Ўзбекистонда сайловлар бўлармиш ...

Ҳақиқатан, И. Каримов 1989 йилнинг 23 июнида Руссиянинг Ўзбекистон деб аталадиган мустамлакасининг компартия раҳбари қилиб Москва (метрополоия) тарафидан тайинланган эди. Орада Руссия-совет империяси қулади, бу ҳолат Каримов учун ўзининг ноқонуний якка ҳокимиятини мустаҳкамлашга ва уни давом қилдиришга имкон яратди. Бироқ И. Каримов дунё афгор жамоатчилиги олдида ўзининг ноқонуний ҳокимиятини бир мунча легитимли кўрсатиш мақсадида сайловлар, умум халқ овоз бериши (аслида буларнинг ҳеч бири қонуний асосга эга бўлмаган, демократик усуллардан ташқарида) ўтказиш каби ҳийла-ю-найранглар билан ўша нолегитим ҳокимиятни 1989 йилдан бугунгача давом эттириб келмоқда. Масалан, И. Каримов, биринчи марта 1990 йилнинг 24 – мартида беш йиллик муддат билан ҳали Ўзбкистон Совет сотсиалистик республикасининг президенти деб эълон қилинган эди. 1991 йилда ҳам бир сайлов ўйини қилди. Қисқаси, 1995 йилга келиб, такрор сайлов ўтказилиши ўрнига яна бир ёлғонни қўллаб, яъни референдум ўтказиш йўли билан унинг ҳокимияти яна беш йилга узайтирилди. 2000 йилга келиб эса, энди иккинчи беш йилликка сайланди қилинди. Бу сафар 2005 йилга, яъни иккинчи муддат сайловларига етиб бормасданоқ  янги найранг чиқарилди, яъни мамлакатнинг Асосий Қонунини ўзгартиришди. Бу қонунга кўра президентлик муддати етти йилгача узайтирилди. Дунё афгор оммасини алдаш учун ўйлаб топилган бу ёлғон маш-машаларнинг янги муддати ҳам шу йил январ ойида битди. Бироқ И. Каримовнинг “ваколати” битмади. Чунки бу ваколат ҳеч вақт қонуний бўлмаганди, 2007 йилнинг бошига келиб қонунлашардими, ахир.   

 

Ниҳоят, шу кунларда Ўзбекистондан сайловлар ҳақида қандайдир овозалар тарқатила бошланди. Бу янги хабарларга кўра, Ўзбекистонда президентликка  сайловлар компанияси 21 сентябрдан бошланар эмиш. Сайловларнинг ўзи шу йил 23-декабрда содир бўлармиш. Аммо президентликка номзодлар ҳақида эса, ҳозирча саволларга ўрин  берилмайди. Чунки Ўзбекистонда бундай лавозимга “лойиқ” фақат бир донагина киши бор. Бу “лойиқ” тирик экан, Ўзбекистон дейилган мамлакатда бундай “лойиқ”ликка иккинчи киши кўз ола қилиши тақиқлангандир. Шунинг учун бундай “лойиқ” вақтидан олдин реклама қилинмайди. Балки у рекламага муҳтож ҳам эмасдир. 

 

Бундан ташқари бугун Ўзбекистондан тарқалган сайловлар ҳақидаги овозаларнинг ҳақиқатлигига (ҳатто Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг бу ҳақда 18 – сентябр тарихи билан элон қилинган қарори мавжуд бўлса ҳам ) ишонишга асос йўқ. Чунки ҳозирча мавжуд Асосий Қонунга асосланилса, И. Каримовнинг номзоди сайловларга қўйилмайди. Бундай бўлишига эса, ишониб бўлмайди. Қаранг, мамлакатда нималар бўлиб турибди: Ўзбекистонда жамоатчиликнинг фикрини ўрганувчи ”Ижтимоий фикр” маркази яқинда ўтказган савол-жавобда, “Барқарорликни сақлашнинг, мустақиллигимизни мустаҳкамлашнинг, давлатимиз олдида турган муаммоларни муваффақиятли ҳал қилишнинг гарови ким ёки нималар бўлиши мумкин” каби саволига  жавоб берганларнинг 98% “Ўзбекистоннинг президенти Каримовдир” дея жавоб берганмишлар. Бундай савол жавоблар Ўзбекистонда эркин ўтказиладими? Ҳаммага кундуздек аёнки, йўқ, улар эркин ўтказилмайди. Ҳолат шундай бўлиб турганда Каримовдан бошқа бировнинг Ўзбекистонга хўжайин бўлиши ҳақида сўз бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Демак яқин кунларда сайловлар ҳақида ёки Ўзбекистонда содир бўладиган қонун ўзгаришлари ҳақида янги, ўта янги хабарлар гувоҳи бўлишимизга тўғри келади, шекилли.

 

Ҳозирча эса, кишилар орасида оралаб юрган Гулнора Каримова, Ш.Миризяевларнинг президентликка номзод бўлиши мумкинлиги ҳақидаги кўпроқ миш-мишларга ўхшаш расмий ва норасмий хабарларни бирон бир асосга эга деб бўлмайди.

 

Мухолифат ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Чунки мамлакатнинг ичидаги номлари бор ўзлари йўқ бир неча партиялар Каримовга қарши номзод кўрсатишга қодир эмаслар. Унинг ташқарисидаги ўзларини демократ ҳисоблаган мухолифатчилар ҳам мана 18 йилга яқин бир муддат ўтиб кетибдики, ҳало улар ўзларини усти-боши бутун кўрсата олмадилар.

 

Нималар бўлса бўлди, қимматли вақтлар кечди, мана бугунларга етишиб келдик. Энди кўп кутилмаса керак, яқинда ҳамма нарса ойдинлашар, иншооллоҳ. Менимча кўп ўтмай бир умрлик “президент”га эга бўлсак ажабмас.

 

Афсуслар бўлсинки, биз, ҳаммамиз бугун ҳам фақат томошабин бўлишга арзийдиган бўлиб қолмоқдамиз. Халққа, миллатга биз каби томошабинлар керакми? Биз ўзимизга шундай савол бера оламизми, ўзи?

19.09.2007, чоршанба.

Алибой Йўляхшиев

 

 

Hosted by uCoz