“Уйгон, Ўзбекистон!” Демократик Ёшлар Харакати

Низоми.

sunset.jpg

(Лойиҳа) 

“Уйғон, Ўзбекистон” Демократик Ёшлар Ҳаракати Низоми лойиҳаси эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Низом ҳақида Ўзбекистон ичидаги ва мамлакат ташқарисидаги ёшларда бирор фикр ва мулоҳазалар бўлса қуйидаги манзилга йўллашлари мумкин.

uygonuzbekistan@yahoo.com

****

I “Уйғон, Ўзбекистон!” Демократик Ёшлар Ҳаракати

1.1 “Уйғон, Ўзбекистон!” Демократик Ёшлар Ҳаракати (Бундан кейинги ўринларда Ҳаракат) Ўзбекистон ёшларининг мустақил, ижтимоий-сиёсий ташкилотидир.
1.2.Ҳаракат Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон мухтор жумҳурияти ҳудудида, мамлакат Конституциясига ва чет элларда ўша мамлакатлар қонунлари доирасида, ҳамда, ўзининг мазкур Низомига асосан фаолият кўрсатади.
1.3. Ўз байроғи, тамғаси ва мадҳиясига эга бўлади.
1.4. Ҳаракат манзили: Ўзбекистонда: (…) Хорижда: (…)

II “Уйғон, Ўзбекистон!” Демократик Ёшлар Ҳаракатининг асосий мақсад ва вазифалари

2.1.”Уйғон, Ўзбекистон!” Демократик Ёшлар Ҳаракатининг бош мақсади Ўзбекистонда демократик давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш, фуқаролик жамияти қуриш ишларига ёшлар фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборатдир.

2.2. Бу мақсадларни амалга ошириш учун Ҳаракат қуйидаги вазифаларни бажаради:

а). Ўзбекистонда демократик давлат қуриш йўлида ёшлар фаолиятини жонлантириш, ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳамда, ҳаракатларини мувофиқлаштириш.
б). Ўзбекистонда қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимиятлари фаолиятини демократлаштиришга таъсир кўрсатиш.
в). Ўзбекистонда иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳаларда туб ислоҳотлар ўтказишга ҳисса қўшиш.
г). Сўз, матбуот , диний ва сиёсий эркинликлар учун кураш олиб бориш.
д). Жамиятни маънавий соғломлаштириш чораларини кўриш.
е) Ёшларни хорижий мамлакатларда таълим олишларини ташкил этиш.
ё) Ёш лидерлар мактабини яратиш.
ж) Бошқа мамлакатлардаги демократик ёшлар ҳаракатлари, жумладан туркий давлатлар ёшлари бирлашмалари билан ҳамкорликда ишлаш.

III. Ҳаракатга аъзолик

3.1. Мамлакат ичида ва Ўзбекистондан ташқарида яшовчи, муомала лаёқатига эга бўлган, тили, дини, миллати ва ирқидан қатъий назар ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ҳаракатга аъзо бўлиши мумкин.
3.2. Бошқа мамлакатлар ёшлари ҳам Ҳаракатга аъзо бўлиб киришлари мумкин.
3.3. Ҳаракатга аъзо бўлиш ва ундан чиқиш ихтиёрийдир.
3.4. Ҳаракатга аъзо бўлишни ёки ўз фаолиятини тўхтатишни хоҳлаганлар бошқарув ҳайъатига бу ҳақда ёзма равишда билдиришлари шарт.
3.5. Аъзоликка қабул қилиш Ҳаракат Марказий Кенгашида кўриб чиқилади.

IV Қурултой

4.1. Ҳаракатнинг энг юқори органи Қурултойдир.
4.2. Қурултой Ҳаракат Марказий Кенгаши томонидан ҳар йилда бир марта чақирилади.
4.3. Қурултой делегатлари Ҳаракатнинг маҳаллий бўлимлари тарафидан сайланади. Делегатларнинг сони ва сайланиш тартибини Марказий Кенгаш белгилайди.
4.4. Марказий Кенгаш Қурултой бошланишидан 30 кун аввал барча делегатларга Қурултойнинг ўтиш вақти ва жойи ҳақида хабар беради.
4.5. Қурултой делегатларнинг фақат учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.(Делегатлар турли сиёсий сабабларга кўра: ҳибсга олиш, таъқиб ва турли босимлар туфайли Қурултойда иштирок эта олмасалар, кворим бузулган ҳисобланмайди).
4.6. Қуйидагилар Қурултой ваколатига киради:
 а) Ҳаракат Низомини қабул қилиш ва унга ўзгартиришлар киритиш;
 б) Бошқарув аъзоларини ҳисоботларини тинглаш ва тасдиқлаш;
 в) Ижроия Қўмитанинг молиявий ҳисоботини тинглаш ва тасдиқлаш,
 г) Марказий Кенгаш аъзоларини сайлаш;
 д) Ҳаракатни қайтадан тузиш ёки уни тарқатиб юбориш ҳақида қарор қабул қилиш;
 е) Ҳаракат Дастурини ва йиллик режасини белгилайдиган асосий қарорни қабул қилиш;
 ё) Дунёда ва мамлакатда содир бўлаётган муҳим сиёсий ва ижтимоий воқеаларга Ҳаракат муносабатини билдириш.
 ж) Ҳаракат мадҳияси, байроғи ва тамғасини қабул қилиш.
4.7.Қурултой қарорлари:
 а) эллик фоиздан кўп овоз билан қабул қилинади;
 б) ўта жиддий масалалар юзасидан қабул қилиниши лозим бўлган қарорлар (дунёдаги урушларга муносабат, сиёсий ҳаракатнинг муҳим йўналишлари: мамлакат ичидаги сайловларга муносабат, давлат тузимига ўзгартиришлар киритишга оид каби) Қурултой делегатларининг камида учдан икки қисми овозлари билан қабул қилинади.
4.8.Навбатдан ташқари Қурултой:
 а) Ҳаракат аъзоларининг учдан бир қисми талаби билан ёки;
 б) Марказий Кенгаш аъзоларининг эллик фоиздан ошиғи розилиги билан чақирилади.
 в) Бу ҳақда Марказий Кенгаш қарори эълон қилинади.

V. Марказий Кенгаш

5.1. Марказий Кенгаш Ҳаракатнинг доимий равишда иш олиб борувчи энг юқори ижроия органидир.
5.2. Марказий Кенгаш Қурултой томонидан очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
5.3. Марказий Кенгаш таркибини вилоят ва ҳудудлардаги аъзолар сонига кўра Қурултой белгилайди.
5.4. Марказий Кенгаш камида уч ойда бир марта ўз мажлисини ўтказади. Мажлисларни ўтказиш муддати ва кун тартиби Марказий Кенгаш томонидан белгиланади.
5.5.Навбатдан ташқари Марказий Кенгаш мажлислари Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисми розилиги билан чақирилади. Мажлис раиси йиғилганларнинг яримидан кўпи овози билан сайлаб олинади.
5.6. Марказий Кенгаш ваколатлари:
 a) Беш ёки етти кишидан иборат Ижроия Қўмита аъзоларини, иш юритувчи ва унинг котибини сайлайди;
 б) Қурултой томонидан қабул қилинган Ҳаракат Дастурини амалга оширади;
 в) Ҳаракат аъзолари тарафидан киритилган таклиф ва ташаббусларни ўрганиб, қарорлар қабул қилади;
 г) Ижроия Қўмита тарафидан тақдим қилинган йиллик бюжетни тасдиқлайди;
 д) Қурултой чақирилишидан икки ой аввал делегатлар сайлаш тартибини эълон қилади;
 е) Ижроия Қўмита қошида доимий ишлаб турувчи ишчи гуруҳлар тузади;
 ж) Қурултой кун тартиби ва қарор лойиҳаларини тасдиқлайди.
5.7. Аъзоларининг эллик фоиздан кўпи розилиги билан ўтказилган Марказий Кенгаш мажлиси ва қарорлари қонуний ҳисобланади. Қарорлар мажлис иштирокчиларининг учдан икки қисми розилиги билан қабул қилинади.

VI. Ижроия Қўмита

6.1. Ижроия Қўмита Марказий Кенгаш қарорлари асосида барча ишларни амалга оширади.
6.2. Ижроия Қўмитани Иш бошқарувчи ходим ва унинг котиби бошқаради.
6.3. Ижроия Қўмита ҳар ойда камида бир марта мажлисга йиғилади.
6.4. Ижроия Қўмита Марказий Кенгаш тасдиқлаган ишчи комиссияларнинг фаолиятини назорат қилади.
6.5. Ижроия Қўмита маълум муддатга белгиланган иш режаларига эга бўлади ва режадаги ишларнинг амалий натижалари тўғрисидаги ҳисобот беради.

6.6. Ижроия Қўмитанинг иш бошкарувчиси:
 а) Давлат ва жамоат ташкилотларида Ҳаракат вакили ҳисобланади, барча жойда ташкилот номидан, мазкур Низом ва мамлакат қонунлари доирасида иш юритиш ваколатига эга бўлади;
 б) Қурултой ва Марказий Кенгаш қабул қилган қарорларни амалга оширади, янги таклиф ҳамда ташаббусларни ўрганади, уларни қайта ишлаб чиқади ва амалда қўллайди;
 в) Ҳаракат Дастурини бажарилишига раҳбарлик қилади;
 г) Маркази Кенгаш қарорига мувофиқ унинг мажлисларини чақиради, Қурултой чақириш тўғрисидаги қарор ижросини таъминлайди;
 д) Ижроия Қўмита мажлисларини олиб боради, Қурултой раиси сайлангунича бўлган ташкилий ишларни амалга оширади.

6.7. Ижроия Қўмита иш бошқарувчисининг котиби:
 а) Сиёсий ва ташкилий ишлар бўйича иш бошқарувчига кўмаклашади;
 б) Банкларда Ҳаракатнинг ҳисоб рақамларини очади, улардан фойдаланиш, кирим-чиқимларни кузатиш ва ҳужжатлаштириб бориш, ҳамда бошқа молиявий амалиётлар учун масъул ҳисобланади;
 в) Ҳаракатнинг матбуот ишларини мувофиқлаштиради, жумладан, ташкилотнинг ўз газета ва журналлари, интернет саҳифалари, буклет, рисола ва китобларини ташкил қилиш, уларни тарқатиш, сотувини йўлга қўйиш, обуна, реклама ва бошқа ташкилий ишларга раҳбарлик қилади;
 г) Котибнинг асосий вазифалари Ижроия Қўмитанинг биринчи мажлисида белгилаб олинади.

6.8. Ижроия Қўмита қошида фаолият кўрсатувчи гуруҳлар:
 а) Ёшлар билан ишлаш гуруҳи ва бу гуруҳнинг асосий вазифалари  

-Ёшлар орасида тарғиб қилинадиган ғояларни ахлоқий, маънавий ва мафкуравий асосларини ишлаб чиқиш ва турли касбдаги илмли, иқтидорли ва фаол ёшларни Ҳаракат фаолиятига жалб қилиш, “Ёш лидерлар” мактабини ташкил этиш, иқтидорли ёшларни хорижий мамлакатларда илғор таълим стандартлари асосида илм олишларини ташкил қилиш.
 б) Иқтисодий муаммоларни ўрганиш гуруҳи ва гуруҳнинг асосий вазифалари:
 - Мамлакат ичидаги иқтисодий муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича ёшлар иштирокида илмий амалий конференциялар ташкил этиш, халқаро анжуманлар, ижтимоий сўровлар ўтказиш, муаммоларни ечиш ва иқтисодий таназзулдан чиқиш режаларини ишлаб чиқиш, ҳамда уларни амалга ошириш учун курашиш.
 в) Маориф ва мафкура ишлари бўйича гуруҳ ва гуруҳнинг асосий вазифалари:
 -Мамлакат ичидаги мактаблар, таълим-тарбия муассасалари, олий уқув юртлари муаммоларини ўрганиш, ёшларни демократия асосида тарбиялаш, уларнинг дунёқарашлари ва сиёсий фаолликларини ошириш мақсадида турли дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни юрт ичкарисида тадбиқ қилиш, маданият, санъат ва адабиётга янгича қарашларни шакллаштириш.
 г) Ижтимоий масалалар бўйича гуруҳ ва гуруҳнинг асосий вазифалари:
 - Мамлакатда соғликни сақлаш, жамоатчилик, болалар ва оналар, кексалар, ногиронлар ҳимояси ва таъминоти, инсон ҳуқуқлари борасидаги муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича ишлаш, турли дастурлар тайёрлаш ва уларни амалга ошириш, қонунчилик, ижтимоий ҳимоя, фундаментал ҳуқуқлар бўйича ёшлар билим ва кўникмаларини ошириш, бу борадаги чет мамлакатлар илғор тажрибаларини оммалаштириш.
 д) Сиёсий ишлар гуруҳи ва гуруҳнинг асосий вазифалари:
 -Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни таҳлил қилиш, муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш учун турли дастурлар ишлаб чиқиш, халқаро ташкилотлар, ёшлар ҳаракатлари билан ҳамкорликда анжуман, симпозиум ва йиғилишлар, турли акциялар ташкил этиш, мудофаа, ички ишлар ва дипломатия соҳалари бўйича билимдон ёшлар билан ишлаш, уларни ривожланган мамлакатлар олий уқув юртларида янада мустаҳкам билим олишларига кўмаклашиш, ватанпарвар, жасоратли, қўрқмас ёшларни Ўзбекистон келажаги учун зарур бўлган сиёсий фаолиятга жалб қилиш.

6.9. Ижроия Қўмитанинг Иш бошқарувчиси ва котиби ҳамда гуруҳлар раҳбарлари Марказий Кенгаш томонидан Ҳаракат аъзолари ичидан сайланади, гуруҳларда фаолият кўрсатадиган аъзолар эса ўз хоҳиш ва истакларига кўра фаолиятга жалб этилади.

VII Ҳаракатнинг маблағлари ва мулки

7.1. Ҳаракат маблағлари ва мулки қуйидаги манбаълар асосида шаклланади:
 а) аъзолик бадаллари;
 б) ихтиёрий хайрия ва ҳадялар;
 в) тадбиркорлик ва тижорaт фаолиятидан олинган даромадлар;
 г) қонун тақиқламаган бошқа тушумлар.

VIII Ҳаракат Низомига қўшимча ёки ўзгартишлар киритиш

8.1. Ҳаракат Низомига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш Қурултой иштирокчиларининг кўпчилик овози билан амалга оширилади.

IX. Ҳаракатни қайтадан тузиш ёки тарқатиб юбориш

9.1.Ҳаракатни қайтадан тузиш ёки тарқатиб юбориш Қурултой қарорига мувофиқ амалга оширилади.
9.2. Қурултой қарори овоз бериш жараёнида иштирок этганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
9.3. Ҳаракат тарқатиб юбориладиган бўлса, Қурултойда тугатиш комиссияси тузилади, бу комиссия тугатиш ишларини мавжуд қонунларга мувофиқ амалга оширади.

****

 

 

 

Hosted by uCoz