Иқтисодий бўҳрон шарпалари ...

Дунё ахборот воситалари тарафидан оммавий матбуотга чиқарилаётган хабарларни кузатиб бораётган киши ўтган йил сўнггида бошланган иқтисодий бўҳронннинг оқибатлари нималарга олиб келишини тасаввур эта олиши мумкин. Мутахасисларнинг билдиришаётган фикрлари ва тахминларига инониладиган бўлса, бу бўҳрон ХХ асрнинг 30-йилларидаги буюк турғунлик(депрессия)дан ҳам даҳшатли бўлади деган ишончга келиш лозим бўлади. Биламизки, ўша бўҳронни қайтариш ва нормаллаштириш учун бутун капиталистик дунё жон-жаҳдлари билан уринишларига қарамай, уларнинг (у буюк депрессиянинг) оқибати, бунгача дунёда учрамаган ўта даҳшатли 2-Жаҳон уруши қурбонлари ҳисобига тугаганини ҳам тарих яхши билади. Оллоҳ кўрсатмасин, иқтисодда бошланган бугунги нисбатан сокин бўхроннинг оловли давоми бўлмаслигига ишончдан кўра, унинг тескарисига инониш кўпроқ асосли кўринаяпти. Ҳатто унинг аломатлари- қирғинбарот, вайронагарчилик келтирувчи жаланинг қора булутлари ҳозирданоқ “ғарбий” уфқда ўзини кўрсатаётганга ўхшайди.

 

Бу бўҳрон бутун дунёнинг бошига тушган фалокатдир дейиш керак. Бундан ҳеч бир мамлакат четда қолмаслигига ишониш учун алоҳида мутахасислик талаб қилинмайди, менимча. Аммо унинг оқибатларининг, бу фалокат келтирадиган зарарларнинг жуда хавфли бўлмаслиги учун қилинадиган жиддий ҳаракатлар бўлиши, ўшандай ҳаракатларни қилишга интилиш ҳам зарурий чоралардандир.

 

Қисқаси, дунёнинг ҳаёт-мамоти билан боғли бўлган бир буюк муомма –бутун дунё иқтисодий бўхрони вужудга келди. Уни ўнглашда, унинг зарарларини имкони қадар озайтиришда ер юзидаги ҳар бир ўлка, мамлакат ўз ҳоли қудратидан келиб чиқиб қатнашиши ҳам ўз-ўзидан кўриниб турган бир ҳақиқатдир. Шу нуқтаи назардан қаролса, Марказий Осиёда, асосан эскидан Ўрта осиё Республикалари аталмиш мамлакатларда бу бўҳроннинг кўринишлари ва улардан келадиган зарарли оқибатларнинг олдини олишда қандай ҳаракатлар бўлаётгани бизни алоҳида қизиқтиради. Чунки бизнинг Ватанимиз Ўзбекистон, бутун дунёвий масалалар жиҳатидан ўша ўлканинг маркази давлати ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон ва унга энг яқин чегарадош мамлакатларда бу бўҳрон муносабати билан вужудга келган ва келиши  мумкин бўлган иқтисодий ва бошқа хил ҳаётий масалалар алоҳида аҳамият касб этади.

 

Биринчидан, бу мамлакатларда бугуноқ кўзга ташланаётган ва бундан кейин янада чуқурлашадиган иқтисодий тангликлар(бунгача ҳам жуда нормал бўлмаган), пулнинг янада қадрсизланиши ва озиқ-овқат танқислиги, ишсизлик ва бошқа шунга ўхшаш иқтисодий, ижтимоий муоммалар кўпаяди ва кескинлашади, албатта.

 

Иккинчидан, иқтисодий танглик, танқисчилик, ишсизлик даражасининг ниҳоятда кўтарилиб кетиши, аҳолининг давлат тузимларига бўлган норозилигини оширади. Бу эса, сўзсиз сиёсий танглик, мамлакатларда беқарорликнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

 

Бу вазият биргина Ўзбекистон ҳудуди ерлашган Марказий Осиёда эмас, дунёнинг жуда кўпгина бурчакларида содир бўлиш эҳтимоли бор. Шундай бўлади деб кескин хулоса чиқарса ҳам бўлади. Масалан, Ўзбекистонда бугуноқ иқтисодий танглик билан баробар сиёсий танглик ҳам жуда таранглашган. Ҳатто ўтган йилнинг сўнгги ва бу йилнинг бошларида Ўзбекистонда иқтисодий бўҳроннинг оқибатлари шаклида жуда кескин ва ўта муҳим сиёсий ўзгаришлар бўлиш вазияти юзага келган эди. Дунёда катта шов-шув мавзусига айланадиган ундай ўзгаришлар негадир содир бўлмасдан ўз жойида тўхтаб қолди. Бизнинг тахминимизча айрим ташқий вазиятлар ва сабаблар таъсири остида Ўзбекистонда вужудга келган сиёсий танглик ва ундан кўзда тутилган натижалар амалга ошмай, аҳвол етиб келган нуқтасида тўхтаб қолди ва вазият вақтинча бироз юмшагандек кўринади. Аммо келажакда бу нуқтадан силжишлар қайси томонга қараб ва қандай ҳаракатлар билан йўналади, ва нималар содир бўлади ҳозирча мавҳумлигича қолиб турибди. Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистонга денгиз ортидан ва шимолдан нохолис кўзлар жиддий бир шаклда термулиб турибди. У қораси оз, ола кўзларнинг мақсадларини бир қараганда англаб олиш мураккабдир.  

 

Қозоғистон, Қирғизистон ва бу ўлкадаги бошқа эски совет республикаларида ҳам аҳвол Ўзбекистондагидан авло деб хулоса қилиб бўлмайди. Буларда ҳам дунё иқтисодий бўҳрони шарпалари шаддатли югуриб айланмоқда. Бўҳрон баҳонасида Руссия Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва  Қозоғистонда ўз мавқеийни ростлашга ва уни мустаҳкамлашга жон куйдириб уринмоқда. Кўпгина ҳолларда русларнинг уринишлари уларга ижобий натижалар келтирмоқда. Масалан, Тожикистондаги Руссиянинг ҳарбий контенгенти унинг империалистик нафсониятини(амбициясини) амалга ошираётган бўлса, Туркманистонда раҳбариятнинг янги ва тажрибасизлигидан фойдаланиб улар тобора вассалга айлантирилмоқда. Қозоғистонга келсак, бу ерда ҳам Россия қозоқ мухолифатини зимдан қўллаш билан ҳозирда ҳам ёмон бўлмаган мавқеийни янада мустаҳкамлаб олишга тинмасдан ҳаракат қилаяпти. Қирғизистонда эса, янги “ранг”ли инқилоб тайёр бўлаётганга ўхшайди. Бундан илгарги инқилоб ҳам русларсиз ва денгиз ортининг оқ фотиҳасисиз амалга ошмаганлиги ҳисобга олинса, бунисини ҳам кимлар ва нима учун ҳозирланаётгани маълум бўлиб қолади.   

 

Хулоса шулки, бугун бошланган бу иқтисодий аталмиш бўҳрон энг аввал баъзилар ўйлаётган каби тез ва оқибатсиз ўз сўнггини топмайди. Аммо унинг оқибатининг қандай бўлишини тартиб билан санаб чиқиш ҳам мумкин эмас. Бўҳрон келтирадиган оқибатлар дунёни ларзага келтириши муқаррарлиги ҳақида сўзлаш эса, алоҳида билим ва қобилият талаб қилмайди.

 

Ана шундай дунё учун ўта қатлис, жумладан ўзбекистонликлар – ватандошларимиз, Ватанимиз Ўзбекистон учун ўта мураккаб давр ҳисобланган бир замонда ҳаммамиз жонажон Ватанимиз ичида муроса қилиб, бир тан, бир жон бўлиб ишлашсак, оғир муоммалардан қутулиш йўлларини биргалашиб изласак қандай яхши бўларди! Агар биз шундай қила олсак, бизнинг бундай эзгулик, яхшилик йўлидаги ишимиздан Яратганнинг Ўзи ҳам,  инсонлар ҳам рози бўларди. Айтинг, шундай бўлмасми эди?

 

Ватанга, халққа ҳақиқатан хизмат қилиш имконлари ҳали батамом битмади. Ҳатто бугунги дунё иқтисодий бўҳрони муносабати оқибатида вужудга келган бу мураккаб вазият ўшандай хизмат қилишга янгидан қулай имкон яратди, янги бир йўл очди. Демак, фурсатни бой бермай, ақлу фаросатни бир жойга йиғиб, Ватанга фойдали бу хизматни қилишга  киришиш ҳақиқий ватанпарварликни кўрсатади деб тушунаман.

 

Келинг, эй элсеварлар, мана майдон, Ватанпарварлингизни кўрсатинг!    

Йўляхшиев Алибой.

15.01.2009, пайшанба.

 

Hosted by uCoz