ўзидан кўтарилибди” дея қўшимча қилганди. Мен эса унга, “йўқ, ука бундай тўполонлар буюк давлатлардан биронтаси аралашмасдан содир бўлмайди” деб жавоб қилгандим. Бугун эса қирғизлар инқилобининг ижодкори ва рағбатлантирувчиси рус босқинчи империалистлари эканлигини таъкидлашга ҳожат қолмади. Машҳад радиосининг тинловчилари балки менинг фикрларимни воқеаларнинг бошланғич кунларидаёқ эшитишгандирлар.


Бу ерда ўша фикрларимни бир мунча кенгайтирилган кўринишда ифодалашга уринаман. Биринчидан, Қирғизистондаги бу сафарги воқеаларни инқилоб деб эмас, балки давлат тўнтариши (балки фуқаровий давлат тўнтариши деб аташ тўғри бўлар) деб аташ керак.


Менимча, энг аввал воқеаларнинг қонунсиз амалга оширилганини кўриш, бунга алоҳида эътибор қилиниши ва буни алоҳида таъкидлаш лозимдир. Инсоният маданий тарихининг 21 асрида ҳам давлат йўнатими шунақа қонунсизликлар, тўс - тўполонларнинг оқибатида алмашиниб турса ва бунинг устига бундай воқеаларнинг бу қадар тез-тез (Қирғизистонда ҳар беш йилда такрорланаяпти) такрорланаверишини хурсанд бўлиб қабул қилишни мен тўғри деб ҳисоблашга қўшилмайман. Чунки бундай инқилобий ўзгаришлар, демократик принципга ҳам, диний қарашларга ҳам уйғун эмасдир, аксинча уларга мутлақо зиддир.


Ҳа тўғри, масаланинг бошқа жуда аҳамичтли тарафи ҳам бор, албатта. Яъни диктаторларнинг узлуксиз зулмларига, ҳокимиятни давомли суиистеъмол қилишларига қўл қавуштириб ўтириш ёки Ўзбекистондаги каби ҳайбаракалла айтиб юравериш ҳам тўғри принцип, тўғри йўл эмас. Аммо давлат бошқарувини алмаштиришнинг қандай бўлмасин қонуний йўлларини ахтариб топиш устида самарали ишлашни, давлат ҳокимиятини бошқарувчилар сайловлар, демократик, очиқ сайловлар йўли билан алмашиш усули собитлашишга ўрганиш йўлини қўллайдиганларга қўшилишни истардим.


Нималар демайлик, Қирғизистонда халқ ҳукуматга (ҳукумат сиёсатига) қарши кўтарилди ёки шундай бўлишини ташкил қилдилар ва мамлакатнинг ҳукмда турган ва жаҳон прогрессив жамоатчилиги тан олган, сайловлар йўли билан ҳокимиятга келишган Қ.Бақиев бошлиқ мавжуд ҳукуматини ҳукмдорлик мавқедан мажбурий ҳайдаш мумкин бўлди. Шундай қилиб, советлар империяси тарқаб кетганидан сўнгра тўртинчи "инқилоб" (Грузия, Украинада ҳам инқилоблар бўлганини биласиз) содир бўлди. Қирғиз қардошларимиз мамлакатида халқ яна ўз ҳукуматлари сиёсатига қарши норозилик билдириб кўчага чиқди. Ҳукумат эса исённи тўхташиш учун қузғолончиларга қарши қурол ишлатди ёки шунга ўхшаш иғво ташкил этилди. Натижада бир неча ўн кишининг (уларнинг сони 85 дан кўплиги ҳақида маълумотлар тарқатилди) жони қурбон бўлди. Ва ниҳоят мамлакатнинг қонуний президенти қочишга ва ҳукумат эса ваколатини исёнчиларга топширишга мажбур бўлди. Буни қандай аташ керак ёки бу воқеаларни қандай баҳоласа бўлади? Бу яхшилик белгисими ёки ёмонлик? Инқилоб аталмиш жанжалларнинг мана шунақа такрорланиб туриши билан инсон ҳаёти учун энг муҳим бўлган ижтимоий ва сиёсий муаммоларни ҳал қилинишига ишониб бўладими? Тўполонлар оқибатида ҳокимиятга келишганлар халқнинг, миллатнинг орзуларини ҳақиқатан ҳам ушатадими? Улар, янгидан ҳокимиятга келганлар мустақил кишиларми, элпарвар, ватанпарварларми ёки буюк давлатларнинг ғирам режаларини амалга оширишлари учун махсус тайёрланган ва ўша нохолис ниятда ҳокимиятга келтирилаётган сотқинларми? Шу ва шу каби саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда. Бу сингари саволларга “рангли инқилоб” бўлиб ўтган бошқа давлатларда ҳам жавоб топилганича йўқ. Аслида инқилобларнинг такрорланиш сабаблари ҳам шу саволларнинг жавобсиз қолинаётганлигидадир.


Қирғизистонда содир этилган воқеалар ҳақида бугунгача ўртага чиққан ва чиқаётган маълумотлар кўрсатаяптики, қирғиз қардошларимизнинг янги “инқилоби”, уларнинг ўз инқилоби эмас, яъни қирғиз халқи инқилоби бўлмай, аксинча рус босқинчиларининг империалист иштаҳаларини қондиришга қаратилган ва жосусона ташкиллаштирилган давлат тўнтаришидан бошқа ҳеч нарса эмасдир. Қирғизистонда содир этилган бу сафарги давлат ҳокимияти алмашинишини (тўғрироғи давлат тўнтаришини) ана шундай баҳолаш тўғри ва инсофдан бўларди. Шундан келиб чиқиб, ўзбекистонликлар (демократми, исломчими барчаси), бугун ўзларини Қирғизистон вақтли ҳукумати вакилларимиз деяётганларни табриклаш эмас, ўша тўполонларда жон берганларнинг оилаларига таъзия билдириш билан чегараланишлар лозим эди. Афсуски, бизнинг ўзбекистонлик ясама демократлар, ҳатто ўзларининг мусулмонликларини пеш қилиб, кишиларнинг охирати ҳақида фол очувчи фолбинлар ҳам қирғиз “инқилоби”ни шоду хуррамликлар билан табирклашдилар, яъни таъзияни тўйга айлантирдилар. Ё Оллоҳим! Ўзинг ислоҳ этгайсан!


Аслини олсангиз, совет империясини қулашга олиб келган сабаблар, адолатсизлик, иқтисодий танглик, миллий тенг ҳуқуқликнинг қўпол шаклда бузилиши, ҳокимият бошқарувида якка ҳокимиятчилик (яккапартявийлик) системасининг, ҳокимиятни суиистеъмол қилишнинг ривожланиши кабилардан иборат бўлганди. Ана шундай ўта муҳим ижтимоий, сиёсий муаммолар узоқ замонлар давомида ўз ечимини тополмай туриб қолиши, бир бутун баҳайбат империяни парчаланишга олиб келганди. Оқибатда империя парчаланди, унинг ўрнида қатор миллий мустақил давлатлар пайдо бўлди. Бироқ империянинг ўрнига келган янги давлатларда саналган ўша муаммоларнинг бирортаси жаҳон станрдартлари даражасида ҳал бўлмади. Аксинча улар чуқурлашди. Демак халқ норозилигининг давом этиши ва бугунги қирғизистондаги каби инқилоб деймизми, ноқонуний ҳаракатларнинг майдонга чиқишига сабаб бўладиган ижтимоий ва сиёсий асослар сақланиб қолди ва қолмоқда. Муаммоларнинг ижобий ҳал бўлишини, халқларнинг эркин нафас олишларини ўша мамлакатларда ҳукмронлик қилишаётган диктаторларгина эмас, балки Россия каби аламзада империалистик давлатлар ҳам исташмаяптилар. Шунинг учун мустабид режимларнинг умри узайгандан узайиб бормоқда.


Хулоса шулки, бир диктатордан, унинг зулм устига ўрнатилган режимидан қутулиш йўллари изланар экан, нима бўлса , бўлсин мана шу диктатордан қутилайлик, нариси бир гап бўлар принципида иш кўриш жуда хатодир, ҳатто ўта таҳликалидир. Бу принсип ёмғирдан қутилиб, дўлга тутилишга олиб бориши аниқ.







Hosted by uCoz