Бундан олдинги қисмини ўқиш учун шу ерга босинг  Китобнинг давоми:

5. Ўсмирлик ёҳуд ўрта мактабда ўқиш даврим ҳақида.

Шундай қилиб, бошланғич 1-4 синфларни биз яшайдиган қишлоқдан 3-4 километр узоқ ликда жойлашган Қўрғончол қишлоғига, 5-7 синфларни эса, 4-5 км. узоқликка, Нақроч қишлоғига қатнаб ўқидим ва 1953/1954 ўқув йилида 7-синфни тугатдим. Энди ўрта мактабда ўқиш ёки бирор ўрта махсус ўқув юртида ўқиш мумкин эди. Умуман ўқишни давом қилмаслик  ҳам мумкин эди. У замонлар совет мамлакатида етти йилик мажбу рий ўқиш системаси мавжуд эди. Тўғрисини айтганда, мен ўзим ўқишни давом қилиш ёки тўхтатиб қўйиш ҳақида бирор фикрга келмагандим. Бироқ Карим акам менинг ўқишимни истарди. Шунинг учун у мени Самарқандга педогогика ўқув юртига ўқишга жойлаштиришга олиб борди. Чунки ўша замонларда, айниқса қишлоқда ўқитувчилар моддий ва маънавий жиҳатдан анчагина бообрў ҳисобланардилар. Самарқандда эса, педогогика билим юрти эмас, жисмоний тарбия махсус мактаби бор бўлиб, у мактаблар учун жисмоний тарбия ўқитувчилари тайёрлаб чиқарар экан. Аммо билмадим, урушдан кейинги йилларда нима учундир жисмоний тарбияловчилар мактаби ташкил қилинган? Урушдан кейин ҳамма нарсадан аввал физкултурачилар, жисмоний бақувват кишилар лозим бўлгандир. Балки у мактаб, уруш вақтида бирор ҳарбий мақсадга зарур бўлган иш билан машғул бўлган бўлса, энди эса, жисмоний тарбия билан шуғулланувчилардан бошқа мутахассис тайёрлашга тўғри келмай қол ган бўлгандир.

 

Хуллас, Самарқанддаги физкултурачилар мактабига акам мени этаклаб келган эди. Ўшанда биз, мен ва акам шаҳарда мактабни излаб роса юрдик. Кечга яқин етарлича чарчадик. Аммо бу вақтга келиб мактаб ҳам топилди. Лекин бугун кеч бўлди, мактаб ёпиқ, эртага келишимиз керак бўлди. Шу сабаб кечалаш учун Самарқандда ўтирадиган бир шайхникига меҳмонга бордик. У шайх биз томонларга, яъни бизнинг қишлоққа ҳам бориб турарди. У кишининг бир қўли ишламасди. Биз тарафда одамлар бу кишини ҳам "эшон бобо, бир қўл эшон бобо" дейишардилар. Бу эшонбобо нинг меҳмон зиёфатини тайёрлаш жуда чўзилиб кетди, вақт  кечаси бир вақтга бориб тақалди. Мен зиёфат келгунга қадар ухлаб қолдим, албатта. Ўшанда овқат олиб келишганларида, акам мени овқат ейишга уйғота олмабди. Шунинг учун эрталаб, техникумга эмас, уйга жўнайдиган бўлдик. Чунки мени Самарқандда қолдириб, ўқитиш хавфли бўлиб чиқди. Худди бугунгидек бирор ерда ухлаб қолишим мумкинда, ахир. Шу сабабдан акам эрталаб "сен бир жойда ухлаб қоларсанда, йўқотиб қўярмиз. Йўқ бўлмас экан. Энди уйга кетамиз", деди. Шундай қилиб, барчаси тўхтади, Самарқандда ўқиш, физкултурачилик  ҳам шу ерга келганда, бир кеча давомида битди қўйди.

 

Самарқандга Тошкент тарафдан кириб келишда Улуғбек расатхонаси атрофи, Самарқандда "Боғи баланд", деб юритилади. Ўша ерда ҳозирлар Улуғбекка ҳайкал ҳам ўрнатилган. Ҳар ҳолда 1993 йилга қадар ўша ерда ҳайкал бор эди. Мен ухлаб қолиб, акам овқатга уйғота олмаган уй, яъни "бир қўл эшонбобонинг" уйи ана ўша тарафда, яъни Самарқанддан чиқишда Улуғбекка ҳайкалдан чап ва унга киришда ўнг томонда эди.

 

Шундай қилиб, Самарқандда "ўқишни битириб қайитганимдан" сўнг бироз вақт уй ишлари, яъни қишга ўтин тайёрлаш билан шуғулландим. Кўп ўтмай 1954 йил сентябри ҳам келди. Бизнинг қишлоқдан мен ва Муҳаммад Иброҳимов "Жумага" 8-синфга ўқишга қатнай бошладик. Чунки бу вақтга келиб, яъни 1954/55 ўқув йилига келиб, Ўзбекистонда ўн йиллик мактаблар сони кўпайтирилди. Жумладан ҳозирги Жизах (собиқ Самарқанд вилояти) вилоятига қарашли Ғаллаорол район "Иттифоқ" зонасида (шу замонда у ерлар "Эшонқулов номли совхоз", деб юритилади.) жойлашган "Жума" қишлоғида ўн йиллик мактаб ҳам ишга тушурилганди. 1954/55 ўқув йили "Жума" қишлоғи атрофида ерлашган барча кичик-кичик етти йиллик мактабни битирган болалар бу янги ўн йиллик мактабга  жалб қилинди. Жумладан, мен ҳам ўша мактабга 8-синфда ўқишни давом етказишга бордим.

 

Мактабга узоқдан келган ўқувчилар учун катта бир сарай ташкил қилинганди. Ҳамма ерда ётишардилар. Гигиена масалалари ҳам жуда хароб бир аҳволда эди. Шу сабабдан чамамда, 1954 йил октябри эди, яна ўша Карим акам бизни кўришга келиб, бу сарайдан бизни олиб чиқиш лозим деб топди. Ўша мактаб яқинида жойлашган Довуд бобоникига бизларни (мен ва Муҳаммадни) ўтказиб қўйди. Ҳар ҳолда  Довудбобонинг уйи мактаб ётоқхонаси-умумий сарай ва ўша замондаги бизнинг ўз уйимиздан ҳам дурустроқ эди, шекилли. Бу дуруст уйда эса, биз ётиб турадиган макон сифатида Довудбобонинг ош хонасидаги бир токча, яъни ошхонадаги бир кичкинагина суфача ажратилган эди. Кўрма-тушак ҳам ўзига яраша, яъни замонига яараша, латта-бутта. Дарсни ҳам ўша суфачада узолан тушиб қилардик. Чунки ўтирсак тепамиз шиптга тегиб қоларди.  Овқати миз, қатган нон ва сувдан иборат бўларди. Ширинлик,  иссиқ овқат, деган нарсалар бўлмасди. Нонни эса, бир ҳафтага етарли қилиб уйимиздан олиб келардик. Жонивор нонларимиз қатиб қолар, ҳатто понглаб кетарди. Баъзан Довудбобонинг кампири раҳматли, ўзлари учун тайёрлаган товуқ шурвасининг сувидан бироз марҳамат қиларди. Довудбобо ва унинг кампиридан Оллоҳ рози бўлсин.  

 

Шуниси бор эдики, Довудбобо жуда мулойим, яхши одам эди, раҳматли. Бироқ у кишининг кампири ҳақиқий кампиршо эди. Капиршо, уйда якка ҳукумрон эдилар. Мен илк дафа "диктатурани" ўша Довудбобонинг уйида кўрганман. У уйда кампиршонинг сўзи ҳеч замон икки бўлиши мумкин эмасди. Шунинг учун кампиршо бизга ҳам тўла ҳукмрон бўлиб, бизнинг дарсдан ташқари машғулотимизни ҳам кампиршо белгилаб бер ганди. Довудбобонинг битта сигири бўларди. Кампиршо сигирига сомонни қайта майдалаб едирарди. Ана ўша сомонни майдалашни биз икки ўқувчи бажаришимиз лозим эди. Мана шу сомон майдалаш биз учун капиршо белгилаган дарсдан сўнгги меҳнат машғулоти эди. Аслида эса, сигир емиши сомонни мйдалашга ҳеч қандай ҳожат йўқди. Чунки сигир майдаланмаган сомонни ҳам еяверарди. Лекин кампиршо квартира ҳақига биздан бирор нарса олиши керак эди-да. Шунинг учун уй кираси шаклида бизга бу вазифа юклатилганди. Бу иш менга жуда ёқмасди. Кампиршога бу ишингиз менга ёқмаяпти, деб бўлмасди, албатта. Шу сабабдан бўлса керак, мен бироз ишга кўнгулсиз уринардим. Чунки мен учун бу иш эксплуататорлик эди. Буни кампиршо сезмаслиги мумкин эмасди, албатта. Аммо Муҳаммад бир мунча ишнинг бу тарафига, яъни ишнинг “сиёсий” тарафига эътиборсиз қараб, ишни бажаришда мендан тетикроқ ҳаракат қиларди. Биринчидан, Муҳаммад мендан уч ёшга улуғ эди. Болаликда бу фарқ жуда сезилади. Иккинчидан, у гўдаклигидан тоғасиникида доимий меҳнатда ўсган бўлиб, бу хил ишларга кўникган бола эди. Менда эса, бу вақтгача кечган ҳаёт бошқачароқ ўтган эди. Шунинг учун бизлар бу масалада бир-биримиздан бир мунча фарқ қилардик.

 

Ана ўша сигирга сомон майдалаш иши бўйича мен кампиршога ёмонга чиқиб қолдим. Натижада, мен кампиршо учун танбал бўлиб, Муҳаммад унинг "любимчигига" айланди. У ёқ, бу ёқ қилиб, кампиршонинг сигирига сомон майдалаб, унинг товуқ шурвасини ичиб, бир амаллаб Довудбо боникида ҳам бирор 8-ойни ўтказдик.

 

Икки оғиз Довудбобонинг ўзи ҳақида. Довудбобо ва капиршонинг фарзанди йўқ эди. Довудбобо ва унинг кампири қон жиҳатидан Руссия ичидаги татар туркларидан ҳисобланарди. Қишлоқда коллективлаштириш замонида Довудбобо Руссиядан биз томонга ишга сафарбар қилинган мутахасислардан бири эди. Ўша замонларда мамлакат бўйлаб бир неча колхозларга хизмат қилишга мўлжалланган машино-тракторная стансия (МТС)лар ташкил этилган бўлган. Жумладан ана шу Жума қишлоғида ҳам МТС қурурилган. Довудбобо эса, ушбу МТСга ёнилғиларни сақлаш ва тақсимлаш бўйича масъул ходим сифатида ишга келган киши эди. Мусулмончилиги анча яхши эди. Қуръон саводи бор, ширин сўзли, хушмуо малали, жуда яхши одам эди, раҳматли. Аммо кампиршо, раҳматли, Боббонинг бутунлай акси эди.

 

Довудбобо, аслида отам раҳматлининг ошнаси бўларди. Акамнинг у киши билан танишлиги ҳам отам ҳисобидан эди. Отам раҳматли узоқ вақт МТСдан колхозга от аравада ёнилғи ташиган. Довудбобо эса, у ерда ёнилғи тақсимловчи бўлган. Улар ўша замон ошна тутишганлар.

 

Довудбобо кампиршо билан умрининг ахирига қадар Жумада яшаб қолишди. Бобо нафақага чиққандан сўнгра намоз-рўзасини канда қилмади. Уларнинг ҳар иккисидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин.

 

Отам ва унинг ажойиб ошнаси Довудбобо раҳматлиларга ва капришога Аллоҳнинг буюк раҳмати насиб қилган бўлсин, Амин.

 

Ўша вақтлар, 8-синфда ўқиб, Довудбобоникида яшаб юрган вақт, мен унга бир савол бергандим. Менинг саволим, "Довудбобо, қаранг кино ларда мусулмон давлатларининг бошлиқларини кўрсатишади. Уларнинг кўпчилиги соч қўйишганлар. Аммо биздаги кексалар эса, соч қўйсанг “кофир бўласан-дейишади. Сизнинг фикрингизча бунинг сабаби нимадан иборат? мазмунида тузилган эди. "Дарҳақиқат, Қуръонда соч қўйиш ёки қўймаслик ҳақида ҳеч бир кўрсатма йўқ. Шундай бўлгач, кинода кўрганларинг тўғри. Улар мусулмонлар бўлиши керак. Аммо бу ерларда одоб тусига кирган бир одат бор. У ҳам бўлса баъзи уломаларнинг кўрсатмасига мувофиқ урфга айланган. Менимча, қайси бир олимнинг тафсирига кўра таҳоратланганда, бошга масиҳ тортишда калла терисига сув тегсин, каби кўрсатма ҳам бўлса керак. Шундан келиб чиқиб, бошда соч бўлмаса масиҳ жойида бўлади, деган хулоса бўлаяпти. Аммо "кофир"лик ҳукмига мен қўшила олмайман", деб жавоб қайтарганди Довудбобо раҳматли. Мен эса, бу жавобдан қаноат ҳосил қилдим. Ҳатто бу жавоб, анчагина билимли мусулмоннинг жавоби эканлигини, Довудбобо ўқимишли мўлла одам эканлигини ўша маҳал англаб етгандим. Ҳа, Аллоҳ рози бўлсин у одамдан, чиндан саводи чиққан зиёли, муслим инсон эди, раҳматли Довудбобо. Унинг замонавий билими ҳам яхши эди.

 

Хуллас, биз 8-синфда ўқиб юриб, 7-синфда бизга математикадан дарс ўтган ўқитувчимиз Абдуғони Усмоновни (раҳматли) ҳеч унута олмадик. Бизнинг бу йилги, янги мактабимиздаги математика ўқитувчимиз ҳеч унга ўхшамасди. Шунинг учун тоға-жиян (Муҳаммад аммамнинг ўғли бўлганлиги учун у менга жиян ҳисобланади), 9-синфдан бошлаб ўша А.Усмонов ўқиган мактабда ўқиймиз, деб янги режа туздик. А. Усмонов нинг мактаби, у-ҳу бизнинг қишлоғимиз қуёш чиқиш тарафида, поезд ўтадиган ерда, Куропоткинода жойлашганди. Бу жой, бизнинг қишлоғи мизга 30-35 километр чамаси узоқликда эди. У масофадан ҳар ҳафта келиб-кетиш унча ҳам енгил эмасди. Аммо биз янги ўқув йилидан Куропот кинода ўқиймиз, деб қаттиқ аҳд қилдик. Қишлоқларда у ер "Курапаткин", деб юритиларди. Тўғриси Куропоткинодир. Бу исм, Туркистонни истило қилишда қатнашган рус босқинчи генералларидан бирининг исмидир. 1970-йилларга қадар Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган темир йўллари қисми бўйлаб барча стансиялар рус босқинчи генераллари исмлари (Черняев, Ломакин, Милютин, Куропоткино ва бошқалар) билан аталарди.

 

Менимча, 1975 йилдан сўнг бу исмлар алмаштирилди. Жумладан, Куропоткино ҳам ўзгартирилиб, энди яна русча "Багарная", деб аталадиган бўлинди. Ҳозир ҳам ўша ном сақланиб қолган бўлса керак. У замонлар ўзбекча аташ урф эмасди. Акс ҳолда "Лалмикор" ёки "Баҳори", "Баҳори кор", деса ҳам бўларди.

 

Бироз кейинроқ бизга маълум бўлдики, бизнинг қўшни қишлоқлардан баъзи болалар у ерда ўқиб, ҳатто ўрта мактабни тугатишган эканлар. Масалан, биздан ғарб тарафдаги "Кўса" қишлоғидан, биздан шарқ томонда "Қўрғончол" қишлоғидан 4-5 йигитлар, ўша биз 8-ни битирган йили  улар Куропокинода ўрта мактабни тугатишган эканлар.

 

Оқибат, биз тоға-жиян 1955/56 ўқув йилида Куропоткинода жойлашган Ленин номли 22-ўрта мактабнинг 9-синфида ўқишни давом эттира бошладик. Энди бизнинг яшаш харажатларимиз ҳам бироз ошди. Чунки бу ерда уй киралаш лозим бўлди. Ҳозир унутдим, ҳар ҳолда уй кираси 2-2,5 сўм (рубл) бўлса керак эди. Аммо бу пул у замон учун оз эмасди. Чунки у замонлар кишилар ойига 30-40 сўм топса, дўписини осмонга отган бўларди. Унинг ҳам 2-2,5 сўмини кимгадир бериш унча ҳам енгил эмасди. Емак масаласи эса, яна асосан уйдан келтириладиган қатган нон ва "бепул" сувдан иборат бўлиб қолаверди. Бу ерда баъзан чой ҳам дамлардик. Аммо энди уйдан бирданига икки ҳафталик нон ташийдиган бўлинди. Энди талқон ҳам келтирардик. Чунки талқон понгламайди-да. У талқонлар, менинг болаларимнинг даврида қотиб қолган нонларни майдалаб қилинган талқонга ўхшамасди, бунақа талқонлар у замонлар йўқ эди. Бизнинг талқонимиз қотиб қолган ноннинг майдалангани эмасди. У қуруқ буғдойни қазонда қавуриб, келида туйиларди. Аммо ноннинг талқонидан бизнинг талқонимиз каллорияли бўларди. Аллоҳим, ундай даврларни инсонлар бошига такрор солмасин, амин.

 

Уруш (1941-1945 йиллари давом этган рус-олмон уруши) замонида эса, кишилар талқон уёқда турсун, ноннинг ушоғига ҳам зор бўлишганлар. Натижада, кўкариб  турган ўтларни, алафларни ейишганлар. Хом ўт еган киши шишиб кетаркан. Бечора одамларнинг қанчалари шишиб ўлишган лар. Аллоҳим, бандаларинг бошига бундай мусибатларни бошқа насиб этмагайсан, амин.

 

Шукрким, Аллоҳнинг изни ила 50-йилларнинг бошларидан бошлаб, мен туғилиб улғайган жойларда кишиларнинг яшаш шароитлари йилдан-йил дурустланиб борди. Биз Куропоткинода умумга нисбатан ўртача кун кечирдик. Ҳар икки ҳафтада бир марта қишлоқдан емагимизни, яъни нон ва талқонларни системали олиб турдик. Муҳаммад чарчамас одам эди. У ҳар ҳафтада ҳам қишлоққа бориб келаверарди. Мен бироз дангаса эдим. Иложи бўлса ойида бир марта ҳам қишлоққа бормасам, дердим. Стансия ва унинг яқинида яшовчи ўртоқларимизда энди велосипедлар ҳам пайдо бўла бошлади. Бу ҳам яшашнинг ўнгланаётганидан дарак эди. Улар бизни велосипедни бошқаришга ўргатдилар. Эндигина тета-пая велосипедда юрадиган бўлганимда, бир мактабдош ўртоғимдан қишлоққа бориб келмоқ учун велосипедини сўрадим. У ҳам мард бола эди, велосипедини менга берди. Ана ўшанда, бориб-келиши қарийб 70 километрлик йўлда якка ўзим йиқилиб - суруниб, велосипедни бир неча километрлаб этаклаб юриб, охирий уни ҳайдашни дурустроқ ўрганиб олгандим.

 

Оқибат, биз икки йил, яъни мактабнинг 9 ва 10-синфларини А.Усмонов муаллимимиз ўқиган мактабда ўқидик, унинг математика ўқитувчиси, Якуб Сейинович Ғаффаров қўлида биз ҳам математикадан дарс олишга муяссар бўлдик. Мен Я.С.Ғаффаровнинг аълочи ўқувчисига, яъни матеметикадан нуқул аъло баҳоларга ўқийдиган ўқувчига айландим. Тўғриси, математкани ва уни тушунишни мен Я.С.Ғаффаровдан ўргандим. У киши чинакамига ҳақиқий педагог эди. Қаттиқ қўл, чуқур билимли, ўқувчига математикани ўргатиш техникасини аъло даражада билувчи, жонкуяр ўқитувчи эди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин. Жойи жаннатда бўлсин, раҳматлининг. Ана ўша Ғаффаров сингари ўқитувчиларнинг нони чиндан ҳалол ва меҳнатдан эди. Чунки улар мактабдан олган маошига яшашарди. Уларда "лева" ва ота - оналар "савғоси", деган гаплар бўлмаганди ва бўлмасди. Я.С.Ғаффаров раҳматли бутун борлиги, бутун билими билан ўқувчига билим беришга жон куйдириб уринарди ва ўргатарди, ўргата оларди.

 

Илгарилаб бўлсада, яна бир нарсани сўзлаб ўтай. Мен ишлаган жойда "левалар", яъни очиқдан-очиқ порахўрликдан ташқари, бир соатлик дарсга ажиратилган 45 минутдан атайлаб тўла фойдаланмайдиган бир қатор ўқитувчиларни учиратдим. Мана бундай ёлғончи ўқитувчиларнинг ойлик маошининг ҳам ҳалоллигига шубҳа қиласан киши. Бундай ўқитувчиларни миллатнинг душмани, дейиш лозим десам, хато қилмаган бўла ман. Бугун лўлининг замонида эса, аҳвол беш баттар бўлди. Бугун ҳукумат тўла халқ душманига айланди. Ўқитувчи билмадим, қаерда қолди, у бечора? Дуруст, ҳалол ўқитувчиларни айтмоқчиман. Бугун зулмнинг юки билимли, инсофли, зиёли ўқитувчилар елкасида қолди.

 

Сиз болаларим ва азиз ўқувчи, ҳеч замон, бундай йўлга киргувчи бўлманг. Мутахассислигингиз бўйича доим ҳалол ишлашга ҳаракат қилинг. Қобилиятингиз ва имконингиз даражасида ҳалол бўлишга интилинг, ҳалол бўлинг. Ишончингиз комил бўлсин, мен меҳнатда ҳалол бўлдим. Аллоҳга минг шукр, мен ҳар доим билганимни тўла, охирига қадар бутун имкониятларимни ишга солиб ўқувчиларга ўргатишга ҳаракат қилдим. Иш фаолиятимда доим ўқитувчим Я.С.Ғаффаровдай бўлишга уриндим. Институтларга кириш ва жорий имтиҳонларда бирор марта, бирор кимсага жабр қилмадим. Ҳар доим уларнинг ўз нисбий баҳоларини қўйдим. Аммо турмуший сабаблардан келиб чиқиб, тушуниб, била туриб кўп лар қатори мен ҳам бошқа хатога йўл қўйдим. Аллоҳ Ўзинг мағфират этгайсан бу ғофил бадангни. Биласилар, бу хатолар, билимсиз болаларга "ўрта" ва "яхши" баҳолар қўйишдан иборат бўларди. Бу ҳол менда ҳам бўлиб турди.

 

Шу ерда ҳаётимдаги яна бир детални сўзлаб қўяйин. Мен ҳар доим порадан қутулиш йўлларини изладим. Ҳатто дессертатсия ёқлаганимдан кейинги биринчи йил ҳақиқий маошимдан 1000 сўм пул иқтисод ҳам қила олдим. Аммо бу принсипни давом этказа олмадим. Чунки мамлакат нинг иқтисодий аҳволи танглигидан кетма-кет нархларнинг ўзгариши, болаларнинг улғайиши сабаб бўлиб, харажатлар ошиб, соф режалар бузи либ кетди. Аммо шундай бўлишига қарамасдан ҳамиша инсоф доирасидан чиқмасликка ҳаракат қилдим. Сизнинг ҳам шундай бўлишингизни истайман, Аллоҳ ёрдамчингиз бўлиб, тўғри йўлдан адашмагайсиз, илоҳим. Шунинг учун азиз болажонларим ва ўқувчим, мамлакатда сиёсат ўзгарганда мен ҳалолликка, тўғриликка ўтармиз, деб ўйлаб бу янги сиёсатни фаол қўллаб-қувватловчилар сафида бўлдим. Муҳожирлигим ва болаларимнинг муҳожирлигининг асосий сабаби ҳам менинг ҳалолликка интилишларим натижасида келиб чиқди.

 

Мен фақат ўзим ҳалол ейдиган шароитни эмас, балки барча, бутун миллат ҳалол ейдиган, ҳалол яшайдиган шароит яратиш истагида сиёсат билан қизиқдим ва унга (сиёсатга) аралашиш имкони туғилган ҳамон сиёсатчи бўлиб қолдим. Аммо менинг яхшиликларни истаб қилган ҳаракат ларимдан менинг болажонларим кўп азобда қолдилар. Шу сабаб мен, болаларим олдида ҳам ўзимни қарздор ҳис қиламан. Ифлосликларни тазо лаш ниятидаги ҳаракатларим давомида йўлда учираган қийинчиликлар довули болаларимни ҳам ўз домига тортиб кетди. Бу учун улардан мени бағишлашларини сўрайман. Юқоридаги фикрлар йўлда хаёлга келиб қолгани учун сўзлаб ўтишга тўғри келди. Тартиб бўйича давом этамиз.

 

Хуллас, 1955/56 ва 1956/57 ўқув йиллари Куропоткинода ўқиб, ўрта мактабни тугатдим.

 

Мактабда ўзбек тилида ёзмадан ва рус тили ҳамда рус адабиётидан бироз қийналардим. Ўзбек адабиётидан, айниқса оғзаки предметдан аълога ўқирдим. Аммо ёзмага келганда камчилликлар анчагина бўларди. Шунинг учун "Ўзбек тили", "Рус тили ва адабиёти" ва "Чизмачилик" предмет ларидан аттестатимга "тўрт" баҳо қўйилганди. Мен ҳозирлар ҳам жуда тез-тез "а" ва "о" ҳарфларини нотўғри ишлатаман. Бунда шева сабабчи бўлса керак. Шунинг учун болалар шевада сўзлашмасликларига ҳаракат қилиб, уларни ўзбек грамматик тилига ўргатишга ҳаракат қилдик. Аммо натижа қанчалик муваффақиятли бўлганини болаларимнинг ўзлари биладилар. Кишининг етарли даражада билимли бўлишида мактабнинг роли мислсиз катталигини ёддан чиқариб бўлмайди. Афсус менинг болаларим ўқиган мактабнинг савияси менимча етарли даражада юқори эмасди. Чунки ўзбекистонда ўзбекча ўқитиладиган мактабларда умумий савия жуда паст эди. Шунинг учун маориф масаласи алоҳида муҳим бир муаммодир. Мамлакат, давлат ўз сиёсатида маориф системасига алоҳида ўрин бериши керак. Бизнинг маориф системамизда чуқур илоҳотлар ўтказилмоғи энг муҳим масаладир.

 

Ўзбекистонда маориф системасида ислоҳотлар ўтказиш бошқа барча ислоҳотлардан ҳам аҳамиятлидир. Бу система мамлакат бўйлаб шевалардан тўла ва узил-кесил озод бўлиш асосида қайта қурулиши зарур. Бу масала ўзбек элатини ягона миллат даражасига кўтаришда, унинг умумий саводхонлигини оширишда энг асосий омиллардан бири, балки асосийсидир.

 

Мен ўн йиллик (бизнинг давримизда ўрта мактаб дейиларди)  мактабни тугатиб, олий мактаблардан қайси бирига ва қаерга ўқишга киришни ўзим танладим. Негадир бизнинг ўқитувчиларимиз бизга олий мактабларга ўқишга кириш тўғрисида маслаҳатлар беришмасдилар. Акамлардан ҳам бу маслаҳат чиқмасди. Чунки уларнинг ўзлари ўрта мактабда ҳам ўқишмагандилар. Шунинг учун акамларнинг олий мактаблар ҳақида тушунчалари оз эди, балки йўқ эди дейилса бўлади.

 

Мен аслида ревизор бўлишни ёқтирардим. Менда бу истак Гоголнинг "Ревизор" ҳажвиясига ҳавас хоҳиши эмасди, албатта. Ўша замонларда ҳам колхозлар идораларини, магазинларни қандайдир текширувчилар текширардилар. Уларни ревизорлар, дейишарди. Менинг болалик тушунчамда ревизор камчиликларни аниқлаб, ҳақиқатни ўртага чиқарувчи бўлиб шаклланганди. Аслида ҳам ревизорларнинг иши шунақароқ бўлиши керак эди. Менга эса, ана шунақа теркширишлар, кишиларни тўғри йўлга солиш каби хусусиятлар кўпроқ ёқарди. Шунинг учун менда ревизор бўлиш истаги пайдо бўлганди. Аммо ревизорлар қайси мактабда ўқишларини билмасдим. Шу билан бирга университетлар математика факултетларига имтиҳонлар топшира оларман, деб ўзимга ишонар дим. Шунинг учун ҳали мактабни битирмасдан, бу йил, яъни 1957 йили Самарқанд универси тети математика факултетига ўқишга киришга уриниб кўраман, киролсам яхши, акс ҳолда армия хизматига кетаман, хизматдан сўнг эса, ревизор ликка ўқишга кираман, албатта, деб ният қилгандим.

 

Насиба экан, ўша 1957 йили, яъни ўрта мактабни битирган йилиёқ Самарқанд университетининг математика факултетига ўқишга кирдим. Оқибатда математика бўйича мутахассис бўлдим. Математика мутахассислигида ишлаб топган нон билан болаларимни вояга етказдим, ўзим ҳам шу соҳада танилдим.

 

Университетга кириш имтиҳонларини топшириб бўлганимдан сўнг, мандат комиссияси, яъни кириш имтиҳонларида йиғилган баҳоларга кўра университетга қабул қилинганликни қаид қилувчи комиссия иш бошлагунича менинг ҳаётимда яна бир қизиқ воқеа рўй берди. У ҳақда сўзлаш ҳам ибратга лойиқдир деб ўйлайман. Имтиҳонлар топшириш жадвали бўйича менинг имтиҳонларим умумий имтиҳонлар тугаш вақтидан уч кун илгари тугади. Шу муносабат билан мандатгача менда уч кун бўш вақт қолаётганди. Кириш имтиҳонлари топишириш вақтида биз ўқишга кирув чиларга университет ётоқхонасининг ҳавлисида, очиқ далада жой қилиб беришгандилар. Ўша ҳавлида мен ҳам ётиб турардим. Юқорида номи тилга олинган мен ўсган қишлоқга қўшни "Қўрғончол" қишлоғида яшовчи Худойберди Куланов исмли бола ҳам ўша йили мен билан параллел университетнинг биология факултетида кириш имтиҳонлари топшираётганди. Ана ўша мен бўш қолган биринчи куниёқ  қаердандир, ўша бола менинг олдимга келиб қолди-да, қўярда-қўймай мени ўзи яшаётган ерга олиб кетди. Аслида у бола бу ишни менга меҳрибончилигидан эмас, қора ниятда қилганлиги бироз сўнгроқ маълум бўлди. Худойбердининг акасига ўгай бўлган бошқа бир бола биздан бир-икки йил илгари келиб, Самарқанд озиқ-овқат техникумида ўқирди. Худойберди эса, ўша боланинг ижора уйида турарди. Худойберди мени ана шу уйга эргаштириб келди. Нарсаларимни, кийимларим, китоб-дафтарларимни уларнинг уйига қўйдим. Бир эски пахтадан костюмим бўларди. Ёз бўлса-да, онам раҳматлик "Ёзда ёпинчингни унутма, қишда ўзинг биласан" нақлига амал қилиб, у костюмни менга кийдириб юборганди. Паспортим ва ҳарбийлик гувоҳномам (аскарликка чақирилишим мумкинлиги ҳақида ҳажжат. Совет замонида шунақа ҳам бир ҳужжат бўларди) ўша костюм чўнтагида турарди. У костюмни ҳам илгичга илиб қўйдим. Ўша куниёқ бекорчиликдан зерикиб эски шаҳарга (Самарқанднанг бир қисми эски шаҳар деб аталарди. У ерда сомон бозори бўларди.), сомон бозорига тушдим. Чунки бу бозорга одатда бизнинг қишлоқдан кишилар сомон олиб келиб туришарди. Ҳақиқатан, у ерда ўша куни ҳам бизнинг қишлоқдан одамлар бор экан. Улар яна сомон олиб келиш учун юк машинаси кира қилиб, қишлоққа жўнамоқчи бўлиб туришган эканлар. Улар билан мен ҳам қишлоққа кетивордим. Яхши ёмон нарсаларим, ҳужжатларим Худой бердиникида қолаверди. Қишлоқдан мандатга бир кун қолганда келдим. Яна сомончилар билан сомон бозорига келдим, албатта. У ердан чиқиб Худойбердиникига кетаётгандим, олдимдан "Кўса"лик Суяров Холбўта исмли бола чиқиб қолди. Холбўта эса, университетнинг филология факултетига ўқишга кираётганди. Аммо у мандатдан ўта олмабди. Мен ундан "Худойберди қандай бўлди", деб сўрадим. Чунки Биология факул тетида ҳам мандат ўтиб, Худойбердининг ҳам тақдири ҳал бўлган бўлиши керак эди. Холбўта, "Худойберди ҳам мандатдан ўта олмади", деди. Бу жавобни эшитиб, негадир юрагим шув этди. Дарҳол ҳужжатларим ёдимга тушди. Шоша-пиша Худойбердининг уйига бордим. У ерда Худойбер ди йўқ. Уйда эса, унинг ўгай жияни (Худойбердининг акасининг ўгай ўғли) бир ўзи ўтирарди. Илгакда осиғлик турган костюмим чўнтагини текширдим, ҳужжатларим йўқ. Уй эгасидан "бу ерда ҳужжатлар бор эди кўрмадингми", деб сўрадим. У менга "билмайман, сизнинг кийим ларингизга мен тегинганим йўқ", деб жавоб қилди. Дарҳақиқат, у билмаслиги мумкин эди. Чунки мен уникига кўчиб келганимда бу бола уйда йўқ эди, ахир. Агар Худойберди ҳужжатларни бузуқ ниятда олган бўлса, у ўз нияти ҳақида бунга сўзлаб ўтирмагандир.

 

Қисқаси, бозорда юрагимга тушган "шув", ғул-ғула бежиз эмас экан. Ҳужжатларимни Худойберди бахиллик қилиб, бир балога дучор қилиб кетиб ди, шекилли. Иш қилиб, энди менинг аҳволим таранглашди. Чунки паспортсиз ва ҳарбий хизматга лаяқотлилик тўғрисидаги ҳужжатлар бўлма са, менинг имтиҳонларда тўплаган балларимдан қатьи назар, мени мандатдан қайтаришади. Шундан сўнг нима бўлса бўлдим, сувга тушган мушукдай бўлдим, десам камлик қилади. Шу ҳолда шумшайиб университетга келдим. Бу ерда Аллоҳнинг каромати билан бизнинг мандат куни яна кичиктирлибди. Қаранг, шайтон Худойберди, (аслида шайтонберди бўлиши керак у боланинг исми) менга душманлик қилишга уринаяпти, Аллоҳ эса, ишимни ўнгламоқда. Бу ғофил банда, ўз ҳисобининг Аллоҳ ҳисоби қаршисида ҳеч эканлигини билмайди-да. Мана Қудратли Аллоҳ менинг ҳисобимга яна икки кун вақт қўшиб қўйди. Аммо бу кунлар шанба ва якшанбадан иборат эди. Бу хабарни билиб, яна сомончилар олдига қайта келдим ва ўша куни кечаси кирачи машина билан қишлоққа такрор келдим. Воқеани уйдагиларга сўзладим. Карим  акам дарҳол "Қўрғон чол"га, Худойбердиларнинг уйига кетди. Аммо уни у ерда топа олмади. У топилганда ҳам масала ҳал бўлмаслиги аниқ эди. Чунки Шайтонберди ҳужжатларни қайтариб бериш учун олмаганди, албатта.

 

Шундай қилиб, шанба куни эрталаб акам иккимиз энди Ғаллаорол районига жўнадик. Аммо дам олиш кунлари район марказида бирорта ташки лот ишламайди. Унинг устига паспорт берадиган ташкилотнинг бошлиғи эса, райондан 25-30 километр узоқда яшарканда, дам олиш кунлари у уйига кетар экан. Демак, паспорт масаласи душанбагача ҳал бўлмайдиган бўлди. Ҳарбий хизмат гувоҳномаси учун район ҳарбий комиссарияти га бордик. Комиссариятнинг ҳам началниги (бошлиғи) райком мажлисида экан. У замонларда бутун район ҳудудида компартиянинг район коми тети (Райком) ягона ҳоким, ягона ҳокимият ҳисобланарди. Шундан сўнг райком эшигига келиб мажлиснинг тугашини кутдик. Бу мажлис ҳеч тугамайди. Мен эса, икки кундан буён йўлдаман, уйқунинг ҳеч тайни бўлгани йўқ. Шунинг учун скамейкада ўтириб, кўзим юмилиб-юмилиб ке тади. Акамга бу ҳолатим ҳеч ёқмайди, менга ўдағайлаб-ўдағайлаб қўяди. Аммо бирор нарса, демайди. Охири, бир замон мажлис тугади. Биз ҳар бий комиссарга рўпора бўлдик. Акам бир амаллаб масалани унга англатди. Аммо комиссар бизнинг масалани эртага қолдирди. Якшанба бўлса ҳам бизга ёрдам беришни у ваъда қилди. Ўша комиссар яхши одам экан. У бизга душанбе куни келасилар, деса қўлимиздан ҳеч нарса келмасди.

 

Ҳарбий комиссардан бу жавобни эшитиб бир мунча суюндик. Ундан сўнг акам мени бир тўйга эргаштириб борди. Ана ўша тўй сабабчиларини бир неча йиллардан сўнг мен Самарқандда учиратдим ва куёв билан анча яхши таниш ҳам бўлдик.

 

Мен шу тўйда ҳам "қўлтиқдан торбуз тушурдим". Тўйда мезбонлар манзират қилиб менга ароқ тутсалар, мен бир стакан ароқни ичиб юбориб ман. Бу ҳам акамга жуда ёқмади. Тартиб қоидага кўра акамнинг олдида тап тортмай ароқни кўтариб юборишим айб ҳисобланар экан. Мен эса, унақа қоидаларни билмасдим. Ичишни эса, ўша Куропоткинода ўқиб юрганимизда бироз ўрганишгандик. У ерда биз ўзимизга-ўзимиз "бек" эдик - да, бизни ҳеч ким назорат қилмасди. Вино савил ҳам жуда арзон бўларди, ўша замонлар. Шунинг учун баъзан оз-оз вино ичардик (Аллоҳ ўзи тавбаларимни қабул қилиб, ислоҳ этсин).

 

Хуллас, якшанба куни Ғаллаорол район ҳарбий комиссари бизга ҳарбий хизмат гувоҳномаси ёзиб берди. Шундан сўнг ака-ука маслаҳатлашиб, мен кечқурун поезд билан Самарқандга жўнайдиган бўлдим, акам эса бу ерда, Ғаллаоролда қолиб, душанба куни паспорт масаласини ҳал қилади ган бўлди.

 

Душанба куни эрталаб, университетга келдим. Бу сафар биз учун белгиланган вақтда мандат бошланди. Мени ҳам ичкарига чақиришди. Менда паспорт йўқ. Оллоҳ мени ислоҳ этсин, ўшанда мен Мандат комиссиясига бироз ёлғон сўзладим. Ҳозир шу ерга, мандатга келаётганимда, авто бусда чўнтак ўғрилари паспортимни олиб қўйишди, дедим. Самарқандда бундай бўлишига ишонишарди. Унга қўшимча қўлимда, колхозда ишла ганлигим ҳақида меҳнат дафтарчам ҳам бор эди. Комиссияга ана шу меҳнат дафтарчасини ва ҳарбий хизмат гувоҳномасини топширдим. Комиссияга раислик қилувчи, "ҳа, яхши, бу боланинг стажи ҳам бор экан, қабул қилинсин. Паспортини кейин тўғрилаб келади", деди. Аллоҳ йўлимни очди, роса шод бўлдим. Ўқишни бошлаб юборганимдан кейин билдимки, ўша замон мандатга раислик қилган киши университет Ректори вазифасини бажарувчи Рафиқ Искандарович Искандаров, исмли домла бўлиб, у мен ўқийдиган факултетда ишлар ҳам эканлар.

 

Мен мандатдан энди чиқиб улгургандим, акам ҳам етиб келди. Аммо акам паспортсиз келганди. Чунки районда паспорт ёзиб берадиган шахс ўта бемаза, ярамас одам эди. Қоида бўйича қонуний паспорт ёзиб бериш учун ҳам 25 сўм пул пора оларди. У замонлар 25 сўм катта сўмма эди. Тахминан ҳозирги 50 $ миқдорида қимматга эга эди.

 

Ана шунақа ташвишу-сарсонликлар билан 1957 йили Самарқанд давлат университети 1-курс студентлари сафига қўшилиб қолдим.

 

Ўша куниёқ акам билан мен Самарқанддан тўғри Ғаллаоролга жўнадик. Чунки мен паспорт олишим ва район ҳисобидан чиқишим зарур эди. Бу ерга келсак, районда ўқитувчилар август конференсияси бўлаётган экан. Шайтонберди (Худойберди) ҳам бу конференсияда қатнашмоқда экан. Акам уни кўчада бироз кайф устида учратиб қолибди. Дарҳол уни тутиб олиб, милитсияга топшириб юборибди. Шундай қилиб, у бахилдан акам илк бор ўч олганди. "Бахилнинг боғи кўкармас, кўкарса ҳам мева бермас", дейилади халқ мақолида. Бу чин ҳақиқатдир, болаларим ма азиз ўқувчи. Ана ўша Худойберди мисолида мен бунинг исботини ўз кўзим билан кўрдим.

 

Биринчидан,  ўша йили августда мен студент бўлдим, у эса, мендан икки йил муқаддам ўрта мактабни битирган бўлса-да, бу йил ҳам ўқишга кира олмади, унинг устига устак акамнинг тепкиларини еб, яна 15 кун милитсияда ўтириб чиқди. Иккинчидан, ундан сўнг ҳам Худойберди яна қатор йиллар Самарқанд университетига ўқишга киришга уриниб кўрди, аммо бўлмади. Қизиғи, доим мандатдан қайтиб турди. Ёши ўтаверган дан сўнг, у университетга сиртдан киришга урина бошлади, яна бўлмади. Бу орада мен университетни битирдим, Самарқандда ишлай бошла дим. У эса, ҳамон олий мактабга киролгани йўқ эди. Ҳатто энди мен, Аллоҳга минг шукр, истасам унинг ўқишга киришига ҳалақит бера олади ган даражада бўлиб қолдим. У эса, ҳамон кириш имтиҳонлари тоширарди, аммо ўқишга кира олмасди. Ана ўша замонларда қора кўнглум унга махсус ҳалақит бер деса, тафаккурим, йўқ, ундай қилма унга Аллоҳ Ўзи ҳалақит берсин, дерди. Шунинг учун ақлимга қулоқ солиб, ўшанда мен унга ҳалақит бермай, Аллоҳга солганман ва Худойберди исмини хаёлимдан, калламдан бутунлай чиқариб ташлаганман.

 

Ўша вақтларда, ҳақиқатан Худойберди Самарқанд олий мактабларининг бирортасига ҳам ўқишга киролмади.

 

Мен олим бўлиб, катта домла бўлганимда, у эса, 40-дан ошиб қариб қолганда Бухоро педогогика институтига сиртдан ўқишга киришга муяссар бўлганди. У ерда ҳам бир неча марта ҳайдалиб, сурулиб, суркалиб 10-15 йилда базўр пединститутни битирди. Ана шу бояги мақолнинг яққол исботидир. Ҳеч бир замон бировга бахиллик қилманг. Ҳасад қилманг, доим ҳавас қилинг. Шундай яшангки, ишларингизни шундай ўрнига қўйингки, Сизга ҳам бошқалар ҳавас қилишсин. Ҳамиша, ҳар ерда муҳтожларга имконингиз қадар, қўлингиздан келгани қадар ёрдамингизни аяманг. Яхшилик дарҳол қайтмаслиги мумкин. Баъзан сиз яхшилик қилган кишидан ёмонлик ҳам қайтиши мумкин. Аммо булар ўткинчидир. Яхшилик абадий, у бари - бир яшайди ва бир кун сўзсиз қайтади. Яхшиликларнинг Ҳисобчиси Буюк Аллоҳдир, унинг ҳисобида янгилишлар бўлмайди.

 

Шунинг учун имкони бўлса яхшиликлар қилишдан, имконингиз қадар кишиларга, муҳтожларга ёрдам беришдан ҳеч чарчамнг, болаларим!

 

Муҳаммад соллалоҳу алайҳи вассалом ҳазратларининг дўстларидан тўртинчиси Алининг (бизда бу муҳтарам халифа кўпроқ ҳазрати Али номи билан машҳур. Унга Аллоҳнинг раҳматлари бўлсин) машҳур насиҳатларидан бирида шундай дейиладики: “Сен бировга яхшилик, мурувват қилсангда, у кимса сенга унинг қаршилиги учун миннатдорчилик билдирмаган бўлса-да, сен барибир яхшиликлар, эҳсонлар қилишдан қайтмас линг керак. Чунки сен билмаган бошқа бириси сенга яхшилик қилади. Сен ундан, яъни ўзинг танимаган бошқа бир яхши одамдан янада кўпроқ яхшилик олишинг, эзгулик  кўришинг аниқ. Аллоҳ мурувват кўрсатувчиларни, яхшилик қилувчи, валламат, шафқатлиларни севгувчидир“ (Ша ҳид Муртазо Мутоҳҳори, “БожестВенное откроВение и пророческая миссия“, Москва, 1998).

 

Мен 1955/56 ўқув йилидан, яъни Куропоткинодаги ўрта мактабга ўқишга бора бошлаганимдан бошлаб қишлоқдаги уй ишларидан анча четлашиб қолгандим. Ёзги дам олиш кунларида баъзи ишларни бажаришда қатнашиб турсамда, йилнинг асосий қисмида уйдаги молларга қараш, ўтин ташиш каби менга ёқмайдиган ишлардан узоқда бўлардим. Самарқандда университетда ўқий бошлаганимдан сўнгра эса, уй ишларидан бутунлай чиқиб кетдим десам ҳам бўлаверади.

 

6. Талабалик (олтин) даврим.

Мен талаба бўлган даврларда, "студентлик олтин даврим", дейиш одатга айланганди. Умуман олганда бу фикрда бир мунча жон бор. Чунки, совет замонида кишининг энг эркин даври бу студентлик замони эди. Студентлар бир имтиҳон сессиясидан кейингисига қадар анча ўзларини эркин сезишардилар. Аммо студентлик даврининг ҳам ўзига яраша ташвишлари, муаммолари етарлича топиларди, албатта. Совет конститут сиясига мувофиқ 18 ёшга тўлган ўсмир мамлакатнинг тўла ҳуқуқли фуқароси ҳисобланарди. Демак, ҳар бир ўсмир олий мактаб студенти қатори га қўшилар экан ўзини "катта" киши ҳисоблай бошларди. Дарҳақиқат, олий мактабда ўқиш давомида киши маълум бир камолатга, яъни ўша замоннинг, советлар замонининг камолатига кўтарилиб, шахс кўринишига эга бўларди, десак унча хато бўлмайди. Менимча, менда ҳам шундай бўлди. Масалан, мен университетнинг 3-курсига келганимда дунё қарашларим,  деярли тўла шаклланганди, десам бўлади. Мен, ўз студентлик давримда,

1. Дунё қарашларим шаклланди; 2. Мутахассисликни тўла танладим; 3. Ҳаётий фаолиятим йўналишларини белгилаб олдим дейишим мумкин.

 

6.1 Дунё қарашимнинг шаклланиши.

Менда дарслардан ташқари нарсалар ҳақида ҳам фикрлаш илк дафа 1956 йили КПСС (Коммунистической партии Советского Союза, ўзбекчаси – Совет Иттифоқи коммунистик партияси) ХХ сеъздидан сўнг, яъни 9-синфда ўқиб юрган давримда бошланди, дейишим мумкин. Чунки бу сеъзд совет мамлакати сиёсатида бир қатор янги йўналишларни бошлаб берганди. Менда эса, бу янгиликка қарши фикр, ҳиссиёт пайдо бўлди. Қишлоқ мактабининг 9-синф ўқувчиси, менинг қалбимда бу янгиликни тушуниб ёки тушунмай (тўғрироғи тушунмай) унга норозилик ҳиси қайнай бошлади. Бизнинг тилимиз чиққандан буён дунёда тенгги йўқ донишманд, раҳнома, доҳий, деб тушунтириб келишган шахс Сталинни Партиянинг мазкур сеъзди танқид қиларди, унинг қатор камчиликлари бўлганлиги ҳақида қарорлар қабул қилинганди. Мен эса, буни негадир қабул қила олмадим. Ана ўшанда менда илк дафа атрофдаги ҳодисалар ҳақида нега бундай бўлаяпти, деган савол пайдо бўлди. Шу билан бирга мен ўзим-ўзимга ва тарих ўқитувчисига такрор-такрор "нима учун Сталин тирик вақтида унинг хатолари ўзига айтилмади?", дейишдан тўхтамасдим. Ўқитувчи, "Сталиндан қўрқишган, шу сабаб у тириклигида айтиша олмаган", деб жавоб берарди. Бу жавоб баттар ғашимга тегарди. "Коммунист ҳам қўрқадими", дердим, мен ўқитувчимга. Чунки бизга коммунист ҳеч нарсадан, ҳар қандай қийинчиликдан қўрқмайдиган "дев", деб ўргатишарди. Мен аълочи ва интизомли ўқувчи сифатида мактабда нима ўргатилса унга жуда ишонардим, улар чин ҳақиқат, деб қабул этар дим. Шунинг учун у замон коммунистнинг қўрқоқлиги менга тушунарли эмасди. Мен учун Сталин ҳақиқий коммунист, уни танқид қилаётган лар қўрқоқ ва чин коммунист эмас бўлиб кўринарди. Кейинроқ тушуниб етдимки, уларнинг ҳеч бири бизга тушунтиришган, ўргатишган образ ларга лойиқ одамлар, шахслар эмас эканлар. Улар ҳақиқатда фақат бир-биридан қўрққанганларидангина бирга ишлашаркан. Бутун система, бир бутун ҳокимият системаси қўрқув асосида яратилган эканлигини 9-синфдан кейин анча сўнг тушуниб етдим.

 

Коммунистлар ичидан ташқарига сасиб чиққан иллатлар натижаси ўлароқ менда, ўзимга хос махсус дунё қараш шакллана бошлади. Бошда, калламда қаттиқ ўрнашиб қолган Сталин образига ишонч(стреотип дейишади)ни ёқлаш, унинг учун кураш ҳисси пайдо бўлди. Бу ўзига яраша нуқтаи назар эди. Мен университетга ўқишга кирганимда менинг нуқтаи назаримча, Сталин ўлимидан сўнг компартия раҳбарлари Ленин-Сталин партияси ғояларига хиёнат қилаётган каби эди. Ана шундай янглиш нуқтаи назарда туриб студентлик давримни бошлаганман. Шу сабабдан бизга биринчи курсда КПСС тарихидан дарс берган Камолов исмли ўқитувчига ҳам мен ўз саволларим билан анча ташвиш берганман. Камолов деганлари ўта маданиятсиз жоҳил коммунист бўлган бўлса керак.  У мени, унга кўп савол берганим учун роса жазолади,  яъни менга ўз предмети КПСС тарихидан "удов" (удовлетварительный, яъни ўртача) баҳо қўйди. Бу баҳо менинг ҳаётимда учираган биринчи энг паст баҳо эди. Шу билан бирга бу мен учун ҳаётда илк дафа турмушнинг ноҳақликларига дуч келиш бўлиб ҳам ҳисобланарди. Нима ҳам дейсиз, киши шунақа қилиб аста-секин шахс сифатида шакланади, ахир. Бошқа томондан бу баҳо мени КПСС тарихини яна дурустроқ ўрганишга ундади. Менинг бу уринишим эса, баҳо учун эмасди. Аксинча менинг бу ҳаракатим, дунёга қизиқишларим, дунёни тушунишга ҳаракатларим, биздаги ҳокимиятни тушуниб етишга уринишларимни белгилаётганди. Айтишим каракки, 2-чи курсда тарих ўқитувчимиз ҳам ўзгариб кетди, менинг бу предметдан баҳом ҳам "беш"га ўзгарди. Диплом иловасида "КПСС тарихи"дан "аъло" турибди. Чунки бу иловага энг сўнгги баҳо қўйиладиган тартиб бўларди.

 

Ленин-Сталинларни мактаб қандай ўргатишган бўлса, худди ўшандай қабул қилганлигим ва даврни, сиёсатни яхши тушуниб етмаганлигим сабабли КПССнинг ХХ сеъзди қарорларига қарши менда жуш урган норозилик студентлик давримда секин-секин пасая бошлади. Мен энди турмушнинг у ёки бу масалалари тўғрисида бир мунча дуруст мулоҳазалар қиладиган бўлдим. Энди менга 1917 йилги октябр инқилобидан сўнг дарҳол бошланган фуқаро уруши ёқмай бошлади. Мен илк дафа фуқаро урушида ота ва фарзанд бир-бирига қарма-қарши, ҳатто бири, иккинчи сига душман тарафларда туриб урушганларини, яъни отанинг ўқидан унинг боласи ўлиши мумкин бўлганини ёки тескариси, боланинг ўқи ўз отасини ўлдириши аниқлигини тушуниб етдим ва бу ҳолни ҳеч сингдира олмайдиган бўлиб қолдим. Шундан бошлаб советларни, совет давлатини ёқтирмай бошладим. Бунга миллатчилик қўшилди. Аслида Миллатчилик элементлари  менда ҳали 9-10-синфларда ўқиб юрган замон ларда пайдо бўлганди. Чунки ўша замонларда бизнинг мактабимизда рус синфлари биздан илғор ва негадир бизлардан яхши кийинишар, уларда китоб-дафтарини соладиган папкалари ҳам бўларди. Бундан ташқари бир мактабнинг ўзида уларнинг синфлари бизникидан чиройли ва унинг ичидаги ашёлари бизнинг синфимиздагига кўра гўзаллироқ, янгироқ эди. Шунинг учун менда нега ундай, деган савол бўларди. Аммо у саволни ҳеч кимга сўзлай олмасдим. Чунки биринчидан, бу норозилигимни кимга сўзлаш лозимлигини билмасдим, иккинчидан, жуда торинчоқ бўлиб, бундай савол билан ўқитувчига мурожаат қилишга тортинардим. Бир тарафдан тортинчоқлигим ҳам менга фойда берган экан. Акс ҳолда миллатчилигим керагидан аввал ошкора бўлиб қолиб, анча зарар кўришим мумкин экан. Энди эса, университетда бир мунча ақлим тўлишиб, ўзимни тутиш, фикр мулоҳазаларимни қандай ифодалаш тартибларини биладиган даражага кўтарилиб қолдим. Менинг миллатчилигим секин-аста мени ватан тушунчасига ўзгача қарашга олиб келди. Мен энди СССРни ватан ҳисобламайдиган бўлдим. Менинг Ватаним СССР эмас, Ўзбекистон, яна кенгроқ Туркистон эди. Энди мен бизнинг тилимизга яқин сўзлшадиган миллатлар, эллатлар ҳақида ўйлайдиган бўлгандим. СССР номидан қилинадиган ишларда ва унинг номидан айтиладиган маълумотларда бизнинг ҳам бўлишимизга ҳеч чидай олмайдиган бўлиб қолгандим. Масалан, СССР спортига, СССРда ишлаб чиқилган молларга ишқибоз бўлиш, улар учун жон куйдириш менга душман учун қилинаёт гандек туюларди.

 

Хуллас, мен 3-курсни битирганимда, коммунистлар партиясининг энг катта хатоси, бу улар мамлакатда фуқаро урушининг келиб чиқишига сабабчи бўлган, деб хулоса қилдим. Чунки мен энди, фуқаро урушида ота боласини, фарзанд эса, отасини ўлдиришдан иборат бўлганлигини тўла тушуниб етгандим ва буни ҳеч юрагим қабул қила олмасди. Дунё ишлари учун фарзандни отага, отани болага душман бўлишга ундаш, ҳатто бу ҳолни рағбат лантириш мен учун энг ашаддий бузғунчилик, одобсизлик, ахлоқсизлик ҳисобланарди.

 

Шундай қилиб, бу замонга келиб, менинг олдимда учта муҳум масала кўндаланг бўлганди. Биринчиси, коммунистлар ўз доҳийларини у ўлгандан сўнгра танқид қилишарди. Менда бу ҳолга нима учун унинг тириклигида эмас, у ўлгандан кейин, деган савол пайдо бўлди. Бу ҳақда қанчалар ёзишмасин, у доҳийнинг қанчалар хатоларини очиқ кўрсатишмасин, у ёзилганларга ишонмасдим. У ёзувлар мени ҳеч қаниқтирмасди. Иккинчиси, бу 1917-1919 йиллар давом этган фуқаро уруши бўлиб, бу ерда ҳам нима учун, қандай муқаддас маъбуд учун ота ўз жигар гўшасини ўз қўли билан ўлдирмоғи (тескариси, бола ўз жаножон падари-бузруқворини ўз қўли билан ўлдирмоғи) лозим, деган савол эди. Учинчиси, миллатчилик бўлиб, нима учун руслар биздан кўпроқ имкониятларга эга бўлади, нима учун руслар ўзбек тилини билмаса ҳам бўлаверади, аммо биз рус тилини билишимиз мажбурий, деган савол эди. Бироз вақт сўнг учинчи масала қаврами бироз кенгайди. Энди менинг олдимда фақат нима учун рус ундай ва ўзбек бундай, деган масала эмас, ундан анча кенгроқ Ватан масаласи кўндаланг бўла бошлади. Бу масалани мулоҳаза қилиш давомида Совет иттифоқдош республикалари мустақил, суверен давлатлар эмас, аксинча масалан, Туркистон Руссиянинг мустамлакаси дир, деган қатьий хулосага келдим. Менинг Ватаним эса, бу Ўзбекистон, кенг маънода Туркистондир, деб хулоса чиқардим. Туркистон ўрнида ташкил қилинган бешта республикалар, мустамлакачилик сиёсатининг натижасидир, деб қарор қилдим, ўзимча. Ана шундан бошлаб, бу масалаларга нисбатан менинг нуқтаи назарларимда ҳеч бир замон иккиланиш бўлгани йўқ. Фақат ҳукуматнинг сиёсатидан ийманиб, тўғрироғи қўрқиб, ичимни ҳеч кимга тўла очмасдим. Аммо ҳамиша, ҳатто студентлар билан ўтказиладиган тарбия соатларида, сиёсий информатсия соат ларида ватан тушунчасини, одоб-ахлоқ тушунчаларини усталик билан ўз нуқтаи назарим доирасида олиб борардим. Фикр ва тушунчалари менга яқин бўлган студентларни  очиқчасига миллатчиликка даъват қилган замонларим ҳам бўлган.

 

Мен, ёш йигит, студент эканман, ёшлик радикализмидан ҳоли бўлмаганман, албатта. Масалан, нима учун мен ёки биз рус тилини ўрганамиз, улар эса, бизнинг тилимизни ўрганмайди, биз ҳам рус тилини ўрганмаймиз, дейишим, ўша радикализм аломати эди. Мен бир дафа факултет комсомол мажлисида айнан шундай мазмунда ўзбек тилида нутқ сўзлаганман. Бу мен тарафдан нотўғри позитсия эди. Чунки тил ўрганиш бу фойдали масала бўлиб ундан ҳеч қочмаслик керак. Тил ўрганишни доим рағбатлантириш ва етарли даражада бутун мамлакат бўйлаб мактаб ларда чет тилларни (бизда чет тили сифатида асосан икки тилни, инлиз ва рус тилларини мажбурий тартибда) ўрганмоқ учун барча имкониятларни яратмоқ зарур. Синфдан ташқари ва хусусий мактабларда араб, форс ва немис тилларини ўрганишни рағбатлантириш фойдадан ҳоли бўлмас.

 

Студентлик давримда бир қатор бадиий китоблар мутолаа қилдим. Мен энг севиб ўқиган китоблар Абдулло Қодирий (Жўлқинбойнинг) асар ларидир. Аммо кўпроқ газета ва журналлар ўқирдим. Мен масалан, "Шарқ юлдузи" журналини ўқиб, ўзбек ва совет адабиёти ҳақида маълумот лар билан танишардим. Бу журналда чоп этиладиган бадиий асарларни ҳам бироз ўқирдим. Кўпроқ шеърларга қизиқардим. Абдулло Орифов, Эркин Воҳидов, Шуҳрат, Рамз Бобожон сингари шоирларнинг асарларини ва ўзларини ҳам "Шарқ юлдузи" орқали таниганман. Бу журналдаги бадиий танқидий мақолалар менга кўпроқ ёқарди. Озод Шарафиддиновнинг мақолалари менинг кўп хушимга келарди. Кейинроқ маълум бўлди ки ҳақиқатан бир мунча миллий ғурури бор адбиётшунос олим ҳам шу О.Шарафиддинов бўлиб чиқди. 

 

Мен асосан газета ва журналлардаги совет авторларининг мақолаларини ўқиб, энг аввал Совет сиёсатини, ундан сўнг дунё сиёсатини англаш ни ўргандим. Масалан, мен 4-курслигимда газеталарда, сиёсий журналларда босиладиган сиёсий мақолаларни анчагина яхши таҳлил қила олар дим. Уларда яширинган фикрларни тушуниб, тескари моҳиятини ҳам англай билардим. Оқибатда, мен оддий суҳбатларда ҳам кўпинча сиёсат ҳақида кўпроқ сўзлайдиган бўлиб қолгандим. Қишлоққа борсам, раҳматли Турсун акам (Отам раҳматли икки марта уйлангандилар. Бизнинг онамиз раҳматли отамнинг иккинчи хотини эди. Биринчи онамиздан ҳам бир ўғил ва бир қизлари бор эди. Уларниг каттаси Турсун акамиз ва кичиги қиз бўлиб, Қундуз опамиз эди. Турсун ака ва Қундуз опамизнинг оналари мен дунёга келмасимдан вафот қилганлар. Қундуз опамизни ҳам эслай олмайман. Бу киши мен гўдаклигимда оламдан ўтиганлар.) менинг  соатлаб сиёсий таҳлилларимни тингларди, жуда кўп саволлар бе рарди. Карим акам ҳам менинг сиёсий суҳбатларимни ёқтирарди, у кишининг ҳам менга сиёсий саволлари анчагина бўларди. Дунё воқеалари дан яхши хабардор бўлмоқ учун телевизорда Марказдан, яъни Москвадан бериладиган ахборотни тинглашни канда қилмасликка ҳаракат қилар дим. Янглишмасам, 5-курсларда "Озодлик" радиосини тинглайдиган бўлгандим. 2-курсдалигимдаёқ, Пекиндан бериладиган рус тилидаги эшиттиришларни тутардим ва тинглардим. Чунки Хитой коммунистлари советларнинг ички сиёсатига қарши бўлиб, уларни қаттиқ танқид қилишарди. Мен уларнинг танқидларидан ўз нуқтаи назаримни мукаммаллаштиришда фойдаланардим.

 

Шундай қилиб, мен совет дипломини олиш учун совет мактабида ўқиш давомида советларга тўла қарама - қарши нуқтаи назардаги киши бўлиб етишдим. Аммо пассив курашчи эдим. Чунки ҳали 1962 йиллари ҳеч бир кимса Совет ҳукуматига қарши фаол (актив), очиқ ҳаракат қилишга журъат қила олмасди, ҳатто ундай ҳаракат қилиш мумкинлигига ҳам ишониб бўлмасди. Д.Сахаровга ўхшаш кишилар ҳам 1968 йилдан сўнгра, атом бомбаси ишлабчиқаришни камайтириш маъносида кўзга ташлангандилар. Д.Сахаров, СССР Фанлар Академияси академиги, Ленин муқофоти лауреати, бир қанча чет эл академиялари фахрий академиги ва ҳакоза, ва ҳакоза унвонларга эга шахс ҳисобланарди. Шундай бўлишига қарамасдан, унинг қарашлари коммунистик сиёсат нуқтаи назаридан бироз фарқ қилгани учун у барча тутилларидан  "озод" қилиниб, сибирга сургун қилинганди. Бизга ўхшашлар ўзини кўрсатса эди, дарҳол  жисмоний йўқотиб юборишлари мумкин эди. Шу сабабдан у замонлар мен син гари "курашчилар" советларга қарши ўз уйларида фаолият кўрсатишарди. Ҳар ҳолда бу ҳам ўзига яраша кураш усули эди. Бу кураш пассив бўлса-да, тузумга, режимга мухолиф фикр бутунлай йўқ бўлмаганидан дарак бериб турарди. Мен эса, студентлик давримдаёқ шундай фикрни, совет расмий сиёсатига қарши нуқтаи назарни ташувчилардан бирига айланган эдим. Мен, Боймирза Хаит ва Мустафо Камол Ота Турк ҳақида студентлик давримда маълум маълумотларга эга бўлгандим. Аммо бу маълумотларни мен улар ҳақида совет матбуоти тарқатган салбий хабарлардан тўплагандим. Баъзан совет матбуотида Ота Туркнинг "миллатчилиги" ва Б. Хаитнинг "хоинлиги" ҳақида катта-кичик мақолалар пайдо бўлиб қоларди. Мен уларни синчиклаб ўқиб чиқардим ва ўзим учун зарур бўлган хулосалар, яъни совет расмий матбуоти фикрларига тескари хулосалар ясардим. Дин масаласида ҳам шундай бўлган эди. Бизда, совет даврида динга, айниқса Ислом динига қарши жиддий, алоҳида қаттиқ қўл сиёсат олиб бориларди. Коммунистлар "дин афюн"лигига кишиларни ишонтиришга жиддий киришгандилар. Бу соҳада ҳукуматнинг, компартиянинг қаттиқ сиёсати ўрнатилганди. Совет мамлакатида, жумладан Туркистонда диний фаолиятнинг исталган кўриниши тақиқланган ди. Дарҳақиқат, бу сиёсат натижасида кишилар диндан, айниқса ислом динидан  анча четлашиб қолишгандилар. Совет даврида амал қилинади ган баъзи диний маросимлар миллий анъанага айланиб қолганлигидан ҳукумат уларга эътибор берилмасди, қолганлари, бир мунча исломийроқ, динийроқ кўринишдаги маросимлар ҳукуматдан яширин бажариларди. Мен диннинг, айниқса ислом динининг моҳияти ва аҳамиятини ҳам совет матбуотида исломга қарши чоп этилган материаллардан ўргандим ва динга муносабатим ҳам расмий сиёсатдан бутунлай фарқ қиладиган бўлди. Аммо ота-бобоси мусулмон бўлган кишиларнинг кўпчилиги дин соҳасида ҳукуматни доим алдардилар. Жуда кўп коммунистлар уйлари да доим мусулмончиликни сақлашга ҳаракат қилишарди. Лекин узоқ йиллар давомида ўтказилган динга қарши сиёсат ҳам ўз ишини бажарганди. Натижада, кишиларнинг ҳаёт тарзида динсизлик белгилари жуда кўпайганди. Масалан, ичкиликбозлик, вечер шаклида ўтказиладиган тўйлар, аммовий намоз ўқимаслик, масжидларга бормаслик, жума намозларига фақат қарияларнинг айримларигина қатнаши каби қусурлар авж олганди.

 

6.2 Мутахассислик танлаш.

Мен ким бўлишни истаганим ҳақида қисман юқорида ҳам сўзладим. Аммо бирор мутахассислик ҳақида ёшлигимда ўйлаган истакларимдан узоқроқ бўлган соҳада ўқишимга тўғри келди. Яъни ревизор бўлиш бўйича эмас, балки университетнинг математика факултетида ўқий бошла дим. Демак, энди мен университетни битириб, математик унвонига эга бўла оламан, холос. Университетни битирганларнинг жуда кўпчилиги мактаб ўқитувчилар бўлиб ишлашардилар. Шундан келиб чиқиб, ўқишни битириб қандай вазифада ишлашим мумкинлигини тушунардим. Бу ҳолда кўпроқ ўқитувчи бўлишим эҳтимолга жуда яқин эди. Аммо бу замонга келиб, қишлоқларда агроном, ветврач, инженер каби мутахассислар турмуш шароити ўқитувчиларникидан дурустроқ даражага кўтарилаётгани сезилмоқда эди. Шунинг учун менда ўқитувчиликдан бошқа бирор му тахассислик танлаш истаги пайдо бўлганди. Университетда ўқиб туриб математикадан бошқа мутахассис бўлиш мумкин эмас эди, албатта. Бироқ Математика факултетида 3-курсдан бошланадиган алоҳида бир гуруҳ бўларди, уларни механиклар, дейишарди. Ҳақиқатан улар, яъни математика факултетининг механиклар гуруҳига ўтишганлар, бошқа студентларга нисбатан бир қатор инженерликка оид предметларни ўргани шарди. Бу гуруҳда ўқиб университет битирганлар у ер, бу ерда инженерлик вазифаларида ишлашаётганликлари ҳам биз студунтларга аниқ эди. Шунинг учун мен ҳам балки инженер бўларман, деган умидда 2-курсни тугатганим ҳамон математика факултетининг ўша механика бўлимига ёзилдим ва шу гуруҳни битирдим. Аммо менга ҳаёт насибаси ўқитувчиликдан  ва муҳожирликдан тақдир этилган экан. На илож, оқибат, тақдир тақозоси билан мен фақат ўқитувчилик қилдим ва сўнгра муҳожирлик саргардонлигига тушдим.

 

Одатда Самарқанд университетининг механика бўлимини битирувчиларнинг асосий қисмини Ўзбекистон Фанлар Академияси ишга қабул қиларди. Бизлардан бир йил илгари битирганлар ҳам шундай бўлганди. Тақдирни қарангки, биз университетни битирадиган йил Академияда кичик бир инқироз рўй бериб, биздан ҳеч кимни ишга олишмаса бўладими?

 

1962 йил бошида, университетни битириш арафасида факултет мени Академияга иш масаласида сафарга юборди. Ана ўшанда Академия механи ка институти директори қабулида бўлиб, бизни улар ишга ола олмасликларини ўзим билиб келганман. Ўша замонда ҳам мен бир марта ўз "халқ чиллигим"ни кўрсатганман. Мен Академияга 10-12 кишини ишга олиш сўролган хат кўтариб боргандим. Улар ҳам бунча кишини ишга жойлай олмасликларини айтишди. Мендан бошқа бириси бу масалани фақат бир киши учун ҳал қилган бўларди, яъни ўша директордан ҳеч бўлмаса бир-икки кишига ўрин беринг, деган бўларди. Бу илтимос бажарилиши ҳам мумкин эди. Аммо мен, бу номардлик бўлади, деб бундай қилма дим. Ана ўша ҳолни, ўзимнинг ўша қилиғимни "халқчиллик", демоқдаман.

 

Дунё қарашларим ва мутахасислик танлашим билан бир қаторда ҳаётий фаолиятим ҳам шаклланди. Бу орада болаларимнинг оналари билан танишдим. Шу билан турмушнинг бошқа кўринишлари, оила масъулияти ҳам борлиги ҳаётимга кириб келди. Қисқаси, энди аста-аста турмуш нинг, яъни ҳақиқий ҳаёт кечиришнинг тўла оқимига кира бошладим.

 

6.3 Талабалик ҳаётида учираган баъзи бир ибратли ва салбий ҳодисалар ҳақида.

Мен, беш йиллик талабалик давримда кўрган кечирганимларнинг бир қисми ҳақида ҳам бироз сўзлашни лозим кўрдим. Энг аввал студентликда яшаш шароитим ҳақида, нима, десам бўлади? Мен энг оддий ва кам пул студентлардан бири бўлиб яшадим. Чунки менга ёрдам бера оладиган акамларнинг ўзлари ҳам анча ночор яшашардилар. Шунинг учун уларда менинг бошқача ҳаёт яшашимга шароит яратиб бериш имконлари йўқ эди. Аммо Аллоҳга минглар карра шукрлар бўлсинким, ҳеч бир пулдор студент мендай (мен билан бир қатор ўқиганларни кўзда тутмоқдаман) эркин, бемалол яшай олгани йўқ. Ҳеч ким менинг кам пуллигимни сезмасди. Ҳатто 1957 йилда Самарқанд университетининг студенти бўлишга муяссар бўлганлар ичида негадир жуда кўпчилик мени пулдорлардан бири ҳисоблашардилар.

 

Биз студент бўлган замонда оддий степендия йигирма икки сўм эди. Ўша замонларда кўпчилик студентлар ҳақиқатан шу, 22-сўмга кун кечири шардилар. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, бир бухонка нон 20 тийин, бир кило гўшт бир сўм эллик тийиндан икки сўмгача турарди. Мен ҳар ҳолда уйдан бир мунча ёрдам олардим. Аммо ҳеч бир замон акамга менга бунча пул керак, демадим. Қишлоққа борганимда акам қўлимга қанча пул берса, шуни индамай чўнтакка солиб келаверардим. Акам студентни боқиш қандай бўлишлигини ўз ўғлини ўқитганда сезганлар. Аммо акамнинг ўз ўғли Бурхонбой студент бўлган замонларда кишиларнинг моддий  аҳволи анчагина дурустлашиб қолганди. Ҳатто акам энди қишлоғимизда энг бақувват, яъни "бой" одамлардан бири ҳисобланадиган даражага чиққанди.

 

Талабалик даври менга, нисбатан эркин бўлишни, ўзимдан бошқа бирор кимсага суянмасликни ўргатди. Мен ўзимни таниб, киши сифатида шакллана бошлаганимдан бошлаб, бирор илми ёки амали ва бошқа бирор хил мансаби, жамиятдаги ўрни каби ҳолатлари билан мендан юксак роқда турган кишига хушомад қилишни жуда ёқтирмайдиган бўлдим. Мен ёмон кўрадиган нарсалардан энг хунуги ҳам ўша лаганбадорлик бўлса керак. Бу хусусият, яъни лаганбардорликни ёқтирмаслик ҳам менда ўша талабалик даврида шаклланди.

 

Самарқанд жуда нотинч шаҳар ҳисобланарди. Аммо мен Самарқандда талаба бўлиб юриб, бирор марта ҳам жанжалга аралашмадим. Ҳатто шаҳарда тасодифан ҳам бирор жанжал, тепалашнинг устидан чиқиб қолмадим. Бу ҳам Аллоҳнинг каромати бўлса керак. Аллоҳимга ҳамдлар айтаман, У мени номуносиб, ёмон кўринишларга гувоҳ бўлишимдан сақлади.

 

Мен, биринчи курслигимда тўрт кишининг бири бўлиб бир кирага тутилган уйда яшадим. Ўшанда менинг ёнимда, математика факултетининг 4-курсида таълим олувчи икки талаба ва тарих факултетида ўқийдиган яна бир 1-курс талабаси яшашдилар. Факултетнинг катта курсидаги ларнинг исмлари Мусурмон ва Малик эди. Тарихда  ўқийдиган боланинг исми эса, Акбар аталарди. Уйимиз, Самарқанд шаҳридаги лимонад заводи тарафда, университет бош корпусининг шарқий-шимолий томонида жойлашганди. Менимча, биз яшаган кўча “Озодлик, деб аталарди. Уйимизга яқин жойда, бир тор кўча бўларди, ундан лимонад заводига тушиб кетиларди.  Ҳали сентябр ойи эди, ҳар ҳолда пахтага ҳайдаш бош ланмаганди. Бир кун китоб-дафтарларимни қучоқлаб, университетнинг бош корпусидан уйга келаётиб, бояги тор кўчага  етиб қолгандим,  орқамдан иккита, бироз ширакайф, мендан ёшлари ҳам (мен у маҳал бола эдим-да, ахир), гавдалари ҳам улуғ кишилар етиб келишиб, бири ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ чаккамга бир шапалоқ туширди-ю ўтиб  кетаверди. Мен китобимни қучоқлаб қолавердим. Кўриниб турибди, мен уларга бирор нарса дея олмайман. Уларнинг ҳар бири мендан катта ва кўп бақувват бир бало эди. Бу ҳол менга анча алам қилди, албатта. Уларга жавоб қайтариш истаги кўнглимни ўртай бошлади. Аммо кучсиз эдим. Шу ҳолатда, аламзода ҳолда уйимизга келсам, квартирамизда юқори курс студенти, Мусурмон акам ўтирган экан. Бу Мусурмон, дегани ўзини бироз тетик тутиб юрарди. Гердайгангина, олифта сифат бола эди. Шунинг учун унинг юриши ва савлатига қараб, "Мусурмон ака, кўчада иккитаси мени уриб кетди, юринг орқасидан борамиз, биз ҳам уларга жавоб қайтарамиз", дедим. Мусурмон акам, бир нарсаларни баҳона қилиб, менга ҳамкор бўла олмади, яъни безориларнинг ортидан мен билан ташқа рига чиқмади. Тўғриси, у қўрқди. Мен ўзим уларни тақиб эта олмаслигим турган гап эди. Шундай қилиб, бу нотинч шаҳарнинг биринчи шапа лоғини 1957 йил сентябрида тотидим. Аммо бу ҳол бошқа бирор марта такрорланмади. Бошқа томондан мен ҳам ўсдим, улғайдим. Шунинг учун энди менга шапалоқ тушириш ҳам унча енгил эмасди, албатта. 1961 йили эди, шекилли, мен ҳам Самарқандда бирисининг чаккасига бир шапалоқ урганман. Бу ҳам мутлақо тасодифан бўлганди. Ҳозир аниқ хотирамда йўқ, кимлар биландир икки-уч киши эдик, ҳаммомдан чиқиб, шаҳарнинг энг катта боғидан ўтиб кетаётгандик, бу сафар ҳам бир ширакайф бизга тегажаклик қила бошлади. Ўшанда мен ҳам унинг чаккасига яхшигина шапалоқ туширдим. Менинг ҳамроҳларим қўрқиб кетишди. Чунки у ширакайф шаҳарлик эди, унинг шериклари бўлиши ва бизга ҳужум қилишлари мумкин эди-да. Одатда шаҳарлик болаларда пичоқ бўларди, биз шундан, арзимаган бир сабаб ила ярадор бўлмайлик, деб кўп хавф сирардик. Ундан ташқари менинг студент шерикларим ичида жуда жасурлари кўп эмасди. Аллоҳга шукр, Самарқандда бундан бошқа бу хил ҳолатларга дуч келмадим.

 

Талабалик даврининг бошқа йиллари бир-бирига ўхшаш ўтди. Йилига икки сессия, 6-дан 8-тагача имтиҳонлар (асосий синов) ва қанча зачетлар (синов олди назорати) топширардик. Ҳар ҳолда сессиядан сессиягача анча эркин юрардик.

 

Мен 2-курсдан бошлаб, негадир ўқишдан чарчаб қолдим. 2-курсда бироз хаста ҳам бўлдим. Менга "Капиллияра таксикос", деган диогназ қўйишди. Хасталикнинг исмини тўғри ёзолмаган бўлишим мумкин. Шунинг учун 3-5-курсларда ўртадан озроқ юқори даражада ўқидим. Диплом баҳоларимда 4-5 та "ўрта баҳолар ҳам бор эди. Аммо умумий савиям, тушунчаларим, фикрларим, фалсафий, илмий қарашларим ва синов китобчасидаги баҳоларим бир-бирини унча ҳам тақозо этмасди.

 

Бизнинг студентлик давримиз хусусиятларидан яна бири, биз студент ёшлар анча иноқ эдик. Масалан, ўша замонларда бизнинг орамизда ҳам тожик-ўзбекка ажралиш бор эди, аммо жуда очиқ, ошкора эмасди. Кейинчалик бу ҳол жуда ёмон кўриниш олиб кетди. Биз тушунмаган эканмиз. Аслида бу иш усталик билан ҳукуматнинг махсус ташкилотлари томонидан авж олдирилар экан. Совет ҳукумати, ўзбек-тожик иноқлиги уёқда турсин, ҳатто ўзбекларнинг ўзларининг ҳам бир ягона миллат сифатида  чиндан иноқ бўлишимизни ҳеч бир замон истамаган экан. Масалан, совет тузуми, совет мафкураси (идеологияси) кишиларнинг ҳеч бир шаклда гуруҳланишига йўл қолдирмаганлигига қарамасдан, район, вилоят, баъзида минтақа гуруҳларининг тузилишига эътибор берамагандай туюларди. Шундай гуруҳлар тузилиб, улар бир-бирлари билан ҳамиша жанжаллашиб юришардилар. Масалан, Самарқандда "СурҚаш"нинг мавжудлиги (Сурқаш - Сурҳондарё ва Қашқардарёликлар гуруҳи), Тошкентда эса Тошгуруҳ, водийликлар ва яна у ерда ҳам "СурҚаш" гуруҳларининг фаолияти давомли бўлиб турган. Ҳукумат бу гуруҳларнинг фаолият кўрсатишига, миллат ичида бир гуруҳнинг бошқа гуруҳга душман ҳолига келишига ҳеч бир кўринишда ҳалқит бермаган. Нима учун шундай бўлган, ахир? Чунки улар совет тузумига қарши гуруҳлар бўлмай, миллат ичида ўзаро ноиттифоқчиликни ташкил этган гуруҳлар бўлишган. Яъни ўзбекларнинг ўзлари ўз “хоҳишлари“ билан бўлинишиб, бир-бири билан олишиб ётганлар. Бу ҳам ҳукуматнинг истилочилик сиёсати бўлган лигини, “бўлда бошқар (эз)” эканлигини энди тушунмоқдамиз.

 

У замонлар биз, Совет ҳукумати, Туркистонни бешга бўлиш билан қаноатланмай, у бешовнинг ҳар бирини яна майда бўлакларга бўлиб бошқа риш сиёсатини ўтказганлигини тушунмаганмиз,. У машҳум сиёсатни, бугун ҳокимиятни қўлида сақлаб қолишга муяссар бўлган душманлар давом этказмоқдалар. Миллат, халқ оммаси эса, у машҳум душманликдан иборат бўлган сийсатнинг моҳиятини ҳамон тушунганларича йўқ. Тур кистондаги бугунги "мустақил" давлатларнинг "лидерлари" эса, ўзларининг 4-5 йилга мўлжалланган ифлос манфаатлари учун айнан ўша истило чилар сиёсатини давом эттирмоқдалар. Халқни қоронғиликда тутмоқдалар, уларни уруғ-аймоққа, маҳаллаларга бўлиб ташлаб бошқармоқдалар.

 

Бу Туркистоннинг советлардан қолган энг буюк муаммосидир. Бизнинг келажагимиз Туркистоннинг ягона мустаҳкам давлатга айланишидадир. Туркистоннинг ягона бирлиги менинг энг буюк орзуйимдир. Менинг авлодларимдан катта сиёсат, яъни давлат сиёсати билан шуғулланадиган бирортаси майдонга чиқса, унинг сиёсий махорати ва кучи Туркистонни бирлаштиришга хизмат қилишга қаратилсин. Туркистон бирлиги уруш лар йўли билан эмас, тарих тақозоси билан, бу минтақада яшовчи барча нуфуснинг чин иродасига мос амалга оширилмоғи лозим. Бир неча минг йиллар давомида бир мамлакат, бир давлат бўлган ягона Туркистонни босқинчилар, Туркистон халқи душманлари бўлиб юборди. Туркис тонни истилочи душманлар босиб олганларига қадар узоқ бир тарихда ота-боболаримиз ўзларини ягона ватан, ягона тупроқ фуқоралари ҳисоблардилар. Руслар Туркистонга бостириб кирганда бутун Туркистон халқи Ватанни-Туркистонни улардан биргалашиб ҳимоя қилишганди. Аммо улар кучлар тенг бўлмаган шафқатсиз жангларда аявсиз савашиб енгилгандилар, таслим бўлмагандилар. Душман бизнинг Ватанимизни истило этди ва бу тупроқда ўз тартибларини ўрнатди, бизни узоқ замон асоратда тутиб турди. У бизни атайлаб, майда уруғларга бўлиб, заифлаштириб бошқарди. Душман доим, "бўлда ур (бошқар ҳам дейишади)", қоидасига оғишмай амал қилди. Наҳотки, бугун биз, ўз тор манфаатларимиз доирасидан чиқа олмай, душман тартибларини давом етказсак. Ҳало бўлиниб, "бўлинганни бўри ейишини", англаб етмаган бўлсак?! Эй, авлод, бунга боболар руҳи рози бўлолмайди, ахир.   

 

Эй Туркистонликлар (уларнинг ҳозирги номлари: ўзбек, тожик. туркман, қозоқ, қирғиз)! Бизнинг эркимиз, бахтимиз, озодлигу-мустақиллигимиз - бу бизнинг чинакам бирлигимиздадир! Бу ҳақиқатни унутмайлик! Бу ҳақиқатни Туркистон тупроғида яшовчи ҳеч бир кимса унутишга ҳаққи йўқ!

 

Аммо мен студентлик ва ундан сўнг ҳам маълум замон ўзбек миллатчиси бўлиб, қолдим. Бу нотўғри, жуда катта хато эди. Бу менинг думан сиёсатини яхши ахиригача тушунмаслигимдан келиб чиқарди. Тўғрисини айтсам, менинг маҳаллийчилигим, яъни мендаги ўзбек миллатчилиги 1989-1991 йилларгача давом этиб, советлар тугаш арафаси менда маҳаллийчилик иллати тўла барҳам топди, десам тўғри бўлади.

 

Талабалик давримга оид яна бир воқеа, менинг характерим ва инқилобий интилишларимдан белги бўлиб ҳисобланади. Воқеа 1961 йилда содир бўлганди. Биз бу замон 4-курс студенти эдик. Мен ҳам университетнинг Самарқанд шаҳар Авиатсионная кўчасидаги ётоқхонасида яшардим. Мен ўзимни яқин тутадиган курсдошларнинг деярли барчаси шу ётоқда яшардилар.

 

Йилнинг апрел ёки май ойи эди, шекилли, ётоғимизда бироз тинчлик бузилди. Уни ҳам шу шаҳарлик тожик аталмиш болалар келтириб чиқариш дилар. Ётоқда дам олиш кунлари танса, деган бир русча ўйин бўларди. Унга асосан рус қизлари чиқишардилар. Тансага шаҳарлик йигитлардан бир қанчаси келишарди. Тўғриси мен у тансаларга деярли чиқмасдим. Чунки русча танса тушишни билмасдим. Аслида ўзбекча ўйинга ҳам йўқ эдим. Аммо бир икки сафар тансага тушган ерим ҳам бор. Ана шу тансага келишадиган шаҳарлик болалар ётоқда яшовчи 1-2-курс болаларни бироз қийнашибди, яъни улар студент болаларни кўчада тўхтатиб уларнинг нарсаларини (янги кийим, фотоаппарат ва бошқа нарсалар) тортиб олишарканлар. Бир кун  уларнинг бир қисми, ҳар ҳолда катталари эмас, ётоқ эшиги олдида яна тегажаклик қилишган экан, катта курс студентлар буни кўриб, шаҳарликларга бироз жазо биришибди, яъни шаҳарлик безори болаларни уриб-уриб ётоқдан ҳайдаб юборошибди. Бу ҳолдан шаҳарликларнинг “буюклари“  аччиқланиб, "гуноҳкор", яъни шаҳарликларни уришни ташкил етган студентни топишмоқчи бўлибдилар. Аммо мен бу воқеалардан хабарсиз эдим. Ўша кунлар негадир мен ётоқда бўлмаган эканман. "Катта" шаҳарликлар ташвиқотчини излашиб, ётоғимиз буфетчиси Нарзи акани сўроқ қилишибди. Нарзи ё билиб, атайлаб ёки тахмин қилиб, шаҳарлик "ўч" олувчиларга мени ва Янгибойни  (Бу йигит Янгибой Темиров Париж районидан бўлиб, мен билан бир курс ва бир гуруҳда ўқирди) асосий айбдор, деб айтибди. Шаҳарликларнинг энг "зўри" Воси исмли бириси эди. У ётоқда яшайдиган бир арман қизи олдига жуда кўп келарди, тансага ҳам доим келиб турарди. Ўша Воси оқибатда арманкага уйланди.

 

Хулоса шулки, кунлардан бир кун Восибой бизни (мен ва Янгибойни) ётоқ яқинида тўхтатиб, силар бизнинг ёши кичик болаларни ноҳақ жазолабсилар, деб бизга "ултуматум" ҳаракат қилди. Биз ундан "сенга бу гапни ким, айтди", деб сўраган саволимизга Нарзи айтди, деб жавоб берди. Ана шу моментдан бошлаб воқеалар бошқача йўл билан ривожланди. Энг аввал биз Воси билан бирга Нарзининг олдига келдик. Нарзи дарҳол қасамга ўтди, албатта, яъни бизларнинг ўша жанжалда бўлмаганлигимиз ва Восиларнинг янгилшаётгани ҳақида сўзлайбошлади. Ҳақиқатан ҳам биз бўлган воқеалардан хабарсиз эдик, ахир. У кун шу билан, яъни Нарзининг қасами билан тинч ажралдик. Аммо биз бу маш-машага яхшилаб нуқта қўймоқчи бўлдик.

 

Биз, бу замон 4-курсдамиз, ўзимизни катта одам, шаҳарга "эга", деб  ҳисоблаймиз. Ҳақиқатан ҳам Самарқанд шаҳар ўзимизникилигига, унга эгалигимизга ҳеч кимда эътироз йўқ ва бўлиши мумкин эмасди. Шунинг учун Восининг бизни кўчада тўхтатиши бизнинг иззат-нафсимизга тегди. Энди биз Восига ва унинг бутун дўстларига сезиларли жавоб беришни режалаштирдик. Юқорида айтганимдек, шаҳарлик болаларда доим совуқ қурол (пичоқ) бўлади. Шу сабабли улар билан бирор муомалани ҳал қилганда буни ҳисобга олиш керак. Биз, студентлар ундай қурол олиб юрмаймиз. Шунинг учун улар билан ҳисоблашишнинг ўзимизга маъқул икки йўлини ишлаб чиқдик.

 

Биринчи йўл, музокара йўли, яъни Воси бошлиқ шаҳар болалари билан ўзаро  аниқ шартлар асосида тинч келишиб олиб, тинч-тотув яшаш. Бу ҳолда бизнинг шартларимиз: улар бошқа ётоққа келишмайди, ҳатто тансага ҳам улар келмаслиги керак. Болалардан тортиб олишган нарсаларни қайтариб беришлари лозим. Яна шунга ўхшаш бир қатор шартларни туздик. Бу "ультиматум"ни Восиларга ким етказиши  керак? Бунинг учун вакиллар ҳам топдик. Студентларнинг бир мунча "хулиган-безори" сифатлари бўларди. Улар кўпроқ филология ва тарих факултеларида ўқишарди. "Хулиган" студентларни йиғиб, уларга масалани тушунтирдик. Бизнинг "элчиларимиз" шартимизга кўниб, шаҳар хулиганлари олдига кетишди. Бизнинг вакилларимизнинг хабарига кўра, қарши тараф бизнинг шартларимизни қабул қилишган. Шундан сўнг шаҳарликлардан амалий ҳаракатни кутдик. Уларнинг амалий жавоби нима бўлди, денг? Бир кун кечқурун Воси ва яна бошқа бир-иккитаси (уларнинг кекса хулиганлари ҳам бўларди, шулар ҳам)  келиб, ётоқхона буфетида ўтириб олишди. Бизнинг "разветкамиз" маълумотига кўра, улар биз билан тепа лашишга тайёрланиб келишган. Бояги кекса хулиганларнинг сумкаларида тошлари бўлган. Ана шунда биз иккинчи режамизни амалга оширишга киришдик. Иккинчи режа, бутун ётоқхона болаларини "жанг"га солиш ва хулиганлар билан батамом орани очиқ қилиш еди. Бу режани бугун мана шу буфетда ўтирган хулиганларни тутиб олиш (асирга олиш) билан амалга оширмоқчи бўлдик.

 

Аслида биз бу ҳолни ҳам олдиндан ҳисобга олиб, бунга маълум бир тайёргарлигимиз бор эди. Хулиганлар буфетда ўз режаларини маслаҳатла шар экан, биз ҳам дарҳол ишга киришдик. Студентлардан икки-уч гуруҳ туздик. Уларнинг бир гуруҳи доим ташқарида қолиб, буфетнинг деразаларини қўрқлаши лозим эди. Чунки биз буфетнинг ичида уларга ҳужум қилганимизда улар деразадан қочиб кетиши мумкин эди. Бир гуруҳ эса, ҳужум бошланганда телефон ва светни учириши керак эди, бошқалар командани кутиб хоналарида ҳозир туришлари шарт эди. Биз уч-тўрттамиз жараённи бошқармоғимиз лозим эди.

 

Вақт ҳам кечқурун соат 9-бўлиб қолди. Бизнинг ҳисобимиз бўйича жанжални улар бошлашлари керак эди. Аммо охир, оқибатда улар қўрқди, жанжал бошлай олмадилар. Кексалари секин сумкаларини кўтариб буфетдан чиқиб кетишди. Аммо Воси мардлик қилиб, буфетда ўтираверди. Биз эса, масалани бошқа вақтга қолдира олмасдик. Чунки биринчидан, биз ҳар куни ёки кун ора улар нима иш бошлар экан, деб хавфда, юраги мизни қўлда ушлаб ўтира олмасдик. Иккинчидан, улар бирортамизга ёмонроқ зарар келтириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмасди. Шунинг учун энди биз фақат Восининг ўзини асир олмоқчи бўлдик ва тузилган гуруҳларга керакли команда берилди.

 

Хуллас, биз жараённи бошқарувчилар буфетга кирдик. Ташқарида ва коридорда дарҳол свет ўчди. Шу замон Воси эпчиллик қилиб, икки қўлига буфетнинг иккита пичоғини олиб, буфетнинг прилавкаси тагига кириб олди. Бир участкавой милитсионеримиз ҳам бўларди, у киши асли хоразмлик эди. У ҳам шу ерда. Унинг ҳар кунги вазифаси, шундай бўлса-да, ҳар эҳтимолга қарши уни биз ўзимиз атайлаб чақириб келганмиз. Ҳатто ётоқхонага қўшни яшайдиган Ходи Орифович Абдуллаев исмли (раҳматли) математика факултети декан ўринбосари бўларди, у одамни ҳам раҳматли Эшпўлат (Бу йигит ҳам менинг курсдошим эди. Мен бу сатрларни ёзаётган замонда Эшпўлот раҳматли бўлганди.) билан бирга бориб бугун бўлиши тахмин этилаётган ҳодисадан огоҳлантириб қўйгандик. Бизнинг ҳисобимизга кўра, Х.О. Абдуллаев ётоқда нима бўлаётганини, бўлганини билмаслиги керак эди. Ҳақиқатда ҳам у киши ўша куни уйида ётмаган эди.  

 

Ана шундай қилиб, Воси прилавка остида, буфет залида тўла студентлар. Милитсионер прилавканинг бир бурчагида, унинг ёнида раҳматли Эшпўлот болаларга "қўйинглар яхши бўлмайди", деб турарди. Эшпўлотнинг “қўйинглари“ ёлғондакам эди. Аммо чироқ (свет) ўчирувчилар, чироқни бир ўчириб, бир ёқиб туришардилар. Свет ўчганда болалар прилавкага қараб кифер шишаларини отишарди, свет ёнганда тўхташарди. Ёруқда бутилкалар отилса ким атаётгани билиниб қолади-да. Шунинг учун қоронғида отишардилар. Шунақа ўйин давом этиб турган бир маҳалда, свет ёнувининг навбатдаги бирида Воси икки қўлида иккита кифер шишаси билан шундай бир тезликда прилавка устига ирғиб чиқдики, унинг тезлиги одамзоти ҳайрон қоларлик даражада тез эди. Қўлидаги шишаларни залга, яъни болаларга, ўзини эса, деразага отса бўладими? Дераза билан прилавка ораси камида икки метр келарди. Деразадан ташқари томон ҳам бир метрдан баланд эди. Лекин Восига ҳеч нарса бўлмади. У шу йўл билан қочиб қутулди. Одам бирор хавфдан чинакамига қўрқса шунақа бўлса керак. Ташқарида бизнинг деразани қўрқловчиларимиз эса, бояги ўчир-ёқда "постларини" ташлаб ичкарига, томошага кириб кетишган эканлар. Шунинг учун Восини ҳам қочириб қўйдик. Бир ҳисобдан Аллоҳ ўзи бошқариб, бизни ёмон ҳолдан қутқарган экан. Акс ҳолда Воси қўлга тушиб, уни болалар уриб майиб қилиши ёки бошқа бир фалокат бўлиши ҳам мумкин эди.

 

Шундан сўнг, бутун ётоқхона нима тўғри келса шуни қўлга олишиб, шаҳар бўйлаб Восини қидиришга отланишди. Ётоқхона атрофидаги шаҳар ликларнинг уйларига кириб Восини излашдилар, болалар. Аммо уни топиш мумкин бўлмади. Кейин билсак, Воси медтехникумда  ўқийдиган болалар яшайдиган квартираларнинг бирида кароват остига яширинган экан. Студентлар эса, шаҳардан ташқаридан келиб, яшайдиганларнинг  квартираларига киришмагандилар. Аммо студентлар шаҳар бўйлаб юриб, йўлда учираган бир неча шаҳарлик болаларни тутиб, уришдилар. Уларнинг ичида битта бегуноҳи ҳам бўлган экан. Восининг укасини эса, университет бош биноси ҳавлисида тутиб олишдилар. Болалар уни роса тепишиб, ташлаб кетишаётгандилар. Бир замон студентларнинг бири оёғига пичоқ урилгани маълум бўлди. Восининг укаси(унинг исми Наби эди) оёқлар остида ётиб, бирисининг оёғига пичоқ уриб улгурган экан, бемаза. Ундан сўнг болалар яна қайтадан уни хушидан кетгунча тепишди. Биз (мен ва Эшпўлот раҳматли иккимиз), ўлиб қолмасин, деган мақсадда уни болалардан  ажратиб олдик.

 

Бутун шаҳар милитсияси оёққа турди. Студентлар устидан милтиқ отиш ҳам бўлди. Аммо студентларнинг шаштини бостириш мумкин бўлмади. Қисқаси, оқибатда студентлар университет бош биноси ҳавлисидаги ошхона олдида беихтиёр, стихияли бир равишда тўпланиб қолишди. Бу ерга Самарқанд шаҳар ва вилоят милитсия бошлиқлари, бир гуруҳ қуролланган милитсионерлар ҳам келишди. Студентлар уларни ураб олишди. Милитсия бошлиқлари машиналари устига студентлар чиқиб ўтириб олишганди. Ҳар ким ҳар нарса сўзларди. Студентлар бирин-кетин сўзлар, милитсияни порахўрликда, нохолисликда, ёмон ишлашда айблашарди. Милитсиянинг қанчалар тарқалинглар, деб дўқ ва пўписаларига  қарамас дан студентлар тарқалишмадилар. Бир қанча вақт милитсия ва студентлар ўзаро бир-бирига рўпора тургандан сўнгра университет ректори бу ерга етиб келди. Уни махсус чақиришган бўлсалар керак. Ўша замонлар университет ректори боилогия фанлари доктори, профессор Ахрор Тўла ганович Тўлаганов, исмли киши эди. Ректорнинг бир мунча тушунтиришидан сўнгра студентлар тарқашди. Ректор биз билан ётоқга бориб у ерда ҳам суҳбат ўтказди.

 

Эртаси кундан бошлаб, бу иш анча вақт муҳакама қилинди. Ҳатто жинойи иш очилиб тергов ҳам бошлаб юборилди. Студентлардан фақат бир киши, Пўлот Холқўзиевнинг терговда қатнашишига тўғри келди. Хулиганлардан 13 киши терговда қатнашиб, 13-и ҳам бир йилдан уч йилга қадар қамоқ жазоси олишди. Бу жараёнда, яъни тергов жараёнида битта П. Холқўзиевдан бошқа студентларнинг қатнашмаганлиги ва уларнинг бирортасига зарар етмаганлиги университет ректорининг хизмати эди, албатта. Акс ҳолда милитсия бизнинг жуда кўпчилигимизни жинойи жавобгарликка тортишлари мумкин эди. Чунки биз кеча милитсиянинг каттасию-кичигини ростдан қаттиқ хақорат қилгандик. Бизга Аллоҳ ёрдам етиб,  милитсиянинг катталаридан бири, яъни шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, милитсия генерал майори Мирзаев исмли, бириси жуда катта хатога йўл қўйди. Унинг бу хатоси бизга кўп ёрдам берди.

 

Тўполон бўлгандан кейинги кун университет ректори қабулхонасида шаҳар ва вилоят милитсияси бошлиқлари, студентлар вакиллари иштиро кида учирашув бўлди. Студентлар вакиллари сифатида университет комсомол комитети секретари (Холиёров Холмирза), ётоқхонадан мен, Эш пўлот раҳматли, Пўлот  Холқўзиев, яна ким ҳам борди қатнашаётгандик. Х.Холиёров ва Эшпўлот раҳматли ташқи кўринишдан, яъни гавда, юз кўринишдан бир-бирига ўхшаб кетишардилар. Шунинг учун шаҳар милитсияси бошлиғи Мирзаев  "кеча мени урмоқчи бўлди мана бу студент", деб Х.Холиёровга тармашиб қолса-чи. Кеча ақшом унга ўдағайлаган, аслида Холиёров эмас, Эшпўлот эди. Бу ҳол,  яъни милитсиянинг катакон бир бошлиғининг бундай адашиши жуда яхши бўлди, бизнинг ҳимоямизда бу жуда қўл келди. Холиёров ҳам бу адашишдан фойдаланиб дарҳол роса боблаб унга жавоб қайтарди. Чунки кеча ақшом Самарқандда тўпалонлар бўлаётганда Х.Холиёров Тошкентдан Самарқандга поездда келаёт ган бўлган. Унинг қўлида поезд билети бор эди. Ҳар ҳолда орган одамлари ўшанда уялиб қолишганди. Шу билан уларнинг пўпаги ёрилиб, жим бўлиб қолишди. Бу воқеанинг оқибатида биз анча кучландик. Энди милитсиянинг ҳар қанақанги даъволари, бизга қарата ўтказиладиган операт сиялари адашишга чиқадиган шароит яратилди. Шунинг учун ҳам улар студентлар ичидан кўпроқ "гуноҳкорларни" топишга урина олмадилар. Чунки бизда бугунги адашишни пеш қилиб, туҳмат, деб туриб олиш имкони пайдо бўлди. Аллоҳнинг Ўзи сақлаб,  ана шунақа тасодиф сабаб бўлиб, унинг устига ректорнинг студентларни қаттиқ қўллаши оқибатида, ўша жанжаллардан қутулиб қолганмиз.

 

Бу воқеаларда шахсан менинг ролим нимада бўлганди? Биринчидан, ҳамма гап биздан, яъни бизни, Янгибой иккимизни Восининг кўчада тўхташидан бошланди. Ётоқда "ҳужум"га тайёргарлик ишлари менинг тошкилотчилигимда олиб борилди. Пўлот бечора, тасодифан бу ишга аралашиб қолди ва судгача терговда қатнашиб юрди.

 

Биз жанжал қилмасдан муроса йўлини ахтарган вақтда Восилар тарафга юборилган вакилларга бизнинг ётоқдан вакил этиб Пўлотни қўшиб юборгандик. Шу сабабдан ҳам Восилар гуруҳи тергов вақтида Пўлотни ёнларига тортишди. Чунки улар қанча кўп студентни айбдор ҳисоблашса, уларнинг даъволари шунча ишончсиз бўлишини билишарди. Шунинг учун улар ҳам фақат биргина Пўлотга ёпишиб олишдилар. Аммо тергов ва суд жараёни давомида Пўлот ҳам тўла айбсиз топилди. Чунки ҳақиқат ҳам шундай эди, ахир. Студентларнинг айби, уларнинг ташкилий кўтари лиши, безори (хулиган)ларни  излаб шаҳар бўйлаб юриши эди. Буни ҳам айб ҳисоблаш мумкин бўлса? Бу ишнинг ташкилотчилари ва уни бошқа рувчилар эса, мен билан Янгибой эдик. Аммо бизнинг ҳаракатимиз жиноят эмасди, ахир. Биз ўзимизни ҳимоя қилишга ҳаракат қилгандик.  Безориларга якка тартибда қаршилик кўрсатиш хавфли бўлгани учун уларга ташкилий равишда зарба бериш йўлини ишлаб чиққандик, холос. Аммо шуни ҳам тан олиш керакки, совет замонида ҳам давлатга, давлат тузимига қарши бўлмаган қандайдир ташкилий норозиликларни уюшти риш мумкин экан. Ана шундай, совет замони бўлса-да, бизнинг ташкилий норозилигимиз умуман олганда ўринли чиққанди. Безориларнинг катта бир гуруҳи жавобгар қилиниб, шаҳарда ва ётоқхоналарда тартиб ўрнига тушиб қолганди. Ана ўша бизнинг ҳаракатимиз инертсияси беш-олти йил давом этганди. Ўша воқеалардан сўнг студентлар шаҳарда эртаю-кеч бемалол эркин юрадиган яхши шароит яратилганди.

 

Афсус, бизда ҳар доим ҳам бундай кескин ҳаракатларга тайёр кишилар топилавермайди. Бизнинг одамлар негадир жуда "ихтиёткор", тўғриси жуда қўрқоқ кишилар. Улар доим "менга тегмасалар бўлгани" принсипига қаттиқ амал қилишадилар. Бизнинг халқда "Оқ туя кўрдингми йўқ, қора туя кўрдингми йўқ" ақидасига ёпишиб олганлар. Бизда яна бир мақол бор, у ҳам бизнинг бугунги аҳволимизга жуда мос ва кишиларимиз бу мақолга ҳам оғишмай амал қилишади. "Оч қорним, тинч қулоғим", дейилади у машҳур мақол.

 

Шу ерда ўзбеклар ҳақида тўқилган бир анекдот (кулгили латифа, бизда кўпроқ афанди латифалари, деб юритилади) хотирамга келиб қолди. Шуни ҳам ёзиб қўяйчи, силар ҳам айта-айта юрарсилар.

 

"Бир замон икки киши, бири рус, бошқаси ўзбек катта жиноят қилишиб ўлимга ҳукм қилинибди. Вақти келиб, ҳукмни ижро этишмоқ учун айбдорларни конвоин (ҳукуматнинг махсус қуролли хизматчилари)  осишга олиб кетишаётган эканлар, йўлда  рус ўзбек биродарига қочмай мизми, деса“, ўзбек унга "яна баттар бўлмасмикин?"  дермиш." Буни қаранг, уларни икки-уч дақиқадан сўнгра осадилар, қочсалар, балки ўлим лари бир неча дақиқага  кейинроқ содир бўлиши мумкин, ахир. Энг асосийси, ҳар қандай ҳолатда ҳам киши ўзини ўлимдан қутқариш учун ҳара кат этишга интилиши керак эмасми? Йўқ, менинг "ўта ихтиёткор ўзбегим", яна ёмон бўлмаскин, деб "усталик", “ихтиёткорлик“ қилмоқчи бўлади. Ўлимдан ҳам баттарироғи бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Қаранг, у менинг “ўзбегим“ учун ўлимдан баттари ҳам бўлармиш?! Ҳақиқатан, бугунги бизнинг миллатга бу ҳикоя жуда мос ва унинг хусусиятларини ниҳоятда айнан жуда яхши ифодалайди. Ўзбекнинг хусусиятини бундан ҳам дурустроқ ифодалашнинг имкони ҳам йўқдиров. Билмадим, нимадан ва қачондан бошлаб миллат бунчалик аянчли аҳволга келиб қолган. Тарихимиз мақтанишга арзийди. Бизнинг элимиз ичида мардлар, жангаварлар кўп бўлган тарихда. Катта империя тузган, йиллар давомида урушларда юрган, жаҳоншумул ғалабалар қозонганмасми, бизнинг боболаримиз?! Уларнинг авлодлари қаерда? Биз уларнинг авлоди эмасми? Нега биз бунча қўрқоқмиз, нега бунча "ихтиёткормиз"? Тарихимиз буюк бўлсада, нега бугунимиз бунчалар, мислсиз аянчли бўлиб қолмоқда?

 

Мен одамларимизнинг, айниқса эркакларнинг ўлимга тик қарайдиган бўлиб етишишларини истайман. Сиз ҳам болаларим ва ўқувчи, ўғилларни мард, ғурурли етиб ўстиришга ҳаракат қилинг. Инсон учун, ҳақиқий инсон учун, эркак учун энг муҳим, энг асосий шан-шараф бу қандай бўлма син жон сақлаб тирик қолиш эмас, аксинча энг буюк шан-шараф ҳеч бир ҳолда , ҳеч бир ерда, ҳеч кимга тиз чўкмасликдир! Тиз чўкиш ўрнига ўлимга тик мардона боришдан ҳам буюкроқ шараф йўқдир бу оламда!

 

Ихтиёткор бўлишлик, мушт ишлатиш ўрнида бошни, ақлни ишлатиш, ҳис-ҳаяжон ерида тафаккурни ишлатиш, бу ажойиб, яхши хусусият. Бундай яхши, ижобий инсон хусусиятини, кишиларнинг ўзаро муомаладаги бу ижобий усулни анекдотдаги каби аянчли ҳолгача тушуриб юбормаслик тўғрисида сўз кетмоқда. Афсуски, сўз билан, ақл билан битадиган ишни мушт билан битириш каби аҳмоқлик ҳам кўпинча яна бизда учирайди. Мен эса, ҳақиқий ақлли ва мард авлод эттиштириш ҳақида сўзламоқчиман. Болаларни ақлли ва ботир бўлиб ўстиришга урининглар демоқ истайман.

 

Бу ерда мавзу яна бироз бошқа тарафга бурилди. Чунки фикр келган жойда ёзилмаса, кейин хотирадан кўтарилади ёки мазмуни бошқачароқ бўлиб қолади.

 

Яна шаҳарликлар билан можарога қайтамиз. Биз шаҳар безорилари билан орани очиб олганимиздан сўнг, энди студентлар орасида бошқа қўр қув бошланди. Чунки бунга керакли асослар бор эди. Масалан, шаҳарлик болалар кечалари ётоқхонада баъзи хоналарга киришлари ва болаларга зарар ва ташвишлар бериши мумкин эди. Улар ҳақиқий безорилар, биз эса оддий тинч студентлармиз, ахир. Улар ҳеч бўлмаганда пичоқ билан юришади. Бизнинг ёнимизда эса, нон кесишга мўлжалланган оддийгина пичоқча ҳам бўлмайди. Шунинг учун кечалари ётоқни қўруқлаш керак, деган хулосага келдик. Бунинг учун махсус навбатчилик ўрнатдик. Икки қаватли ётоқнинг ҳар қаватида тўрттадан саккиз кишилик навбатчилик графиги туздик. Стулларни синдириб, уларнинг оёқларидан навбатчилар учун “ҳужум“дан ҳимояланиш “қуроли-таёқлар“ ясадик. Навбатчилари миз стул оёқларини ушлаган ҳолда ётоқ қаватларида тун бўйи навбатчилик қилишардилар. Бу ишларнинг ташкилотчиси асосан мен эдим.

 

Шунақа қилиб, кечалари ухлай олмай, ўзимизни стул оёқлари билан қўруқлаб юрган бир замонда, ётоқхона атрофида яшовчи бир кампир Аллоҳ нинг қарзини узибди. У ерда таъзия бошланиб қолди. Биз эса, мен ва Эшпўлот раҳматли иккимиз кўчага, яъни шаҳарга чиқмоқчи бўлдик. Аммо бизнинг шаҳарга чиқиш йўлимиз ўша таъзия бўлаётган жойдан кечарди. Ётоқдан шаҳарга чиқиладиган бошқа йўл йўқ. Иложсиз, ўша ердан ўтишга “мардларча“ жазм қилдик. Аммо юракда хавф бор, таъзияда ўтирганлар орасида биздан азият чекканлар бўлиши мумкин ва улар бизни бошқаларга ҳам кўрсатади, деб хавфсираймиз. Кўнгулда ғул-ғула, аммо кўринишдан тетик ва мардларча одамлар орасидан ўтиб кетаётибмиз. Ўша замонлар муслмонча бирор таъзия билдириш тартиби ва усулини ҳам дуруст билмаймиз. Совет замони, биз каби мусулмончиликни билмайдиган ёки унга эътиборсизликни одамлар нормал қабул этишади. Шунинг учун бизнинг таъзияга бурилмаслигимиз биз учун ҳам, у маросимда турганлар учун ҳам ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. Шунинг учун бизнинг у одамлар ўртасидан ўтиб кетаверишимиз нормал ҳолат. Иш қилиб, нима бўлса, бўлар қилдикда, таъзияга йиғилган одамлар ўртасидан ўтиб кета бошладик. Хотирамда йўқ одамлар билан саломлашдикми ё йўқ. Одамларнинг ўртасига келганда улардан бири Эшпўлотни тўхтатса бўладими? Билмадим, раҳматли қандай ҳолга тушган бўлса? Мен эса, унга эътибор бермай, ҳеч нарсани билмагандай ўтиб кетавердим. Эшпўлот бироз ушланиб қолди. Ана энди ҳар каллада ҳар хил хаёл. Бизда қўрқув, уларда эса, биздан ёрдам олиш умиди хаёли кезмоқда экан. Эшпўлот ҳам ҳа, демай орқамдан етиб келди.

 

Ана қизиқ! У бечора одамлар, бизни, айниқса мени каттакон мансабдор киши ҳисоблашибдилар. Шунинг учун менинг ёнимда келаётган ўрто ғимни тўхтатиб, ундан бир ишни битиришда воситачи бўлишни илтимос этмоқчи бўлибдилар. Улар мени шаҳар ижрокомида ишлайдиган мансабдор, деб билибдилар-да, Эшпўлотга, “Мана қаранг, бу ерда бир қаровчиси йўқ кампир қазо қилди, унга ўлим харажатлари учун бироз ёрдам керак. Эртага биз у кишининг (яъни менинг олдимга) олдига ёрдам сўраб борамиз, дўстингизга айтиб қўйинг бизга бироз ёрдам қилсин“, дейишибдилар. Ана энди кулишни кўринг. Эшпўлот раҳматли бундай ҳолларда, устаси паранг одам эди. Шунинг учун ваъдани роса боблаган, албатта.

 

Йўқ, ҳар ҳолда шаҳар безорилари бизнинг кескин ҳаракатларимиздан ҳақиқатан қўрқиб қолишди, бошқа ётоққа яқинлашмадилар. Аммо биз эҳтиёт чораларини бир ой давомида ҳеч сусайтмадик. Безорилар ётоққа келмади-ю, аммо ётоқда стуллар синиб битди. Чунки ётоқда икки юздан кўпроқ студент яшарди. “Қурол“га эса, стулларнинг фақат узун оёқлари ярарди. Шунинг учун камида юз стул синдирилган бўлса керак.

 

Хуллас, безорилар ўз жазоларини олдилар. Ҳаёт аста-секин ўз изига тушиб кетди. Аммо бу воқеа узоқ вақт ўз таъсир кучини йўқотмади. Салкам олти-етти йил бу каби безориликлар шаҳарда тўхтаб қолди. Ундан сўнгра шаҳардаги ўша безориликлар яна бошланди, албатта. Чунки барча қонунсизликлар бошида совет милитсиясининг ўзи турарди. Ҳатто улар шу безориликлар ҳисобидан даромат қилишардилар. Шунинг учун бу безориликка совет милитсияси ёрдамида қайтадан йўл очилди.

 

Менинг студентлигим давридан тахминан 20 йил сўнгги Самарқанд, менинг болаларимнинг шаҳарлари ҳисобланади. Шаҳрнинг у кейинги дав рини улар ўзлари яхши биладилар. Одатда шаҳарнинг икир-чикирлари ёшларга кўпроқ кўринади. Чунки улар ўзлари ҳам қандайдир даражада шаҳар ҳаётини ташкил этади ва унинг бевосита қатнашчиси бўладилар, ахир. Мен эса, бу замон бошқа гуруҳ, бошқа котегория кишиси эдим. Шаҳарда бўлаётган жўда кўп воқеалардан, айниқса шаҳар ёшлари ҳаётидан мен энди бир мунча четда эдим. Ҳар ҳолда Самарқанд доим ҳам унча тинч шаҳар ҳисобланмаган. Уни бирор беш йилга нисбатан барқарорлаштирган ҳам менинг болаларим дадаси ва унинг “инқилобчи“ шериклари ҳисобланади. Буниси ҳазил. О, қани эди, Аллоҳим бизга, менга ва менинг ҳамфикрларимга Ўзбекистонда ҳам тартиб ўрнатиш имконини насиб этса! Ноумид шайтондир, Аллоҳдан умидим улкан. Умидларим рўёбга чиқар, иншоолоҳ!

 

Менинг ҳаётимга, жумладан студентлик ҳаётимга тегишли, аммо хотирамдан кўтарилган яна бошқа ҳолатлар ёдга келган жойда қўшимча ёзарман.

давомига

Hosted by uCoz