Яна сизларга нигоҳимизни қаратамиз ...

Ўзбекистоннинг давлат шаклидаги бугунги аҳволи, у ердаги сиёсий тузимнинг мустабидлиги, нуфуснинг аянчли яшаш тарзи ҳақида керагидан кўп марта ёзилди, ёзилаяпти ва ёзилади шекилли. Шу сабаб Ватан ҳақида, бизнинг миллатимиз ҳақида, Ватаннинг келажак тақдири ҳақида ўйга толаркансан, ҳозиргача айтилганларни, ёзилганларни такрорламаслик мумкин эмасдек туюлади кишига. Шунинг учун менинг қуйида айтмоқчи бўлган фикрларда ҳам такрорлашлар учраши мумкиндир. Азиз ўқувчи агар шундай бўлса, мени бағишларсиз деб умид қиламан.

 

Мен муҳожирлик саргардонлигида бир неча мамлакатларда яшадим. У мамлакатлар даги ҳаёт шароити, сиёсий тузим, аҳолининг сиёсий ва ижтимоий турмуши билан танишиш имконига эга бўлдим. Уларнинг ичида Руссия, Украина ва Туркия каби дунё миқёсида нисбатан камбағал мамлакатларда йиллаб яшадим. Бироқ мен кўрган мамлакатларнинг ҳеч бирида кишиларнинг биздагидек ишлашларини кузатмадим. Шу билан бирга биздаги каби иш ҳақига бунча кам ҳақ тўланишларини ҳам кўрмадим. Нега бундай, нега бизнинг одамларимиз ўлардай  ишлайдилар, аммо иш ҳақи олмайди ёки ололмайдилар ...??? Фақат ололмайдилар эмас, иш ҳақини талаб ҳам қилиша олмайди лар. Ўз ҳақ ҳуқуқини қўрий олмайдлар ... Бу нимаси? Одамизот фақат қўлида совуқ қуроли бор безори ҳужуми олдида ўзини заиф сезиши мумкин.

 

Азиз ватандош, менинг ва сизнинг халқимиз, миллатимиз эса, ўз уйида қурол билан ҳужум қилаётган безори ғазаби остида яшаётгандай яшамоқда. Унинг устига беқиёс  бойликларга соҳиб мамлакатда оч-юпун ҳолда қолмоқда. Бундай безориликдан, бу очлик, ғарибликдан қутилиш йўли борми? У қандай йўл? У йўлни ким излаши ва ким топиши керак? У йўлни излаш ва топиш борасида, ўзларимизни мухолифат ҳисоблаб юрганлар, яъни биз кекса авлод ўшандай йўлни излаган бўлдик, нималарнидир қилишга уриндик, баъзиларини бажаргандек ҳам бўлдик. Бироқ оқибат шу бўлдики, бугун ҳали ҳам ўша-ўша тешик тағора олдида ўтирибмиз десам, муболаға бўлмас деб  ўйлайман.

 

Агар ўша 1989 ва ундан кейинги бир неча йиллардаёқ, ҳатто ундан кейинги муҳожирлик даврида ҳам мухолифат бир сафга мустаҳкам жипслашиб ҳаракат қилганида эди, бундай жипсликдан миллат, жамият рухланган бўларди, мустабид тузимни агдаришга ишонч ортарди ва мутлақ шундай бўлиши мумкин эди. Минг афсуски, биз кекса ёки нисбатан кекса авлод бу ишларни амалга ошира олмадик. Энди эса, ҳамма умид етишган ва етишиб келишаётган ёшлар, сизларга қолмоқда.

 

Сиз ёшлар, бирлашсангиз, маҳаллийчиликка, манфаатпарастликка, ўзаро бекорчи жанжаллар ва даҳанаки жангларга ўрин бермасангиз, жуда муҳим ва катта ишларга қодир бўласиз, албатта юртнинг чинакамига озодлигига, халқнинг фаровонлигига эришасиз.

Кимматли ёшлар!  Сиз ҳақиқатан янги наслсиз, сиз келажагимиз меъмори бўлишингиз лозим. Сиз, мазлумликка мажбур ва маҳкум этилган тарихий улуғ бир халқнинг янги умиди бўлишингиз зарур. Биз кексалар замоннинг зайли билан чала коммунист, чала миллатчи, (Оллох бизни ислоҳ этсин) чала мусулмон бўлиб ўсдик ва шундайлигимизча қолдик, қоламиз шекилли. Сиз эса, миллатчилик ва маҳаллийчиликдан узоқ, тоза ва соф муслим инсон бўлиб, янги давр, янги замон кишилари бўлинг! Ватан, сиздан қоронғи тунларининг машъали бўлишингизни кутади. Ватан умидини оқлаш учун сизда фурсат бор қадрли ёшлар, уни қўлдан чиқариб қўймассиз деб ишонамиз.

Азиз ёшлар, шу муносабат билан бир қатор насиҳатомус сўзларни ҳам келтиришни лозим ҳисобладим.

Қадрли ёш дўстларим виждонли бўилинглар. Шарқ ва Ислом олимларининг таърифига кўра, Виждон-бу инсон табиатига, тирик мавжудот табиатига сингдирилган, жойлаштирилган нур, жамият ривожланиши даврлари эса, бу илоҳий нурдан баъзи бир занглар-у, чангларни олиб ташлаб, уни ярқиратади, тозалайди, холос. Жамият тубан кетса, бунинг акси бўлиб, виждонсизлик, қабоҳат юз беради. Бизнинг мамлакатимиздаги бугунги жамият айнан мана шу фикрни яққол исботлаб турибди. Сизнинг жамиятингиз доим виждонларни тозалаб, ярқиратиб турадиган бўлсин.

  Туркиялик ёзувчи ва журналист Илхан Ёрдимчининг 1990 йили босмадан чиққан “Сен кимсан қардошим?” номли рисоласида  ёшларга қарата айтилган жуда чиройли хитобини сиз қадрли ёшларга тавсия қилишни ҳам фойдалидир деб ҳисобладим. “Сен кимсан қардошим?” номли китобчанинг тўла ўзбекча таржимаси билан

 < http://samarkanduz.narod.ru > саҳифасида танишиш мумкин. Мана ўша ибратли хитобнинг ўзи:

 “БИЗ элакдан ўтган ун, СЕН ҳали бoшoқсан! ...

 БИЗ Oнадўли  далаларида эсган шамoл, СЕН тoмлар устида ҳилпираган байрoқсан! ...

Биз нури сўнган намозшoм, СЕН қизарган ва шавқи кўкларни қамраган Шафақсан

СЕН, ҳаяжoн мармаридан юнила, юнила шакланган асаримизсан; БИЗдан бир парча, биздан бир из. … СЕНи бир туркман гилами сингари кўз oлувчи гуллар сoлиб безатдик (билмадим биз ёшларимизни шундай безата олдикми? – таржимон), гунoҳимиз билан oлдингга тушган маюс юзлар, нафрат ила қиличлашган кўримсиз  юзлар бизнинг асаримиз. … СЕНинг юксаклигинг ғуруримиз, паришoнлигинг уятимизлир. …

 Яқин тарихгача сиёсий ва маданий яраларнинг алами билан ўз ҳoлига ташлаб қўйилган наслимизни, ўзига қайтаришнинг  чoраларини тoпа oлмаймиз. … Уларни бир тoғ шамoли сингари ўз бoшига ташлаб қўйгандан кўра, бир ютум нафас каби шакл oлганича ичимизда қамаб турганимиз, янада уйғундир. … Ёшлик, бизнинг абадиятга қадар давoм этажак умидимиз ва ишoнчимиздир. … Уларга ибрат ва ўлчoв биз бўлишимиз кераклигидан уларнинг эртага камчиликларидан хафа бўлиш, ачиқланиш ўрнига, аввал ўзимизни бир тартибга келтиришимиз керак бўлмoқда. … Эртага улардан ҳисoб сўраганда юзимиз қизармаслиги учун, аввал биз виждoнимизга сoлиб, ўзимизни бир сўрoққа тутиб кўришимиз лoзимдир. … Бугун биз дўстларча қўл сиқишайликки, эртага улар қардoшларча қучoқлаша oлсинлар. … Уларга Ҳақиқатан  ҳурмат ва қиммат берайликки, келажакда бизнинг қўлимизни ўпишда тoртинмасинлар. … Ватан oташи ила пишмаган юраклардаги ҳуррият;  занжирланган асoратлардан яна ваҳимали  натижалар келиб чиқиши мумкин. … Уларни Муқаддас вазифа  ҳаяжoни ичида  бағримизга бoсишимиз, улар билан жиддий ишлашимиз, уларни шакллантиришимиз, иймoн асoсларини кўпрoқ ўргатишимиз керакдир. … Миллий ва маънавий қадриятлардан ўзoқлашган бир наслда фидoкoрлик ўрнида  сoтқинлик, хoинлик туйгулари кўпрoқ кўринади. Баданларни чиниқтириб, руҳларнинг заиф қoлиши, кўршапалаклар сингари ўз - ўзимизни ва келажагимизни қoрoнғиликка маҳқум этиш бўлади. …

 Бугун БИЗНИНГ ёшлар билан ишлашдаги энг муҳим масала, уларга билим бериш, яъни МИЛЛИЙ ТАЪЛИМ масаласидир. … Сoғлoм бир тилга бoғланган шуурли ва ишoнчли бир таълим тушунчаси Ҳақиқий бир шаклда йўлга Қўйилиши вoз кечиб бўлмас муҳим заруратдир. Акс ҳoлда Ғарб мафтуни, тақлидчи ва маймун иштаҳали ёшлик, келажакнинг янгидан буюк Туркиясини майдoнга чиқара oлмайди, буни сен биласанми, қардoшим? …

Қадрли қардошим, ўқувчим, сен ... “Ҳақ билан олишганнинг ўзи йиқилади. … Бировнинг айбини излаган, ўз айбини очади. ... Ўз райига мағрур бўлган Ҳақдан топади. …Бировга қарши ғурурланганнинг ўзи xўрланади…. Истиҳола қилган пушаймон бўлмайди. Уламо мажлисида қатнашишни давом қилган юксалар. … Бировга қазиган қудуққа, ўзи йиқилади. … Гуноҳингга тавба қил. Камбағаллик ва тасаввуф  Ҳақиқатан, жиддий тўғриликдир. … Бунга ёлғон ва хийла ёпишмайди, ярашмайди. ...

 Жоҳиллар ёнида бўлган Ҳақоратга қолади. …

Оз сўзлаган, яxши оқибатини топади. … 

Ёлғон танилса ҳам тасдиқ бўлмайди. …

Вафосиз, ақлсиз ҳамдир. Тўғри бўлмаганнинг мурувати йўқ. 

Рабби йўқнинг илми чаладир, йўқдир.

Ҳаёсизнинг карами йўқдир.

Тавфиқи йўқнинг тавбаси йўқ.

Илмдан фойдалироқ бирор xазина йўқ. 

Адабдан юксак шараф йўқ.

Ақлингдан ҳам софроқ дўстинг йўқдир.

Ўлимдан аччиқ залолат йўқ.

Ёмонликларни тарк этишдан ҳам фойдали карам йўқ.

Қарздан ҳам оғирлироқ юк йўқдир.

Сукутдан оғирлироқ ибодат ҳам йўқ. 

Ёлғондан ёмонроқ ёмонлик ҳам йўқдир.

Аxлоқнинг энг ёмони кибрдир.

Жоҳилликдан ҳам зарарлироқ камбағаллик йўқдир.

Тамадан ҳам пастроқ зиллат йўқ.

Ҳасисликдан ҳам ифлосироқ айб йўқдир.

Қаноатдан ҳам кенгроқ бойлик ҳам йўқ. …

Ўғлим: Мен бутун таъмларни тотдим. Соғлик ва саломатликдан ҳам ширинироқ бир нарса топмадим.

Аччиқларни синадим. Бироқ эҳтиёждан, муҳтожликдан ҳам аччиқ бир нарса топа олмадим.

Тош тошидим, темир тошидим, қарздан оғир бирор нарса тополмадим. ...”,

каби васиятлар ила жуда кўп нарсалар сўзлашни, ўргатишни истаган Абу Бакир-и Сиддиқнинг авлоди Шайх Шоҳобаддин Суҳраверди сингари олимларнинг, Муршидларнинг, Кўнгул султонларининг, устоз-ўқитувчиларнинг, дил аҳли, илм аҳли инсонларнинг ва Қуёшга парвона бўлган қанчалар бошқаларининг васиятларини, огоҳларини, насиҳатларини сира унутма. ...

 

“Кирмаса бир миллатга айрилиқ, душман киролмас,

 Тўпланиб урса юраклар, уни тўп синдиролмас! ...”

дея ҳайқирган иймон шоири Маҳмуд Оқиф Арсой бирликни, иттифоқни на қадар чиройли ифодалагандир.

 

Бугун ҳар ким ўзича айриликлардан, бирликсизликдан шикоятчи, ҳар ким жамоатнинг  шуурудан маҳрумликдан келаётган хасталикдан дард чекаётир, ҳамма бирлик ва баробарлик принсипини илгари сурмоқда, афсус натижа яна айрилиқларга келиб тақалмоқда ...”

 

Қаранг! Туркиялик ёзувчи Илхон Ёрдамчининг бу кейинги жумлалари бизнинг, Ўзбекистонликларнинг бугуни билан қанчалар оҳангдош. 

Қадрли ватандош, азиз ёшларимиз, Ўзбекистон аталмиш севикли Ватанимизда  қақшаткич исканжада қолаётган меҳрибон, муштипар оналаримиз, ҳурматли ва қадрли оталаримиз, ҳатто номусу-иффати ҳам таҳликада қолаётган жонажон сингилларимиз ва опаларимиз шану-шарафи учун, уларга тинч, асойишта, одамшаванда ҳаёт яратиш йўлида  келинг, бутун кучимизни, имконларимизни, ҳаракатимизу-ғайратимизни бирлаштирайлик! Амал ва мансаб учун, дунё-бойлик орқасидан қувиш ниятида эмас, балки Ватаннинг чинакамига озодлиги, унинг нуфуси фаровонлиги, мамлакатимизда адолатли тузум вужудга келтириш йўлида самарали вазифалар бажариш учун курашга биргалашиб киришайлик!

Азиз ёшлар, Ўзбекистон фуқаросининг бутун умиди сизнинг фидокорлигингиз, уддабуронлигингиз, ишбилармонлигингиз ва ватанпарварлигингизга қаратилган. Сиз Ватанимиз умидини оқлайсиз, мен бунга ишонаман! Алибой Йўляшиев, 16.08.07.

 

Hosted by uCoz