Мусулмон хонимларга қарши уруш.

 

Ўзига хос қизиқарли назарга эга бўлган юксак илмли, замонавий ислом олимларидан бири Абдулло Ҳаким Квик, шариат илмидан ташқари ҳозирги  замон муаммоларига ва мусулмон тарихини тўғри тушунишга алоҳида эътибор беради. У кўпгина мамлакатларни кезиб бир қатор лексиялар ва хутбалар ўқиган фаол олимдир. Шундай лексиялардан бири 2001 йилнинг август ойида Австралияда ўқилганди. Лексия мусулмонларнинг ички муаммоларидан бири мусулмонларнинг ўзлари орасида хотинларга, ҳатто оилаларда аёлга муносабат масаласига бағишланади. Ўша лексиянинг рус тилига таржимаси ислом.ру сайтида эълон қилинди. Унинг интернет адреси: http://www.islam.ru/pressclub/analitika/voprivqu/

 

Биз уни ана шу адресдан олиб ўзбек тилига ағдардик. Биламизки, мусулмон ўзбекларнинг оилаларида ҳам хотинларга назар жуда ҳам “тўйга борадиган” ҳолда эмас. Бизнинг ватанимиз Ўзбекистонда ҳам лексияда кўрсатилган ҳол ва ҳолатларда яшаётган жуда кўп оилалар мавжуд. Хотин қизларимизга умумий муносабат масаласида, эрларнинг хотинларига муомаласи масаласида кўпгина муаммоларимиз борлиги ҳам яшириб бўлмайдиган ҳолдир. Шунинг учун бу лексияда ўртага ташланган масалалар ўзбек тилида ўқийдиган мусулмон биродарларимиз ва опа-сингилларимиз учун жуда фойдали бўлар деб ҳисобладик. Унинг ўзбек тилидаги мазмунини қуйида ўқишингиз мумкин.  

 

Мусулмон хонимларга қарши уруш.

Ислом лашкарлари Ўртаерденгизи мамлакатларини фатҳ етишганлари Кун энг буюк ва энг бахтиёр кун бўлганди. Ўшанда мусулмонлар уҳ-у қандай хурсанд бўлишиб, бошлари кўкка етгандек бўлишгандилар. Оллоҳ уларга ўзлари хаёл қилмаган жойларида зафар, ғалаба насиб буюрганди. Бироқ бир тарафда лашкар зафар шодиёналарини байрам қилаётган бир вақтда, бошқа тарафда Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) саҳобасидан Абу Дарда (радиёллоҳу анҳ) ҳўнграб йиғлаётганди. Уни кўрган одамлар унинг олдига келиб, “Ё, Абу Дарда! Нега сен йиғлапяпсан? Оллоҳ бизга зафар насиб этди, мана қанча янги ерлар ҳадя қилди! Сен эса, йиғлаб ўтирибсан” дедилар. Абу Дарда эса, ”Бу одамлар Оллоҳга қулоқ солмай қўйдилар. Ҳа, Оллоҳ, бугун уларнинг устидан ҳоким бўлишни бизга насиб этди. Аммо мен, Қодир Оллоҳнинг қонунларини бузиб қўядиган кунларимиз келишидан қўрқаяпман. Ана ўшанда Оллоҳ уларга бизнинг устимизда ҳоким бўлиш имконини беради” дея жавоб берганди.     

 

Ўша кун дарҳақиқат бугун келди. Эй мўминлар! Мусулмонлар ҳозир чалкашиб, йўлидан адашиб қолишганлар.Тарихда бундай қарама-қаршиликлар бир неча марта бўлиб ўтди: шундай қудратли уммамиз, шундай потенсиалимиз, қанчалар ёш, қувватли, тайёргарлиги яхши эркакларимиз, ақлли, жасур аёлларимиз бўла туриб, мана кўринг ... аҳволимиз қандай – чидаб бўлмас мағлубиятдамиз, саросима, парокандаликка тушиб қолганмиз, ҳисобсиз камситилишларга рўпара бўлиб турибмиз.

 

Умма ўсаяпти, биз ҳам юксалишга ҳаракат қилаяпмиз ва шунинг учун ҳам кўпчилик бу қарама-қаршиликларни тушуниб олиши қийинроқ бўлмоқда. Биз учун очиқ, объектив таҳлил лозим бўлиб қолди. Келинглар, ҳеч нарсани нари суриб қўймасдан очиқчасига сўзлашайлик. Бу ҳолда мен ислом олими сифатида, бирон ҳаракат ёки муфтиятнинг лидери сифатида чиқиш қилмоқчи эмасман, аксинча 20 йилдан буён Исломда яшаб келаётган ва муаммоларни ўзи кўриб турган ҳамда ўша муаммолар билан яшаб турган оддий бир мусулмон биродари сифатида сўз юритмоқдаман. 

Тарихга бир назар солиб, ундан сўнгра шу кунларда мусулмонлар яшаётган шароитга яхшилаб қарайлик. Мен эса, қутулишни Оллоҳнинг ушбу сўзларида кўраман: “Эй сиз, иймон келтирганлар! Оллоҳга ибодат қилинглар ва тўғри сўзланглар. У сизнинг қилганларингизни тузатади ва гуноҳларингизни афв қилади. Оллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирганлар синовга маҳкум этиладилар”. 

 

Мен бугун сизга тафаккуримдан эмас, қалбдан ёлвораман. Келинглар, бугун биз мансаблар, унвонлар чўққисидан туриб эмас, аксинча пастдан юқоригача фарқламасдан бир-биримиз билан ака-ука, опа-сингиллар, бир оиланинг иноқ аъзолари  сингари суҳбатлашайлик.


Биз ўзимиз яшаётган ҳозирги замонда қизиқ-қизиқ ҳодисаларни кузатиб турибмиз. Баъзи бир ҳолларда мусулмонлар қандайдир вақт интервалида ютуқларни қўлга киритадилар. Аммо биласизми, охири келиб масала нимага тақалади? Масала шундаки, ютуқдан сўнгра нима қилиш лозим? Кўпинча биз ана шуни билмаймиз ёки уни нотўғри ҳал қиламиз. Ана шу масала устида биз жуда жиддий ўйлашимиз зарур. Биласизки, душман енгилганидан кейин биз (мусулмонлар) ўзимиз бир-биримиз қаршисида якка –якка қоламиз. Ана шундагина ҳақиқий уруш бошланади десам бўлади.

 

Ғарб матбуоти ва уларнинг тарих дарсликлари Исломга ҳужум қилишларига ва уни давом қилдирувчиларни ўзларининг душманлари ҳисоблаб, маданиятлар орасида тўқнашувлар, тортишувлар келтириб чиқаришларига қарамай, улар мусулмон аёлларининг ҳижобда юришларига алоҳида эътибор қаратишларини ҳам ҳисобга олиб ва барча шу каби фактларни ҳам кўзда тутган ҳолда, мен ўзимизга, ўзимизнинг ички ҳолимизга, қисқаси ўзимиз ўзимизга яхшилаб боқишимиз зарурлигига жуда қаттиқ ишонаман. Оллоҳ, “Сиз ўз ҳолингизни ўзингиз ўзгартирмагунингизча Оллоҳ уни ўзгартирмайди” дейди.

  
Оллоҳ бир замонлар бизга зафар ҳадя қилди, бизни заифлар устига ғамхўр этди, биз эса, ўз мажбуриятларимизни унутдик. Оқибатда бизнинг ютуқларимиз тотли бўлиш ўрнига аччиқ бўлиб қолди.

 

Шунинг учун биз ўзимизга яхшилаб қараб олишимиз зарур. Мен, бугун пардаларнинг бирини бирозгина очиб, бизнинг уйимизнинг ичига қарайман. Шундай қилиб, мен Исломда эр-хотиннинг шахсий ҳаётларига бир назар солмоқчиман. Уй-оила, Исломнинг асосидир, ахир.

 

Агар масжид қўллайдиган, жамоамизнинг ҳаракатлантирувчи кучи бизнинг уйимиз, оиламиз мустаҳкам бўлмаса, бизда келажакнинг ўзи ҳам бўлмайди. Уй мустаҳкам бўлмаса, болаларнинг мустаҳкам бўлиши ҳақида сўз ҳам бўлмайди. Демак, бизда келажакда яхши лидерлар бўлади деб умид қилиш ҳам мумкин бўлмай қолади.

 

Келинглар ахир, кўнгулдагини яширмай, кўриб, кечириб турганларимизни ошкора тан олайлик, ахир. Шундай бўлса, демак, биз Оллоҳни унутдик.

 
Мен бир вақт мусулмон мамлакатлардан бирида бўлдим, лекин қайси мамлкатлигини айтмайман. Мени олиб юрганлар менинг диндошларим эди, албатта. Бир куни мадраса олдидан ўтиб кетаётгандик, Қуръони каримни ўқиш, тафсирнинг ва ҳадисларнинг моҳиятини тушуниш бўйича таҳсил олишаётган ёш кишиларга кўзим тушди. Ўшанда мен ёнимдагилардан. “Бу мактабда кимлар ўқишади?” деб сўрадим. Улар, “Ўғил болалар” деб менга жавоб қилишдилар.

- Қиз болалар учун ҳам мактаблар борми? У-ҳу Абдуллоҳ қардошим, йўқ, йўқ ундай мактаб йўқ. Улар қанча кўп билишсалар, бизда шунча муаммолар кўп бўлади! Кўрдингизми, улар менга мана шунақа жавоб беришдилар. Тўхтанг, тўхтанг! Бу қанақа дин, сиз нималар ҳақида гапираяпсиз, биродар?

Менинг тушунишимча, Оллоҳ ҳар доим бизга, “Эй мўминлар (иймон келтирганлар)!” деб мурожаатда бўлади. Бу эса, эркак ва аёл мусулмонлар ажратилмай, уларга бир вақтнинг ўзида мурожаат қилинаётганини кўрсатиб турибди. Ҳар қандай бир оят ва ҳадис доим эркак ва аёлга бир хил қаратилгандир. Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам), “Билим олиш фарздир” деганида ҳамма мусулмонларни (муслималар ҳам ичида) кўзда тутган эдилар.

 

Бу қандай дин, ахир? Ойша (радиёллоҳу анҳу), мусулмонларнинг онаси, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) хоними 2210 ҳадиси шарифларни бизгача узатган олимадир. У ҳақиқатан ўз даврининг машҳур олимлари даражасига кўтарилган эди ва ҳатто буюк саҳобалар (уларнинг ҳаммасидан Оллоҳ рози бўлсин ва раҳмат айласин) ундан маълумотлар сўрашардилар ва маслаҳатлар олишардилар.

 

Таниқли ҳадис сўзловчилардан Ибн Асакир, юксак ҳурматли олималардан саксонтасининг исмларини келтиради. Имом Ас-Суюти баъзи муслималарни билимларни узатувчилар занжирига қўшиб кўрсатади ва уларнинг баъзиларига унинг ўзи ҳам мурожаат қилади, ҳатто муслима олимларнинг баъзиларини ҳадис билими ва тафсирда ўзидан юксак ҳисоблайди. Фотима Молик ибн Анас таниқли арбоб хоним эди. Бундай рўйхатни жуда узоқ давом қилиш мумкин. ...

 

Ислом инсонни улуғлайди. Мусулмонларнинг биринчи, иккинчи ва учинчи авлодларида ҳам шундай бўлганди. Нима учун биз ҳозир Ислом номи билан кишиларни пастлаштирамиз? Ҳа, чунки биз Оллоҳни унутиб қўйдик!

Мусулмон мамлакатларидан бирида муслималар (халқлар орасида фитна чиқмасин учун қайси мамлакатлигини айтмайман), ”Агар бизни эрларимиз урмасалар, биз жаннатга кира олмаслигимизни ўқитганлар” деб тасдиқлашадилар. Айтинг, бу қанақа дин? Сиз қайси, қанақа Сунна ҳақида гапираяпсиз, ахир?  Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ҳеч бир замон хонимларининг ҳеч бирига қўл кўтармаганини биламиз-ку, ахир.

 

Қандай қилиб, сиз билан бирга яқин қардошликда яшаётган кишини камситиш, ҳақорат қилиш ва уни уришингиз мумкин? Қандай ахир, шундай қилиш мумкинми? Оллоҳдан қўрқишини билдирадиган эркак, қандай қилиб Ислом учун аёлини уриши мумкин?

 

Ҳа ҳақиқатан, Қуръони каримнинг “Ан-Нисо” сурасида келадиган бир оятда, агар хотин Оллоҳнинг қонунларини жуда қўпол равишда бузмаган бўлса, уни бир енгил шаполоқ уриш ҳақида кўрсатма бор. Фақат бу ҳол, агар эр хотинини ундай қилмасликка чақирганидан, тушакда ёлғиз қолдирилганидан сўнгра, ҳар иккала тараф қариндошларидан маслаҳатчилар гувоҳлигида бўлиши мумкин.   

Қадрли қардошлар, келинг ҳақиқатнинг юзига тик қарайлик. Мен ўзимга ҳам шуни айтмоқдаман. Ана шундай ҳолатда ким енгил шаполоқ тушириши мумкин? Айтайлик, рўмолча ёки мисвок ёрдамида урадими? Ҳақиқатида эса, бизнинг қардошлардан жуда кўпчилиги хонимларига Майк Тайсон каби ҳужум қилишадилар-ку, ахир. Бу эса, Исломга ёд ва бутунлай унга қарама-қаршидир.

 

Ислом душманлари, тўнғиз гўштини истеъмол қилувчилар, қандай қилиб мусулмонларни қўлга олганлари, қандай қилиб улар мусулмонлардан юқорида бўлиб қолишганларини билиш мен учун жуда аҳамиятлидир. Исломга итоат қилаяпмиз деяётганлар билан нималар бўлаяпти? Бунинг орқасида нималар яшириниб турибди? Улар бизга қарши қандай дуолар ўқишмоқдалар?

 

Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам), ”Эзилган ва хафа қилинганларнинг дуосидан сақланинг” деганлар. Дуо қилувчи ва Оллоҳ орасида ҳеч бир тўсиқ бўлмайди. Агар аёл камситилган бўлиб, у йиғлаб, осмонга қўл кўтариб, менга ёки сизга қарши Оллоҳга дуо билан мурожаат қилаётган бўлса, эй қардошлар тамом, бизнинг бахтсизликка учраганимиз ана шудир. Биздан эзгуликлар узоқлашибди деяверинг, бизнинг яхшилик қилишимиз қийинлашиб қолибди. ... Демак, биз Оллоҳни унутибмиз!     

Канадада бир неча йил имом вазифасида ишлаб турганимда, Австралиядаги бизнинг жамоамизга жуда ўхшаш бир жамоамизда жуда жиддий муаммо борлигини сезиб қолдик.
Биз пардани бироз очиб қараганимизда, биласизми ичкарида, парда орқасида нималар яшириниб турган экан. Уйларнинг ичкарисида аслида нималардир батамом бошқача нарсалар бўлаётганининг гувоҳи бўлдик. Қисқаси, биз Оллоҳни унутдик, У Қодир ва Буюкдир!

 

Бизнинг жамоамизда баъзи ҳолларда шундай ҳам бўладики, уни ”Ал-Муаллоқ” деб  аташ мумкин, яъни аёл бечора оилалик ва толоқ орасида осилиб турган вазиятда қолади. Мана масалан, қуйидагилар жуда кўп учраб туради: эр уйдан чиқиб кетади, балки хотинини хафа ҳам қиладигандир, зарурий ҳисобларни тўламайди, нафақани (хотинни уй, еб-ичиш, кийим-кечак ва бошқа заруратлар билан) таъминлашни бажармайди ва шунга қарамай, “Мен уни боқишни истамайман, бироқ у толоқ ҳам ололмайди” дея ҳукм сўзлайди. Нима, хотин ана шундай вазиятда Қиёматгача қолиши керакми?!

 

Булар қаердан келди? Мен шуни аниқладим ва бутун мажбуриятни зиммамга олган вазиятда айтаман – эътиқодли (ортодоксал) яҳудийларда шундай бир амалиёт ҳукм суради: эр толоқ ҳақида сўзламасидан, аёл ўзи уйидан кета олмайди, никоҳни буза олмайди. Бу ҳеч бир нарсага боғли эмас, эр ҳақми ёки ноҳақми, булар аҳамиятли эмас, толоқни фақат эр сўзлаши мумкин ва тамом.

 

Билмайман қандай, иш қилиб қандайдир йўл билан бу ғоя бизнинг ақлимизга ҳам ёпишиб олибди. Баъзи бир эркаклар, толоқнинг ягона йўли, фақат у толоқ сўзини сўзлашидан иборат деб ўйлайдилар. Бироқ Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) шундай қоида ўрнатдики, унга кўра аёлнинг ўзи ҳам никоҳни бузиши, яъни толоқ эълон қилиш ҳақига эгадир. Барча фикҳ олимлари Суннада очиқ кўрсатилган бу масалада ихтилоф қилмайдилар.

 

Қизиқ, бу толоқ сўзи бор-а, уни баъзи бировлар ўйин қилиб, ҳазиллашаётган каби талаффуз қилишади, бу сўз уларнинг оғзидан сув оққандек оқиб кетаверади. Агар эркак аччиқланган бўлса. “Толоқ, толоқ ... “ деявериши ҳеч гапмас. Биласизми, Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) бу сўзни эшитганида тажанглашиб, хафа бўла бошларди. Сиз, агар буни доим сўзлаб турсангиз, демак, сиз жаҳолат даврининг, диний билимликсиз даврининг, нодонлик даврининг кишиси бўласиз.  

”Толоқ” – ниҳоятда жиддий бир тасдиқдир. Агар сиз бу сўзни ҳазил тариқасида сўзлаган бўлсангиз, бундан Оллоҳ сақласин. Бундай ўйин қилиш, жуда хунук бир ишдир.

 

Борди-ю сиз бу сўзни қўрқитиш усулига айлантириб, хотинни даҳшатда ушлаб туриш учун қўллаган бўлсангиз, бу яна ҳам хатарлидир. Умар ибн Ҳаттоб (радиёллоҳу анҳ) бизга хабар қилдики, ”Биз нодонликда (жаҳолатда) яшардик. Биз, Оллоҳ бизга аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кўрсатиб бергунича аёлларга ҳеч қандай ҳақ бермаган эдик”.

 

Ислом бошланғичидан бошлаб, у кишиларни озод қилиш хусусиятига эга эди. Аёлларга келсак, Ислом хотин-қизлар учун ўрнатган ҳақ ва ҳуқуқни жаҳонда бўлган биронта мафкура, сиёсий ҳаракат, қўшин, цивилизация, маданият бера олмагандир.

 

Тарих гувоҳ, хотинларни тириклайин кўмишардилар, янги дунёга келган қизалоқларни ўлдиришардилар. Жаҳонда бўлган бутун жамиятларда, жумладан овропаликларнинг ҳам аёллари барча ҳақ ва ҳуқуқлардан маҳрум этилгандилар. Улар чўрилар эдилар, уларни сотардилар ва сотиб олардилар. Уларда ҳеч қандай ҳақу-ҳуқуқ йўқ эди, улар ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмасдилар, уларни бемалол ўлдиришардилар. Бироқ Ислом келганидан кейин эса, улар ўзларининг қонуний ҳақларини олишга муяссар бўлдилар. 

 

Исломда тўғридан тўғри аёлда қалб бордир дея баён қилинади. Оллоҳ эса, “Ҳар бир қалб, ўз хатти-ҳаракати учун масъулиятлидир” каби буюради. Бу масала кўпларга қизиқ туюлиши мумкин, аммо христиан черкови 20-асрдаёқ, “Аёлларда қалб борми?” деган савол қўйганди. Жуда кўпчилик “ҳа, бор” каби тасдиқловчи жавоб беришмагандилар.   

 

Шунингдек Ислом аёлларга мулкка эга бўлиш ҳақини ҳам берди. Унинг (аёлнинг) ўзида ўз мол-мулки бўлиши мумкин. Эр тарафидан хотинга ҳадя қилинган маҳр, тўй совғаси – аниқ бир миқдордаги сумма, алоҳида миқдорий қимматга эга бўлади. Билмоқ керакки, бу қандайдир тимсолий, арзимаган бир нарса ёки келиннинг отасига берилган пора эмас. Аксинча у, янгидан уй қуришга рози бўлган аёлнинг ўз  мулкидир. Ислом аёлга ана шу мулкка эгалик ҳақини ўрнатди ва уни бугунгача ҳеч ким бекорга чиқаргани йўқ. Мусулмон аёлида банкларда ўз ҳисобини очиш ҳуқуқи  ва шу кабилар бордир.

 

Сиз ҳайрон қолаяпсиз, менинг дин биродарларим?  Сиз одатда хотинларингизга, “Эй менинг севимлим, менинг яхшигинам, марҳамат, пулингни менинг ҳисобимга қўй!” дейсизми? Йўқ, йўқ, тўхтанг, тўхтанг биродарларим! Унинг ўзида ўз шахсий ҳисобини очиш ҳақи бор, ахир. Баъзилар эса, буни билишмайдилар

 

Аёл, у ёки бу шаклдаги ишларни мустақил юритиш ҳуқуқига эга ва ҳақлидир. Оллоҳ сақласин, борди-ю агар бирор фалокат учраб қолган ёки толоқ содир бўлган ҳолларда аёл эга бўлган мулк, унга иқтисодий соҳада мустақилликни таъминлайди, яъни аёл бутунлай эрига қараб қолмайди. Ислом, аёлларга бу ҳақ-ҳуқуқни Овропада озодлик ҳаракати бошланишидан жуда аввал ўрнатиб қўйганди.

 

Шунингдек аёл никоҳдан кейин эрининг исми шарифига ўтмаслиги мумкин. Чунки унинг ўз ота ва онасининг исми-шарифлари бор. 

Икки шахс, иккита бир-бирини ёқтирган киши никоҳ тузадилар. Бу эса, фақатгина эр ва хотин эмас, баъзиларнинг тушунишларига ўхшаш, хўжайин ва унга бўйсунувчи ҳам эмас, аксинча улар бири-бирини тўлдирувчи, иккита улфат, шериклардир; улар бир-бирларига қарши туриб курашадиганлар эмас, балки бир-бирларини қўллаб қувватлайдиган шахслардир. Аммо биз Оллоҳни унутдик, биродарлар!

Ҳатто ислом ҳаракатлари деб аталувчи ҳаракатларда мана қуйидаги ҳодисалар содир бўлмоқда: жуда кўпчилик эркаклар, Исломга энг яхши амал қилиш, аёлларни босқи остида тутишдан, уни ёпиқ сақлаш, уни ҳеч қандай ишга аралаштирмаслик учун унинг оғзини очдирмасликдан, унга таъналар қилишдан, унинг интеллектини ва ташаббусини бостиришдан иборатдир деб билишадилар. Улар мана шуни мусулмонча хусусият деб ҳисоблайдилар.

 

Мен албатта мусулмонларнинг эркак ва аёлларга ажралишини кузда тутмаяпман. Бу Исломдаги табиий бир ҳолдир. Мен эса, барчага аниқ бўлган бошқа масалалар ҳақида сўзламоқдаман.

 

Хотин-қизларга таълим, билим олишни биз эмас, буни уларга Оллоҳ буюрди!

 

Афро-америкаликлар, шунингдек Исломни янгидан қабул қилганларнинг баъзилари билан мана нималар бўлмоқда: Қулдорлик даврида аёл оиланинг маркази бўлганди. Кўпчилик ҳатто ўз оталарини билмасдилар, чунки қулдорлик эркакларни ўлдирар, ароқхўрликка берилишга йўл очарди, уларни қулатарди. Мана энди эса, киши Исломни қабул қилади ва аёлни камситишга, уни ҳақорат қилишга уринади, аслида эса, уни барча малака ва маҳоратга ўргатган  ана ўша аёл эди.

Нега энди сиз Исломда бўла туриб аёлларни камситасиз? Ислом бизни бунга ўргатмайди-ку, ахир. Ислом – бу одамзотининг озодлигидир. Биз фақат ягона Оллоҳнинг қулларимиз, Унинг хизматчиларимиз ва бизни Ундан ташқари ҳеч ким ва ҳеч нарса камсита оламаслиги зарур. 

 

Энди, эркак ва аёлни ажратишнинг моҳиятини таҳлил қилиб қараймиз. Қанчалик аччиқ бўлмасин, мен тўғрисини сўзлайман.

 

Биз билан нималар содир бўлмоқда ўзи, биласизми? Баъзи бир ҳолларда биз фуқаро орасида иккинчи синфни, иккинчи даражали кишилар синфини яратганимиз  аниқ. Агар бўлиниш, парданинг бир тарафида биринчи синф, бошқа тарафида иккинчи синф каби қараладиган бўлса, бу Исломга кўра, бизнинг динимизга кўра бўлиниш эмас.

 

Биз, эркаклар ва аёллар бир хилда Оллоҳнинг сўзларини тинглаймиз. Биз Исломни турли хил соҳаларда баравар ўрганамиз. Мана шу исломий бўлинишнинг моҳияти, мана шу бўлинишнинг исломий концепциясидир. Мусулмон эркак қардошлар ўтирадиган кўпгина йиғилишлар - конференцияларда фикҳ, ақида, тафсир масалалари муҳокама қилинади, Ислом тарихини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилишади; у тарафда, яъни аёллар ўтирган жойда эса, опа-сингилларимиз, ”Исломий овқатлар қандай тайёрланиши” ёки “Эрлар ҳуқуқлари ва аёлларнинг вазифалари қандай бўлиши лозим?” каби масалаларни муҳокама этишадилар. Мавзуларга диққат қилинг, аёлларнинг ҳуқуқлари ва вазифалари эмас, фақат вазифалари муҳокама қилинади. Атрофга қаранг, ахир, биз 21 асрда яшамоқдамиз! 

 

Жуда кўп мамлакатларда масжидларнинг эркаклар намоз ўқийдиган қисмига кирсангиз уҳ-у қандай чиройли, топ-тоза гўзал гиламлар тўшалганини кўрасиз, ўша жойнинг ўзида аёллар кирадиган жойга қарасангиз шипларнинг емирилиб тушаётганини, бутун хона бўйлаб ҳашоратларнинг кезиб юрганига гувоҳ бўласиз. Мен бир сафар Мароккода бўлдим. У ерда аёллар ва эркаклар таҳорат олишадиган жой бир-бирларидан фарқ қилмасди. Бу менга жуда хуш кўринди. Аёллар ўзларига ажратилган яхшигина алоҳида жойда намозини ўқишиб, роҳатланишлари мумкин эди. Улар оиласи билан бирга уйларидан ташқарида Оллоҳу таолога ибодат қилишга имкониятлар яратилганди.

 

Шунинг учун бўлиниш батамом яккалаб қўйишдан (изоляциядан) иборат бўлмаслиги зарур. Яккалаб қўйиш ва мусулмон аёллар ва эркакларнинг ажралиб ўтириши орасида жуда катта фарқ бор.

 

Келинглар, масалага софдиллик билан самимий яқинлашайлик-да, бу мушкулликни – дилеммани, яъни биз ҳозир дуч келган бу бўҳрон-кризис, чақириқни яхшилаб қараб чиқайлик. Келинглар, ижобийроқ бўлайлик. Биз жамиятни ўзгартиришимиз мумкин, ахир. Биласизки, аёл билимли, маълумотли, таълим - тарбияли бўлса, бутун оила ҳам шундай дегани-ку, ахир. Эркак ўқимишли бўлса, унинг фақат ўзигина ўқимишли бўлади, холос. Агар аёл - она исломдан ҳеч нарса билмаса, болалар қандай қилиб Исломни ёқтирадиган ва уни севадиган бўладилар?

 

Бизнинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) хотин-қизларимизга аниқ ҳақ-ҳуқуқлар берди. Биз уларни булардан маҳрум қила оламизми? Ким шундай қилишга ҳақли бўла олади? Келинглар, бу масалаларга ниҳоятда жиддий эътибор қилайлик. Масалаларни бирнеча қадамларда баён қилишга уринаман. 

Биринчи қадам: биз барчамиз ўзимизнинг Оллоҳдан қўрқиш даражамизни юксалтиришимиз лозим. Бу айниқса мусулмон эркак қардошларимизга тегишлидир. Мен буни чин қалбимдан саммият билан жиддий айтмоқдаман, чунки жуда катта синов айнан бизнинг - эркакларнинг зиммамизга юклатилгандир. 

 

Эркаклар аёлларга нисбатан жуда чидамсиз бўлган кўпгина мусулмон мамлакатларидаги жамиятларга қарайлик. Уларнинг ўзлари ўзларига нисбатан ўзларини қандай тутишларини кузатайлик. Диққат қилинг-а! Эркаклар аёлларга нисбатан жуда ёмон муносабатда бўлган мамлакатларда уларнинг ўзаро муносабатлари ҳам жуда дуруст эмаслигини кўрамиз.

 

У ерларда эркаклар ўзаро ҳеч бир нарсада келиша олмайдилар. Уларнинг ораларида бир онда ғазаб қайнаб кетади.

 

Нима учун улар шунақа? Улар орасидаги оловни ўчирадиган махсус сув лозим. Уларнинг орасида ишлайдиган ақлли аёллар лозим. Уларнинг фикрлари, жамоа фойдасига у хил ёки бу хил қарорлар қабул қилинаётганида эркаклар орасида пайдо бўлган оловланишларни тинчлантириб туради.

 

Американинг маҳаллий аҳолиси ўтироқ жойларини қуришга қарор қилганларида ўз олдиларига, “Уч авлоддан кейин нима бўлади?” каби савол қўйишардилар. Кўраяпсизми, улар ҳозирги вақтнигина режалаштирмасдилар. Агар шу қирғоқда қурилиш қилсак, уч авлоддан сўнгра нима бўлади? дейишардилар. Ана ўша қадимий халқлар ҳам ўзининг бугунини эмас, келажакни, келажакдаги авлодларининг тақдирини ўйлашардилар. Биз ҳам Оллоҳдан қўрқайлик, ахир!

 

Иккинчидан, биз ўз хусусиятимиз-характеримизга, ахлоқимизга диққат қилишимиз лозим. Биз одатларга жуда кўп эътибор қаратамизда, бироқ Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) “Мен ахлоқни мукаммаллаштиришга юборилганман” деганини унутиб қўямиз. Шунинг учун биз ўз характеримизга, шунингдек шахслараро муносабатларимизга кўпроқ  диққат қилишимиз керак бўлмоқда.

 

Бир хотирлаб қаранг, Пайғамбар(соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўзини қандай тутарди, у ҳамиша жиддий эди, шу билан бирга доим хушмуомалали қоларди. У, хатога йўл қўйганларни жуда тез кечирарди, доим бирликка, ички тинчликка интиларди. Бизнинг ахлоқимиз ҳам ана шундай бўлиши керак: бир-биримизни кечирувчи бўлиб, бири-биримизга доим қўл чўзадиган, доим бирлашиш тарафдори бўладиган бўлишимиз лозимдир.

Кўраяпсизки, душманларимиз бизга ҳужум қилишмоқдалар, ҳужумларини янада самарали этиш учун туну-кун режалар тузишадилар. Шунинг учун биз ўзаро, шахслараро муносабатларимизга кўпроқ эътибор қилишимиз зарур. Биз бир-биримизга Пайғамбар(соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўз оиласига қандай муносабатда бўлганидек, қадимда мусулмонлар бир-бирларига қандай диққатли бўлганларидек бўлишимиз лозим.

 

Хуллас, учинчи қадам: ”эркак” ва “аёл” тушунчаларининг моҳиятини, бу тушнчаларга қараш концепциясини бугун ўзгартириш лозим. Исломда эркак ким ва унга қандай рол берилган? Худди шунингдек, Исломда аёл ким ва унинг роли нимада? Бизда бугун юксаклик моҳияти, лидерлик тушунчаси ҳақида нотўғри қараш – концепция вужудга келган. Жуда кўп ҳолларда биз иерархия муаммосига дуч келаяпмиз. Бизда иерархияни ҳамкорликка қарши қўядилар. Оқибатда, лидер ҳаммадан юксак ва алоҳида ваколатларга эга бўлиб қолади. У юқоридан пастгача барчага эътиборсиз қарайди ва фақат буйруқлар беради. Унинг унвони қанча юқори бўлса, унда шунча юқори ҳокимият ва шунча катта маблағ бўлади. Афсуски, бу ҳолат фақат бизнинг ташкилотларимиздагина эмас, балки оилаларимизда ҳам шундайдир.

 

Бошқа тарафдан ҳамкорликни олсак, мусулмонлар бир-бирларини тўлдирадилар. Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) мулойим табиатли инсон бўлганлиги хабар қилинади. Бироқ Мадинага келишган кишилар Ундан ийманишиб, Унинг ҳузурига киришда титирашардилар, аммо У билан учрашганларидан кейин эса, Ундан ажралишни истамай қолишардилар. Бир замон Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ҳузурига киришни истаб келган бир киши, у ерда йиғилишиб турган кишилардан, “сизнинг қайси бирингиз Пайғамбарсиз (соллаллоҳу алейҳи ва саллам)?” дея сўраганди. Чунки Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) тахтда ўтирмаётганини у тушуна олмаётганди. У, бинога кирганида одамлар ўринларидан туриб, Унга иззат билдирганида, У уларни ўтиришга буюрганидан кейингина келган киши Унинг қўлини сиқишга журъат қилганди.

 

Ислом дунёсининг бугунги лидерларига бир назар солингчи. Агар улар ўз идораларидан бирон жойга боришмоқчи бўлсалар, бундан икки ой олдин политсиячиларнинг машиналари бутун атрофга жар солади. У шип этиб пайдо бўлиб қолади, жума куни масжидга келганида унга намоз ўқиш қулай бўлиши учун ҳамма ўзларини четга олиб, унга ўрин бўшатадилар.  

Ҳамкорликка интилиш ҳақиқий лидернинг сифатини кўрсатади. Кечалари, унинг фуқароси ухлаб ётганида ҳам у улар ҳақида, ўзининг жамоаси ҳақида ўйланиши зарур.

 

Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) жанглардаги хусусияти ҳам алоҳида ибратлидир. Душмандан қўрқишган мусулмонлар Унинг атрофида нажот топишардилар. У ҳамиша қаердадир орқада бўлмай, доим ўз қардошлари билан бирга, ёнма-ён бўларди. Улар билан бирга, улар кўрган синовларни, улар тортаётган азобларини баҳам кўрарди. Ҳақиқий лидер ана шунақа бўлади! Шунинг учун ҳам иерархия бир тарафда, лидерлик эса, бошқа тарафдадир.

 

Уйдаги амир ким бўлса, у уйдаги лидердир. Ҳа, у амир эркакдир. “Амир” нимани англатади?  У биринчидан, диктатор бўлиши мумкин эмас. Агар унинг хотини ҳақ бўлса, у ”Оллоҳга ҳамд бўлсин, сен ҳақсан!” дейиши албатта зарур. Аммо одатда ҳеч бундай бўлмайди. Масалан, у иш жойидан уйига телефон қилиб, “Кечқурунга мен қавурилган нон истайман. Ҳеч қандай гурунч бўлмасин” дейди-да, телефонни шарт осиб қўяди. Айтайлик, унинг уйида нон қилиш учун ун йўқ эди. Аёл бечора иложсизликдан гурунчдан бўлса ҳам бир овқат қилиб қўяди. У уйига келади ва кўрадики айтганидай бўлмабди, “Аузу биллоҳ ...! Сен мени яхши тингламабсан!” дейди-да, у ёғини қўяверинг кетади, билмадим қаергача боради ...

 

Ғарбий Африкалик таниқли олим, шайх Усмон дин Фодионинг аёлларга қараб, “Агар эрингиз уйда билим бермаётган бўлса, Оллоҳ, сизнинг билим олишингизни буюради. Бироқ бу масалада эрингизга эргашсангиз, демак сиз Оллоҳни тинглашни истамаяпсиз! Мен ҳар куни шомдан олдин дарс ўтаман. Агар уйингизда сизга таълим берилмаётган бўлса, мараҳамат менинг дарсимга келинг!” деганларини унутмайлик.


Булар, ҳозир аслида содир бўлиб турганлар кўнгулни жуда ғаш қилади, албатта. Бир биродаримиз исломни қабул қилганидан кейин бир мусулмон қизига уйланади. У қиз  коллежнинг талабаси эди. Ҳадисларни ва Қуръонни ўрганарди. Ҳар сафар улар орасида мунозара чиққанида хоним қатор ҳадислар келтириб ўзининг ҳақлигига Шариатдан далиллар кўрсатарди. Охир оқибатда бу ҳол эрнинг жонига тегди ва “Етар, ўқишингни тўхтат! Мен сенга бундай қилишни ман қиламан” дея бақириб берди. Энди ўзи ҳадисларни ўргана бошлади.

 

Бироқ қардошлар бундай қилиш бўлмайди! Бу тўғри эмас! Агар хотингиз ҳадисларни яхши билса, бу сизни оловдан сақлайди-ку, ахир! Шунинг учун ҳам ҳамкорлик ва яна ҳамкорлик деймиз. Хотининг сифатлари эрининг сифатларини тўлдиради, ахир.

 

Мен қадрли опа-сингилларимга ҳам мурожаат қиламан. Бу муаммо фақат биродарларга тегишли эмас. Масалан, эр хатога йўл қўйди ёки ишидан ажралди-да, жуда ташвишли ҳолга тушиб қолди. Ана шундай вазиятда хотин эрига қандай муносабатда бўлиши зарур? Уни уриша бошлаши, жиғига тегавериши лозимми? Аммо баъзи бир ҳолларда аёллар шундай жиғига тегишдан ҳам қайтмайдилар. Масалан улар, эрларига қараб, “О сен, бурунининг сувини арта олмайдиган уқувсиз, онасининг эркатойи. Ўзингга бир қарамайсанми. Пул топишингни қара, ниманг бор ўзи сенинг. Фақат эркакчиликка иснот келтиришдан бошқасига ярамайсан!” каби сўзларни ҳам қаторлаштириб ташлашади. Ўйлаб қаранг-а, бундай ҳолда эркак ўзини қандай ҳис қилиши мумкин? Хоним ахир, унинг жон ерига тегиб кетмадими? Ҳа тегиб кетди, ахир. Хонимча сирларни ва аёл ҳийласини билади, ахир.   

Биласилар, Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) биринчи ваҳий содир бўлганидан  кейин тоғдан уйига келганида, у бутун танаси билан титрарди, чунки унга ваҳий нозил бўлганди.Унга қандайдир овоз “Иқра! (Ўқи!) Иқра!” деганди. У эса, одам тафаккури тасаввур қила олмайдиган қандай куч унга мурожаат қилаётганини ҳали билолмаганди.
Шунинг учун У титрарди ва силкинарди. Ана ўшанда Ходижа онамиз ўзини қандай тутганди? У дарҳол эрига ёрдам беришга киришиб, Уни кўрпага ўраб қўйганди. 

 

Ходижа онамиз (радиёллоҳу анҳу) уни тергаб-текширмади, Унга инонди. Хоним бу ерда ўзининг донолигини қўллади. Шунинг учун ҳам Ходижа онамиз Исломнинг мустаҳкамланишига ёрдамчи бўлди. Пайғамбарга (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) инонган биринчи киши Ходижа онамиз бўлганди.

 

Мусулмон хонимининг хусусияти мана шунақа ибратли бўлмоғи лозим. Агар эркакнинг заиф жойини топиб, уни камситсангиз, ундан сўнгра ундан ўзингизга яхши муносабат кутиш маъносиз бўлиб қолади. Бундай бўлмайди. Демак, эр-хотин орасида фақат ҳамкорлик, дўстлик бўлиши лозим.

 

Худди америка футбол командасидаги сингари ҳар иккала томон ҳам бир-бири билан ҳамкор бўлиши лозим. Биламизки, футболда бири (нисбатан кучлироғи) ўртада тўради, қолганлари атрофдан айланиб туриб олишади, ўртадаги тўп отади, қолганлари уни тутиб олади – бир-бирига жон-жаҳдлари билан ёрдамлашадилар. Мусулмон оиласи ҳам ана шундай бўлмоғи зарур. Агар биз ана шуни яхши англаб, тушуниб олсак, оилада ким лидер, ким асосий қарорни қабул қилиши лозим каби муаммолар ўз-ўзидан аниқланиб қолади ва ҳамма нарсалар ўз жойини эгаллайди. Ана ўшанда биз кўрамизки, Оллоҳ эркакларга уларни шундайига юксак бўлганлари учун эмас, балки улар кўпроқ масъулиятли бўлганидан, Қиёматда Оллоҳ ҳузурида кўпроқ жавобгар бўлганидан уларга оилада раҳбарлик роли берилганлиги билиниб қолади.

 

Яна бир таклифим шуки, жиддий муаммолар чиққанида, баъзилар қандайдир қийинчиликларни бошидан кечиришга тўғри келганида уларга ёрдам берадиган махсус “қўллаб-қувватловчи механизмлар” – ташкилотлар тузиш лозим. Бизга ижтимоий соҳадаги масалалар билан машғул бўладиган ташкилотлар керак. 

Мен Торонто шаҳридаги бир катта масжидда беш йил имомлик вазифасида ишлаб, мана нималарни кўрдим ва билиб олдим. Бизга савол билан мурожаат қилишган кишиларнинг жуда кўпчилиги фикҳ ва ақида масалаларини ўртага қўйишмасдилар. Уларнинг саволлари иқтисодий, психологик ва ижтимоий масалаларни ўз ичига олган бўлардилар.

 

Мен эса, ёрдамга муҳтож эдим. Чунки мен бу масалаларда етарли даражада маълумотга эга эмасдим, бундай масалаларни ҳал қилишга менинг имконларим, маълумотларим ночорлик қиларди.

 

Кўпчилик жамоаларда марҳаматли кишилар ана ўша муаммоларнинг ҳаммасини ўз елкаларига олишга ҳаракат қилади ва қамраб бўлмайдиганни қамрашга интиладилар. Ваҳолонки, бу масалаларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида ҳал этиш лозимдир. Бунинг учун эса, у ёки бу соҳада махсус тайёргарликка, билимга эга бўлиш шарт бўлади. 

 Кишилар қийин вазиятга тушиб қолишганларида қўнғироқ қилиб, зарурий ёрдамлар олиши мумкин бўлиши учун биз ижтимоий марказ ва “дозарб ҳад” ташкил этдик. Икки йилдан кейин йилига 5000 кишидан мурожаатлар ола бошладик. Албатта,  биз ҳар бир қунғироқни қайд қилишга уриндик.

 

Ижтимоий марказимизда имом табиблар, адвокатлар, ижтимоий хизмат ишчилари, психологлар билан ҳамкорлик қиларди. Ишларимиз шундай йўлга қўйилгандики, агар бирор мусулмонда наркотиклар билан боғли муаммо чиқса, биз у билан шуғулланадиган детоксикатсия бўйича мутахассисни топардик, агар иш психологияга боғли бўлса, психологга қўнғироқ қилардик, борди-ю муаммо иқтисодга боғли бўлса, ҳокимият органларида ишлайдиган ёки молиявий имкониятларга эга бўлган мусулмон қардошимизга мурожаатда бўлардик, агар масала ҳуқуққа тегишли бўлса, адвокатга қўнғироқ қилинарди.

Мана шундай бир марказга киши ўз муаммоси билан қўнғироқ қилганида унга, ўша соҳанинг билимли мутахассиси жавоб берса қандай яхши, чунки бу мутахассис муаммоли киши билан қандай муомалада бўлишни ҳаммадан дуруст билади, ахир. У, юзага келган масалани ўз махсус билимига кўра етарли даражада тўғри ҳал қилишга уринади. Бироқ мутахассис олдида пайдо бўлган масалани ҳал қилишда шариат нормаларидан чиқиб кетмаслиги учун имом билан ҳамкорликда ҳаракат қилиши лозим бўлади. 

 

Биз мусулмонларнинг кар-соқов болалари учун ҳам махсус синф ташкил этдик. Масжидда кимдир Исломдан лексия ўқиганида ўша кар-соқов болаларни ҳам ўтғазиб қўйиб, улар билан сўзлаша оладиган (кўрсатишлар билан) мутахассисини ҳам чақирдик. Шу усул билан сўзлаша олмайдиган болаларга ҳам Ислом ҳақида маълумот бериш йўлларини қилишга ҳаракатлар қилинди. Ўшандай кишилар ҳам Оллоҳ сўзини эшитишлари лозим, ахир.

 

Бизнинг жамоамиз бўҳрон вазиятидадир. Бироқ биз яшаётган жамият ҳам бўҳронни бошидан кечириб турибди. Биз, антизўравонлик, антиирқчилик, ёшларнинг машғуллиги масалалари, соғлиқни сақлаш, ёшларни ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқишимиз ва уларни муҳокама қилишимиз, ҳар хил тўгараклар (кружоклар), ўқув дастурлари ташкил этишимиз зарур. 

 

Опа-сингилларимизни ҳаракатга киритишимиз лозим. Улар фақат китоблар ўқиш билан чегараланиб қолмасинлар. Мусулмон опа-сингилларимиз, маълум бир малакага эга бўлишилари зарур. Биз бирон таълим, билим олаётганимизда, табиий равишда биз Исломни амалда қўллаймиз, Илмонинг амалиётини ўтказган бўламиз.

Опа-сингилларимиз бошқа барча нарсалардан ташқари
спорт билан шуғалланишлари ҳам шарт. Балки бу баъзиларга ҳайрон қоларли туюлар, шундайми? Бироқ биласизми, Торонтода нима бўлди? Бу шаҳарда фақат мусулмон аёл-қизларга тегинадиган бир бемаза – васвос (маньяк) пайдо бўлди. Шайтон боласи. У фақат бошида рўмоли борларни таъқиб қиларди.

 

Ана шундан кейин биз қизларимиз ва аёлларимизни машқ қилдира бошладик. Улар ўзини ҳимоя қилишнинг шарқча яккама-якка олишиш усулини ўргандилар. Курсни битирган опа-сингилларимиз тахталарни қўл билан уриб синдира оладиган бўлдилар. Бир куни мен, ”2001 йил 22 апрелида, Зайнаб мана бу тахтани  уриб синдир” дедим. У бу ишни бажарди ва уйига бориб ўша тахтани кишиларга кўриниб турадиган бир жойга осиб қўйди. Навбатдаги марта унинг эри унга қўл кўтармоқчи бўлганди, ўша тахта кўзига тушиб қолди ва ”Машоллоҳ! Машоллоҳ! ...” дедида, “Масала ўзаро келишув билан ҳал қилинади” дейилган ояти каримани хотирига келтирди.

 

Охир оқибатда зўравон-васвос қўлга олинди ва лозим бўлган жойга қамаб ташланди. Бироқ опа-сингилларимиз ўзларини мустаҳкамлаб олишганларини тушуниб етдилар, энг аввал ўзлари кўз олдида ўзларининг мақомини юксак даражага кўтаришдилар. Бу улар учун зарурдир. Бу Ислом тарбиясининг ажралмас бир қисмидир.

 

Бошқа мамлакатларда ҳам ҳижобда бўлганларга ҳужумлар бўлиб турибди. Шундай экан, ўзингизни ҳимоя қилиш усулларини ўрганинг, ахир.

 

Хулоса қилиб, мен мусулмон опа-сингилларимдан узр сўрайман. Сиз бизни-эркакларни бағишланг. Биз кўпинча нималар қилаётганимизни яхши англаб етмаймиз. Шунингдек мен, мусулмон биродарларимга ҳам мурожаат қиламан: агар сиз тўғри йўлда бўлсангиз – Оллоҳга ҳамдлар бўлсин! Агар сиз хота қилган бўлсангиз, адашсангиз тавба қилинг – сиғининг ва Оллоҳдан бизни афв қилишини сўранг, бизга ва бизнинг оиламизга куфрга қарши туришга, бизнинг бугунги кунимизда ўсиб бораётган йўлдан озишларга қарши ҳаракатга куч беришни илтижо қилинг. Шунингдек ҳаммангиз, сиз хафа қилган кишилардан узр сўранглар, чунки камситилган, ноҳақ хафа қилинган кишининг дуоси ва Парвардигор - Қодир Оллоҳ орасида  ҳеч қандай тўсиқ йўқдир. 


Шайх Абдулло Ҳаким Квик, 2001 йилнинг август ойида Австралияда ўқилган лексия. 

 

Қўшимча буларни ҳам ўқинг::

Всемирно известный ученый Ислама А. Квик - бывший хиппи, в котором течет кровь индейцев


Исламское пробуждение сегодня. Речь шейха А. Квика

 

Hosted by uCoz