Ироқнинг батамом тугатилиши 

Алибой Йўляхши
(муслимўзбекистон саитида нашр қилинган вақти: 07 октябр, 2007 йил)


Ироқнинг батамом тугатилиши

Бутун инсоният бошига даҳшатли мусибатлар келтирган Олмония ва СССР аталмиш давлат орасида қақшатқич қирғин уруши (1941 йилнинг 22 июнидан 1945 йил 9 майигача) тўрт йилга яқин давом қилганлиги яқин тарихдан барчамизга маълумдир. У уруш, унинг инсониятга келтирган зарарлари ҳақида бугун ҳам том-том китоблар ёзилмоқда. Бир томондан, ўша урушга советлар томони “Улуғ Ватан уруши” деб ном берадилар. Бошқа тарафдан, ўша урушни 1939 йилда бошланган жаҳон уруши (Иккинчи жаҳон уруши) деб атайдилар. Агар ҳисоб 1939 йилдан олинса, ўша Иккинчи жаҳон уруши олти йилга яқин давом қилган бўлади. У урушнинг даҳшатлари, қирғинбаротлиги ҳақида бугун ҳам ёзишдан заррача тўхталгани йўқ.

Бизнинг замонимизда, яъни кўринишдан ўша яқин тарихда содир бўлган ваҳшиёна урушдан хулосалар ясаган кишилар яшаётган замонда, ҳатто ўша ваҳшиёналикларнинг тирик гувоҳлари яшаётган замонда ҳам (2003 йилнинг мартида) АҚШ бошлиқ бир қатор давлатлар мустақил Ироқ давлати ҳудудига дабдурустдан ўша ҳитлерчи-фашистлар каби бостириб киришди. Босқинчилар ўзларининг бундай агрессияларини оқлаш учун Ироқдаги диктатор Саддам Ҳусайн ҳукумати оммавий қирғин қуролига эга дейилган баҳона ҳам тўқидилар, албатта. Бироқ бу баҳона ёлғонлар устига қурилгани исбот бўлганига ҳам анча замон кечди.

Ироқни босиб олганларига мана тўрт йил вақт, яъни Олмония-Совет уруши давом этган вақтча замон ўтиб кетаётган бўлса-да, бу ғариб мамлакатда қирғинларнинг, талончиликларнинг сўнги кўринмаяпти. Қурбонлар сони миллионлардан ошиб кетди. Афсуски, ўзларини демократия, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳисоблаб келаётган ғарб жамоатчилиги бир суверен мамлакат(!)ни тамоман тугатишга қаратилган бу тўлалигича босқинчилик урушини бугунга қадар муносиб даражада қораламаяпти ёки қоралашга журъат қила олмаяпти.

Афғонистонга ва Ироққа қилинган агрессияларни асослашга хизмат қилдирилган 2001 йил 11 сентябр террористик ҳаракати АҚШ ҳукуматининг раҳнамолигида, мазкур мамлакатнинг махсус хизмат органлари томонидан ташкил этилганлиги ҳақида бугун етарлича исботлар матбуот юзини кўрди. Аммо АҚШнинг бугунги ҳокимияти шунчалар даҳшатли даражага эришганки, улардан қўрқиб қолган ғарб матбуоти бундай рад қилиб бўлмас ҳақиқатларни ҳам ўз саҳифаларида муносиб даражада ёритмаяпти, ёрита олмаяпти.

“Ойни этак билан ёпиб бўлмас” деганларидек, америкалик агрессорларнинг босқинчилиги бугун шундай даражага бориб етдики, энди уни ҳеч нарса билан ёпиб бўлмайди. Шунинг учун ғарбда ҳали сақланиб қолган баъзи тартибли кишилар ҳақиқатга тўғри қарашга уриниб кўрмоқдалар. Масалан, АҚШ Федерал эҳтиёт системасининг собиқ бошлиғи Алан Гринспен ўзининг “Беқарорлик даври: янги дунёдаги саргузаштлар” деб номланган китобида Ироқда уруш, Саддам Ҳусайннинг “оммавий қирғин” қуроли жаҳон маданиятига, дунёнинг барқарорлигига хавф солаётганлиги учун эмас (чунки Ироқда ундай қурол ҳеч қачон бўлмаган), балки Ироқнинг ўта бой нефт захиралари учун бошланганлигини тан олди. Англияда, яъни Афғонистондаги ва Ироқдаги босқинчилик урушларида АҚШнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган мамлакатда чиқариладиган “The Guardian” газетасида Наоми Кляйн (Naomi Klein) исмли муаллифнинг китобидан олинган “Ироқнинг батамом тугатилиши” деб номланган парчада ҳам Ироқдаги ҳақиқатларга бирмунча тўғри қаралганини кўрамиз.

Биламизки, ўзбек тилида ўқийдиган ўқувчилар дунёда содир бўлаётган воқеалардан, жумладан АҚШ Афғонистон ва Ироқда олиб бораётган босқинчилик урушлари ҳақида ҳам жуда оз маълумотларга эгадирлар. Шунинг учун Наоми Кляйннинг китобидан олиниб “The Guardian”да нашр қилинган “Ироқнинг батамом тугатилиши” деб аталган парчани ўзбек тилига ағдариб, матбуотда эълон қилиш ўзбек тилида ўқийдиган ўқувчилар учун фойдали бўлар деб ҳисобладим. “The erasing of Iraq”дан олинган парчанинг инглиз тилидаги оргинали 2007 йил 11 сентябрда

http://www.guardian.co.uk/Iraq/Story/0,,2166585,00.html интернет адресида эълон қилин ган. 2007 йил 12 сентябрида эса у http://www.inosmi.ru/stories/07/04/27/3511/236572.html интернет адресида рус тилида (таржимон Антон Беспалов) эълон қилинди. Биз ана шу кейинги адресдан олиб, уни рус тилидан ўзбекчага ағдардик.

(Материал тайёрланиб “муслимўзбекистон” саитига юборилган вақт: 2 октябр, 2007 йил.)

Ироқнинг батамом тугатилиши

"The Guardian", Буюк Британия

Муаллиф: Наоми Кляйн

Қийноққа солишнинг тажрибадан ўтганига анча бўлган, текширилган услуби: қурбоннинг онгини қўрқув билан тўлдириш, кундалик ҳаётнинг одатий бўлиб қолган нарсаларидан уни маҳрум қилиш ва сўнг унинг хотираларини ўчириб ташлаш. 2003 йилда бу барча услублар Қўшма Штатлар томонидан Ироқда фаол қўлланилган. Ҳусайн режими қулагач эса, Вашингтон жароҳатланган мамлакатни ўз оқибатларига кўра ҳалокатли бўлган оммавий хусусийлаштириш ва капитализация дастури ёрдамида “тиклай” бошлади. Ўз китобидан парчада Наоми Кляйн бу нарсалар қандай содир бўлганини ҳикоя қилади.

2002 йилда Канада фуқароси Моҳир Арар (Maher Arar) “фавқулодда экстрадиция” дастурининг навбатдаги қурбонига айланди. Уни Кеннеди аэропортида тутиб олишди ва Сурияга келтириб, илгаридан синовдан ўтказилиб келинаётган услуб билан сўроқларга тутишди. Арар ҳикоя қилади: “Мени креслога ўтқазиб қўйишди, сўнг у ерда қатнашаётганлардан бири менга саволлар бера бошлади... Мен унинг саволига тез жавоб бермасам, у бурчакда турган металл стулни кўрсатиб, “Нима, сен у ерга ўтиришни хоҳлаяпсанми?” дерди. Мен эса даҳшатга тушардим, азобларга тушиб қолишдан қочардим. Мен у азобларга, қийноқларга тушмаслик учун улар нима десалар, ҳаммасига иқрор бўлишга рози эдим”. Арар тасвирлаган сўроқ услуби “асбобларни намойиш қилиш” деб юритилади. Америкалик ҳарбийлар жаргонида(иборасида) эса бунинг номи fear-up-“қўрқитиш”. Жаллодлар яхши биладиларки, уларнинг энг кучли қуроли - асирнинг тасаввурида ваҳима ҳосил қилиш. Шунинг учун жабрдийдага азоб, исканжа қуролини кўрсатиш, кўпинча уни унга нисбатан қўллашдан кўра самаралироқ бўлади.

Ироққа бостириб кириш вақти яқинлашаётганди. Пентагон Америка оммавий ахборот воситаларига сафарбарлик эълон қилиб, уларга Ироқни “қўрқитиш” буйруғини берди. Уруш бошланишидан икки ой олдин “Си-Би-Эс” канали ўзининг навбатдаги кўрсатувини: “Бу кун “А куни” деб аталади. Бу эса авиабомбалашлар куни эканлигини билдиради. Бомбалашлар шундай олиб бориладики, Саддам аскарлари жавоб қайтара олмайдиган ва ҳатто буни истамайдиган бўлиб қоладилар”, - деган сўзлар билан бошлади.

Бундан кейин томошабинларга “Даҳшат ва титроқ” доктринасининг муаллифи Харлан Улман (Harlan Ullman)ни таништирдилар. Улман деганлари эса: “Биз самарага бир неча кунлар ёки ҳафталар давомида эмас, балки Хиросимадагига ўхшаб бир неча минутлар ичида дарҳол эришмоқчимиз”, - дея мақтанди. Кўрсатувни олиб борувчи Дэн Радер (Dan Rather): “Бизнинг сизга кўрсатганларимиз мудофаа вазирлигининг фикрича Ироқ қўшинлари учун ҳеч қандай аҳамиятли маълумотни ўз ичига олмаганлигини таъкидлаб қўямиз”, - деган сўзлар билан ўз кўрсатувига нуқта қўйди. Бунинг барчаси бундан буён ҳам ана шундай руҳда давом қилишларини кўрсатарди. Чунки бу кўрсатув ва бошқа шунга ўхшаш кўпгина кўрсатувлар, мабуот чиқишлари АҚШ мудофаа вазирлиги умумий стратегиясининг - қўрқитиш стратегиясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Ироқ фуқаролари узоқ ойлар давомида бу даҳшат солувчи кўрсатувларни яширин йўллар билан сунъий йўлдош ликопчалари орқали томоша қилиб, чет элларда яшаётган қариндошларидан телефон орқали янгиликлардан хабардор бўлиб турдилар ва “даҳшат ва титроқ”нинг мудҳиш саҳналарини тасаввур қила бошладилар. Бундай стратегия исмининг ўзи ҳам қудратли психологик қуролга айланиб қолди. Оқибатда ироқликлар “1991 йилдагидан ҳам даҳшатлироқ бўлармикан? Америкаликлар Саддамда оммавий қирғин қуроли бор деб ҳисоблаётган бўлсалар, ядро бомабаси қўллармикинлар?” деб хаёл қила бошладилар.

Бу каби саволларнинг бирига эса Ироққа бостириб кирилишидан бир ҳафта олдин жавоб берилди. Яъни Пентагон Оқ уй матбуот хизматининг ҳарбий бўлими учун Флоридадаги Эглин ҳарбий-ҳаво базасига махсус саёҳат уюштирди ва у ерда журналистларга “Moab” ракетасининг синовини намойиш этдилар. (Расмий равишда бу қисқартма сўз Massive Ordnance Air Blast, яъни “ёппасига ҳаво-снаряд зарбаси” деб очиқланади. АҚШ қўшинлари ичида эса унинг бошқача - Mother of All Bombs, “барча бомбаларнинг онаси” исми машҳурроқ). Бу бомба йигирма бир минг фунт (8,2 тонна) оғирликка эга бўлиб, дунёда энг қувватли ядровий бўлмаган портловчи қурилмадир. “Си-Эн-Эн” мухбири Жеми МакИнтайр (Jamie McIntyre) сўзларига кўра, мазкур ракетанинг портлаши “кўринишидан қўзиқорин шаклида бўлиб, баландлиги уч километргача кўтариладиган ва худди ядро бомбаси портлаганга ўхшаш тасаввур ҳосил қиладиган булутни пайдо қилади”.

МакИнтайр ўз кўрсатувида гарчи бу ракета портлатилмаса-да, унинг мавжудлигининг ўзиёқ, “психологик нокаут пайдо қилади”, деди ва бу билан ўзининг нокаут қилувчи зарбада қатнашаётганлигини жимгина эътироф этди. Ироқ аҳолисига худди ҳибс қилинганларни тергов қилаётгандек бир шаклда исканжа қуролларини кўргазмали равишда намойиш қилдилар. Худди ўша кўрсатувда қатнашган АҚШ мудофаа вазири Дональд Рамсфелд: “Бизнинг мақсадимиз коалиция кучларининг қувватини Ироқ қўшинларида урушишга заррача хоҳиш қолмайдиган даражада ўта аниқ намойиш қилишдан иборатдир”, - дея тортинмасдан сўзлаганди.

Уруш бошланганиданоқ, Бағдод халқи “ҳиссиётлардан маҳрум этиш” (sensory deprivation) исми билан аталадиган оммавий исканжага олинди. Шаҳарнинг барча сезги органлари бирин-кетин кесиб ташланди.

Америка қўшинлари Бағдодга бостириб кирган 2003 йилнинг 28 март кечаси бомбалар остида қолган мамлакатнинг алоқа вазирлиги ёна бошлади. Бағдоднинг яна тўртта энг катта телефон тармоғи ҳам худди шундай фалокатга дучор қилинди: бункерларга қарши қўлланиладиган ўта қувватли снарядлар бутун шаҳар бўйлаб телефон алоқаларини бузиб ташлади. Оқибатда миллионлаб телефон аппаратлари тармоқдан узилиб қолди. Масала шу билан тугамади. Иккинчи апрелга келиб шаҳарда бирорта ҳам телефон аппарати ишламай қолди. Шаҳарда бўлган жами ўн иккита телефон тармоғининг барчаси йўқ қилиб ташланди. Босқинчиларнинг бу кампанияси доирасида радио-телевидение трансмиттерларига ҳам зарба берилди. Шундай қилиб, энди уйларига қамалиб олган Бағдод оилалари кўчаларда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш учун зарур бўлган энг заиф каналларни ҳам тутолмай қолгандилар.

Аксар ироқликларнинг айтишларича, телефон алоқаларининг узилиб қолиши шаҳарни бомбалашлар билан боғлиқ бўлган энг оғир психологик синов бўлди. Деразаларнинг олдгинасида портлашларни эшитиб, сезиб турсанг-да, ўзингдан бир неча кўча нарида яшаётган севимли кишингга телефон қила олмаслигинг ва чет элларда яшаётган безовта қариндошларингни тинчита олмаслигингдан ҳам ортиқ мудҳишроқ аҳвол бўлмайди. Шаҳарда жойлашган журналистларни уларнинг мобил телефонларидан фойдаланиб Лондондаги акасига, Балтимордаги тоғасига бир минутгина қўнғироқ қилишни сўраган ёки телефон номерлари ёзилган қоғозларни уларга тутиб, шу номерларга биргина қўнғироқ қилишни ўтиниб ялинаётган кишилар ўраб олишарди. Улар кетма-кет: “Бизда ҳамма нарсалар жойида деб айтиб қўйинг! Ота-онамнинг тириклигини билдириб қўйинг! Салом айтинг, ташвишланмасинлар!” деб чинқирардилар. Шаҳарнинг барча дорихоналарида ухлатувчи ва тинчлантирувчи дорилар тугаб қолганди. Бағдодликлар валиумнинг борини сотиб олгандилар.

Шаҳар қулоқларидан кейиноқ кўзини ҳам йўқотди. 4 апрел куни “Guardian” шуларни ёзганди: “Ҳеч ким портлашни эшитмади, бомбалашларнинг тартибида ҳеч бир ўзгариш юз бермади, бироқ беш миллион аҳоли яшайдиган бир шаҳар бир сонияда чексиз мудҳиш қоронғуликка маҳкум қилинди”. Қоронғуликни “фақатгина ўтиб кетаётган автомобилларнинг чироқлари онда-сонда ёритиб қоларди”. Шаҳар аҳолиси тузоққа солинган сингари ўз уйларига қамаб қўйилганди ва улар бир-бирлари билан сўзлашиш ёки ҳатто бир-бирларини кўриш имконига эга эмасдилар. Бутун шаҳар ўзини, юзига қора латта боғланиб “қора бурчакка” тиқиб қўйилган Америка Марказий разведка бошқармаси (CIA) жабрдийдаси сингари кишанланиб қўйилгандек сеза бошлади.

Кўп ўтмай, шаҳар қип-яланғоч қилинди. Агрессив терговларда психологик “синдириш”нинг биринчи босқичида маҳбусдан у шулар туфайли ўзлигини ҳис этадиган нарсалар - кийим-кечаги ва шахсий ашёлари олиб қўйилади. Кўпинча тергов қилувчилар, атайлаб ўз қурбони ҳурмат қиладиган нарсалар (масалан, Қуръон ёки яхши кўрган кишисининг расмлари) устидан куладилар, уларни масхара қиладилар. Сен ҳеч ким эмассан, сен биз ўзимиз ясашни истаган нарса бўласан, дейишади терговчилар. Ноинсоний, антигуманистик ёндашувнинг бутун моҳияти мана шунда. Бундай қозондан Ироқ ҳаммасини татиб улгурди. Чунки ироқликларнинг кўз олдиларида уларнинг энг муҳим ижтимоий институтлари таҳқирланарди, уларнинг тарихий нарсалари безориларча машиналарга ортилиб қаерларгадир олиб кетиларди.

Бомбалашлар Ироқни вайрон қилди, аммо босқинчилар томонидан тўхтатиб бўлмас ваҳшиёна талончилик мамлакатнинг нақ қалбини, юрагини йўқ қилди.

“Юзлаб талончилар қадимий сопол идишларни синдирар, музейларни шип-шийдон қилар, чўнтакларини Ироқ Миллий музейи ашёлари ҳисобланган олтинлар ва қадимий нарсалар билан тўлдирардилар. Учига чиққан ўғирлик инсоният тарихида энг биринчи ҳисобланган жамият атрибутларини ҳам тинч қолдирмади. Бир юз етмиш минг бебаҳо музей экспонатидан саксон фоизи йўқ бўлди”, - деб хабар берганди ўшанда “Los Angeles Times”. Ироқ миллий кутубхонасининг Ироқда чиқарилган китобларнинг ҳар биридан биттадан нусхаси ва докторлик диссертациялари сақланадиган биноси қоп-қора кул тепасига айлантирилди. Дин ишлари вазирлигидан минг йиллардан буён иззатда тутилиб, сақланиб келаётган Қуръони каримлар йўқотилди, вазирлик биносидан эса, бутунлай ёниб битган кул қолди. Бағдодлик бир ўқитувчи: “Бизнинг миллий меросимиз йўқотилди”, дея кўзига ёш олади. Бошқа бир бағдодлик киши - баққол эса музейнинг ҳалокати ҳақида сўзлаб: “У Бағдоднинг қалби эди. Агар музейга ундан олиб кетилган бебаҳо нарсалар қайтариб келтирилмаса, мен ўзимни қалбини йўқотган каби ҳис қиламан”, дейди. Чикаго университетидан бир археолог МакГайр Гибсон (McGuire Gibson): “Бу лоботомияни эслатади; бир бутун маданиятнинг, минг йиллар давомида мавжуд бўлган бир маданиятнинг чуқур хотираси тугатилган”, дея қайғуради.

Қадриятларнинг бир қисмини, асосан дин одамларининг талончилар маишатбозлиги ичида ташкил қилган қутқариш ишлари оқибатида сақлаб қолиш мумкин бўлди. Аммо ироқликларнинг жуда кўпчилиги бу лоботомия уларнинг маданиятини таг-тубидан йўқотиб ташлаб, ўзлариникини ўрнатиш учун америкаликлар томонидан Американинг батамом тугатиш стратегияси доирасида махсус равишда амалга оширилган, деган фикрдалар. “Washington Post” газетаси 70 ёшга кирган Аҳмад Абдуллоҳнинг: “Бағдод бутун араб маданиятининг қадимий момосидир, булар эса уни ер юзидан ўчириб ташлашмоқчилар”, деган сўзларини босиб чиқарди.

Урушни бошлаганлар талончиликларда ироқликларнинг ўзларини айблай бошладилар, албатта. Ҳа, Рамсфелд Ироқни талон-тарож қилишни режалаштирмаганди (Ҳақиқатан шундаймиди? - Таржимон шубҳаси), бироқ унинг олдини олиш, уни тўхтатиш чоралари ҳақида ҳам у биронта буйруқ ва кўрсатма бермади. Бундай хатоларни арзимас чалкашликлар сирасига қўшиб бўлмайди, ахир.

1991 йилдаги уруш вақтида Ироқнинг ўн учта музейи талончилар ҳужумига дучор бўлганди. Ана шундай тажрибани била туриб, камбағаллик, эски режимга нисбатан нафрат ва оммавий бошбошдоқлик аҳолининг бир қисмини ўғирликларга бошлашини ҳисобга олмаслик мутлақо мумкин эмас эди (айтмоқчи, Саддам Ҳусайн уруш бошланишидан бир неча ой илгари қамоқдагиларнинг барчасини озод қилгани ҳам маълум эди). Археология соҳасининг етакчи мутахассислари музей ва кутубхоналарни ҳимоя қилишнинг махсус стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида Пентагонни огоҳлантиргандилар. 26 март куни Пентагон “аҳамиятлилик даражаси бўйича тартибланган, бомбардимон қилиниши мўлжалланмаган ўн олтита нишон” санаб ўтилган меморандум чиқарганди. Миллий музей ўша рўйхатда иккинчи ўринда турарди. Бундан ташқари, Бағдодга шаҳарда тартибни сақлашни таъминлайдиган халқаро полициячилар контингенти киритилиши зарурлиги ҳақида ҳам Рамсфелд огоҳлантирилган эди. Бундай маслаҳатларга ҳарбийлар қулоқ осмадилар.

Аммо халқаро полициячиларсиз ҳам Бағдодда маданий аҳамияти бўлган асосий жойларни қўриқлашни таъминлаш учун америка аскарлари керагидан ортиқча бор эди. Бироқ бундай иш қилинмади. Уларнинг олдиларидан мамлакатнинг қадриятлари ортилган юк машиналари ўтиб турганида, аскарлар ўзларининг бронетехникаси атрофида айланиб юриб, буни томоша қилиб турган кўплаб ҳолатлар маълум. Бу эса Рамсфелднинг шахсан ўзидан тарқалаётган “қўяверинглар, шундай бўлиб туради” принципининг намойишини кўрсатади. Ҳарбийларнинг баъзи бўлинмалари ўз ташаббуси билан талончиликни тўхтатишга уринсалар, бошқа жойларда тескариси бўлиб, аскарларнинг ўзлари ҳам талончиларга қўшилиб кетардилар. Ана ўша аскарлар Бағдоднинг халқаро аэропортининг абжағини чиқардилар. “Time” газетасининг хабарига кўра, аскарлар аввал аэропортдаги барча мебелларни синдириб, ундан кейин аэропортнинг учиш-қўниш майдонида турган учоқларни ҳам буза бошлаганлар. “Америкалик аскарлар ўзлари ўтиришлари учун қулай бўлган ўтиргичлар ва сувенирлар ахтариб, ускуналарни узиб ташлаганлар, ўтиргичларни кесганлар, пилотнинг кабинасидаги асбобларни бузганлар, иллюминаторларнинг ҳаммасини юлиб ташлаганлар”. Бундай зараркунандаликнинг оқибатида Ироқ давлат авиакампанияси юз миллион долларлик зарарга дучор бўлган. Айтмоқчи, худди мана шу компания зудлик билан хусусийлаштириладиган корхоналарнинг биринчиси қилиб рўйхатга олинган.

Ироқни босиб олишда асосий рол ўйнаган икки киши: уларнинг бири Пол Бремер (Paul Bremer)нинг маслаҳатчиси Питер МакФерсон (Peter McPherson) ва иккинчиси олий таълимни қайта қуриш дастурининг директори Жон Агресто (John Agresto) тарафидан баён қилинган фактлар Ироқда содир бўлган ўлчовсиз талон-тарожга Америка ҳокимиятининг нима учун бефарқлигини кўрсатади. МакФерсоннинг айтишича, ироқликлар Ироқ давлатига қарашли жуда катта мулкни (автомобиллар, автобуслар, вазирликлардаги оргтехника ва бошқалар) қачон эгаллаб олганлари америкаликларни мутлақо қизиқтирмаган. Америка ҳукумати маъмуриятининг асосий вазифаси иқтисодда давлатнинг ролини кескин тушириш ва унинг активини (даромад ва бойликларини) ўзлаштиришдан, хусусийлаштиришдан иборат бўлган. Демак, талончиларнинг иши америкаликларга жуда қўл келган. “Давлатнинг енгил ёки юк машинасига ўтира солиб, уни ўз юмушига ишлатиш учун ҳайдаб кетаверган киши менга жуда одатий бўлиб кўринарди. Чунки табиий бир шаклда хусусийлаштириш содир бўлаётганди”, дейди МакФерсон. Рейган маъмуриятида ҳам ишлаган ва Чикаго иқтисодий мактаби принципларига қаттиқ ишонадиган МакФерсон, талон-тарожнинг бундай шаклини умумий, жамоат секторининг “эмирилиши” деб аташни маъқул кўради.

Унинг ҳамкасби Жон Агресто ҳам Бағдодда содир этилаётган талон-тарожларни телевединие орқали томоша қилиб, ҳақиқий ўғирлик ҳодисаларини жуда севинч билан қабул қилди. Бу киши ўз ишини “ҳаётда бир марта учрайдиган саргузашт” деб атайди, Ироқда янги таълим системасини нолдан бошлашни эса ўзининг асосий вазифаси ҳисоблайди. Шунинг учун унинг фикрича, маҳаллий университетларни ва вазирликларни талаш, ишни “янгидан бошлаш учун энг қулай имконият” бўлган ва Ироқ мактабларида ”энг яхши замонавий ускуналар” ўрнатиш учун шароит яратган. Кўпчилик АҚШнинг Ироқдаги вазифаси бу ерда ҳақиқатан янги миллат вужудга келтириш эканлигига ишонганди. Шундай бўлса, бунинг учун эски миллатга тегишли ҳамма нарсаларни йўлдан олиб ташлаш керак бўларди. Демак мамлакатда бўлаётган безориликлар нормал ҳисобланарди. Агресто илгари (ўқувчилардан катта-катта матнларни ўқишни талаб қиладиган)“буюк китоблар бўйича”таълим бериш услуби ўрнатилган Нью-Мексикодаги руҳоний Иоанн номли коллежнинг директори бўлиб ишлаганди. Бироқ у Ироқ ҳақида мутлақо ҳеч нарса билмасди, ҳатто бу мамлакатга келаётиб ҳам атайлаб бу ҳақда бирор нарса ўрганишни истамади, аксинча ”қанча мумкин бўлса, шунча очиқ, ҳеч нарсадан хабарсиз” келишга ҳаракат қилди. Шундай қилиб, Ироқ коллежлари ҳам, Агрестонинг ўзи ҳам “топ-тоза” оқ қоғоздан иборат бўлиб турардилар.

Бироқ Агресто Ироқ ҳақида ҳеч бўлмаса иккитагина китоб ўқишни лозим кўрганида эди, балки бу мамлакатда ҳаётни оқ қоғоздан бошламаслик кераклиги ҳақида ўйлаган бўларди. Шундай қилинганда эди, Агресто, масалан, мамлакатга иқтисодий қамал эълон қилинишидан аввал Ироқ таълим системаси ўз ҳудудида энг яхшиларидан бўлиб, араб дунёси орасида энг юқори кўрсаткичга (89 %) эришганининг гувоҳи бўлган бўларди. Солиштириш учун шундай бир фактга қаранг, Агрестонинг ўз штати Нью-Мексикода 46 % аҳоли амалда саводи чиқмаганлардир, 20 % кишилар магазинлардан сотиб олинган нарсалар нархларининг йиғиндисини ҳисоблайдиган оддий арифметик амалларни бошларида ҳисоблаб чиқара олмайдиганлардир. Бироқ Агресто Американинг мутлақо илғор эканлигига ишонарди ва ироқликларнинг ўз маданиятларини қўриши, сақлаши ёки уни йўқотиб қўйишдан қаттиқ ачинишлари мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Террорга қарши уруш ҳақида сўз кетганида такрор-такрор мана шунақа неоколониалистик кўрлик-сўқирлик мавзуси ўртага чиқиб туради. Американинг Гуантанамо қамоқхонасида барчага маълум “чайладаги жаннат” исмли бир махсус хона мавжуд. Одатда бу ерга гуноҳсиз деб топилган ва яқинда қамоқдан чиқариладиган маҳбуслар келтирилади. Бу “чайла”да асирларга Голливуд филмларини томоша қилишга ва Американинг ахлат овқатлари ҳисобланган фаст-фуд овқатларни ейишга ижозат беришади. Гуантанамода қамоқда бўлган британиялик уч кишидан бири Осиф Иқбол ватанига кетиш олдидан бу хонада бир неча марта бўлган. “Бизга DVDда филмлар кўришга, “МакДоналдс”дан ва “Пицца-Хата”дан овқат ейишга ва умуман бирмунча роҳатланишга изожат беришарди. Бу ерда қўлларимизга кишан солинмасди... Буларнинг биз билан нима учун бундай муносабатда бўлишларини тушунмасдик. Бутун ҳафта яна одатдагидек қафасларда ўтирардик... Бир куни Лесли (FBI official- Федерал тергов бюросининг офицери) “Pringles” чипси, музқаймоқ ва шоколадлар келтирди. Бу воқеа мени Англияга жўнатишларидан олдинги энг сўнгги якшанба эди”, - дея ҳикоя қилади О. Иқбол. Иқболнинг дўсти Руҳул Аҳмаднинг тахминича, уларнинг бу асирларга бундай муносабатлари ўзларининг “улар билан икки ярим йил давомида жуда ёмон муносабатда бўлганларини билишлари ва буни хотирадан бирмунча чиқариш умидида бўлганларини” билдиради.

Дўстларининг тўйига келган Аҳмад ва Иқбол Афғонистонда Шимолий иттифоқ кучлари томонидан қўлга олингандилар. Уларни йигирма тўққиз ой давомида ўлардай урдилар, нималиги номаълум бўлган қанақадир уколлар қилдилар, ноқулай ҳолатларда соатлаб туришга мажбур этдилар, ухлашга қўймадилар, мажбурий соқол-мийиқларини қириб ташлаб, бутун қонуний ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум қилдилар. Ана шуларнинг, ана шунақа қийноқларнинг, ҳуқуқбузарликларнинг барчасини “Pringles” чипсининг хушбўй ҳиди босиб кетиши лозим бўлганди. Кимдир ҳақиқатан мана шу ноинсоний принцип иш беради деб ўйларди, шекилли.

Ишониш қийин бўлса-да, лекин Вашингтоннинг бош режаси умумий шаклда шундай эди: мамлакатни ўлгудай қўрқитиш, инфраструктурани атайлаб йўқ қилиш, мамлакат тарихи ва маданиятининг ваҳшийларча талон-тарож бўлишига кўмаклашиш ва шулардан кейин уятсизларча табассум ва ўта арзон турмуш асбобларининг чексиз запаслари ва ахлатга ташланадиган овқатлар билан ўзларини оқлаб олиш. Ироқ ҳудудида буюк маданиятни тугатиш ва уни бошқасига алмаштириш каби ёвузлик назарияси бор-йўғи бир неча ҳафталар ичида ҳақиқатга айланди.

Буш босқинчилар ҳокимиятининг бошлиғи қилиб тайинлаган Пол Бремер у Бағдодга келган вақтида шаҳарда талон-тарож авжига чиққанлиги ва тартиб-қоида ҳақида сўз бўлиши ҳам мумкин эмаслигини тан олади. “Мен аэропортдан келаётганимда шаҳарни тўлалигича ёнаётган ҳолда кўрдим. Кўчада машиналар йўқ эди, ҳеч бир жойда электр нурлари кўринмасди, нефт қазиб олиш тўхтаб қолганди, умуман барча иқтисодий фаолият тўхтаб турарди, шаҳарнинг ҳеч бир бурчагида биронта полиция ходими кўринмасди”, деганди у. Бироқ бўҳронни ўнглаш учун бу одам нималарни таклиф қилди? У ҳеч қандай чеклаш қўймай, яъни тарифларсиз, божсиз, текширувсиз ва солиқларсиз чегараларни импортга очиб берди. Бремер Бағдодга келганидан икки ҳафта сўнгра, Ироқ “бизнесга тайёр” деб эълон қилди. Бир кечада дунёнинг энг ёпиқ бир мамлакати (БМТ Ироқни арзимаган ташқи савдодан ҳам маҳрум қилиб қўйганди) энг очиқ мамлакатга айланиб қолди.

Хуллас, музейларнинг қадриятли мулклари ортилган юк машиналари Иорданияга, Сурияга ва Эронга йўл олардилар. У ерларда эса, уларни бахти кулган савдогарлар кутиб туришарди. Уларга қарши йўналишда эса Чинда ясалган телевизорлар, Голливуд филмлари ёзилган DVDлар ва Иорданияда ишлаб чиқарилган йўлдош ликопчалари ортилган машиналар колоннаси келарди. Буларнинг ҳаммаси тезда Карада савдо районининг катта йўл ёқаларини тўлдириб юбориши лозим эди. Битта маданиятни ҳар тарафга ташишди ва ёқиб юборишди, бошқасини эса тезгина олиб киришди, идишларидан чиқаришди ва қўлланишга қўйишди.

Фавқуллодда вазиятлар бўйича АҚШ федерал агентлигининг собиқ бошлиғи Жо Албо (Joe Allbaugh) тарафидан ташкил этилган “New Bridge Strategies” ширкати “чегарабўйи” капитализмининг тажриба пунктларидан бирига айланди. Бу ширкат энг юқорида ўтирган ўзининг жуда яхши танишларига суяниб, транснационал корпорацияларга ўта фойдали шартномалар ваъда қила бошлади. Ширкатда ишловчилардан бирининг сўзларига кўра: “Procter & Gamble маҳсулотларини тарқатишга берилган ҳуқуқларнинг ўзи - бутун бир сердаромад иш! Яхшигина ташкил қилинган битта “7-11” супермаркети ўттизтача Ироқ магазинларини ишдан чиқаради, биргина “Wal-Mart” (Буниси ҳам савдо маркази – ҳамма икир-чикирдан тортиб озиқ-овқатгача нарсалар сотиладиган катта магазин - Таржимон изоҳи) эса бутун мамлакатни забт этади”.

Гуантанамо асирларини сотиб олмоқчи бўлганлари сингари, бутун бир мамлакатни, Ироқни ҳам “Pringles” чипсилари ва поп-маданият билан сотиб олмоқчилар. Буш маъмуриятининг урушдан кейин Ироқни бошқариш ғояси ҳам айнан мана шу принципга асослангандир.

Юэн Кэмерон (Ewen Cameron), 1950-йилларда CIA - АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси пуллари ҳисобига кишиларнинг ўзларидан сўрамасдан улар устида электр таъсирида “ҳиссиётдан маҳрум қилиш” тажрибалари ўтказган психиатр ҳисобланади. Унинг ишлари тарихини ўргана туриб, Кэмероннинг ҳамкорларидан бири Фред Лоуи (Fred Lowy) тарафидан таъкидланган бир фикрга дуч келдим. У фикрда шулар ёзилганди: “Фрейдчилар мактаби ўзакка етиб бориш мақсадида “устки қаватларини шилиш”нинг ўта мураккаб усулларини ишлаб чиқди. Кэмерон эса оралиқ қатламларнинг барчасига тупуриб, ҳаммасини бирданига ҳал қилмоқчи бўлди. Кейинчалик биз аниқладикки, аслида ҳеч қанақа ўзакнинг ўзи мавжуд бўлмай, бирдан-бир йўл қатламларни яхшилаб қараб чиқишдан иборат экан”. Кэмерон эса мижознинг (Тўғрироғи қурбонининг – Таржимон ибораси) шахсиятини куйдириб юбориб, унинг ўрнида янгисини яратиш унга насиб бўлади деб ўйлаганди. Бироқ янгидан туғилиш содир бўлмади, аксинча фақат ачинишлар, ногиронлик, ҳушдан кетишлар юзага келди, холос.

Даҳшатга солиш терапияси тарафдорлари шу асосда миллатни янги моделга кўра қуриш учун энг охирги, “тоза варақ” деб аталадиган тутқич бермас сўнгги қатламгача етиб боришга ҳаракат қилиб, чаққонлик билан тезгина барча қатламларни кесиб ўтишди. Оқибатда уларнинг топганлари: ўзлари ўз қўллари билан ясаган харобалар, синган, вайрон бўлган нарсаларнинг уюмлари, Ҳусайн режими, уруш, бир-бирлари билан курашиш оқибатида жисмоний ва руҳан синдирилган миллионлаб кишилар бўлдилар. Буш командасидаги “ҳалокат иқтисоди” бўйича мутахассислар Ироқни тозалашга уриндилар, бироқ унинг ўрнига мамлакатнинг тўс-тўполонини чиқариб ташладилар. Уларнинг олдида тарихидан тозаланган “тоза варақ” ўрнига илдизи узоқ тарихга бориб етадиган душманлик намоён бўлди. Уни Карбало ва Сомарродаги масжидларга, бозорларга, вазирликларга, касалхоналарга ҳужумлар аланга олдирди. Қаттиқ зарбадан кейин одамлар ҳам, мамлакатлар ҳам компютерлар сингари ўчиб қайта ёнмайдилар, балки фақат синадилар.

Яна ҳам даҳшатлироқ азоб-уқубат ва исканжалар қўллаш, бомбалашларни кўпайтириш, қисилган ричагларни янада тортиб, оғриқни ошириш, вайрон қилиш ва синдиришларни давом эттиришни тўғри деб ҳисоблайдилар. АҚШ давлат котибининг собиқ ўринбосари Ричард Армитиж (Richard Armitage), бир оз илгарироқ ироқликлар вазиятга кўникиб қолишади деб ҳисобларди, энди эса АҚШ масалага жуда юмшоқ қаради дейди. Унинг фикрича, “коалиция олиб бораётган урушнинг инсоний усули (Ўз номи билан уруш бўлса-ю, яна у инсоний ҳам бўлармиш – Таржимон изоҳи) одамларни бошқаришни қулайлаштирмай, уни қийнлаштириб қўйди. Олмония ва Японияда [иккинчи жаҳон урушидан кейин], аҳоли чарчаб қолганди ва бўлаётган воқеалардан ўта даражада қўрқиб қолганди. Ироқда эса, ундай бўлмади. Бу ерда душманнинг кучларини тезда бостирганимиз сабабли Япония ва Олмонияда бўлгани каби аҳоли ҳолдан тойдириб қўйилмади... Америкаликлар ироқликлар даҳшатни ҳам, титроқни ҳам ҳис этмаётганлари билан ҳисоблашишлари лозим”. Ҳужум стратегияси унинг устига қурилган ҳисоботда мақсад сифатида “Бағдоднинг марказини муваффақиятли тозалаш” кўрсатилганди.

Корпорацияларнинг салиб юриши эндигина бошланган 1970-йилларда шундай усуллар қўлланилганки, маҳкамалар уларни аҳолининг бутун бир бўлагини тугатишга қаратилган очиқдан-очиқ геноцид деб тан олганлар. Ироқда эса бундан ҳам баттарроқ даҳшат содир бўлди: аҳолининг бир қисми эмас, бутун мамлакат ер юзидан супуриб ташланди. Ироқ тугамоқда, у майда бўлакчаларга бўлиниб кетмоқда (Бу ҳам геноцидми? Йўқ ундан ҳам баттари. Демак, буни нима деб аташ лозим? – Таржимон ҳайрати). Ҳамма нарса одатда бўладиган ҳолдан бошланди, энг аввал аёллар паранжилар ичига ва эшик орқасига яшириндилар, уларнинг орқасидан болалар мактабга қатнашни тўхтатдилар (масалан, 2006 йилда мамлакат болаларининг учдан иккиси ўқимади). Буларнинг кетидан мутахассислар йўқ бўлиб кетди: ўқитувчилар, ишбилармонлар, олимлар, дори-дармон ишлаб чиқарувчилар, ҳакамлар, оқловчилар (адвокатлар) топиш мушкул бўлиб қолди. АҚШ мамлакатга бостириб кирганидан кейин бир неча факултетларнинг деканлари дохил уч юзта олим отиб ташланди. Минглаб олимлар ва мутахассислар мамлакатдан қочиб кетди. Табиблар учун янада оғир бўлди: 2007 йилнинг феврал ойидаги маълумотга кўра, 2 мингта врач қурбон бўлган, 12 мингтаси қочиб кетган. БМТ қочоқлар билан ишлаш комиссияси 2006 йилнинг ноябрида Ироқдан чиқиб кетаётганларнинг сони кунига уч минг кишини ташкил этишини аниқлаган. Ўша ташкилотнинг маълумотларига кўра, 2007 йил апрелига келиб тўрт миллион киши (мамлакат аҳолисининг тахминан еттидан бири) ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлиб қолган. Булардан бир неча юз кишигина АҚШдан бошпана топдилар, холос.

Ироқ саноати деярли тўхтаб қолди ва бу ерда ягона гуллаётган соҳа одам ўғирлаш бўлиб қолди. 2006 йилнинг бошида атиги уч ярим ой ичида мамлакат бўйлаб салкам йигирма минг киши ўғирлаб кетилди. Одам ўғирлаш масаласига Ғарб оммавий ахборот воситалари фақат оврупаликлар ёки америкаликлар ўғирланган ҳоллардагина аҳамият беришади. Аслида эса қурбонларнинг аксарияти ишга бораётганда ёки ишдан уйларига қайтишаётганда ўғирлаб кетилган ироқликларнинг ўзларидир. Ўғирланганларнинг оилалари олдида икки йўлдан бири: ё ўғриларнинг сўраганлари бир неча ўн минг долларни тўлаш ёки ўликхонага бориб жигарларини таниб олишдан ўзга имкон қолмайдиган бўлди. Ҳамма жойда азобу уқубатлар ва исканжалар қўлланилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича турли хил комиссияларнинг аниқлашига кўра, полициячилар қамоқдагиларнинг қариндошларидан уларни қийнамасликлари учун минглаб долларлар талаб қилганлар. Ироқчасига “ҳалокатлар капитализми” мана шунақа кўринишда.

Буш маъмурияти Ироқни бутун араб дунёсига ўрнак, андоза қилишга киришганида буларни кўзда тутмаганди, албатта (Бу китоб муаллифининг фикри. Бироқ босқинчи давлат, истило этган мамлакатига ачиниш ниятида келадими? Шундай деб ўйлаш мантиққа тўғри бўладими? – Таржимон изоҳи). Истило “тоза варақ” ва янгича бошланишлар ҳақида қувончли хабарлар тарқатиш билан бошланганди. Кўп ўтмай эса, бу каби хушхабарлар тўхтаб қолиб, уларнинг ўрнини Садр-ситида ва Нажафда “исломизмни илдизи билан суғуриб ташлаш”, Фаллужа ва Рамадида “Ислом радикализмининг саратон шишини юлиб ташлаш” каби баёнотлар эгаллай бошлади. Қаттиқ доғ бўлиб қолган ифлосликни одатда кучли ишқалаш билан кетказилади.

Кўрдингизми, кимдир бегона бир мамлакатда қандайдир ибратли жамият тузишга киришганида мана нималар бўлар экан. Тозалаш кампаниялари камдан-кам ҳолларда аввалдан яхшилаб ўйланган бўлади. Ва шундай қилиб, қадимдан ўз ерларида яшаб келаётган кишилар ўзларининг ўтмишларидан воз кечишни истамасалар, тоза варақ ҳақидаги ўй-хаёл ўзининг бадбашара ўхшаши: куйдирилган ер воқелигига айланиб қолади. Ана шунда тузиш-қуришни хаёл қилиш, уни батамом тугатиш ҳақиқати билан алмашади.

Ироқни чайқалтириб юборган, ҳеч ким тарафидан олдиндан тахмин қилинмаган бу зўравонликлар тўлқини, милитаристларнинг ажал келтирувчи отимизмининг тўғридан-тўғри оқибатидир. Буни эса гуноҳсизгина, ҳатто идеалистик кўринган “Бутун Яқин Шарқ учун намуна” формуласи олдиндан белгилаб қўйганди. Ироқнинг қулаши, ўзига тоза тахта - tabula rasa истаган мафкура ичида илдиз отган. Истаклар амалга ошмаганидан кейин эса, зарбаларга, портлашларга мурожаат қилишга тўғри келди ва орзу қилинган мақсадга эришиш умидида оқибати аниқ бўлмаган зарбалар яна такрор давом қилдирилмоқда.

(Русяадан ўзбекчага ағдарган таржимон: Алибой Йўляхши)

Мавзуга оид рус тилида берилган қуйидаги материалларни ўқиш ҳам фойдадан холи бўлмайди:

“Эпоха капитализма катастроф” ("The Guardian", Британия)

“Путь Америки к фашизму” ("The Guardian", Британия)

“Мир больше не пляшет под дудку Америки” ("The Independent", Британия)

“Генри Миллер: США между гениями и лунатиками” ("La Jornada", Мексика)

 

Hosted by uCoz