ПАЙҒАМБАРНИНГ (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ЯХШИ ХУЛҚУ ОДОБИДАН ИБРАТ ОЛИНГ!

Алибой Йўляхши: Бундан бир мунча муддад муқаддам Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ибрат олиш ҳақида Усмон Нури Тўпбошнинг “Муҳаммад (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) энг севимли кишидир” китобидан олинган  Унинг гўзал сифатлари ислам.ру сайтидан олиниб (унинг интернет адреси:  http://www.islam.ru/pressclub/analitika/revigol/ ) “Агар Сиз ... Пайғамбардан (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ибрат оладиган бўлсангиз. ...” сарлавҳа билан эълон қилинган эди. Бироқ буюк Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ибн Абдуллоҳнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) сифатларини ифодалаш учун минглаб китоблар ёзилса озлик қилади. Шу сабабли, Унинг яна бошқа сифатлари-хулку ахлоқи хусусиятлари ҳақида қўлимизга [бу материал дин қардошимиз Тарек Рафей тарафидан е-маил почта орқали олинди. Унинг е-маил адреси: mosolmanin@forislam.com] келиб тушган ва  Мадина шаҳрида устозлик қилган  шайх Абу Бакр ал-Жазоирийнинг “ал-Илм ва ал-Улама” китобидан олиниб, рус тилига таржима қилинган материални ўзбекчага ағдариб сиз азиз ўқувчилар эътибоирга узатишни ибратли иш бўлар деб ҳисобладик. Материал қуйида келтирилаяпти, марҳамат у билан танишинг ва барчангизга Русулуллоҳнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) хулқу одобидан ибрат олиб ҳаёт кечириш насиб бўлсин.

 

ПАЙҒАМБАРНИНГ (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ЯХШИ ХУЛҚУ ОДОБИДАН ИБРАТ ОЛИНГ!

Агар сен (оригиналда олмошлар бирликда бўлгани учун таржимада ҳам ўша тартибни сақлашга ҳаракат қилинди) Оллоҳ Расулини (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) самимий севсанг, Ундан ибрат ол ва  одамлар билан муомалада бўлганингда улар билан худди Унингдек муомала қил. 

 

1. Қўпол бўлма ва ёмон сўзлардан ва ёқимсиз қилиқлардан узоқ бўл.

 

2. Сўзлаганингда овозингни баланд қилма. Айниқса жамоатчилик жойларида: бозорлар, масжидлар, кўпчилик тўпланган жойларда баланд овозда сўзлашма. Овозни кўтариш фақат хутба ўқилаётганда жоиз бўлади.

 

3. Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтар, сени хафа қилганларни кечир ва уларга ўчакишма (улардан ўч олма). Одамлар сендан тортинмаслиги учун кечиримли бўл.

 

4. Агар хизматкорларинг, дўстларинг, болаларинг, талабаларинг ёки хотининг бирон нарсада хатога, камчилликка йўл қўйсалар, уларга ортиқча таъна-дашном берма, улар билан юмшоқ муомалада бўл.

 

5. Кишилар олдидаги мажбуриятингни тўла-тўкис бажар ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини паймол қилма. Бирор кун келиб улар сенга таъна қилиб, “Нега сен ўшандай қилгандинг? Нима учун сен мана буни ёки уни қилмагандинг?” дейишмайдиган бўлсин.

 

6. Кўп кулишга ўрганма. Сенинг кулигинг чиройли табассумдан иборат бўлсин.

 

7. Заиф, ночор, муҳтож кишиларга, аёлларга ўз вақтида ёрдамчи бўлишга шошил, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун зарур бўлганида улар билан бирор ерга боришдан қочма, уларга бефарқ бўлма ва такаббурлик билан кеккайма.

 

8. Уйингдагиларга ёрдамчи бўл. Зарур бўлса, эчкию-сигирни соғиб, овқат пишириш билан бўлса ҳам оилангга ёрдам бер.

 

9. Кийимларингдан энг яхшиларини, тозаларини кийгин, айниқса намозга чиққанингда ва байрам тантаналарига борганингда шундай кийинишга ҳаракат қил.

 

10. Овқатларни саралаб ейишга ўринма ва ўрганма. Ерга ўтириб, нима берилса ўшани е-да, озгина емак билан қаноатлан.

 

11. Ўзинг меҳнат қил ва меҳнатда бошқаларга ёрдамчи бўл ва агар чуқур қазиш, қум тошиш каби ишлар бўлса ҳам ишдан, меҳнатдан қочма. Ана шундай меҳнат қилишдан хурсанд бўл ва манман бўлма, манманликка қарши кураш.

 

12. Сени кўп мақташларидан ёки жуда кўтариб юборишларидан қувонма, Яратган бандасига нимани насиб этган бўлса, ўша ўрин билан қаноатлан. Ўзинг ҳақингда сен ҳақиқатан нимага арзийдиган бўлсанг ўшанча ва бошқа сен биладиган кишилар ҳақида ҳам ҳақиқатан улар муносиб бўлганлари даражадагина сўзла.  

 

13. Қўпол бўлма ва ҳатто ҳазил шаклида ҳам номуносиб сўзлар сўзлама.

 

14. Одамларга ёмонлик қилма ва уларни дарғазаб сўзларинг билан хафа қилма.

 

15. Қардошларингнинг ҳеч бири билан қўпол ва ёмон муомалада бўлма.

 

16. Тилингга эҳтиёт бўл ва кишилар билан муомалада уларга ёқимли бўлишга ўрин.

 

17. Ҳазилни ҳам ҳаддидан ошириб юборма, ҳазиллашганингда ҳам ҳамиша тўғри сўзла.

 

18. Инсонлар ва ҳайвонларга шафқатли, меҳрибон бўл. Чунки Оллоҳ сенга меҳрибон ва раҳм-шафқатлидир. 

 

19. Ҳасисликдан сақлан, чунки хасислик Оллоҳга ҳам, одамларга ҳам ёқмайди.

 

20. Оллоҳга ибодат қилишинг, билимга еришишинг ва меҳнат қилишинг яхши ва бемалол бўлиши учун ухлашга ётишда ҳам, уйқудан туришда ҳам кечикма.

 

21. Масжидлардаги жамоа намозларига кеч қолма.

 

22. Ғазабланишдан ва унинг оқибатларидан ўзингни сақла. Ғазабланишга мажбур бўлганингда Оллоҳдан шайтоннинг шарридан нажот тила (яъни ауузу биллоҳи минаш шайтонир-ражиим, дегин.) 

 

23. Камгап бўл ва бўлар-бўлмас сўзларни гапираверма. Чунки сен ҳар бир сўзинг учун масъулдирсан.

 

24. Қуръони каримни маъносига тушуниб ўқи ва унинг маъноси ҳақида чуқур фикр юргиз. Шунингдек уни бошқалар ўқиётганида ҳам диққат билан тингла.

 

25. Хушбўй ҳидларни рад қилма ва уларни ҳамиша, айниқса намозга туриш олдидан қўллан.

 

26. Тишларингни доимо мисвок билан тозалаб тур. Бу ишни айниқса намоз олдидан бажар. Билгинки, бу ишинг жуда фойдалидир.

 

27. Мард ва жасур бўл, агар сенга зарарли бўлса ҳам тўғри ва ҳақиқатни сўзла.

 

28. Кишиларнинг маслаҳатларига қулоқ ос ва уларни рад қилма.

 

29. Барча ишларингда хотининг ва болаларингга нисбатан адолатли бўл.

 

30. Сени кишилар ранжитишсалар, уларга сабр қилиб, уларни ўтказиб юбор ва кечиримли бўлгинки, сени ҳам Оллоҳ афв этадиган бўлсин.

 

31. Ўзингга нимани истасанг, бошқаларга ҳам айни ўша нарсаларни иста.

 

32. Кишиларни учратганингда ва улар билан хайрлашаётганингда кўпроқ “Ассалому алайкум” дегин. Шунингдек бозорларда юрганингда ҳам кишилар билан саломлашишни унутма.

 

33. Саломлашганингда Пайғамбар (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) қандай саломлашган бўлсалар, сен ҳам Унингдек саломлаш, яъни “Ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ” сўзларини такрорлагин. Бироқ бу сўзлар ўрнида ”Хайрли тонг, Хайрли кун, Салом”  кабиларни қўлланма. Бундай сўзларни таниш-билишлар ва бошқалар билан саломлашиб бўлганингдан кейингина ишлатишинг мумкин.

 

34. Ўз ташқий кўринишингга ва кийимларингга диққатли бўл, доим тоза-табиат бўлишга эътибор қил.

 

35. Оллоҳнинг Расулига (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) итоатда бўл ва сочингни сариқ ёки қизил рангга бўёшинг мумкин. Аммо қора рангга бўёшдан сақлан.

 

36. Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам), “Сиздан кейин шундай кунлар келадики, у замон жуда кўп сабр қилиш лозим бўлади. Ўшанда ким агар сизлар бугун нимага амал қилаётган бўлсангиз ўшаларга амал қилсалар, сизлардан эллик кишининг мукофотига эга бўлади”. Одамлар эса, ”Ё Расулуллоҳ! Улар балки уларнинг ўзлари кабилардир” дедилар. У, “Йўқ, улар сизлар каби бўлсалар” дея жавоб мараҳамат этдилар” мазмунда келтирилган ҳадиси шарифида эслатилганлардан бири бўлиш учун Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) суннатига амал қил. (Бу ҳадисни Ибн Носир ўзининг “ас-Сунна” номли китобида келтиради. Ал-Албоний эса уни саҳиҳ деб атайди.)

 

37. Эй Оллоҳ, Сенинг Китобингга ва Расулинг Суннатига амал қилишимиз учун Ўзинг ёрдамчи бўл, бизга Расулингни ва унинг Саҳобасини севишни инъом эт, Унинг бизни шафоат қилишини насиб айла!

(Мадина устозларидан шайх Абу Бакр ал-Жазойирийнинг “ал-Илм ва ал-Улама” китобидан олинди.)

 

Hosted by uCoz