Миллатнинг зиндонда қолаётган руҳи - ЮСУФ ЖУМА

piketbuxoro11

Дунё султонлари берса ҳам фармон

Тўкилган бир тукинг қайтиб келмайди.

Ҳатто буюрса ҳам етти қат осмон

Ўтган кузинг ели қайта елмайди.

Шу боис қалбимга тасбехдир ухим,

Ўтган баҳоримни уйлайман пургам.

Чўккан қабр каби чўккандир руҳим,

Кўтара олмайди ҳатто баҳор ҳам

XXX

Бу юртнинг қирлари ўзгарган бўстон

Бу юртнинг боғлари баҳордан обод.

Булутлар бошидан сочади маржон

Гуллари боғлаган буйлардан қанот.

Ҳаттоки тошлари топибди сайқал

Сангларга гиёҳлар зийнатдир, алҳақ.

Бу юртда ҳамма нарса ўзгарган гўзал

Афсус, ўзгармаган халқи—жоҳил халқ.

XXX

Урмон-урмон чинорларим синдирилди

Осмон-осмон юлдузларим сундирилди.

Ёлғиз қолдим золимпарвар бу тупроқда

Жоҳил қавм балоларга кўндирилди.

Минг бир бошли аждар ўлгач отдан тушса

Минг бир бошли бошқа аждар миндирилди.

Ов этдилар лашкар-лашкар шерларимни

Тоғдек бошлар кундаларга қўндирилди.

Юсуф қолди осмон-осмон тутун билан

Осмон-осмон юлдузларим сундирилди.

XXX

Тоғларнинг ортидан чиқади қуёш

Ботса ҳам тоғларнинг ортига ботар.

Шу боис яшарлар кўкларга йўлдош

Ҳар бир чўққисида бир осмон ётар.

Тоғларнинг ортида офтоб бор, рахшон,

Менда ҳам бўлсайди кундайин элим.

Мен ҳам тоғ бўлардим бўлмасдим талқон

Шаксиз бир бўларди кўк билан йўлим.

XXX

Висол тамон тану дил, жону жаҳон талпинар

Оламни томир қилиб томирда қон талпинар.

Соғинчинг оловида олов оқими бўлиб,

Ҳар бири Жайхун бўлиб, бор устихон талпинар.

Талпинишга арзийди дунёда битта висол,

Ёраб, ларзага келиб еру осмон талпинар.

Тупроқ бўлса тупроғингга талпинади Юсуфинг,

Кўҳна қабри — гуруллаган оташ уммон талпинар.

XXX

Ғалати навниҳолсан,

Нозиксан мисли хома.

Сен ҳам қордек оқ олма

Ҳам қондек қизил олма.

Ёноғингга қараган

Бармоғин тишлаб қолган.

Ажаб, нозик ниҳолча

Қордек оқ олма солган.

Дудоғингга қараган

Ҳайрат оламин олган.

Ажаб, нозик ниҳолча

Қип-қизил олма солган.

Ғалати навниҳолсан,

Нозиксан мисли хома.

Сен ҳам қордек оқ олма

Ҳам қондек қизил олма.

 

Hosted by uCoz