Христиан оламида кенг нишонланаётган маросимлардан бири “Валентина куни” ёки “Руҳоний Валентина куни”, (бошқача севишганлар куни ҳам деб аташадилар) аталадиган маросим баъзи бир мусулмонларни ҳам ўзига жалб қилмоқда. Шунинг учун мусулмонлар орасида биз мусулмон ўлароқ бу кунга қандай муносабатда бўлишимиз керак шаклида савол туғилиши табиий бир тус олмоқда.  Масалага мусулмон киши сифатида қараладиган бўлса, бундай бир байрам, тантана, маросимнинг Ислом билан мутлақо алоқаси йўқ. Ҳатто бу маросим христианликда диний маросим эмас, унинг христиан дини билан ҳам ҳеч қандай алоқадор жойи йўқ. Шунга қарамасдан Ламия исмли бир мусулмон синглимиз тарафидан Ислом олимлари олдига ўша маросимга Исломнинг муносабати ҳақида савол қўйибди. Бу саволга берилган жавобни дин қардошимиз доктор Тарак Рафей электрон адресда тарқатди. Тарак дўстимизнинг адреслар рўйҳатида менинг ҳам ўрним бўлганлигидан у менинг почтамга ҳам келиб тушди. Бу саволга жавоб мақолада муҳим бир тарихий ва диний масалага аниқлик киритилган. Шунинг учун биз уни ўзбекчалаштириб ўқувчиларимизга тақдим қилишни фойдали ҳисобладик.

 

Муҳтарам саҳифамиз ўқувчилари, мазкур мақолани марҳамат қилиб ўқиб кўришларингизни таклиф этамиз.

Таржимон Алибой Йўляхши, 18 феврал 2009 йил, чоршанба.

 

Қуйида мақолани ўқийсиз:  

Илоҳий Валентина куни ислом нуқтаи назариядан  нимани билдиради?

 

Савол : Ҳурматли олимлар, Ассалому алайкум! Сизларнинг қимматли меҳнатларинг учун миннатдорчилигимни йўллайман. Шу билан бирга ишларингизга ютуқлар тилайман. Илоҳий Валентина кунига исломнинг муносабати қандайлиги ҳақида бироз тушунтириш беришларингизни сўрамоқчийдим? Ламия (Миср).

 

Жавоб: Ва Алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ.  

Бисмиллоҳирраҳмонирраҳим.

Қимматли синглим Ламия, бизга билдирган ишончинг учун сенга биз ҳам катта миннатдорчилик билдирамиз.

Биз, Оламларнинг Парвардигоридан ҳақиқатларни танишимиз учун қалбларимизни тазолаб, бизга бу дунёда ва Қиёмат куни ҳам мукофоти ва ажрини насиб айласин, Омин дея дуо қиламиз. Парвардигори оламга ҳамду-санолар бўлсин, Унинг Расулуга (алейҳимуссалом) салот ва салом бўлсин.

Энг аввал Руҳоний Валентина куни ёки Муҳаббат Байрами номи билан танилган бу байрамнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида сўзлашга тўғри келади.

Бундан ўн етти аср муқаддам қадимги Рим империясида жоҳилият ҳукмрон бўлган замонларда Муҳаббат Байрами жоҳилият даврининг фестивалларидан бири ҳисобланарди. Римли жоҳилият даврининг вакиллари ҳисобида бу байрам “руҳий, илоҳий муҳаббат”ни билдириш белгиси бўлиб хизмат қиларди.

Христианлик жорий бўлганидан кейин ҳам римликлар давом қилдирган бу байрам ҳақида кўпгина афсоналар ва эртаклар тўқилган эди. Улардан энг машҳурларидан бирига кўра, Римга асос солган Ромулни она бўри эмиздиргани айтилади ва Ромул бўри онасидан куч олади ва данишмандликни ўрганади дейдилар. Бу воқеани хотирлаш мақсадида римликлар ҳар йили феврал ойининг ўрталарида катта ўйинлар, байрамлар ўтказишадиган бўлишгандилар.

Жоҳилия даврининг бундай фестивалларида қилинадиган анъаналардан бирига биноан руҳонийлар ҳосилдорлик бўлсин учун бир эчки ва илоҳий тозаланишлари учун эса бир ит сўярдилар. Бундан сўнгра иккита бақувват римли эркак сўйилган жониворларнинг қонини ўз баданларига тўкишлари лозим бўларди. Ундан кейин уларнинг баданларидаги қон сут билан ювиб ташланарди. Бу ишлардан сўнгра ўша иккита ёш бақувват йигитларнинг бошлиғида бутун шаҳар бўйлаб юриш бошланарди. Ўша йигитлар сўйилган жониворларнинг бир парча терисини олиб юрарди ва кўча юришида ким уларнинг олдидан чиқса уларга терини суртардилар. Римли аёллар ўшанақа суйканишларни ёқтиришардилар. Чунки улар бу анънанинг туғмасликни (аёлларда бола кўрмаслик касалини) даволашига чиндан инонишардилар.

Руҳоний Валентин ким эди ва унинг бу байрамга қандай алоқаси бор?

Руҳоний Валентин бу, Христиан Черковининг жафо тортган иккита руҳонийсининг исмидир. Айтишларича Руҳоний Валентин рим императори Готский Клавдия II-нинг буйруғи билан эранинг 296 йили ўлдирилган. 350 йилда эса унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида у ўлдирилган жойда Черков қурилади.

 

Римликлар христианликни қабул қилишганларидан сўнгра ҳам ўз байрамларини давом қилдирдилар. Бироқ энди бу байрамга христианликнинг руҳини киритдилар. Байрамнинг эндиги тасвирида Руҳоний Валиентин, тинчлик ва муҳаббатни тарғиб қилувчи бўлиб кўрсатиладиган бўлинди ва унинг шу ижобий ишлари учун жафога дучор қилинди дейиладиган бўлди. Ана шундан бошлаб, жоҳилият даврининг фестивали севишганлар Байрами деб, Руҳоний Валентин севишганларнинг раҳномаси деб аталадиган бўлиб қолди.

 

Жоҳилият даврининг расм-русумларига кўра ўша замоннинг уйланиш ёшига киришган қизлари бир парча қоғозга ўзларининг исмларини ёзишиб ундан сўнгра бир қутига солиб қўйишарди. Уйланишни исташган йигитлар эса, ўша қутидан қоғозчаларни олишардилар.  Қоғозчада қайси бир қизнинг исми ёзилган бўлса, ўша қиз қоғозни чиқарган йигитнинг танлагани бўлиб, шу кундан эътиборан ўша қиз ва йигит кейинги йилларда бирга бўлишардилар. Оқибатда улар ё уйланишарди ёки яна такрор ўша маросимда қатнашишардилар, яъни бунгача бўлган бирликлари бекорга чиқарди.

 

Христиан руҳонийлиги бу маросим, ёшлар орасида ахлоқнинг бузилишига таъсир қилади деган хулосага келди ва уни Италияда бекор қилди.  18 ва 19 асрларга келиб бу маросим ўша Италияда қайта тикланди ва жуда кенг тарқолди.  Бу вақтдан бошлаб баъзи Ғарб мамлакатларида “Валентина китоблари” исмида унча катта ҳажмда бўлмаган китоблар сотила бошланди. У китобнинг ичида муҳаббат ҳақида поэмалар ёзилганди. Истаган кишилар ўз севгилиларига мактублар ёзганларида у китобдаги сўзларни қўллашлари мумкин эди. Ўша китобда севги-муҳаббат изҳор қилинган хатлар қандай ёзилиши ҳақида маслаҳатлар ҳам бор эди.

 

Бу байрамга исломнинг қандай муносабатда бўлиши ҳақида Ал-Ҳазар (Миср, Қоҳира) университетининг Ислом ҳуқуқи(Фикҳ) профессори доктор Саид Иброҳим Солиҳ  қуйидагиларни сўзлайди:

 

“Ислом, Оллоҳу таоло учун ҳақиқий муҳаббат ва ҳамкорликни тарғиб қилувчи альтруизм (ўз манфаатидан воз кечиб бўлса-да бошқаларга яхшилик қилувчи, ғамхўрлик кўрсатувчи, эгоизмнинг тамоман акси) динидир. Шунинг учун биз доим, Оллоҳу таоло бизни чексиз марҳамати соясига олиши учун Парвардигору оламга дуо қиламиз. Оллоҳу таоло мазмунан дейдики, ”Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Шу сабаб  оға-инилар орасида тинчлик, осойишталик ўрнатинглар, Оллоҳдан қўрқинглар, шояд У зот сизни афв этса, сиз Унинг раҳматига эришсангизлар” (Қуръони карим, Ҳужурот сураси, 10-оят).

 

 Масаланинг шу томонига кўра айтиладиган бўлса, диний оқидалар нуқтаи назаридан ва унга қарши, тескари бўлган муҳаббат изҳор этиш шакллари борлиги ҳақида сўзлаш мумкин. Бунда биринчи ўринлардан бири, Пайғамбарларга ва Расулларга муҳаббат масаласи туради. Бундан кўринади, Оллоҳу таолога ва Унинг Расулу  Муҳаммадга (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) бўлган севги-муҳаббат, муҳаббатнинг бошқа барча шаклларидан устун туради.

 

Исломда кишиларни бир-бирларига яқинлаштирадиган ва уларнинг ҳаётларида қувончли онларнинг кўпайишига ёрдамлашадиган байрамларга ўрин берилгандир. Бироқ ислом Ғарбга кўр-кўрона  эргашишни, масалан, Руҳоний Валентина куни каби байрамларни қабул қилмайди. Шунинг учун бунга амал қилиш динга янгилик киритиш бўлади, яъни бидъатга йўл қўйилиши бўлади. Ҳолбуки бунда ҳеч қандай динга боғли бўлган бирон нарса йўқдир. Ислом бу сингари янгиликларнинг барчасини мутлақо рад этади. Ислом динининг ўргатишига кўра, кишилар бир-бирларини бутун йил давомида севишлари ва ҳурмат қилишлари шарт. Исломга кўра, йилнинг ҳеч бир куни алоҳида севги куни бўла олмайди. Оллоҳу таолонинг ҳар кунида инсонлар бир-бирларини севган бўлишлари шарт ва мусулмонлар доим севишган ҳолатда яшайдилар.

 

Демак, мусулмон Валентина куни аталмиш каби янгиликларга эргашмасликлари керак. Бу байрам, динга мутлақо алоқаси бўлмаган жуда кўпгина одатларни ўз ичига олади ва кишиларни муҳаббатнинг, альтрузмнинг ҳақиқий қадриятларидан воз кечишга  ундайди. Ҳатто бу ўйину-завқлар ахлоқий синиш, бузилишгача бориб етади.

 

Оллоҳу таоло сизни ва бизни тўғри йўлга бошқарсин ва лутфу-мурувватидан дариғ тутмасин, Омин!

 

Парвардигори олам энг кўп ва жуда яхши билгувчидир.

 

Hosted by uCoz