МЕН ТУҒИЛГАН ҚИШЛОҚДАН МАККА-И МУКАРРАМАГАЧА.

 

 

                     2007, БЕРГЕН, НОРВЕГИЯ

 

 

 

 

 

Биринчи бўлим.

Шахсий хаётимга оид хикоялар.

Кириш

Мен туғилиб ўсган жойлар ҳақида қисқача тарихий ва жуғрофик маълумотлар.

Ўзбекистоннинг бугунги жуғрофик тузилишига кўра, Жиззак вилоятининг Ғаллаорол тумани (райони), Самарқанд вилоятининг Булунғур, Жамбой ва Пайариқ  туманлари ҳудудини ушлаштириб турган Ғубдун тоғи бор. Шу тоғнинг шарқий-ғарбий тарафида,  Ғаллаорол районига қарашли “Ғаллаорол-2” (шу замонда у ерлар "Эшонқулов номли совхоз", деб юритилади) номли хўжалигининг 4-бўлимида “Катта қишлоқ” номи билан юритиладиган бир қишлоқ бўларди. Бу қишлоқнинг ғарб тарафида ”Давул”, Нақраж номли, шарқий тарафида Тушбулоқ, Қўрғончол ва Солин (Қипчоқ сув ҳам деб аташади. Айниқса советлар замонида “Қипчоқ  сув” номи машҳур бўлди.) номли қишлоқлар жойлашгандир.

 

Катта қишлоқнинг Ғубдун тоғи қисмида ичимлиги жуда яхши, ширин сувли бир неча кичик-кичик булоқлари бўлиб, март-июн ойлари давоми да уларнинг анчагина суви бўлади. Уларнинг сувларидан бир мунча суғориш ишларида фойдаланса бўлади.  Бироқ август ойларига бориб булоқларнинг суви жуда камайиб кетади. Яъни куз ва қиш ойларида у булоқларнинг суви ўша атрофда яшовчиларнинг ичиши ва молларини суғоришга аранг етадиган бўлиб қолади. Ўша булоқлардан бири, мен таърифини келтираётган қишлоқнинг ҳозирги жойлашишига кўра, унинг ўр тасида бўлиб, суви ниҳоятда ширин, ёз ойларида жуда ҳам салқиндир. Аммо йилнинг август ойларига келиб бу булоқнинг суви тамоман тўхтаб қолади. Март ойидан бошлаб эса, сув янгидан чиқа бошлайди.

 

Қишлоқнинг “Катта қишлоқ” деб аталиши ҳам ўз тарихига эга. Бир замонлар, яъни советлар замонидан бир мунча вақт илгари ўша атрофдаги қишлоқлар ичида бу қишлоқ ҳақиқатан ҳар тарафлама катта бўлган экан. Менинг боболарим ўзларига яраша бадавлат кишилар бўлиб, ўша жойдаги қишлоқларнинг энг каттасида яшаганлар. Улар, чорвачилик (асосан ушоқ моллар- қўй ва эчкичилик), деҳқончилик (ғаллакорлик) билан шуғулланишганлар. Галлаорол, Булунғур, Жамбой, Пайариқ, Иштихон, Самарқанд, Пенжакент бозорларида ва бошқа ўша атрофлардаги катта-кичик бозорларда ғалла, ғалла маҳсулотлари, чорва ва чорва маҳсулотлари савдоси билан ҳам шуғулланиб, ўша жойларда улар анчагина молу-мулкларга эга бўлишганлар. Советлар даврида ҳеч қандай асосиз у молу-мулклар давлат ҳисобига ўтказиб юборилган.

 

Менинг отам ва унинг қариндошлари советлар даврига келиб нисбатан камбағаллашиб қолишган бўлсаларда, буларнинг ҳам ўтироқ жойлари даги молу-мулклари мусадора қилиниб, ўзлари қулоқ синфи сифатида жазога тортилганлар. Бу воқеалар кейинроқ батафсил баён қилинади.

 

Мен, отам ва унинг қариндошлари бир тарафдан ўзларича бир мунча камбағаллашган, бошқа тарафдан эса, советларнинг таловчилик сиёсатидан жабрланганларидан кейин янада иқтисодий заифлашиб қолишган замонда, ўша Катта қишлоқда дунёга келдим.

 

1. Мен тугилган сана.

Менинг болалигим ва ёшлигим кечган томонларда, мен дунёга келган замонлар болаларнинг туғилиш вақти ҳақида ҳужжат олиш ҳали урф бўлмаганди. Кишилар, туғилиб улғайган у ерларда ўз ёшларини ва бошқа баъзи тарихий воқеаларни мучал тақвими ёрдамида ҳисоблаб юришар ди. Шунинг учун мен туғилган кун (число) аниқ эмас. Аммо туғилган йилим аниқдир, яъни мен мучал ҳисобида  Паланг йили, 1938 йилда туғилганман. Қизиғи шундаки, 1938 йил январдан 21-мартгача туғилганлар мучал тақвимига кўра, Паланг йили ҳисобланмайди. Мен туғилган кун учун аҳамиятли бўлган йил бошининг мана шу нозик жойини батафсиллироқ ифодалайман. Паланг йили туғилганим аниқ бўлгани билан бирга, мен 1938 йили бошида ўтказиладиган сумалаклар пишириш, йил оши бериш каби маросимлар ўтказилганидан кейин дунёга келганим ҳам аниқ. Чунки раҳматли онам менга "Паланг йили марқаси ҳисобланасан, сен туғилганда сўфи аканинг ўриклари давчалаб қолганди" (Амаки ларимнинг бирининг лақаби сўфи эди. У кишини янгалари шундай аташардилар. Бироқ ўзининг исломий билими бор бўлган муслим кишиси эди), деб жуда кўп марта сўзлаган эдилар. Бу нима, демак? Йилнинг бош уч ойи (масалан, мартнинг 21-дан июннинг 21-га қадар) давомида туғилган болалар биз томонларда "марқа"(яъни йил бошида ва биринчи яримида дунёга келган маъносида), деб юритилади. Демак, мен март, апрел ё май ойида туғилганман. Март тўғри келмайди. Чунки мен Паланг йилининг март ойи қисмида туғилган бўлсайдим, менинг туғилган кунимга, йил бошида ўтказиладиган қатор маросимлар, "сумалак пишган кун, йил оши берилган кун" ёки ўша кунлардан кейин каби қўшимчалар тиркалган бўларди. Ўрик ҳам бизда, яъни мен туғилиб ўсган жойларда анча кеч гуллайди. У яна давчалган бўлса, сўзсиз бу вақт март дан сўнг бўлади. Энди майни олсак, унда кеч бўлади, у замон "ўрик давчалаш" эмас, давча сарғая бошлаган ёки давча пишган бўларди. Шунинг учун мен апрелда туғилган бўлишим керак. Бу вақт кўпроқ ойнинг ўртаси ёки ўни ва йигирмаси оралари бўлиши мумкин. Шулардан келиб чиқиб, мен туғилишимни ўзимча апрелнинг ўнинчисида, деб белгилаганман. Аллоҳ Ўзи ислоҳ этсин.

 

Мен ўзим, ўз туғилишим ҳақидаги маълумот билан 1954 йили танишдим. Чунки 1954 йилда етти йиллик мактабни битириб, Самарқандга ўқиш га бориш сабаби билан менга ҳужжатлар тўплаш зарур бўлди. Жумладан, туғилганим ҳақида гувоҳнома лозим эди. Бунинг учун эса, бир қатор ишларни бажармоқ керак бўлганди. У замонлар, аввал Қишлоқ советидан туғилганлик ҳақида маълумотнома, ундан сўнгра район марказига бориб медитсина комиссиясида уни тасдиқлатиб, уларнинг қарорларига мувофиқ РайЗАГС дан тугилганлик ҳақида гувоҳнома олинар экан.

 

Унча ҳам қулай ва енгил бўлмаган бу қатор ишларни мен бажардим, албатта. Аммо қишлоқ совети менга 1936 йилда туғилгансан, деган маълу мотнома берди. Бу жуда нотўғри эди. Чунки бирданига икки ёш фарқ бўлаётганди. Билмадим, улар бу маълумотни қаердан олишганди. Аҳоли ҳақида маълумотлар талаб қилинган Юқоридан туширилган бирор кўрсатмага жавоб шаклида ўзларича ҳаводан олиб ёзиб қўяверишган бўлсалар керак. Ўша справка (маълумотнома) билан районга медкомиссияга бордим. Комиссияда туғилган йилим 1936 - лиги нотўғрилигини сўзладим. У комиссияда ўтирганлар, кишиларнинг ёшларини аниқлайдиган билим ва илмдан узоқ одамлар бўлсалар керак. Шунинг учун улар менинг шикоятимга кўра, ёшимни фақат бир йилга пастлатиб, 1937 йил 4 - февралда туғилгансан, деб справка беришди. Билмадим 4-феврални қаердан олишдилар?  Агар мен индамай, ёшимнинг улуғлиги ҳақида шикоят қилмаганимда эди, ўша 1936-ни кўрсатиб юбораверишарди. Чунки уларнинг иши мижозларнинг ёшини аниқлаш эмас, фақат қоғоз тўлдиришдан иборат эди, шекилли. Бўлмаса, қаранг, улар  4-феврални қаердан олишди?  Шу сабаб бўлиб кўп вақт мен ўз ёшимдан бир йилга улуғ бўлиб яшадим. Лекин ўзим ҳеч маҳал расмий ҳужжатимни тан олмасдим. Ҳатто 1987 йили дўстлар 50-га кирдинг, деб табрик қилишганда, уларнинг табригини қабул қилмагандим. Болаларим узоқ вақтлар давомида, совет даврида қоидага кирган одатга кўра мени 4-феврал куни табрик этишиб келдилар. Бу ҳолга мен унча эътибор ҳам бермасдим. Аслида туғилган кунни нишонлаш ҳам руслардан келган одат бўлганидан унга мен салбий муносабатда эдим.

 

Оқибат, Норвегияга муҳожир бўлиб келганимда туғилган вақтимни ҳақиқатга яқин этиб тўғрилаб олдим. Энди мен ҳужжат бўйича ҳам 1938 йил 10 апрелда туғилган ҳисобланаман. Юқорида ҳам таъкидладим. Мен ҳатто 20-апрелга қадар туғилган эканлигимга кўпроқ ишонч ҳосил қилганман. Ҳар ҳолда кун (число)да хато бўлса бордир. Аммо энди туғилган йилда хато йўқ, ой ҳам тўғрими, деб ўйлайман. Туғилган ойим ҳам апрел ёки майнинг боши бўлиши жуда эҳтимолга яқин.

 

Инсон ўз гўдаклик даврини билмайди. Болалик давридан ҳам эсдаликлар жуда оз ёдда сақланади. Одатда гўдаклик ва болалик даврини киши ота-онаси ҳикоялари асосида шакллантирган бўлиб, ана ўшалар асосида эслайди. Шунинг учун мен ҳам гўдаклигим ва болалигим ҳақида баъзи эшитган ҳолларни, ҳикояларни ёзишга уринаман.

 

2. Гўдаклик ва болалигим.

Онам раҳматлининг сўзлашига кўра, мен жуда юввош, унча-мунчага йиғлайвермайдиган чақалоқ, гўдак бўлганмишман. Онам раҳматли айтиши ча, бир сафар, энди девор суяниб юра оладиган бўлганимда уй девори бўйлаб докчага бориб у ерда осилиб турган латтани тортиб юборганмиш ман. У латтага қатиқ увитиладиган кади ураб қўйилган бўлиб, қатиқ устимга ағдарилиб кетибди. Мен эса, ўзимни "гуноҳкор" ҳисоблаб, шунда ҳам йиғламаганмишман. Ҳар ҳолда қатиқ бўлгани учун совуб қолгандир. Сут ҳали иссиқлигича бўлганида йиғламаслик мумкин бўлмасди. Билмадим, гўдакликдаги бу хусусият нимани билдиради? Бу салбийлик белгисими ё ижобийлик? Масалан, акам, акаларимдан бири жуда ҳам йиғлоқи чақалоқ бўлган. Уни доим кўкнори бериб, "маст" этиб ухлатар эканлар. Аммо Аллоҳга шукр акам кўкнори у ёқда турсин, чекувчи ҳам бўлмадилар.

 

Тахминан уч ёшлигимда бўлган бир воқеани оз-оз хотирлайман. Аммо у воқеа ҳақиқатан эсимда қолганми ёки кейинги вақтларда кишилар ўша воқеани такрорлайвериши натижасида менинг хотирамга ўрнашиб олганми, ажратиш қийин. Менимча ўз хотирамда сақлангандай туюлади. Ўша замондаги уйлар, яъни иморатлар, кишиларнинг қаергадир югуриб кетишаётганлари жуда аниқ хотирамда сақланган.

 

Воқеа менинг катта акам (Менинг учта акам бўлиб, уларнинг исмлари: Жўрабой, Карим ва Раҳимдир. Битта укам бор, унинг исми Омондир), яъни Карим акамдан улуғ акамнинг Совет - Филландия урушидан қайтиши билан боғли бўлган. Акамнинг исми Жўрабой аталарди.

 

Бу воқеа 1940 йилнинг охири ёки 1941 йилнинг бошида бўлган бўлса керак. Чунки онам раҳматли, акамнинг урушдан келиб, яна қайтиб янги урушга кетишини "олти ой ёки саккиз ойми ўтиб, болам бечора яна душман қўлига тушди", деб хотирларди. Янги уруш, немис-совет уруши 1941 йил июнда бошланган. Акам эса, бу уруш бошланмасидан аввал совет-фин урушидан қайтиб келган бўлган. Акс ҳолда уруш кетаётганда уйга қайтишнинг иложи йўқ эди. Демак, мен кўпи билан уч ёшар бола бўлганман.

 

Ана шунда кишилар Жўрабой акамни кутиб олишга югуриб кетишган бўлганлар. Мен эса, яна бир манзарани эслайман, яъни мени ҳарбий кийимли киши қўлига олгани ҳам эсимда қолган. Аммо Жўрабой акамнинг юз кўринишларини ҳеч хотирлай олмайман. Гўдаклик эсдаликлари шулардир, холос.

 

Болалик давридан ҳам баъзи хотираларни эслайман. Улардан бири отам раҳматли билан боғли бир эсдаликдир.

 

Тахминан 1951 йил бўлса керак. Чунки раҳматли отам 1952 йили вафот этганлар. Шундай қилиб, бир кун отам уйимиз олдида, ташқарида нима дир қилаётганди. Менимча оёқ кийимларини тамирлаётгандилар. Мен эса, отам атрофида ивирланиб юрардим. Бир вақт, негадир қўлимдаги нарсани улоқтирдим. Хотирамда йўқ, нима эди у нарса. Оташ куракмиди, иш қилиб бир нарса эди. У мен отган нарса отамнинг нақ кўзининг ёнидан ўтиб кетса бўладими? Хатто у нарса отамга тегиб кетишига жуда, жуда оз қолди. Борди ю, отамга у нарса тегиб кетгудай бўлсайди, у-ҳу, Аллоҳ кўрсатмасин! У ҳолда бирон фалокат бўлиши аниқ эди. Ана ўшанда отам раҳматли мени жуда қаттиқ койидилар, лекин урмадилар. Аммо уруши ҳам мумкин эди. Аллоҳ кўнглига раҳм солди, урмади. Раҳматлининг жаҳли қаттиқ ва жуда тез жаҳли чиқар эдилар. Шапалоқлари ҳам жуда зўр ва аччиқ эди. Раҳматлининг шапалоқларидан ҳам хабарим бор. Ростини айтганда, биз болалигимизда отам раҳматлининг жаҳлидан қўрқардик. Аммо ҳеч қачон отадан норози бўлиш хаёлимизга ҳам келмасди. Ота шундай бўлиши керак, деб қабул қилинарди, бошқача  бўлиши ҳақида хаёл ҳам қилмасдик. Отанинг шапалоғини қабул қиларканмиз, ўзимизни гуноҳкор ҳисоблаб, жазомизни олдик, деб кетаверардик. Қолаверса, бизни "Отанинг шапалоғи теккан бадан жаҳаннамда куймайди", нақлига мос тарбиялашардилар. Бу нақл ҳеч мулоҳазасиз, қонун сифа тида одамлар орасида мавжуд эди. Шунинг учун мен буюганимда, университетда талабалик даврларимда, ҳатто иш жойимда ҳам баъзиларнинг оталаридан шапалоқ еганларини гапириб, уларнинг, "ҳеч  ёдимдан, чиқмайди, отам мени ундай урганди, бундай урганди", дейишларини ёқтир масдим. Мен ҳар доим, "қизиқ, отанинг тарбиявий жазосига ҳам киши хафа бўладими, уни ёдда сақлаб юрадиларми", деб ҳайрон бўлардим.

 

Менимча, ҳеч ота-она боласини, унинг одобли, яхши қилиғи учун жазоламайди. Ҳар бир ота-она боласини "яхши одам бўл, болам", дейди. Унинг яхши қилиқларидан хурсанд бўлади. Ёмон хусусиятларидан хафа бўлади, ташвишланади. Ҳатто машҳур ўғрилар ўз болаларини ўғри бўлишга ўргатмайди ва ундамайдилар.

 

Тақдирнинг тоқозаси билан, мен 1998 йил ноябрнинг учинчисидан декабрнинг еттинчисига қадар Руссия турмасида ўтирдим. Ўша ерда менинг хонадошларим (камерадошларим) асосан ўғрилар эди. Уларнинг ичида ўғриларнинг кичиги ҳам, буюги ҳам бор эди. Мен уларга, "Фарзанд ларинг ишларингни давом этказишини истайсиларми?", деб савол берганимда, улар, "йўқ, старик ( улар мени "старик- ўзбекчаси қария", дейишарди), инсон зоти боласига ёмон йўлни истамайди. Бизнинг ишимиз, чиндан ёмон, одобсиз, нотўғри тирикчилик. Нима қиламиз, ҳаёт, тақдир экан, биз нонимизни ўғирликдан топамиз. Аммо боламизга буни, бу ҳаётни, бизнинг турмушимизни ҳеч замон раво кўрмаймиз", деб  чин кўнгулдан эзилиб жавоб қилишгандилар. Демак, кўраяпсизми, ҳеч ким боласини ёмон қилиқ қил, деб койимас экан. Шунинг учун ота-она койишларини, тарбиявий жазоларини хотирлаб юриш одоб чегарасига кирмайди.

 

Яна бир гап. Хотирамда жуда яхши сақланган, каттамиз кичигимизни қандай хафа қилса ҳам, биз ҳеч вақт отамизга бир-биримиз ҳақида шикоят қилмасдик. Буни бизга ҳеч ким ўргатмаганди. Балки бу қишлоқдаги умумий тартиб бўлгандир.

 

Болалик давридан яна икки ҳолни яхши хотирлайман. Бири, 4-синфдалигимда, қиш ойлари, яъни 1950 йил декабри ёки 1951 йил январининг бошлари бўлиши керак, содир бўлганди. Ўша замонлар биз яшайдиган қишлоғимиздан уч километрлар чамаси узоқдаги қишлоқда жойлашган мактабга ўқишга қатнардик. 4-синфда ўқирдик. Совуқ лар бошланиб қолган вақтлар эди, оёқ кийимимиз мутлақо йўқ ва уст кийимларимиз ҳам тайинли эмас. Шунинг учун совуқлар бошлангандан сўнг мактабга қатнамай қўйдик, яъни қатнай олмай қолгандик. Ўшанда мактаб ўқитувчимиз қишлоғимизга келиб, бизларнинг нега мактабга қатнамай қўйганимиз ҳақида ота-оналаримиз билан сўзлашди. Уларнинг ораларида қандай гапу-сўзлар бўлган биз болалар билолмадик. Иш қилиб, уларнинг сўзлашувлари натижасида, ялангоёқ бўлсак ҳам эртаси куни биз болалар мактабга бормоғимиз шарт бўлди. Чунки болаларнинг мактабга бориши, уларнинг ўқиши ҳам совет-партия ҳукуматининг муҳим сиёсати ҳисобланарди. Мактабдан бўйин тавлаш Совет ҳукумати сиёсатига "хиёнот" эди. Аммо қишда ялангоёқ, яланғоч 10-11 ёшли гўдакларнинг тўрт-беш километр йўлни ўтиши, уларни совуқ уриши, касалликка чалиниб қолиши, совет-партия ҳукумати сиёсатига кирмаган бўлса, эҳтимол. Сиёсатнинг ёшлар нинг ўқишини ташкил этиш тарафи ва талаби яхши, аммо инсонларнинг яшаш таъминоти ҳам аҳамиятли-ку, ахир.

 

Хуллас, ҳукумат сиёсатидан қўрқанларидан бўлса керак, биз эртаси кундан бошлаб "Осмондан тош ёғса ҳам" мактабга борадиган қарор қабул этилди. Эртаси куни, ҳаво совуқ, ерда бироз қор ҳам бор эди. Шунга қарамасдан биз уч-тўрт болалар яланг оёқ, устимизда эски латта-путталар билан бир амаллаб мактабга бордик. Айнан шу ҳолда уйга қайтдик, албатта. Бу ҳол совет-партия ҳукумати кўрсатмасини оғишмай амалга ошираётган мактаб ўқитувчимизга ҳам, ота-онамизга ҳам ўта аянчли бўлди шекилли, шу-шу ўша йили то кунлар исиб, бемалол яланг оёқ юравериш мумкин бўлганига қадар мактабга қатнашни бутунлай тўхтатдик.

 

Болалик йилларимдан хотирамда сақланган иккинчи воқеа, содир бўлган йилини эслай олмайман. Аммо унинг тафсилотларини жуда аниқ хотирлайман. Йилнинг август ёки сентябр ойлари бўлса керак. Чунки путалар, яъни тоғ ва унинг пастликларида ўсадиган тиканакли ўсимлик лар донлаб, қуруб қолганди. Бизнинг 4-5 та эчкимиз бўларди. Бир кун улар тоғга узоққа чиқиб кетишибди. Онам раҳматли эчкиларни қайтариб келишни менга буюрдилар. Балки ўша орада мендан бошқа ҳеч ким бўлмагандир. Мен эчкиларни қайтариб ҳайдаб келгунча ўша қуруқ тиканак ўсимликлар орасида роса қийналдим. Чунки устимда узун, бўйим бараварида бўз куйлак бўлиб, иштоним йўқ эди. Рўзғор иқтисодидан келиб чиқиб, бизга, ўғил болаларга ёзда иштон кийтиришмасдилар. Фақат авратни ёпиш ниятида куйлак узун бўларди. Ана шунда, эчкиларни қайта риб келиб онам раҳматлига роса йиғлаб берганимни хотирлайман. "Нима учун иштоним йўқ? Ҳамма жойимни тиканаклар тирнаб ташлади", деб йиғлагандим, ўшанда. Бундан кўринадики, ўқувчилар, ҳали XX асрнинг 50-йилларида одамлар нақадар ночор яшашганлар.

 

Яна бир воқеа хотирамга келди. 7-синфга мактабга боришимда, яъни 1953 йил сентябрида биринчи марта  мактабга латта туфли кийиб борган ман. Ўша замонларда жуда оддийгина тикилган латта туфлилар чиқа бошлаганди. У туфлини кийиб қанчалар шодланганимни, сўзлар билан ифо далаб бўлмайди.

 

Қаранг, тубанда келтиладиган бир воқеада менинг характеримдаги баъзи белгилар болалигимдаёқ бўлганлигини кўрсатади. Бугунги характерим белгиларига мос бу воқеа хронология бўйича юқорида сўзлаганларимдан бироз илгарироқ бўлиб ўтганди. Энди уруш тугаган вақтлар ёки уруш нинг сўнгги йиллари бўлиши ҳам мумкиндир. Демак, воқеа 1945 ё 1946 йилларда бўлиб ўтган бўлиши керак. Ҳар ҳолда вақт йилнинг апрел ойи ахири, майнинг биринчи ярими эди. Иш қилиб, бу вақт тутлар пишган эди. Яна шу нон танқислиги сабаб уйимизда эрталаб ва кечқурун емак бўлиб, у ҳам фақат жонивор сигир сутидан иборат эди. Сигир ҳам бизники эмасди. Уни отамнинг бир бадавлатироқ дўсти бизга ёрдамга, вақтинча соғиб ичишга бериб қўйганди. Тушликни эса, тут еб ўтказмоқ  лозим бўларди. Мана шунақа ўқувчилар, Маманазарбойдай бадавлат бир кишининг боласи, Йўляхшибой (бизнинг авлодимиз, совет давригача анчагина ўзига дўқ кишилар бўлишган, ҳатто бой яшашган десак ҳам бўлади) шундай ночор ҳолга тушиб қолганди. Бунинг ҳам сабаби совет тузуми ва совет ҳукумати қусурларида турарди. Бу ҳақда отам тўғрисида сўзлаганда тўлароқ ёзарман.

 

Шундай қилиб, бизга тушлик емак ўрнига ўтадиган тут қишлоғимиздан бирор километр паст тарафда, далада ўсарди. Бу ерни "Сафар булоқ", деб аташарди. Чунки бу ерда битта булоқ бор эди. Унинг суви жуда тотли бўлиб, ёзда ниҳоятда салқин бўларди. Аммо бу булоқ суви июлнинг охи ри, августнинг бошларига бориб, деярли қуриб қоларди. Ана шу булоқнинг суви оқар ерда боболаримиздан бири ўн бир туб тут ўтқазганлар экан. У тутларнинг ўнтаси пайванти, катта-катта оппоқ мева (тут) берарди. Аммо биттаси пайванти эмасди, яъни ўз вақтида пайвант олмай қолганди. У бир дона тутни бирор кимса пайвант қилайлик ёки бирор биладиганга пайвант қилдирайлик, дейишмасди. Қисқаси, тут емоқ учун, яъни тушлик қилмоқ учун ўша ерга бориш лозим бўларди. Тутни фақат тут дарахтлари устига чиқиб ейиларди. Ана шунақа навбатдаги тушликка кетишда, мен нимадандир аразлаб қолиб, тушликка бормайман, деб туриб олдим. Гўё бу менинг норозилигим ва "очлик" эълон қилишим эди. У замонлар бу очлик эълон қилишлигини билмасдикда, лекин тасодифан шундай чиқиб қолганди. Билмадим, бу "очлик"дан кимга фойда, кимга зарар бўлган? Ўжарлик, характер шундаки, Раҳим акам тут ейишга олиб кетишга қанчалик уринишига қарамасдан, тут ейишга бормадим ва кечки сутга қадар чидашга тўғри келди. Ўжарлик “рўзаси“ эди-да,  бу. Отам уйда йўқ эди, онам бечора жуда кўнгулчан инсонди. Шунинг учун мени тут ейишга боришга мажбур қилиша олишмадилар. Аммо бечора онам кўп эзилган бўлсалар керак, ўшанда. Мен каттагина одам бўлиб қолганимда ҳам онам раҳматли, "Сен энг юввошим бўлсангда (мен онам раҳматлининг энг юввоши бўлган эканман), сенда ҳам ўжарликдан бир анчаси бор, болам", деб ўша тут воқеасини баъзан эслаб турардилар.

 

Мен болалигимда ўз тенгқурларим ичида бироз гавдалироқ, жисмоний бақувватлироқ кўринардим. Шу сабабми, иш қилиб, мен қишлоқда ўз тенгқурларим ичида ўктамироқ эдим, яъни тенгқурларимдан таёқ емасдим. Аммо болалар, тенгқурларим билан жанжаллашганим, тепалашиб, бирор ерим яраланганини ҳам ҳеч хотирламайман.

 

Хуллас, болалигимдан эслаганларим шулардир. Балки яна бошқа қизиқарли эсдаликлар хотирага келиб қолса, улар ҳақида ҳам қўшимча ёзилар.

3. Отам ва онам ҳақида билганларим.  Отамнинг отаси, менинг катта отамнинг исми Маманазарбой аталган. У киши ҳақиқатан ўз атрофида ўзига тўқ, бой ҳисобланган. Бизнинг қишлоғимиз, яъни мен туғилган ер, юқорида таъкидланганидек, "Катта қишлоқ", деб юритилади. Қишлоқ нинг шарқий, куёш чиқар тарафида бизга энг яқин, "Тушбулоқ" қишлоғи жойлашган бўлиб, у ерда Маманазарбойнинг ва бошқа бизга яқин қарин дошларимизнинг хизматчилари (қуллари) ўтиришган. Ўша қишлоқ ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, у ерда айни замонда ҳам одамлар, яъни менинг бобомнинг қулларининг авлодлари истиқомат қилишади. Улар бугун қул деб юритилмайди. Оллоҳга шукрки, бизда ҳам қулдорчилик битказил ган.

 Отам даврига келиб, бобомнинг мулки бир мунча озайиб, отамларнинг бойлик даражалари пасайган бўлган. Унинг устига советлар замони бошланиб кетиб отамларни талашган, яъни бутун молу-мулкларини тортиб олишган.

Отамнинг учта укаси ва учта синглиси бўлиб, улар етти оғайни бўлишганлар. Отамнинг Норқўзи (бу кишини Онам раҳматли "Сўфи", дерди. Чунки ўзбекистон қишлоқларида аёллар эрларининг қариндошларига исми билан мурожаат қилишмайди. Шундан келиб чиқиб бизлар ҳам у кишини "сўфи ака" дердик, ҳатто бутун қишлоқ у кишига "сўфи", деб мурожаат қилишарди. Ҳақиқатан Сўфи аканинг бироз Қуръон саводи чиққанди. Шунинг учун "Сўфи" номига лойиқ бўлганди), Мардон, Назар исмли укалари ва Бибисора, Ўғилхон, Асал исмли сингиллари бор эди. Мен фақат Асал амам раҳматлини эслай олмайман. Чунки бу аммам мен гўдаклигимда вафот қилганлар. Отамнинг бошқа туғишганларини яхши билардим. Уларнинг барчалари мени яхши кўришардилар. Уларнинг барчасидан Аллоҳ рози бўлсин, жойларини жаннатда буюрган бўлсинлар, Амин!

Отам раҳматлининг саводи чиқмаганди. Фақат намоз қилмоқ учун зарур бўлган сура ва аятларни ёд билардилар, холос. Динга жуда эътиқоди баланд, чин муслим инсон эдилар, раҳматли. Диний билими бор кишиларга алоҳида ҳурмат билан қарардилар. Ўзбек оғзаки адабиётини ва уруғ чилик тарихини яхши билардилар. Ота-боболарининг узун-узун тарихларини, уларга оид қизиқарли воқеаларни хотирида сақларди. Отам раҳматли, жуда зукко, фикр-мулоҳазали, илмли, зиёли кишилар суҳбатида кўп қатнашган, эшитганларини хотирасида яхши сақлайдиган одам эдилар. Ўзбек халқ достони "Гўрўғли"дан қатор ҳикояларни, термаларни ёд билардилар. Баъзан қўлига дўмбирасини олиб (раҳматлининг бир кичикроқ дўмбираси ҳам бўларди. Дўмбира-дуторга ўхшаш, икки торли чалғу асбоби) бизга, яъни фарзандларига "Гўрўғли"дан парчалар хир гойи қилардилар. Баъзида бизни ўша хиргойилари ила ўз қучоғида ухлатиб қўярди. Аммо бизда отамнинг бу хусусияти такрорланмади.

Отам раҳматли жуда уруғ суруштурувчи одам эди. Уйимизга келган меҳмон нотаниш бўлса, салом-аликдан сўнг, меҳмондан уруғини суриш тирардилар. Бордию, меҳмон отамнинг уруғидан чиқиб қолса, у билан қайтадан қучоқлашиб кўришарди ва "э, буни қарая, жигарим экансан", деб меҳмоннинг елкасига секин-секин уриб қўярдилар.

Бизнинг томонларда "ориятчи", деган атама, тушунча бор. Масалан, ўзига қарашли қариндошларни, ошна - оғайниларни қўллайдиган, улар адресига бирор жойда ғийбат ва бошқа шу каби қилиқлар кўриб, эшитса унга дарҳол қарши жавоб қиладиган одамни биз тарафда "ориятчи", дейишади. Отам раҳматли жуда ориятчи одам эдилар.

Мен, бўйи-ақлим етилгандан сўнг, турмушда кўп одамларни кузатиб, отамда кўрган ва хотирамда сақланган хусусиятларни эслаб, уларни солиштириб, отам раҳматли ниҳоятда шиддатли, кескин одам бўлганлар, деган хулоса қилганман. Менинг бу фикрларимни онам раҳматли тас диқлардилар. Аммо советларнинг болшовой жаллодлари отамнинг шаштини анча тушира олганлар. Биринчидан, у жаллодлар отамларнинг бутун молу-мулкини талаб олганлар. Иккинчидан, туҳмат билан отамни ўн икки ой қамоқда сақлашганлар. Чунки советлар бир деб дунёга кел гандан бошлабоқ кишиларга бир-бирига туҳмат қилишга шароит яратганлар. "Ҳақ эгилади, аммо синмайди", дерди совет қамоғида кечирган заҳматларини хотирлаб, раҳматли отам.

1930-32 йилларда содир бўлган бир тергов ва маҳкама жараёнига туҳмат билан отам раҳматли ҳам тортилади. Шу муносабат билан у қамоққа олинади ва уни қамоқхонада ўн икки ой сақлашадилар. Аллоҳ ёрдами билан маҳкама жараёнида отамга туҳмат қилувчиларлардан бири ўргатил ган сўзларни эплай олмай адашиб қолади. Натижада, улар ўзлари бир-бирига ёпишиб кетиб, отам бутунлай четда қолиб кетади ва дарҳол отам жараёндан озод қилинади. Аммо турмадан озод қилинмайди. Чунки бу замон қишлоқдан маҳкамага "бу одам "буюк" кулакнинг боласи", мазмуни да бошқа бир янги туҳмат келиб турган бўлади. Натижада, биринчи туҳматдан қутулган одам иккинчи туҳмат аниқлангунча қамоқхонада қолди рилади. Бу аниқлаш муддати яна икки ойга чўзилади. Азиз ўқувчи, сиз, "Бу нимаси, кишини фақат бой бўлганлиги учун ҳам қамоқда сақлайди ларми?", дерсилар. Ҳа, мен ҳам бунга кўп ҳайронман. Аммо ўша замонлар "кулакларни душман синф сифатида" тугатиш компанияси бошланган бўлган. Шу сабабдан "кулакни ёки кулак боласини" қўлларидан чиқариб қўйишга қўрқишган бўлсалар, ажаб эмас.

Ҳайрият, Аллоҳ каромати билан қишлоғимизда маҳаллий ҳукумат ўзгариб, Қишлоқ советига қариндошлардан бириси Раисликка ўтиб қолади. У киши дарҳол отам масаласи билан шуғулланиб, маҳкамага отам ҳақида тушган маълумот туҳмат эканлиги тўғрисида Самарқандга янги хабар жўнатади. Шундан сўнггина раҳматли отам, бу дунёнинг жаҳаннами совет турмасидан тўла озод бўлади. Шунақа, отамга кетма-кет иккита туҳ мат уюштиришади. Отам раҳматли соф ва пок бўлганлигидан ҳар иккала туҳматдан ҳам қутулади.

Отамга иккинчи туҳматни ёзганлар уч киши бўлиб, улар "Қўрғончол" қишлоғида яшовчилар бўлишганлар. Туҳматчилар йўлбошчисининг исми Донабой бўлган экан. Аллоҳнинг кароматини қарангки, отам устидан ўша туҳмат ёзганлардан бугун бирорта нишона, авлод қолмади. Ўша замон лардаги урушлар ва бошқа хил хасталиклар сабаб бўлиб, уларнинг барчаси ўз-ўзларича тугаб битиб кетишдилар. Шу сабабдан ҳам "Ҳақ эгилади, синмайди", нақлини жуда кўп такрорларди, отам раҳматли. Аммо ўша воқеалардан сўнгра  отам раҳматли совет ҳукуматидан жуда қўрқадиган бўлиб қолган бўлса керак. Масалан, Совет-Олмон урушидан қайитмаган буюк ўғлини хотирлаб, "Болагинамни душман қўлига отаси раҳматли ўз қўли билан топширди", дерди раҳматли онам. Онамнинг бу таънаси ҳам бир тарихга асосланади. Чунки отам раҳматли янги уруш, совет-олмон уруши бошлангани ҳамон Совет - Филландия урушидан эндигина қайтарилган боласини, яъни Журабой акамни ҳарбий комиссариятга ўзлари олиб бориб топширганлар. Ҳақиқатан бу ҳол жуда қизиқ. Нимага керак эди бу шошмашошарлик, навбати билан чақирув келгандан кейин ҳам ҳарбий комиссариятга борса бўларди-ку. Ё отам раҳматли, шунчалар совет ватанпарвари бўлиб, шунчалар совет ватанини севармидики, биринчилардан бўлиб "кўнгуллилар" гуруҳини тузса? Аммо отам ўз боласидан бошқа бирор кимсани урушга даъват этгани йўқ, ахир. Аксинча, "Шўро ҳукуматининг умри қисқа", деб кўп такрорларди, отам раҳматли. Мен буни яхши эслайман. Шўролар ҳукуматининг тугаши муқарарлигига жуда-жуда ишонарди, раҳматли отам. Онам учун эса, бу ҳукумат фуқарога душман эди. У киши "душман қўлига топширди", деганда совет ҳукума тини айтмоқда эди. Бундан кўринадики, менинг ота-онамда совет юртига севги, совет ватанпарварлиги бўлиши ва бундай ватан учун жон қурбон этиш ҳисси бўлиши эҳтимолдан узоқ эди. Қолаверса, нима учун бу уруш бўлаяпти уларга мутлақо тушунарли эмасди, ахир. Шундай бўлгач, отам эндигина бир урушдан қайтган боласини нима учун янги урушга топширишга бунчалар шошмоқда? Ҳа! Ана айнан шу ерда, меним ча, отам раҳматлининг советлардан, болшовойлардан ниҳоятда қўрққанлиги кўзга ташланади. Чунки онам раҳматли, "кўплар урушдан қочиб душман қўлига тушмади, ажал ўтидан қутулиб қолишди. Отанг раҳматли эса, "ҳа" демасдан болам бечорани душманга топширмай қочирганда Жўрабойжоним омон қолармиди?!", деб менга такрор-такрор сўзларди. Бундан кўринадики, Жўрабой акамнинг урушдан, ҳукуматдан қочувчи ларга қўшилиб қолиш хавфи бўлган. Уруш хабари тўла торқалиб улгурмасдан атрофда қоч-қочлар бошланиб кетган. Қочиш, болшовойлардан қочиш, бу катта ташвиш ва зўр таҳликалиги бўлгани аниқ. Бордию бир замон, отамнинг боласи ҳам қочиб, болшовойлар қўлига "ҳукуматдан, урушдан қочди" бўлиб тушса? Аллоҳ кўрсатмасин, у  яна суд бўлиб, қамоқхонага тушиб қолсачи? У ерда аҳвол қандайлигини отамнинг ўзи кўрган, уни билади. У ерга, у совет қамоқхонасига отам ўз боласининг эмас, ҳатто душман боласининг тушишини ҳам истамаган бўлиши керак.

Шунинг учун бирорта яхши-ёмон сабабчи бўлиб, урушдан қочувчилар сафига тушиб қолмасдан, қамоқхонадан урушни афзал кўриб, боласини ўз қўли билан урушга жўнатишни маъқул топган, бўлса керак отам раҳматли. Ҳар ҳолда уруш очиқ майдон, "Қирқ йил қирғин келса, ажали етган ўлади", дейдилар, Аллоҳ умр берган бўлса бу сафар ҳам соғ-саломат қaйтар, деб ҳисоблаган, раҳматли. Аммо тақдир экан, акам  бу янги урушда бедарак йўқолди. Аллоҳга минг шукр, отамнинг  қолган тўртта фарзанди ҳаётмиз.

Отамнинг яна бир ижобий ҳунари бор эди. Раҳматли, беморнинг билак томирларини ушлаб, унинг аҳволини жуда яхши аниқлай биларди. Ҳатто касалнинг соғайиш ёки соғаймаслигини жуда катта аниқликда белгилай оларди. Шунақа, у киши туғма табиб эдилар.

Онам ва отам бир-бирига унча узоқ бўлмаган, яъни бир-икки ота алмашишган қариндош бўлишган. Онамнинг отасини Довутбой атаганлар. Аммо онамлар отамларга нисбатан ночорлироқ, яъни камбағаллироқ бўлишганлар.

Онамнинг бир укаси урушдан қайтмади. Мен уни ҳеч хотирлай олмайман. Унинг яна бир укаси борди. У иккинчи тағомни эслайман. Аммо у ҳам мен ҳали ўзимни яхши англай олмайдиган, гўдаклик давримда бу оламдан ўтиб кетганлар. Шунинг учун онам тарафдан мен биладиган яқин қариндош-уруғ йўқ эди.

Онам раҳматли ўзлари анча яшадилар. Онам 1981 йили Аллоҳнинг омонатини уздилар. Ўша йил қизларимнинг каттаси Гавҳаржон Самарқанд Тиббиёт институтига ўқишга кирадиган йил эди.

Онамнинг  ҳам саводи чиқмаганди, ўқиш ва ёзишни билмасдилар. Аммо ўзбеклар урф-одатларини, оғзаки адабиётни, қариндошларнинг жуда узоқ тарихларини кўп билардилар. Самарқанд вилоятининг Ғаллаорол, Пайариқ, Жомбой, Булунғур районларида, Панжакент тарафларда яшай диган қариндошлиги анча узоқлашиб қолганларнинг ҳам ота - бобоси ҳақида узоқ ҳикоялар сўзларди.

Онам раҳматли ҳам отам сингари намозхон, динга жуда эътиқоди юқори муслима аёл эдилар. Дастурхонга ниҳоятда гўзал дуо ўқирдилар, раҳматли. Нонўшта, тушлик ва оқшом овқатининг дастурхонида алоҳида-алоҳида дуолари бўларди. Йил давомида, қовун пишганда, узум етилганда ва ҳ.к. айрим дуолари бор эди, онам раҳматлининг. У муҳтарам зотнинг дастурхон дуоларидан бирортасини ёзиб олмаганим учун ҳозирлар кўп афсусланаман.

Онам раҳматлининг бир кўзи кўрмасди. Онам 1932 йили отам қамоқдалигида бош оғриқ касалига учраб, бир кўзи бутунлай кўрмайдиган бўлиб хасталикдан қутулади. У замонлар биринчидан, докторнинг ўзи бўлмаган. Иккинчидан, отам қамоқда бўлганлиги сабаб у - бу маҳаллий табиб ларга ҳам кўрсата олмаганлар. Онамнинг соғлом кўзи узоқ замонлар жуда яхши ишлади. Аммо 1957 йилларга келганда, соғлом кўзи ҳам унча яхши кўрмайдиган бўлиб қолганди. Лекин кундузлари ҳали яхши кўриб, фақат кечалари бироз ноқулайлик сезардилар, холос.

Мен қишлоқдан узоқроқ ерда ўқиганим сабабли кўпинча онамдан узоқда қолдим. Чунки 1954 йилдан қишлоқдан узоқ бир ерда ўрта мактабда ўқидим, 1957 йил сентябридан бошлаб эса, Самарқанд шаҳрида ўқий бошладим. Шунинг учун қишлоққа, яъни уйга 3-4 ойда бир келардим. Шунда онам мени жуда соғиниб қоларди. Мен эса, раҳматлининг қўлтуғига кириб ўтирардим. Онажоним бошимни тиззасига олиб, уни узоқ вақт силаб ўтирардилар. Менинг ҳаётим, ётиб-туришим, еб-ичишим, кечалари бевақт юриш-юрмаслигимни жуда майдалаб сўраб, суруштирар дилар. Бу сўроқларини, бу тергаш ларини, мен уйланиб, бир неча болали бўлганимда ҳам канда қилмасдилар, онам раҳматли. Ўша замонлар мен ўзим-ўзимга "э, қизиқ, онамга қаранг-а, мен каттагина одам бўлиб қолган бўлсам, ҳатто менда, ўзимда ҳам болалар бўлса. Нега бунчалар онам мени "тергайдилар", деб ҳайрон бўлардим. Аммо ўз болаларим улғайиб, уларнинг ўзлари мустақил юрадиган бўлгандан сўнг, булар ҳам ўқишда, ишда, армияда юрадиган бўлганларидан кейин мен ҳам онамга ўхшаб қолдим. Уч-тўрт ой эмас, ҳатто мўлжалдан бир, икки соат кеч қолсалар ҳам чидай олмайдиган, безовталанадиган бўлиб қолганимдан сўнграгина, меҳрибон онажонимни яхши тушунадиган бўлдим.

Менинг болам мўлжалимдан бир-икки соат кечигигаётганда шунчалар безовта бўлсам, боласини уч-тўрт ойлаб кутган она қандай аҳволга тушди йикин?

Бизда, қишлоқда Самарқанд шаҳри ҳақида кўп нохуш сўзлар, бўлган, бўлмаган воқеалар тўғрисида турли хил ҳикоялар айтиларди. Самарқанд шаҳрини жуда нотинч шаҳар, деб билашардилар. Ўшандай бир нотинч шаҳарда эса, онамнинг бир боласи уч ойлаб, тўрт ойлаб хат, хабарсиз қолиб кетади?! О, бу онам раҳматлини қанчалар қийнаб юборган  бўлса? Шунинг учун ҳам мен шаҳардан келганимда мени чақалоқни суйган сингари суяр эканлар. Шунинг учун ҳам каттакон, "ҳўкиздай" одамни, яъни мени онам раҳматли қўлтуғига олиб ўтирар эканлар. Аммо мен ҳам онам қучоғида ўзимни эмчак боласидай сезардим.

Вақт, замон кишини кўникишга ҳам ўргатади. Мен, тақдирнинг тоқозаси билан сўнгги вақтларда жонажон болаларимдан узоқ давр айри қолишга мажбур бўлдим. Кўп қийин бўлса-да, ўшандай ҳаётга, болалардан айри яшаш ҳаётига кўникма ҳам ҳосил бўлар экан.

Аллоҳ билади, масалан, мен онам раҳматлига нима хизмат қилдим? Ўзимча, онамни қўлимдан келгунича ҳурмат қилишга интилдим, шунга ҳаракат қилдим, деб ҳисоблайман, албатта. Бу менинг хизматларим нималарда кўринарди? Уч-тўрт ойда бир қишлоққа бориб онамни кўриш, иложи борича бирорта совға қилиш, муомалада мулойим бўлиш, ширин сўз бўлиб, унинг сўзларига, насиҳатларига "Энажон бўлди, шундай бўлади, Сиз нима, десангиз шу бўлади", дейишни мен онамга қилган хизмат, деб билардим. Масалан, ўша вақтлар бизнинг қишлоқларимиздан шаҳарга қизларини ўқишга юбориш одат бўлмаганди. Бироқ онам раҳматли акамнинг (Карим акамнинг) қизларидан бирига (унинг исми Ҳурматой эди) Самарқанд университетга ўқишга киришда ёрдамчи бўлишимни сўрадилар. Акам эса, қизининг шаҳарга келишига қарши эди. Шунинг учун бу ишга онам раҳматлининг фақатгина розилиги эмас, унинг қаттиқ талаби ҳам лозим бўлганди. Онам раҳматли "эски замон" одами бўлишига қарамасдан, ўшанда биздан, мен ва акамдан прогрессив эканлигини кўрсатганди ва мендан Ҳурматойнинг ўқишга киришида ёрдамчи бўлишимни қаттиқ талаб қилганди. Онам раҳматлининг бу ишда жуда жиддий талаби юзага чиққани учун қишлоқ одатига мос бўлмасада, онамнинг райини қайтармай жиянимга ёрдам қилдим. Шундай қилиб, мен туғилиб ўлғайган ҳудуддан университетга (умуман шаҳарга ўқишга келган) кирган энг биринчи қиз бола, менинг жияним, онам раҳматлининг қиз невараси Ҳурматой бўлганди.

Афсуски, вақт ўтиб кетди. Онам энди олдимда эмас. У энди мени қучоқламайди, эркалаб, менинг бошларимни силамайди. Юқорида онамни ҳурмат қилиб, эъзозлаш ўрнида санаганларимнинг ҳеч бири ва ҳаммаси йиғилиб, ҳеч нарса эмас эканлигини энди, жуда кеч тушунаяпман.

Болаларим ва невараларим, менинг бу ёзганларимни ўқиган қадрли ўқувчилар,  ота-онангизнинг ҳурматини жойига қўйишни орқага қўйманг. Ҳар куни, ҳар соатда уларнинг ҳурматини жойида тутишни унутманг. Ҳеч қачон уларнинг сўзларини икки қилманг. Уларга доим ширин муома лада бўлинг, хор бўлмайсиз, иншоллоҳ!

Онам раҳматли, жуда юмшоқ характерли, инсон зотига меҳрибон аёл эдилар. Шунинг учун бўлса керак, онамнинг қайин юртлари, яъни отам  нинг укалари ва сингиллари қишлоқчилик урф-одатларига муккасидан берилган бўлишиб, раҳматли онамга бир мунча азоб беришганлар.

Биз томонларда айни замонларда ҳам сақланиб қолган, бир бемаза одат мавжуд. Бу одатга кўра келиннинг қайин юртлари, яъни келин бийи нинг ака-укаси, опа-сингилиси, ҳатто бошқа узоқ-яқин қариндошлари ҳам келинни хилма-хил ҳақоратларга дучор этишлари мумкин. Бу ярамас одат, ўзбек. қазоқ, қирғизларда анча кенг тарқалгандир. Келажакда бу номуносиб чиркин одатдан миллат бутунлай қутулмоғи шарт.

Мен ва менинг ҳамфикрларим истаган давлат тузумида оила ва никоҳ ҳақида алоҳида қонун амал қилади. У қонун оилага тегишли барча икир-чикирларни Давлатнинг умумий ижтимоий қоидалари асосида қайта кўриб чиқади ва тўла тартибга солади. Бизнинг қонунларимиз ҳеч кимга, ҳеч бир жойда қонунсиз ҳаракат қилишга  заррача ўрин қолдирмайди. Ўзбек турклари оиласи келажакда барча ярамасликлардан, инсон ҳақ-ҳуқу қини заррача бўлса-да камситадиган одатлардан тозаланиб, ҳурриятли оилалар бўлишига ишонаман.

Сиз болаларим ва азиз ўқувчи, ўз фарзандларинг (менинг невараларим) билан биргаликда ўшандай ҳурриятли, ибратли оилалар қаторида бўларсиз, иншоолоҳ.

Болаларингизнинг ўқимишли, зиёли бўлишига бор имконингиз ила кўмаклашинг. Олим бўлиш, бир томондан, кўп чидамли меҳнат талаб қилса, бошқа тарафдан тақдирга тегишлидир. Аммо одам бўлиш, етарли илм ва билимга эга бўлиб, ахлоқли бўлиш ҳар бир инсон авлодининг муқаддас бурчидир. Бизнинг одобимиз, хулқимиз, характер-хусусиятимиз ҳақида китобларимда ҳам ёзиб ўтдим. Уларни ўқинг. Одоб ахлоқ ҳақида ўрни келган жойларда яна сўзлаб ўтавераман.

Инсон илми ва билими даражаси учун андоза, бу ҳозирги ХХ аср охири ва келажак аср замонавий илм-фан ютуқларидир. Замон фанидан орқада қолмасликка ҳаракат қилинг. Имкони борича, Ватаннинг замонадан орқада қолмаслиги учун меҳнат қилинг.

Узр, бироз мавзудан четга чиқишга тўғри келди.

Хуллас, онам раҳматли ҳақида юқорида ёзганларнигина биламан, холос. Ҳа, айтгандай раҳматли онам ўзбек халқ мақолларининг жуда кўпини билардилар. У кишининг сўзлари мақол билан бошланиб, мақол билан тугарди. Мақолларни жуда ўринли ишлатар дилар. Мен китобларимда қўллаган мақоллар, онамдан эшитган ва хотирамда сақланган мақоллардир.

Онам ҳам халқ достонларидан термалар ёд билардилар. Ҳа, онамнинг оталари Довуд бобом, ўзбек халқ достонларининг жуда кўпини ёд била диган бахши бўлганлар. Онам раҳматли, жуда кўп, узун-узун эртаклар билардилар ва уларни ниҳоятда чиройли қилиб ҳикоя қилардилар. Афсус, биз бирорта ўзбек халқ эртагини бошдан-оёқ дурустроқ билмаймиз.

XX асрнинг 60-йилларидан сўнг Ўзбекистон коммунистик нашриёти ўзбек халқ мақолларини китоб шаклида нашр қиладиган бўлди. Ҳатто у китоблар катта-кичик ҳажмларда бир неча марталаб қайта-қайта нашр этиладиган бўлинди. Аммо коммунистлар замонидан бир қанча минг йил муқаддам тарих давомида тузилган халқ мақоллари ҳам коммунистик партия мафкурасига мослаб ўзгартирилган ҳолда нашр қилинарди. Маса лан, онам раҳматлидан эшитган кўпгина мақоллар бу нашрларда учирамасди ёки шакллан ва мазмунан ўзгартирилган бўларди.

Ана шунақа, коммунистлар ўзларига жуда қаттиқ ишонишгандиларки, ҳатто улар бир неча минг йиллар муқаддам тузилган халқ мақолларини ўз ғояларига мослаб қайта ёзишгандилар. Аммо Аллоҳнинг ўз ҳисоби бор, Унинг ҳисобини ўзгартириш ҳеч бир кимсанинг қўлидан келмайди.

Тарихга оид яна бир ҳолат ҳақида сўзлаб ўтсам дуруст бўлар, деб тушунаман. Масалан, ҳар бир шахснинг ўзига тегишли бўлган бир тарихни, яъни "етти отасини билмаган қулдир", нақлни мен болалигимдан жуда кўп эшитганман. Аммо қунтсизлик қилиб, оталаримизнинг исмларини ёзиб қўймаганман. Онам раҳматли ва Ўғилхон аммам раҳматли, боболарнинг йигирма ўттизининг исмларини, уларнинг ҳаётларига доир баъзи тарихий ҳикояларни билардилар. Ҳозир эса, боболарнинг еттидан ҳам кўпроғи исмларини бизнинг авлодда фақат акам (Карим бобо) билади, холос.

Биз ғофил бандалар, оғзаки тарихимизни чуқур биладиган оналарни ўлмас билдикда, улардан ҳеч бўлмаса бирорта ҳикоя ёзиб олмадик. Оқибат да, "қул" бўлиб қолдик. Бир томондан истилочилар бизни моддий ва маънавий қул этган бўлса, иккинчи тарафдан ўзимиз ҳам қунтсизлик оқибатсиз қилиб, қўлимиздаги тайёр оғзаки энстиклопедия  (қомус)дан фойдаланмадик, фойдалана олмадик.

Сиз учун болаларим ва ўқувчилар, миллатнинг бу яхши, муҳим тарихий анъанасини давом этказиш имкони бор. Масалан, менинг болаларим учун, мана ушбу ёзувларни ёзиб турганимда мен тўртта бобомнинг исмини хотирлайман, яъни улар Муҳаммадбой, Эрназарбой, Саримсоқбой ва Маманазарбойлардир (Уларнинг ҳар бирининг яшаш даври тарихидан ҳам билиш керак, аммо бизда бундай маълумот йўқ.). Менинг фарзанд ларим учун эса, бу исмлар олтитага чиқади. Чунки бу тўрт исмга яна икки исм қўшилади. Яъни менинг болаларимнинг боболарининг исмлари: Муҳаммад, Эрназар, Маманазар, Саримсоқ, Йўляхши ва Алибой бўлади. Улардан ҳеч бўлмаганда иккиси ҳақида унча-мунча маълумотни мен болаларимга мерос қолдирмоқдаман. Менинг неварларим учун оталар сони еттитага етишади. Ўқувчилар ҳам бу анъанани давом қилдириш салар кўп савобли иш бўлар деб ўйлайман. Одат бўйича оталарни ва улар ҳақидаги қисқа тарихни авлоддан авлодга ташиб юриш қадимда кўп роқ ўғилларга тегишли, деб қаролган, яъни оталарнинг исмларини, уларга оид тарихни ташиш ўғиллар зиммасига юкланган. Аммо юқорида сўз лаганим каби бундай тарихни менинг онам ва аммам жуда яхши билишганларига қараганда, ўтмишда ҳам ўғилдир, қиздир тарих уларга бирдай тегишли бўлгандир. Бизда тарих суриштириш, тарихни давом этказиш кўпроқ ўғилларга мўлжаллангандир. Бу бизнинг тарихий одатимиз. Бун дай ибратли одатга мен тил тегиза олмайман. Аксинча бу одатнинг давом этиши тарафдориман. Аммо бу соҳада, бундай тарихни давом этказиш одати дунёнинг жуда кўп мамлакатларида, ҳатто Овропада ҳам биздагига жуда ўхшашдир.

Ёзма тарих ривожланмаган даврларда истеъмолга киритилган "етти отани билиш" одати, аслида оталарнинг еттитасининг исмларини фақат са нашдан иборат бўлмаган, албатта. Уларнинг ҳар бири ҳақида бир қатор ҳиқоялар сақланилган бўлиши керак. Бу эса, айни тарихнинг ўзи ва жуда қисқа (мини) энстиклопедия (қомус)дир. Биз ҳозирча   фақат исмлар санашга ҳам ожиз қолмоқдамиз. Шу сабаб Маманазар бобом (менинг отам нинг отаси) ҳақида онам раҳматли (аммам раҳматли ҳам бу ҳикояни сўзларди) сўзлаган бир ҳикояни бу ерда сўзлаб ўтишни лозим кўрдим.

Бу ҳақда юқорироқда ҳам бироз сўз кетган эди. Масалан, бизга қўшни "Тўшбулоқ" қишлоғида бобомларнинг жумладан Маманазар бобомнинг ҳам хизматчилари, ўша замон тилида айтсак, уларнинг қуллари ўтиришган. Бобом раҳматли ҳар якшанба куни бозорга чиқиб, ўз рўзғори ва қул ларига мўлжаллаб ҳафталик заруратларни харид қилар эканлар. Бобом бозордан тўғри "Тушбулоқ"қа ўтиб, аввал қулларига зарур нарсаларни улашиб, ундан сўнгра ўз уйига келиш одати бўларкан. Кунлардан бир кун Бобом раҳматли хаста бўлиб, бозор қилиш унинг буюк ўғли, менинг отам, раҳматли Йўляхши чекига тушибди. Отам эса, бозор ишларини бажариб, "Тушбулоқ"да тўхтамай тўғри уйларига ўтиб кетаверибди. Чунки у отаси йўлда нималар бажаришини билмас экан. Бобом эса, уни огоҳлантирмаган бўлган, балки бу ҳақда  огоҳлантиришни унутган бўлиши мумкин. Ана ўшанда бозор куни кўчага чиқиб Бой бобони кутиб ўтирган қуллар отамга қарата "ҳе, аттанг, Аллоҳ раҳмат қилсин, Маманазарбой дунёдан ўтибди-да. Бойнинг мона (бизнинг шевада “мана“ сўзи шундай талафус қилинади) боласи бизнинг ҳақимизни бермай ўтиб кетаяпти", дейишибди.

Билмадим, бу ҳикоядан силарга бирор нарса англашилдими, йўқми? Аммо ҳикояда (аслида бу ҳикоя эмас, ҳаётда бўлган воқеийлик) бир қатор ибратлар бор. Биринчидан, бу ерда коммунистик тушунтиришга мутлақо зид бўлган, бойнинг одамшавандалигини кўрасиз. Қаранг, бой аввал қулларнинг тегишини бериб, ундан сўнг ўз уйига боради. Бу иш унинг доимий вазифасига киритилган, одатига айланган, аммо бу кўпларга ибрат бўладиган жуда яхши одамий ҳислатни, одатини бировга айтиб, кўрсатиб ўзини кўз-кўз қилмайди. Шунинг учун унинг болалари отасининг одатларидан хабарсиз. Аслида бой, қуллар қишлоғида тўхтаб, улар билан чапакилашиб ўтирганча, уларга, яъни қулларга беради ганини бошқа бировдан бериб юборса ҳам бўлади-ку. Шунда ҳам қуллар нега бой ўзи келмади, демасдилар-ку, ахир. Йўқ, бойда одат бошқача, у ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта қулнинг эшигига бориб, уларнинг ҳафталик заруратини ўз қўли билан топширишни лозим кўради ва буни одатга айлантиради. Бой бобо, уларни бунчалар ҳурмат қилганини кўрган қулларнинг боши осмонда бўлади. Иккинчидан, кўраяпсизми, эркинликни қаранг? Қуллар бойнинг ўғлига "Отанг ўлдими", деб бемалол сўзламоқдалар. Бу тарих эмасми? Бу тарих. Сиз коммунистик давр китобларида ўқиб, киноларда кўрган, бойларнинг бутунлай тескариси, чиндан ҳам, ҳақиқий бойнинг образини тасвирловчи ва ҳақиқий тарихдир. Маманазар бой ҳеч қанақа бадиий асар образи эмас, балки отамнинг отаси, менинг жонажон бобомдир.

Бобом раҳматли, болаларини жуда яхши кўрарканлар. Жумладан қизларини ҳам жуда суярканлар. Масалан, бобомнинг тўртинчи фарзанди, яъни Ўғилхон аммам 9-ёшга тўлганида ҳам бобомдан ҳеч ажралмас экан. Бобом қаерга борса қизи ҳам ўша ерга бораркан. Баъзан уни уйда қолди ришга ҳаракат қилсалар, отаси билан доим бирга юришга одатланган қизалоқ йиғлаб ҳар-ҳаша қиларкан. Шунда бобом раҳматли, "монавини қаранглар, катта қиз бўлиб қолди, мендан ажралмайди, одамлар кулаяпти. Мана бой, бўй етган қизини ҳалиям қултуғидан ташламайди, дейиша япти", деб кампирига шикоят қиларканлар. Бу ҳам тарих. Бу ўзбекларда фарзандларга муносабатни кўрсатадиган тарих. Унинг устига бу бадиий тўқима эмас, чин ҳақиқий ҳаёт.

Онам раҳматли ва ўша отасининг эркаси аммам боболаримизнинг ҳар бири ҳақида шу каби кўп ҳикоялар билишардилар.

Ана шундай қилиб, отам ва онам раҳматлилар ҳақида бироз хотираларимни сўзладим. Ўзим ҳақимда эса, мана ушбу ёзганларим эсдалик бўлар. Бунга қўшимча, менинг китобларимни ҳам ўқирсилар, иншооллоҳ.

Шу ерга келганда отам раҳматлининг яна бир хусусияти хотиримга келиб қолди.

1932-35 йилларда совет ҳукумати битта қишлоқдан ёки иккита кичикроқ қишлоқларни бирлаштириб колхозлар (жамоа хўжаликлари) тузган эди. Бу кичик-кичик колхозлар 1952-йилларда ҳам биз томонларда фаолият кўрсатишардилар. Мос равишда уларда экин экиладиган майдонлар ҳам оз эди. Биз яшайдиган колхоз "Янги йўл", деб аталарди. Хўжалик кузги дон (арпа-буғдой, бироз кўнжут ва зиғир) етиштириш ва чорвачилик (йирик шохли мол, ушоқ мол, яъни қўй-эчки) билан шуғулланарди.

Дон экиладиган ерлар қўш хўкизларда ҳайдалиб, ерга уруғ (дон, арпа-буғдой ва бошқа донлар) қўлда сепиларди ва ҳосил қўлда уриб-йиғларди ва отлар, хўкизлар ёрдамида янчиларди. Бу янчилган самон аралаш дон, яна қўлда, паншаҳолар билан  шамолга отиб самонидан ажратиларди. Ана шунча ташвишлардан сўнг, у дон давлатга топшириларди. У дон, эшакларга ортилиб, 25-30 км масофага олиб борилар ва давлат омбарига тўкиларди.

"Янги йўл" колхозининг 1952 йили етиштирган бутун ғалласини отам раҳматли якка ўзи қўлда самондан ажиратган, яъни паншаҳолаб шамолга отганлар. Отам раҳматли доим, қишин-ёзин маҳсида юрардилар. Шу сабаб, колхоз хирмонида ишлаган вақтида ҳам маҳсида бўлиб, дон суғиришда маҳси қўнжисига унча-мунча дон кириб қоларканда, уйга келиб ечинганда, у донлар уйимизга тўкиларкан. У дон қанча ҳам бўларди, дейсиз, тонна бўлармиди? Кўп бўлса, у жонивор 100-150 грамм оғирликдаги дон бўла ди-да. Шунга қарамасдан, отам раҳматли, онамга "эҳтиёт бўл, бу донларни товуқ-мавуғинг емасин. Бутун боримиз ҳаром бўлади. Колхоз донига етим моли аралашган, бу ҳаром", дер эканлар. Бу огоҳга яхши эътибор беринглар. Бу Колхоз донига етим моли аралашган, бу ҳаром" дейилиши катта тарихдир. Бу тарихда жуда яхши ибрат бор. Бу ерда отам раҳматлининг совет ҳукуматига норозилик нуқтаи назари ҳам турибди. Ушбу нуқтаи назарнинг ўзигинаси бир катта тарихдир. Бу тарихни мустақил Ўзбекистон тарихчилари том-том китоб этмоқлари лозим, ҳатто зарур.

Советларнинг қишлоқда коллективлаштириш сиёсатига халқ норозилиги тарихини холис, одилона тўла ёритиш менинг отамнинг, сизнинг бобонгизнинг ҳақини ерига келтириш ва бошқа кўплаб ота-боболарнинг, умуман коллективлаштириш барча қурбонларининг руҳини шод этиш бўлади. Буни унутманг! Замони келиб, Аллоҳ сизга имкон берса, албатта бу тарихга қайтинг ва уни бир асрдан сўнг бўлса-да ёздиринг. Чунки бизнинг ота-боболаримиз коллективлаштириш, деган зулмга ҳеч бир замон рози бўлмаганлар. Бу ишга болшовой золимлар уларни зўрлаганлар. Бу иш, болшовойларнинг коллективлаштиришдаги жиноятларини очиб ташлаш, у замон тарихини очиқ ёзишни ташкил этиш бугунги Ўзбекис тон ҳукуматининг муқаддас ва қутлуғ вазифаси ҳисобланмоғи керак эди. Афсус, нима ҳам қиламиз, ҳукумат ҳамон ота-боболардан молини, мулкини тортиб олган душман жаллодлари қўлида қолмоқда.

Энди болаларим ва ўқувчи, отам раҳматлининг маҳсисидан тўкилган дон билан боғли ибратни ва ундаги тарихни дурустроқ изоҳламоқчиман.

Қаранг, "... колхоз дони ҳаром, унга етим моли аралашган", демоқда отам раҳматли. Демак, бу донда, яъни колхоз мулкида етимлар ҳақи бор, чунки колхозлаштириш жараёнида етимлардан ҳам уларнинг молу-мулки тортиб олинган. Бу билан отам раҳматли колхоз тузуми ҳақиқат, инсоф, холислик ва ҳалолликдан узоқ, яъни ҳаром, демоқда. Шу билан бирга  отам раҳматлининг колхозлар тузилгандан сўнг 20-йил ўтиб ҳам бу ҳаром йўлга, колхозлаштириш йўлига қўшилмаганлигини кўрсатади.

Бир неча марта такрорлаганимдек, ҳақиқатан ҳам қишлоқда яшовчи аҳолидан уларнинг барча молию-мулки мажбурий тортиб олиш йўли билан колхозлаштириш амалга оширилган. Бунда, сен етим, сен етим эмассан, деб ўтиришмаганлар. Кимнинг қўлга илинадиган нимаси бўлса, унинг ҳаммасини колхоз, яъни болшовойлар ҳокимияти  ҳисобига ўзлаштиришганлар. Отам раҳматлининг бу огоҳидан, советларга қадар етим-есир нинг молига хиёнот қилмаслик қанчалар аҳамиятли, қанчалар маънавиятлиги кўринмоқда. Қаранг, колхоз хирмонидан маҳси пайтавасига ўралашиб келган тўртта дон, унга етимларнинг ҳақи ноҳақ аралашгани учун ҳаром, яъни советларнинг ўша ноҳақ ҳаракати, колхозлаштиришда етимларнинг ҳам молини олиш ҳаракати ҳаром. Билмадим, совет даврида ўсиб-ўлғайган, бизнинг замондош, уларнинг болалари Сиз, бу гапдаги, бу огоҳдаги ибратни, ахлоқни, маънавиятни уқиб ола билармикансиз?! Етим ҳақи борлиги, у аралашгани учун колхоз донини товуғига лозим кўрмаган табарук инсонлар яшаган замон ва бугунги замон, имконини топса бутун колхоз, ҳатто колхозлар мулкини ўзлаштириб, ютуб юбораётган ҳозирги колхоз раислари яшаётган замон орасидаги фарқни англай олаяпсиларми?

О, болаларим! Эй азиз ўқувчи! Менинг болаларимнинг отаси, мана шу бир-бирига мутлақо ўхшамас ва яқинлашмас икки замонни бирлаштир моққа қўл урди, унга жазм қилди. Балки унинг барча муваффақиётсизликлари ҳам шундадир. Ҳа, болаларим, тан олишим керак, мен ўз замонам дан ташқарига чиқолмадим. Натижада, кўплар қатори отам раҳматли ҳисобича, мен ҳам ҳаром едим, ҳаром кийдим, ҳаром юрдим. Аллоҳ Ўзи мағфират етсин. Биласизми, отам замонида ҳалол еб, ҳалол юриш, ҳалоллик томонида қолиш имкони ҳали мавжуд эди. Менинг замонимда эса, бунинг имкони деярли битганди. Кишилар ортиқ унча ҳам ҳалол-ҳаромга эътибор бермай қўйишганди. Ҳатто кўпчилик нима ҳалол, нима ҳаромлигининг фарқига боролмайдаган бўлиб қолишгандилар. Унинг устига биз, ундай маънавият асосида тарбияланмадик, ундай бизнинг ажойиб миллий маънавиятимизни бизга ёд қилиб кўрсатишдилар. Ундай миллий қадриятлар ҳақида ҳеч кимса бизга сўзламади ва уни ҳеч ким бизга ўргатмади. Диндан диёнотдан бизни узоқ тутдилар. Отам раҳматли жуда эрта дунёдан кетдилар. Шу сабаб мен у табарук зотнинг панду-насиҳатларидан етарли даражада баҳраманд бўлолмадим.

 Биз илм ўрганган, тарбия олган мактабда совет жамиятини мақташ ва уни кўкка кўтаришни маданият ва маънавият, деб ўргатишди. Балки шундандир, ақлим тўлишиб, яхши-ёмоннинг фарқига борадиган бўлганимдан бошлаб, менда тузумга, жамиятдаги яшаш қоидаларига қарши фикрлар пайдо бўла бошлади. Менинг бу хусусиятларим, яъни совет тузумига нисбатан нуқтаи назарим, ошкоралик сиёсатига, яъни советлар тугаганга қадар, Ўзбекистон мустақилликка эришишдан анча илгари шаклланган эди. Болаларим хотирласалар, мен баъзан эҳтиётлик билан болаларимга ўз нуқтаи назаримни тушунтиришга уринардим. Аммо ҳукуматдан қўрқиб, уларни бу нуқтаи назарга жиддий тарғиб қилмасдим. Мен эса, айрим "дўстлар" каби фақат Горбачев даврига келиб эмас, балки ундан жуда кўп аввал совет тузумига қарши бўлганлар сафида турар дим. Аммо у сафнинг ташкилий бир кўриниши йўқ эди. Фаолиятимнинг бу қисми ҳақида кейинроқ батафсил сўзларман.

 Кўраяпсизми, оталар ва боболар ҳақида дурустроқ маълумотга эга бўлиш, бу тарихни, ҳақиқий тирик тарихни билишдир. Бу ўзига хос махсус мактабдир, тарбиядир. Бу миллатга, элга хос бир хусусиятдир. Бундай хусусиятни, бундай анъанани сақлаш, давом эттириш ва уни мукаммал лаштириш лозим. Аммо юқорида таъкидлаганим сингари шу замонда, бизнинг замонимизда ҳам давом этиб турган бир қатор салбий урф-одатларимиз борки, улардан мутлақо узил-кесил қутулмоқ, улардан озод бўлмоқ зарур. Ўрни келганда у одатларни ҳам эслатиб ўтаман. Аммо мен бу ерда бизнинг одатларимиздаги келинга  ва умуман хотин-қизларга муносабат, "ҳурматли" меҳмонга тўн кийдириш, болаларни ортиқча камтарликка ўргатиш, ҳурмат ҳисобланадиган ортиқча тавозелар, лаганбардорлик, тўйлардаги керагидан ортиқча маш-машалар, иккиюзламачи лик, молпарастлик ва шунга ўхшашларни кўзда тутмоқдаман.

 4. Қардошларим (туғишганларим) ҳақида. Менинг билишимча, онам раҳматли саккиз дона фарзанд кўрганлар. Улардан учтаси гўдаклигида нобуд бўлиб, Оллоҳга шукрки, биз беш ўғил (Журабой, Карим, Раҳим, мен ва энг кичигимиз Омон) улғайганмиз. Энг буюгимиз, Журабой акам 1939 йили совет-фин уруши ва ундан сўнг 1941-1945 йилларда давом қилган совет-олмон урушида қатнашган. У сўнгги урушдан, яъни совет-олмон урушидан қайтмади. Умуман олганда Жўрабой акамиз бедарак йўқолди. Чунки бизда у киши ҳақида бирорта маълумот сақланмаган ҳукумат тарафидан ҳам бизга у акамиз ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Тирик бўлса омон бўлсин. Бошқа ҳолда Аллоҳ ундан рози бўлсин, Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлсин, Амин! Онам раҳматли, буюк акамизни узун бўйли, келишган, жуда баркамол, ақлли киши сифатида таърифларди. Онам раҳматли учун унинг ўша ўғли ҳамиша эшикдан кириб келаётгандек эди. Буюк акамизнинг ёши ҳозирлар (яъни 1999 йилларда) 80-ларда бўлган бўларди.

Аллоҳга минг шукр, қолган жигарларим билан бирга ўсдик, яшадик. Уларнинг ҳар бири ҳақида узун ҳикоялар ёзишга ҳожат йўқдир, деб ўйлайман. Бироқ Карим акам тўғрисида бир-икки оғиз сўзлашим лозим, деб ҳисобладим.

Масалан, отам раҳматли вафот этганда, мен 12 ёшда, мендан кичигимиз Омон эса, 8 ёшда, гўдаклар бўлган бўлсак, Раҳим акам 16 ёшда бўлса ҳам ҳали қўлидан ҳеч иш келмайдиган бола бўлган, холос. Фақат акам эр етиб, уйланган ва фарзандли, 25 ёшдаги йигит бўлган эди. Қиёслаш учун, бу хатлар қоғозга тушаётганда менинг иккинчи ўғлим Хайрулло 30-да, каттаси Баҳодир 36-да эдилар. Амалда биз акамнинг қўлида етим қолдик. Чунки  онам раҳматли бир томондан аёл бўлиб, бошқа тарафдан бир умр уйдан ташқари нималигини билмаган, умрида бирор марта ҳатто бозорга ҳам чиқмаган тўла уй бекаси бўлган киши эди. Шунинг учун акам бизга ота ўрнини ўтаган, уни биз жуда ҳурмат қилардик. Ҳар ҳолда, мен ўзимни Карим акамнинг ҳурматини жойига қўярдим, деб ҳисоблайман. Аслида бу баҳони акамнинг ўзи айтмоғи керак. Шунинг учун мен болаларимга Карим акамни "Катта ота", деб аташни таклиф қилгандим.

Отам раҳматли, 1952 йили вафот қилган бўлиб, у замонлар ҳали оғир йиллар эди. Камбағалчилик, етишмовчилик ҳали катта эди. Иштонсиз эчки қайтариб, йиғлаб юрган йиллар эди, ўша замонлар. Ана шундай оғир йиллари биз уч бола, онам ва акам уйли, бир боласи ҳам бор эди, акамнинг қўлида қолдик. Энди бизнинг уйимизда қўлидан иш келиб, бирор бурда нон топа оладиган киши биргина акам эди. Ўша кун кечириш жуда қийин бўлган замонларда акам бизни боқди, ўстирди ва атрофдан қўруқлади. Билмадим, биз ўсиб, етишиб, акамга нима хизмат қилдик? Биздан қайитмаса Аллоҳдан қайтсин, илоҳим, акамдан Аллоҳ рози бўлсин. Мен ўз навбатида акамдан чексиз миннатдорлигимни мамнунлик билан таъкидлайман. Бу дунёда ва у дунёда акам Аллоҳнинг раҳми - шафқати, мағфиратига муносиб бўлсин, иллойим!

Киши ёшлигида яхши нарсалар ҳақида ўйлайди, унинг хаёлидан кўп соф фикрлар кечади. Акамда ҳам худди шундай хаёллар бўлган, албатта. Хотирамда бор, бир замон акам бир ибратли воқеани сўзлаб, бизнинг оиламизда ҳам шундай бўлишини жуда истаганди.

Воқеа бундай бўлган экан. Акам бир вақт, қаердадир кимнингдир оиласида меҳмонда бўлиб, у ерда ака-укаларнинг жуда иноқ яшаётганининг гувоҳи бўлибди. Масалан, ўша оилада, ака-укалардан бириси бозорга боргудай бўлса, у бутун қардошлар ва уларнинг болалари учун зарурий нарсаларни харид қилар экан. Уйга келиб, у нарсаларни онасига берар, она эса, ўз адолатига кўра, нарсаларни болалари ва невараларига бўлар экан. Уларда ҳам оталари оламдан ўтган бўлиб, оналари уй баковули экан. Худди "Келинлар қўзғолони"дагидек эканда. Аммо уларда "револют сионер" келин йўқ экан. Ана шу ҳолат ҳали 25 ёшар ёш йигит, акамни бутун асир етган ва уни уйга келиб онам раҳматлига тўлқинланиб сўзлаб берганини яхши эслайман. Ўшанда акам, "Эна, мен ҳам ўша одамларга ўхшашни истайман. Биз ҳам шулардай иноқ бўлсак, дейман. Уларга жуда ҳавасим келди", дегани ҳали-ҳали ёдимда сақланган. Аммо бизда ундай бўлмади. Акамнинг у ҳаваслари ёшликнинг ўткинчи хаёлларидан бирига айланиб қолди, холос. Шукр, биз унча ноиноқ ҳам бўлмадик. Мен Ўзбекистонда жигарларимга яқин яшаган даврда бизнинг иноқлигимиз учун нима лозим бўлса, шуни бажардим ва қардошларимни ҳам иноқ тутишга ҳаракат қилдим. Жигарларим, ҳар ҳолда мени ҳурмат қилишар ва мендан ўтиб бирор кескин ҳаракат қилишмасдилар. Оллоҳ улардан рози бўлсин. Азиз, ўқувчи, мақтанчоқликка юймайсиз, мен дўстларим, ўртоқларим орасида ҳам қардошларим орасидагидек алоҳида ўз ҳурматимга эга бўлдим.

Бирор марта ҳам акамнинг сўзини икки қилмадим. Ҳеч бир замон акамга терс гапирмадим. Аммо баъзан ётиғи билан акамга насиҳат ҳам қилар дим.

Болаларим ҳам язши билишади, менинг қардошларим ичида чиндан ҳам бизга ва бошқа қариндошларга меҳрибонироғи, одамшавандаси ўша Карим акам эди. Аллоҳ рози бўлсин, у одамдан. Шуни ҳам билиш керакки, совет даврида тарбия кўрганлар ичида менинг қардошларимдан дурустроқ одамларни топиш ҳам амри маҳал эди, ахир.

Юқорироқда ҳам бир мақтаниш бўлганди. Яна шунга ўхшаш бўлаяпти, кулмайсилар. Мен силарга яна бир нарса сўзлайин. Масалан, менинг болаларим доим менинг ёнимда бўлдилар, ҳар бир ишда, ҳар хил вазиятда, турли хил ишларга  муносабатда энг аввал мени кўрдилар, мени тинг ладилар. Шунинг учун менинг болаларим, одатда бошқаларда ҳам дадаларининг хусусиятларини излашдилар, уларни дадаларига солиштиришга уринадилар ва ўхшашини топа олмай, уларни ёмон кишиларга чиқаришганларини кўрдим. Бу эса, унча тўғри хулоса эмас. Чунки совет тузуми, совет мафкураси 70-йил давомида аксарият одамларни мутлақо ўзгартириб юборди. У замонда, яъни советлар замонида, кишилар чиндан ҳам сўзда бир, кўнгулда икки, амалда учинчи хил яшашга шундай мослашдики, ҳеч қўяверинг. Бундай яшаш тарзида одамизотнинг аслини билиб олиш жуда мушкулдир.

Совет кишилари имкони борича кам ишлаш ва кўп олишга, тўғрироғи ўртадаги мулкдан ўғирлик қилиб яшашга ўрганишганди. Чунки ўртадаги мулк, давлат мулки ҳисобланиб, ўз вақтида уларнинг ота-боболаридан тортиб олинган бўлиб, ундан ўғирлик қилиш айб саналмай, аксинча одатга айланганди. Бу мулкни ҳаром ҳисобловчи отам раҳматли каби кишилар энди бу оламда йўқ эдилар. Менинг қардошларим эса, ўша совет кишиларининг қаторидан яхши ўрин олишгандилар. Мен эса, ана ўшандай фақат ўғрилар яшайдиган мамлакатда кўп замонлар тўғри яшашга ҳам ҳаракат қилиб кўрдим. Аммо бўлмади, чунки у замонда, у тузимда ўртача нормал ҳаёт кечирмоқ учун, нормал кийинмоқ, нормал емоқ учун тўғри яшашнинг, том маънода соф бўлишнинг деярли иложи йўқ эди.

Раҳим акам мендан тўрт ёшга улуғ бўлиб, совет армиясида хизматни тугатганидан то нафақадор бўлгунича юк машинасининг ҳайдовчиси бўлиб хизмат қилди. Ўнта фарзандлари бор. Ҳозир эса, нафақа олади. Энг кенжамиз Омон, мендан тўрт ёш кичик бўлиб, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ветврачлик (ҳайвон доктори) унвонини олган эди. Кўп йиллар мен туғилиб ўсган хўжаликнинг бир бўлимида ветврачлик вази фасида ишлади. Шу кунларда у ҳам нафақахўрдир. Унинг бешта фарзандлари бор.

Менинг сиёсий фаолиятим қардошларимга ва уларнинг болаларига ҳам кўпгина ташвишлар келтирмай қолмади. Бу ташвишлар, тўғрироғи зулм, тазйиқлар, исканжалар ҳақида алоҳида ҳикоя қиламан.  

давомига ўтиш

Hosted by uCoz