Агар Сиз ... Пайғамбардан (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ибрат оладиган бўлсангиз. ...

Агар Сиз камситилган ва ҳақорат қилинган бўлсангиз, маккалик мушриклар-золимларнинг шафқатсиз ҳокимияти остида яшаган Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) сабр ва чидаму-бардошидан ибрат олинг.

Агар сиз буюк зафар қозонсангиз, Бадр ва Хунайнда кучлар батамом тенг бўлмаган оғир шароитларда ғалаба қозонган Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) олийҳимматлиги, мардлиги ва Оллоҳга итоаткорилигидан ибрат олинг.

 

 

Сизни доим Оллоҳу таоло ҳимоя қилсин, бироқ агар сиз мағлубиятга учрасангиз ва сизни бўлиб ташласалар, бу ҳолда Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) Уҳуддаги жангда шаҳидлар орасида қолиб кетганида тақдирга тан бериб, ҳамма нарсада бутунлай Оллоҳга суянганини хотирланг.

 

Агар сиз олим бўлсангиз, ўзининг ўқувчилари асҳоблар – суффанинг ички дунёсини ва Илоҳий кўрсатмаларни бажаришларини мустаҳкамлайдиган нозик, нафс файзлар – нозик маънавий қувват, ахлоқий софликни уларнинг қалби ва юрагига оқизган ва шу билан бирга уларга амалий турмушларида зарур бўлган билимларни таълим берган Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) сингари ўзингизни идрок қилинг.

 

Агар Сиз ўқувчи-талаба бўлсангиз, Оллоҳдан ваҳий келтирган  Жаброил (алейҳиссалом) ҳузурида ўтирган Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) сингари тасаввур қилинг.

 

Агар Сиз нотиқлик қобилиятига эга бўлиб, одамларга сўзингиз таъсир қила оладиган бўлса, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўз Масжидида ўтириб турмушнинг, мавжудотнинг маъносини очиб, яратилишнинг донишмандлигини ўз ўқувчиларига тушунтирганига бутун қалбингиз билан қулоқ солинг. Биласизми, Унинг сўзлари қандай ёқимли, тушунарли, юмшоқ ва мулойим оқувчи эди ... 

 

Агар Сиз Ҳақни-Ҳақиқатни билсангиз ва ўзингизни Уни тарқатиш учун масъул ҳисобласангиз-да, бироқ ёнингизда бу ишда сизни қўллаб қувватлайдиган ҳеч ким бўлмаса, бундай ҳолларда Маккада Ислом душманларининг энг фаоллари зўрликларига ва камситишлари-ю, исканжларига қарамай кишиларнинг қалбларини Оллоҳга қаратиш учун даъват қилишдан тўхтамаган Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ҳаётига қаранг, уни ўрганинг.

 

Агар Сиз ҳамма жойларда ҳамманинг устидан ғалаба қилсангиз, сизга қарши турган бутун кучларни қайтариб, узил-кесил ғалабага эришсангиз, ёлғон назариялар ва ғояларни парчалаб ташлаб Ҳақиқатни эълон қилсангиз, Маккани тинчлик билан забт этган, унга ўзининг камтарона буюклиги билан кириб келган Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўзини тутишини хотирангизда жонлантиринг. У шаҳарга туя устида мағрур бир шаклда эмас, Оллоҳу таолонинг Эрки ва Марҳаматига чексиз ҳамдлар билан боши эгик кириб келганди.

 

Агар Сиз деҳқончилик ерларига эга бўлсангиз ва у ерларда ишингиз яхши кетишини истасангиз, у маҳал Бани Нодир, Ҳайбар, Федек каби кенгиш ва ишлов берилмаган майдонларни деҳқончиликда мутахассис бўлганлар қўлига топширган Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) тажрибасига мурожаат қилинг.

Агар Сиз етим бўлсангиз, бу оламнинг энг меҳрибон кишиси, Абдуллоҳ ва Аминанинг етими – Буюк
Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ҳақида ўйланг.

 

Агар Сиз ҳали ёш йигит бўлсангиз, бўлажак Исломнинг Пайғамбари (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) амакиси Абу Толибнинг молларини боқиб юрувчи чўпон бўлганида қанча кўп нарсаларни ўрганганига бир эътибор беринг.

 

Агар Сиз иш одами ва омадли тужжор бўлсангиз, узоқ ва оғир йўлда карвонни бошлаб борган ва ўзини қанчалар ҳақиқатпарвар ва чидамли, сабрли тутган Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) хусусиятидан ибрат олинг. Ўша йўловчиликда, Унинг қалбий сифатлари ва масъулиятни ўта жиддий ҳис этиши, йўловчиларни ўзларининг ичида ишини яхши билгувчи ва софдил киши борлигидан кўнгулларни тўқ этганди.

Агар Сиз ҳоким ёки ўз қарорингиз билан кишилар ҳаёти ва тақдирига таъсир қила оладиган киши бўлсангиз, Каъбада Ҳожар-и Асвадга Қора тошни ким қўйиши масаласида талашиб қолишиб, бир-бирларининг қонини тўкишга тайёр турган қабилалар вакилларига қилинган
Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) салмоқли, оқилона таклифини эсланг. Ўшанда У, вакилларнинг ҳаммасига тош қўйилган матонинг барча тарафидан ушлаб, ҳамма бирданига кўтаришни таклиф қилиш билан жиддий бир жанжални жуда оддий ҳал этганди. 

 

Ва яна, яна асрларни варақланг-да, Мадинадаги Масжидда камбағал ва муҳтожликка тушиб қолган кишиларга ёрдамлашган ҳамда бою - камбағални бир хил кўрган Пайғамбарга (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) маънавий кўз билан бир разм солинг-а. Унинг ҳаммага бирдай шафқатли ва адолатли муносабатда бўлганлигини бир ўйлаб кўринги-а! 

Агар эр ёки хотин бўлсангиз, Ходижа (радияллоҳу анҳа) ва Ойша (радияллоҳу анҳа) оналаримизнинг қанчалар диёнатли бўлганларини билиб олинг! Биласизми, улар қандай нурли хотинлар бўлишгандилар?
Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) хотинларига муносабатига бир қаранг, уларнинг ўзаро муносабатлари ва ҳаёт тарзлари на қадар чиройли бўлганди!

 

Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўзининг туғишганлари ва қариндошлари билан ниҳоятда адолатли муносабатда бўлганди. Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) бирон кишини хафа қилгани ёки озгина бўлса-да кимнидир кўнглига текканини билдирадиган мисол учрамайди. У барча билан жуда юмшоқ ва дўстона, ва кишиларни тушунган ҳолда муомалада бўларди.

 

Агар Сиз ота-она бўлсангиз, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) болаларига ва невараларига қандай ҳурмат ва эътибор билан қараганини билиб олинг. У, уларнинг Оллоҳ олдидаги қалби ва ҳаёти учун ўзини масъул ҳисобларди ва уларни Оллоҳ тарафидан Унга ишониб қолдирилган омонат деб биларди.

 

Ва Сиз ким бўлманг, ва қандай вазият ҳамда имкониятда яшаманг, билингки, сиз эрталабми, кечқурунми, куну-туннинг ҳар бир сониясида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўз ҳаётингиз учун энг ибратли, энг яхши ва доно мураббийдир.

 

Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) бутун инсониятнинг маънавий мураббийсидир. Ҳаётингизни Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) Суннатига мослаш билан турмушингиздаги барча хатоларни тўғрилашингиз мумкин; ишларингизни ўнглаб, унинг ёрдамида шайтоннинг занжирларидан қутиласиз, ёлғизликни сезмай, ҳақиқий роҳатлик ва бахтга эришасиз. 

Агар Сиз, кишилар бир-бирларига ёрдамлашаётганлар ва ўзининг эмас, ўзгаларнинг муаммолари билан машғул бўлганлар жамиятини кўрсангиз; агар ундай жамиятнинг кишилари ўрталарида бир-бирларига нисбатан муҳаббат бўлса ва ундай муҳаббат уларнинг қалбларини ачиниш ва тушуниш билан бир-бирларига боғлаб турса; агар кучлилари кучсизларини ҳимоя қилсалар, соғломлари хасталарига, бойлари етимларига ёрдамлашсалар, билингки, бундай жамият, турмушларида пайғамбарларнинг (ҳаммасини Оллоҳ раҳмат айласин) фазилатлари ва уларнинг сўзлари шубҳасиз из қолдирган кишилар жамиятидир. Бундай жамият, пайғамбарлар (уларнинг барчасини Оллоҳ раҳмат айласин) ва уларнинг издошлари орқасидан эргашганлардан ибрат олганлар жамиятидир.

 

Усмон Нури Тўпбошнинг “Муҳаммад (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) энг севимли кишидир” («Мухаммад – самый любимый человек» ) китобининг  русчага таржимасидан олинди. Ру стилидаги оригиналининг интернет адреси:   http://www.islam.ru/pressclub/analitika/revigol/ 

 

Материални русчадан ўзбекчалаштирган таржимон Алибой Йўляхши. Тажима иши, Ҳижрий 1429 йил 11 – Муҳаррам (м. 2008 йил 20 – январ), якшанба куни тугалланди. 

 

Hosted by uCoz