Бу йил Ўзбекистонда президентликка сайловлар компанияси ўтказиладими ва у қандай тартибда бўлиши мумкин?

 

Ҳозирча бу саволга жавоб бўла оладиган биргина маълумот – Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 2007 йил 23 декабрида мамлакатда президентликка сайловлар ўтказилиши ҳақидаги қароридир. Номзодлар ҳақида эса, фақат тахминлар ва мўлжаллардан бошқа ҳозирча ҳеч гап йўқ.

 

Ўзбекистонда ишлаб турган расмий ҳукумат ёки ўша ҳукумат расмий ҳисоблайдиган  мамлакат ичкарисидаги беш-олтита “сиёсий” партиялар президентликка номзодларини ҳозирча “сир” сақламоқдалар. Бироқ расмий ҳукуматга ўзларини “мухолифат” ҳисоблаганлар бу масалага, яъни президентликка номзод кўрсатишга кўпроқ қизиқиш кўрсатишаётгандек кўринади. Масалан, Шоқосимов, Абдулло Тожибой Ўғли, Алиев Акбар Валиевич каби кишилар аллақачоноқ ўз номзодларини президентликка кўрсатишни истаётганларини билдиришдилар. “Бирлик” номли бир ташкилотнинг раҳбари эса, анча вақтдан буён сайлов компаниясини бошлаб юборган ва сайловларни ўтказиш комиссияси ҳам тузишган дейишади. Бундай хабарларни эшитиш қулоққа бир мунча мулойим эшитилса-да, аммо бундай компания ўтказиш бирор реал асосга эгамикан, деган фикр кишини тарк этмайди

 

Ҳа, демократия усуллари нормал ишлаб турган мамлакатларда мамлакатнинг бош раҳбарини сайлаш жараёни жуда тантанали ва қизиқарли ўтади. Истаган кишилар, гуруҳлар, сиёсий партиялар президентликка ўз номзодларини кўрсатаверишлари мумкин ва уларда бир қатор қадамлардан иборат номзодларни саралаш тартиблари ўрнатилган. Бундай саралашларда ҳар бир партия ва гуруҳлардан кўрсатилишган номзодлар ўзаро саралашдан ҳам ўтадилар. Хуллас сайловларнинг бошланғич синовларида ютуққа эришганлар ичидан мамлакатнинг бош раҳбари сайланади. Бироқ Ўзбекистон шароитида 18 йилдан буён бу масала бутунлай бошқача ҳал бўлиб келмоқда ва бу сафар ҳам айнан ўшандай бўлади. Шунинг учун бу ерда-бизда, бир асрга яқин совет диктураси шароитида ва ундан кейин 18 йиллик бир даврда Каримов диктарурасининг қақшатқич жабр – зулмлари остида эзилиб келаётган бир мамлакатда  ўтказиладиган президент сайловларида (агар шундай сайловлар ўтказиладиган бўлса???) қатнашиш имкони бўлса, бу масалага ўта жиддий ёндашиш ва худди шундай ўта жиддий таёргарлик ишларини олиб бориш лозим деб ҳисоблайман. Аммо бунинг учун энг аввал бир қатор шартларни қараб чиқиш зарур бўлади:

 

Биринчидан, бу сайловларда Каримов номзоди қайта қўйиладими ёки йўқ ? Масаланинг бутун моҳияти мана шу саволга аниқ жавобга боғлидир. Агар сайловларда Каримов номзоди қўйиладиган бўлса, у ҳолда бу “компания” аниқ  ноқонуний бир маш-машадан иборат бўлиб, унда ҳар қандай бир шаклда қатнашиш унинг номзодини, унинг ноқонуний ҳокимиятининг давом қилишини қўллаб-қувватлаш бўлади.

 

Иккинчи ҳол, борди-ю, Каримов бу сафар бошқача найранг ўйлаётган бўлиб, сайловлар бошқачароқ шаклда ўтказиладиган бўлса, яъни Каримов қандайдир шартлар билан ўз номзодини кўрсатишдан воз кечаётган бўлса (бундай бўлишига ақл бовар қилмайди), ундай сайловларда кимлар қатнашишини жуда яхши ўрганиш лозимдир.

 

Ҳар ҳолда учинчи бир ҳолнинг бўлишини тахмин қилиш унча тўғри бўлмас деб ҳисоблайман. Шунга қарамасдан дунё тасодифлар билан тўла, ҳаётда ҳар қандай бир кутилмаган воқеа ва ҳодисалар юз бериши мумкин деб қаролса, ундай ҳолда сайловлар белгиланган вақтида ўтказилмайди, улар кечиктирилиши мумкин. У вақт фикримча, мамлакатда бутунлай бошқа вазият вужудга келади. 

 

Шу йил 23-декабрда ўтказилиши эҳтимол этилаётган президентлик сайловларида қатнашишни истаётганлар мана шу саналган ҳолларни яхши ўрганиб чиқсалар ва шулардан чиқарилган хулосаларга қараб позитсиялар  аниқлаб олинса маъқул бўлармиди деган фикр асосли кўринади.

 

Дарҳақиқат, Каримовнинг ўзи сайловларда қатнашса, ундай сайловларда қатнашиш ҳақида сўзлаш маънога эга бўлмай қолади. Чунки бу ҳолда ҳамма ҳаракатлар натижасиз чиқади. Ҳатто ҳозиргина таъкидлангани каби ҳар қандай маросим  ва сайловларга қарши ҳаракатлар (саловларда Каримов номзодига қарши овоз беришга чақириш, сайловларни байқот қилишни тарғиб этиш, норозилик намойишлари ўтказиш каби) Каримовнинг фойдасига ишлайди. Чунки бундай ҳаракатларни содир қилганлар сайловларда қатнашган ва уларнинг қонунийлигини тан олган бўладилар. Бу эса, Каримовнинг ноқонуний ҳокимиятини қонунлаштирган ҳисобланади.

 

Иккинчи ҳол: Каримов номзоди президентликка кўрсатилмайди (шундай бўлишига ишонса бўладими???). Шунга қарамасдан ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Балки И.А.Каримов лавозимини кимгадир топшириш қарорига келгандир. Шундай бўладиган бўлса, Каримовдек “машҳур, тенгги топилмас” раҳбар ўрнига ким муяссар бўлади? Масалан, мен бу саволнинг жавоблари ҳақида бош қотирмоқчи эмасман. Аммо мана шундай ғайри табиий бир ҳол содир бўлсагина Ўзбекистонда шу йил 23 декабрда ўтказиладиган сайлов компаниясида қатнашиш ҳақида фикр юритса бўлади. Буроқ бу ҳолда ҳам натижалар нул бўлиши бугуноқ аниқ.

 

Шундай қилиб, каромат юз берди-ю, Ватанда 23-декабр куни муқобил номзодлар қатнашадиган президентлик сайловлари ўтказиладиган бўлди. Ана энди Ўзбекистондай бир гўзал ўлкани бошқаришни Каримовдан кейин кимга ишонса бўлади, деган масала устида фикр юритса бўлади. Шу онда эса, юқорида номлари келтирилган ва президентликка даъвогар бўлаётган уч киши мавжуд.

 

Менинг қўлимда бўлган маълумотларга кўра, ўша учта ватандошлардан Алиев Акбар Валиевичнинг анкета маълумотларини қабул қилиш мумкин. Бироқ қолган икки ватандош мени бағишласинлар, қадрдонлар сизларнинг президент бўламан дейишларингизни мен бир сайловчи сифатида қабул қила олмаган бўлардим. Ўзбекда бир ўгит бор, унга кўра, ”тўйда ўз ўрнингни билиб ўтир” дейилади. Қадрли Шоқосимов ва Абдулло Тожибой Ўғли, билингларки мен сизларга дарс бериш ниятида эмасман, аммо мамлакатим-ватаним  ҳақида ўз фикрларимни ёзаман ва ёзмоқдаман, бу эса менинг ҳақимдир. Масалан кишининг ташқи кўриниши кўркамлигини белгилашда унинг кийимининг аҳамияти жуда катталиги ҳақида тортишишга ўрин йўқ бўлса керак. Мамлакатни кўркам кўрсатадиган ташқий “кийим” эса, унинг Байроғи, Муҳри ва Президетидир (умуман бош раҳбаридир). Афсуски бугунгача бизда бу уч “кийим” ҳам йиртиқ ёки бесўнақай тикилганича қолмоқда.

 

Мамлакат бош раҳбарининг кўрки, унинг чуқур илмли ва билимли, иинсоф-иймонли, адолатли, ватан тупроғини севгувчи, тарихини ва она тилини мукаммал билгучи, ватани ва халқи учун ҳеч иккиланмай жонини фидо этгувчи бўлишлиги билан белгиланади. Ана шундай сифатларни ўзида мужассамлаштирган Президент мамлакатнинг кўрки бўлишга арзийди. Бу саналган сифатларнинг бирортаси бирозгина қусурли бўлса, ундай шахс менинг фикримча Ўзбекистоннинг бош раҳбари бўлишга арзимайди. Бу ҳақиқатни ҳар бир инсофли Ўзбекистон ватандоши ўзига шиор қилиб олиши шартдир.

 

Ватан байроғи ва унинг муҳрини ҳам бесўнақай атадим. Бироқ уларнинг кўрки нималардан иборат бўлиб, улар қандай ифодаланиши ҳақида фикрларимни бу ерда келтиришни лозим кўрмадим. Чунки бу масала анча чуқур ва бугун ҳали бу мавзуга замон етиб келмади.

 

Алибой Йўляхши, 30 сентябр 2007 йил.  

 

 

Hosted by uCoz