Бундан олдинги қисмини ўқиш учун шу ерга босинг. Давоми:

7. Иш фаолиятим ва турмишда учираган баъзи ташвишлар.

Шундай қилиб, Самарқандда беш йилни ўтказиб қўйдим, яъни 1962 йили Самарқанд университетини битирдим. Бир нарсани таъкидлашим керакки, мен ўрта мактабда ва университетнинг биринчи икки курсида аълочи ўқувчи бўлдим. Аммо университетнинг учинчи курсидан бошлаб негадир чарчаб қолдим. Юқорида ҳам сўзлаганим каби, 2-курсдагилигимда бироз хаста ҳам бўлдим. Ўқишда ўзлаштиришимнинг пасайишига, чарчашимга бу хасталигим ҳам сабаб бўлди, аммо сабаблар фақат бугина эмасди. Нима бўлса, бўлди, иш қилиб, менинг ўқишимда бир мунча пасайиш рўй берди, баҳоларим анча пастлашиб қолди. Аммо умумий савиям, атрофга, дунёга қарашим, сиёсатга, ҳаётдаги ўзгаришларга интили шимда ўзгариш бўлмади. Бу соҳада доим илғор қолдим. Шунинг учун мен унверситетдан етарли даражада етук мутахассис бўлиб чиқдим, десам мақтаниш бўлмас. Болаларимга ҳар доим, Силарда мени, Ўзбекистонда ўсиб, етишган домлаларинг, иш ерларингда коллегаларинг билан мутахассис сифатида солиштириш имконларинг бўлган. Шунга қараб менга ҳам баҳо бера оларсилар, деб ўйлайман” дердим.

 

Сўзнинг қисқаси, менинг дипломимга иловадаги баҳоларим орасида бир-иккита “удов“лар бор. Улар ана шу сўзлаган сабаблар натижаси ўлароқ майдонга келган баҳолардир.

 

Оқибат мен, университетни битириш арафасида Андижон вилоятига, яъни Андижон вилоят маориф бўлимига ишга тақсим бўлдим. Ишга тақсимланиш масаласи бўйича ҳам юқорида бироз гап бўлганди. Аммо бори, яъни менга насиб етгани ўқитувчилик бўлди. Андижон вилоят маориф бўлими мени вилоятнинг Чуст районига ишга жўнатди. Мактабда ўқитувчилик қилиш анча қийин кечди. Чустда 1962/1963 ўқув йили ишлаб, бошқа у ёққа қайтмадим. Чунки Самарқандга ўрганиб қолган эканман, Андижон жуда узоқлик қилди. У ёқда ҳеч ишни давом этказгим келмади. Энди Самарқандда ишлашга ҳаракат қилдим. Бу ҳам бошида унча қулай бўлмади. Самарқандда иш топганимча ҳам кўп ташвишларни бошдан кечирдим.

 

Масалан, Самарқанд университетида 1962 йили янги инженер-техник факултети очилиб, унга Михаил Ботирбекович Гукямехов исмли домла деканлик вазифасини бажармоқда экан. Бу киши Абхазия мусулмонларидан бўлиб, менинг ўқитувчим эди ва диплом ишимга раҳбарлик қилганди. Домлам бечора менга иш топишга кўп ҳаракат қилди. Қишлоққа кетмаслигимга асосий сабаб ҳам унинг ҳаракати бўлганди. Аслида у мени университетга, ўзи ишлаётган янги факултетга ишга жойламоқчи бўлди. Аммо бу унча тез битмади. Аслида менинг бошқа ўқитувчиларим, яъни ўзларини тожик ҳисобловчи ўқитувчиларим менинг бу факултетга ишга жойлашишимни исташмадилар. Нима учун мени университетга ишга олишмаганликларининг сабаби Аллоҳга ва менинг тожик ҳисобланмиш домлаларимга аниқ. Менимча, асосий сабаб маҳаллийчилик бўлса керак. Демак, ўша замонларда мен сезмаган миллатчилик деймизми, маҳаллийчиликми бор экан-да. Университетга ишга жойлашмоқ учун юриб, бу орада анча вақт ўтиб кетди.  Мактабларда ишлар бошланганига бир қанча вақт бўлди. Билмадим, вақт ҳам йилнинг октябрми, ноябрига яқинлашди. Энди мактабга борсанг ҳам дунёнинг бир чеккасига ишга юборади. Мен эса, ҳамон ишсиз. Охирий, яна Михаил Ботирбековичнинг тавсияси билан Самарқанд қишлоқ хўжалигини механизатсиялаш техникумидан соатбой иш топилди.  Яхши, соатлар анча кўп эди. Боламиз ҳам ҳали биттагина эди, фақат Баҳодир исмли бир ўғлимиз бор эди. Соатбой дарсдан олинган ҳаққа қийналиброқ бўлса-да, кун ўтказса бўларди. Турадиган кирали уйимиз ҳам бир хонали, энг арзони эди. Уй эгасининг исми Наби, Самарқандлик эроний уруғидан ҳисобланган қардошлардан бири эди. Ўша замонларда ҳам анча қийналдик. Қийналсак-да кунимиз ўтиб турди. Шукрки, оч ва далада қолмадик.

 

Униварситетни битирганимдан бир йил сўнгра ҳам аҳволимиз ана шунақа анча ташвишли эди. Шундай қийналиб юрган вақтимда ҳам акам ёрдам бериб турди. Университетни битирдинг, катта одам бўлдинг, энди ўз кунингни, ўзинг кўр, демади акам барака топқур, у доим ёрдамчим бўлди. Акамнинг яхшиликларига мос хизмат мендан қайтмаса, Аллоҳдан қайтсин, амин.

 

Ҳали иш ерим тайинли бўлмагани сабабли шаҳар бўйлаб доим иш ахтариб юрдим. Кунлардан бир кун Самарқанд пахта тозалаш заводидан меха никлик вазифасида ишлашга иш топдим ва дарҳол ишга жойлашдим. Бу маханикнинг вазифаси тўрт-беш кишидан иборат пахта тозалаш станок ларини башқарувчи ишчиларга бригадирлик қилиш эди. Менинг заводга ишга жойлашиш вақтим ўқувчиларнинг пахта териш компаниясига тўғри келиб, менга бир мунча қулай бўлди.  Улар пахта теримидан қайтгунча бу ерда бироз ишга ўрганадиган бўлдим. Заводда иш уч сменада бў ларди.

 

Техникум ўқувчилари пахтадан қайитгандан сўнг завод ва техникум икковида ҳам ишлаш бироз оғир бўлди. Қанчалик қийин бўлмасин 1964 йил ёзига қадар бу икки ишни ҳам давом етказдим.

 

Уйимизда иситиш ва овқат пишириш кўмир учоқда бажариларди. Бу учоқларга ёқиш учун кўмир ва уни ёқишда тутантириқ, яъни бироз қуруқ ёғоч ўтин ҳам зарур эди. Шу сабаб ёғоч ўтинни баъзан заводдан орқалаб келган вақтларим бўлган. Пахта тозалаш заводи Самарқанднинг темир йўл вокзали орқасида жойлашган бўлса, бизнинг уйимиз Архитектура институтига яқин бир ерда эди. Уй ва завод орасидаги масофа уч-тўрт километр келарди, балки ундан ҳам узоқроқдир. Ўтинни эса, заводдан яширин олардим, яъни иш куним давомида имконини топиб, заводдаги тахталардан елкамда олиб кетишга мўлжаллаб, заводнинг девори орқасига ташлаб қўярдим. Иш тугагандан сўнг тахталарни териб олиб уйга орқалаб кетардим.

 

Ана шунақа азиз ўқувчи, мен учун Самарқандда ишга жойлашиш унча ҳам енгил ва жўн бўлмаган эди.

 

Ҳайрият, 1964 йил ёзга чиқдик. Май ойлари эди, шекилли. Михаил Ботирбекович, бечора энди мени Самарқанд кооператив институти фалсафа кафедрасига лаборантлик вазифасига ишга жойлаштириб қўйди. Фалсафа ва математика унча ҳам бир-бирига мос келмайди. Лекин шунақаси ҳам бўларкан. Мени ишга олишди. Маошим эса, ярим бўладиган бўлди, яъни ярим ставка ишга олишдилар. Институтларда, яъни совет олий ўқув юртларида шунақа “ярим ставка“, деган бир иш бўларди. Бу “ярим ставка“, дегани ҳар куни 8 соат иш куни ўрнида 4 соат ишлайсиз, маошни ҳам ярим оласиз. Лаборантнинг тўла маоши 90 сўм бўларди. Демак, менинг маошим эса, 45 сўм бўладиган бўлди. Ҳар ҳолда институт номи бор, ишлашни бошлаб юбордим. Аммо бу иш бундан сўнгги менинг тақдиримни белгилади, десам нотўғри бўлмас.

 

Бу ерда кафедра мудири, яъни менинг бевосита иш раҳбарим Каримов Рустам Каримович исмли киши эди. Кўп яхши одам эди. Ҳамма Каримов лар ҳам Ислом Абдуғаниевич, яъни лўли бўлавермайди-да. Рустам Каримович июл ойи бошларида, таътилга кетишдан олдин институт ректори билан сўзлашиб мени институт қабул комиссиясида фойдаланишни келишди. Шундай қилиб, Самарқанд кооператив институти 1964 йилги қабул комиссиясига аъзо бўлиб қолдим, яъни институтга кириш имтиҳонлари оладиган “экзаменатор“ бўлдим. Аммо бу фаолиятни бироз батаф сил сўзлаш керак. Совет ҳаёт тарзида бу вазифа алоҳида бир ўрин тутарди.

 

 7.1 “Экзаменатор“лигим ҳақида икки оғиз сўз.

Бу ерда “экзаменаторлик“ (имтиҳон олувчилик)нинг, айниқса совет олий мактабларига кириш имтиҳонларини қабул қилувчиликнинг ҳаётдаги ўрнини ва унинг аҳамиятини яхшироқ тушунтирмоқ учун аввал совет даври ўқиш системасини, айниқса, олий мактаблардаги системани, олий ўқув юртларига ўқувчилар қабул этиш системасини англатмоқ лозим бўлади. Чунки бу бир томондан бизнинг келажак авлодга қизиқарли ҳикоя бўлса, бошқа тарафдан бу жуда муҳим ибрат бўларлик ижтимоий ҳолат, ижтимоий муаммо ҳамдир. Бу муаммо ҳам келажакда Ўзбекистонда тўла-тўкис, узил-кесил ҳал етилмоғи керак.

 

“Экзамен“ сўзи бу русча сўз бўлиб, ўзбекчада имтиҳон-синов, деганидир, албатта. Экзаменатор эса, имтиҳон олувчи, имтиҳон қабул қилувчи киши маъносини беради. “Экзаменатор“ сўзининг тўла ўзбекча маъноси, имтиҳон қабул қилувчи ўқитувчидир. Бизда, Ўзбекистонда олий мак табнинг ўқитувчиларини негадир “домла“, деб аташ урф бўлган. Шунинг учун “экзаменатор“- бу имтиҳон қабул қилувчи домла бўлади.

 

Бизнинг замонимизда ўзбекча сўзлашганда русча сўзларни аралаштириб ишлатиш камчилик эмас, балки сўзлашувнинг “кўрки“ ҳисобланарди. Шунинг учун кишилар орасида ҳеч ким “имтиҳон олувчи домла“, иборасини ишлатмасдилар. Унинг ўрнида бемалол “экзаменатор“ сўзини ишла тиб ўзбекча сўзлашаверардилар. Ундан ташқари бу сўз эл ичида жуда машҳур бўлиб,  унинг маъносини билган ҳам, билмаган ҳам “экза мен“ ва “экзаменатор“ сўзларини жуда улуғлаб, ўзбекчада жуда жойига қўйиб қўллардилар. Шунинг учун мен ҳам ўз замонимдагидай бу сўзнинг “ширасини“ бузмаслик учун   “экзамен“ ва “экзаменатор“ шаклида қўлладим.

 

Шундай қилиб, энди совет мактаб системаси, айниқса олий мактаб системаси ҳақида бироз тушунтириш берайлик.

 

Совет замонида илм олиш, бирор соҳада мутахассис бўлиш асосан икки босқичда амалга ошириларди. Ўрта мактаб биринчи босқич бўлиб, бун да болалар 7-ёшдан, 17-ёшгача ўқишардилар. Ўрта мактабни битирганлиги ҳақида гувоҳномаси бор ҳар бир совет ёшлари мамлакатнинг олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришлари мумкин эди. Аммо улар бунинг учун, яъни олий мактаблар ўқувчилари ҳисобланмоқлари учун махсус у мактабларга кириш имтиҳонлари (экзаменлари) топширмоқлари зарур эди. Бу кириш имтиҳонлари мутхассисликларга мос равишда ҳукумат томонидан белгилана ди. Имтиҳонлар, қайси мутахассисликка киришда қанақа предметлардан бўлишлиги ҳам тўла ҳукумат ихтиёрида эди. Олий мактаблар, яъни университетлар, институтлар у ёки бу мутахассислик бўйича қанча ўқувчи қабул қилиши ҳам ҳукумат томонидан аниқ белгилаб қўйилган бўларди. Ҳеч бир университет ёки бирор институт ҳукумат белгилаган миқдордан ортиқча битта ҳам ўқувчи қабул қила олмасдилар. Шунинг учун бу системада кўрсатилган чекловлардан келиб чиқадиган бир қатор муаммолар бор эди. Улар барчаси ўрта мактабни битирган ўқувчининг олий мактабга киришини мураккаблаштирувчи қусурлар эди. Масалан, юқорида саналган ҳукумат томонидан белгилана диган қоидаларнинг ўзи ҳам ёшларнинг олий мактабда ўқишни давом эттириш йўлида бир қатор тусиқларни яратарди. Булардан ташқари олий мактаб ўқувчиси ҳисобланган ёш киши, бунга эриша олмаган тенгдошига нисбатан  анчагина имтиёзларга эга бўлиб қоларди. Масалан, ўғил болалар олий мактаб ўқувчиси бўлиш даражасига эришса, улар совет армияси сафида хизмат қилишдан озод этиларди. Чунки армияда хизмат қилиш бир томондан икки йил вақтни бекорга йўқотиш бўлса, бошқа томондан совет армиясида ёш йигит ногирон бўлиб қолиши, ҳатто жондан жудо бўлиши ҳеч гапмас эди. Ундан ташқари Олий мактабни битирган ҳар бир ёш, иш ери билан таъминланиб, бошқа қатор имкониятларга эга бўлиши ҳам аниқ эди. Қизлар эса, айниқса биз томонларда энг аввал қишлоқдаги колхозчилик азобидан-колхоздаги жаҳаннам азобидан қуту ларди ва  булар учун ҳам ўқишни битиргандан сўнг иш таъминоти аниқ бўлиб, бир мунча маданийроқ яшаш имкони вужудга келарди. Булар нинг ҳаммаси ёшлар ўртасида олий мактабда ўқишга алоҳида қизиқиш уйғотарди. Шунинг учун улар қўлларида бўлган ва бўлмаган имконлари билан студент бўлишга интилардилар, албатта.

 

Оқибатда, яъни ёшларнинг ўрта мактабдан сўнг олий мактабда ўқишларини давом эттириш йўлидаги турли хил табиий ва нотабиий тусиқлар ни тўғри йўл билан енгиш ўта мураккаблигидан уни  ноқонуний йўллар билан айланиб ўтиш усули ривожланди. Бу усул  совет ўқиш системаси да хунук бир ижтимоий бузуқликни келтириб чиқарганди. Бунинг натижаси ўлароқ, совет олий мактабларига ўқувчилар қабул қилишда катта ўғирлик, порахўрлик каби хасталик майдонга келиб, у совет даврида ниҳоятда авж олди.

 

Совет системасидаги бутун қусур, ўғирлик, порахўрлик олий мактабга кириш имтиҳонларини ташкил этиш ва имтиҳонларни “мувафақиятли“ топширганлар ичидан янги студентлар танлаш жараёнида  яққол кўзга ташланадиган бўлди.

 

Масалан, олий мактабга кириш имтиҳонларида ёшларнинг предметлар бўйича билим даражаларини нотўғри аниқлаш, билими паст ўқувчига юқори баҳо қўйиш каби ноҳақликлар мислсиз авж олди. Нима учун бундай бўларди? Чунки у ерда ўртада пул ўйнарди. Олий мактабга кириш имтиҳони топшираётган боланинг ота-оналари  боласининг имтиҳон баҳосини кўтаришни имтиҳон олувчи (бояги “экзаменатор“) билан маълум миқдордаги порага (пулга) келишган бўларди. Ана энди, имтиҳон вақтида маълум миқдорда пул олган ўқитувчи имтиҳон топшираётган бола нинг баҳосини унинг билимига қараб эмас, унинг отасидан олинадиган ёки олинган пулнинг миқдорига қараб аниқларди. Қусур, ноҳақлик илк дафа ана шу ерда, содир бўларди. Шунақа бўлиб, биринчи навбатда имтиҳонлар даврида баҳолар нотўғри қўйилиб, ноҳақлик бўлган бўлса, иккинчиси, ундан ҳам баттароғи, уларни студентликка қабул қилиш комиссиясида, яъни мандат комиссиясида содир бўларди. Чунки имти ҳонлардан ўтганлар институтга қабул қилиниши мумкин бўлган ҳукумат нормативидан кўп бўларди-да, уларни энди бу комиссия “саралаши“ керак бўларди. Демак, кимдир ёки кимлардир, мандат комиссиясида институтга қабул қилинмасдилар. Мана буниси жуда ачинарли бўларди. Чунки энг сўнгги маррада “йиқилиш“ жуда аламли бўлади-да, ахир. Баҳоларга фақат меҳнат эмас, бир қанча пул ҳам сарф бўлган-ку, ахир. Бу жараёнда, яъни мандат комиссияси ишлаш жараёнида ҳам пул, пора жуда фаол ишларди. Қисқаси, бу жараён, яъни мандат жараёни бошдан-оёқ қимор эди.

 

Совет ўрта мактабини битирган ёш ўғил-қизнинг олий мактабга кириб студент бўлиш жараёнида уларнинг ота-оналари роли алоҳида аҳамиятга эга эди. Қизиғи, балки ачинарли жойи шунда эдики, бу ота-оналар болаларининг ўрта мактабда қандай ўқишлари билан деярли қизиқмасдилар-да, улар ўрта мактабни бир амаллаб битирганларидан кейин бутун имкон ва кучларини, тўғриси бисотидаги моддий бор-бурдини ишга солиб, болаларини олий мактабга ўқишга жойлаштиришга киришардилар. Буни бир томондан тушиниш ҳам мумкин эди. Чунки ҳеч бир ота-она ўғлининг совет армиясида хизмат қилишини ёки қизининг колхозчи бўлиб қолишини исташмасди-да, ахир. Юқорида таъкидлаганимиз сингари боланинг Олий мактабга ўқишга кириши эса, унинг совет армиясида хизмат қилиш ва колхозчи бўлиш каби азоблардан қутулиш йўлларидан бири, балки ягонаси эди. Лекин бу ота-оналар болаларни бироз ўрта мактабда ўқитиб, билимини ҳам кўтариш лозимлиги ҳақида ҳеч ўйлашмас дилар. Аммо бу ерда ҳам бир қатор муаммо ва қусурлар мавжуд эди, албатта. Чунки ўрта мактабда болаларни дурустроқ ўқитиш масалалари ҳам ўзига яраша проблемали эди. Масалан, Ўзбекистонда пахта исмли бир бало бўларди. Ўқувчи болалар ўқув йилининг яримини ана ўша пахтада ишлашга кетказарди-да, болаларнинг мактабда ўқиши эса, давлат тарафидан иккинчи даражали масалага айлантириб қўйилганди. Аҳвол шунга келиб етгандики, мактаблар болаларни ўқитмасдан, уларга билим ўргатмасдан, уларни синфдан - синфга кўчириш ва ниҳоят улар ўрта мактабни битирди ҳисоблаш давлат томонидан рағбатлантириладиган бўлганди. Ота-оналар эса, бунга кўникиб қолишгандилар. Шунинг учун улар бола ларини ўрта мактабда ўқитиб билимли қилишга ҳаракат ҳам қилмасдилар ва болалар мактабда қандайдир билим олиши мумкин, деб ҳисобла масдилар, унга мутлақо ишонч йўқ эди. Ота-оналар бир умр болаларини олий мактабга киритишга лойиқ пул топиш билан овора эдилар, бечора лар.

 

Хуллас, юқорида сўзланганлардан бирор нарса тушунган бўлсанглар, у шуни англатадики, Совет олий мактабларида ўқиши лозим бўлган студентларнинг аксарияти мутлақо билимсиз кишилар бўларди. Шунинг учун уларнинг олий мактабда ўқиши давомида ҳам порахўрлик, пул билан баҳо олиш жараёни тўхтамасди. Бу ерда ҳам ноинсоф ўқитувчилар истаган бемазаликларни, ярамасликларни қилишардилар. Чунки бунга имконият мавжуд эди.

 

Оқибатда, совет олий мактаблари, юқори савияли мутахассислар етиштирадиган муассаса, юқори таълим учоғи бўлиш ўрнига, кишиларга ҳар беш йилда бир марта диплом ёзиб бериш идорасига айланиб қолганди, десам тўғри бўлар, деб ўйлайман.

 

Ана энди менинг “экзаменатор“лик фаолиятимга қайтайлик. Юқоридагилар тушунарли бўлса, “экзаменатор“лигим ҳақидаги ҳикоялар ҳам бир мунча тушунарли бўлар деб ўйлайман.

 

1964 йилларга келиб, кооператив институти анча “обрўйли“ институтлар қаторида ҳисобланадиган бўлиб қолганди. Чунки бу замонга келиб, айниқса совет савдо системасида ўғирлик жуда ривожланганди. Савдо системасида ишловчилар ўз маошларидан ташқари анчагина катта чап да ромад қилиш имконларига эга эдилар. Агар уларнинг маълумотлари олий бўлса, савдода бошқарув органларини эгаллаб, чап даромадларини янада ошириш имконларига эга бўлардилар. Институтга “обрў“ ана шундан келаётганди. Қаранг, ўғирлик катта бўлган жой обрўли бўлармиш. Шунинг учун ўша даврларга келиб, бу институтга кириб ўқишни истовчилар сони анча кўпайганди. Демак, бу ерда экзамен даврида ҳам, мандат даврида ҳам “саралаш“ масаласи дуруст бўлади, яъни пора масалалари жойида бўлади. Аммо мен биринчи йил бу компанияга кирмоқдаман. Менда бу соҳада, олий мактабга кирувчилардан имтиҳон олиш ишида мутлақо тажриба йўқ эди.  

 

Бу институтда август ойида кундуз ўқийдиганлар учун, сентябрда эса, сиртдан ўқийдиганлар учун кириш имтиҳонлари бўлар экан. Мен ҳар икки мавсумда ҳам қатнашадиган бўлдим. Кундузгилар даврида ҳақиқатан тажрбасизлигим жуда билинди. Сиртқиларда ҳам унча “уста“ бўлолганим йўқ эди. Ундан ташқари мен ҳали софлик рамкасидан чиқишни жуда пасткашлик, деб билардим. Аммо яшашимиз жуда ночор эди. Моддий ёрдамга ниҳоятда муҳтож эдик.

 

Қисқаси, кундузги бўлимда имтиҳон комиссиясида ишлаб Очилбой Шарифов исмли бир қариндошимнинг ўқишга киришига ёрдам беришга уриниб кўрдим, холос. Уни ҳам тажрабасизлик қилиб, баҳоларини паст қилиб қўйган эканман, у мандатдан ўтмади. Менда мандатга таъсир қила олиш имконият қаерда дейсиз. Хайрият, кундузги бўлим учун топширган имтиҳон баҳолари билан уни сиртқи бўлимга  қабул қилишдилар. Шуни айтиб қўймоғим керакки, бу Очилбой қариндошдан ҳеч манфаатдор бўлмадим. Аммо ёлғон бўлмасин, Очилбойнинг Хушвақт исмли акаси менга “домла болаларингиз учун бозорлик қиларсиз“, деб 75 (етмиш беш) сўм пул берганди. Аммо кишиларнинг қариндошлари ўша замонларда ҳам унча-мунча харажатлар билан домлалар уйига келишарди. Менинг қариндошларим шундай кириб келаверишарди. Демак, бошқа қариндошларга кўра Хушвақт ака мард чиққанди.

 

Сиртқи бўлимда имтиҳонлар олиш даврида, куздаги имтиҳонлар замонига келиб менга ёрдам сўраб келувчилар сони бироз кўпайди. Бу даврда бўлган бир энг қизиқ  ҳолни сўзлаб ўтиш лозимдир, деб ўйлайман. Масалан, Самарқандлик, шаҳар магазинларидан бирида ишловчи бир киши менга келиб, “ўн кишининг ўқишга киришига ёрдам беринг, ҳар қайсидан уч юз сўмдан, уч минг сўм олиб бераман“- деди. Бу пул ўша замон учун, айниқса ойига 45 сўм маош олувчи мен учун ниҳоятда катта пул, ниҳоятда катта бойлик эди, яъни бу пул менинг уч йиллик маошим, дегани эди. Мен ўшанда у кишининг таклифидан қўрқиб кетганман. Сиз  совет олий мактабларидаги кейинги порахўрликларни, уларнинг ўлча мини унча-мунча билиб, кўрдингиз. Мен илк “экзаменаторлик“ қилган замонда эса, бир одамни ўқишга жойлаш учун уч юз сўм таклиф қили наяпти. Уни ҳам мен қўрқиб, дарҳол рад қилгандим. Яна қизиқ жойи шундаки, ўша ўн киши бошқалар ёрдами билан ўқишга ўтиб кетишдилар. Менимча “ҳақ“ бошқача бўлмаган бўлса керак. Уларнинг ишлари ўша уч юз билан битган бўлиши керак. Билмадим, яна ҳам у ёғи Аллоҳга маъ лум. Мен эса, ўша менга таклиф билан келган кишининг фақат ўзига ёрдам бера олдим, ҳар ҳолда. Биласизми, у  менга қанақа “пора“ берди?  У уч юз сўм пул эмас, бошқа нарсалар, магазинда ишловчи учун бир чақага арзимас нарсалар берди. Бизнинг уйимизда тўшанчининг ҳам тайини йўқ эди. Шунинг учун 1,5-2,5 метр ўлчамда полга тўшайдиган шалча, аммо янги эди, ўн кило ёғ  олиб келиб берганди. Бу нарсаларни пулга чақ сак, ўша замон нархида  икки юз сўм ҳам бўлмасди. Лекин бизнинг рўзғоримизга зарур нарсалар эди. Унинг номи пора эди, албатта.  Аллоҳга шукр, сабрнинг таги шириндир. Сабр қилдим, сўнг ишларим анча дуруст юришиб кетди. Олий мактабда ўттиз йилдан кўпроқ вақт ишладим. Аллоҳга шукр, инсоф чегарасидан чиқмадим, десам мақтанган бўлмайман. Кишиларга нисбатан, ҳамкасбларимга нисбатан, демоқчиман, албатта. Бошқа бир жойда ҳам сўзладим. Мен совет замонида яшадим, совет кишилари ёнида ишладим. Улардан ўта фарқли яшашим қийин эди, ҳатто мумкин ҳам эмасди. Шунга қарамасдан имкони қадар инсоф чегарасини сақлашга ҳаракат қилдим. Хатоларим учун Аллоҳ Ўзи ислоҳ этсин мени. Ҳеч кимсага мендан жабр келишига йўл қўймасликка уриндим. Бутун умр одамлар орасида ҳақиқат ўрнатиш, уларнинг  соф ҳаёт кечириш йўлларини топишга саъй-ҳаракат қилдим. Менинг ҳаракатларим ҳар доим ҳам кўзда тутилган натижаларни бермади. Бунинг учун зарур шароит лар ҳам бўлмади, албатта. У замонда, совет замонида мен каби бир-икки кишининг саъй - ҳаракати бирор кўзга ташланарли натижа бериши мум кин эмасди. Аммо бизнинг борлигимиз баъзилар ўйлагандай советлар тузими жуда тинч, барқарор ва сокин эмаслигидан даракчи эди.

 

Шундай қилиб, ўша 1964-1965 ўқув йили кириш имтиҳонлари қабули давридан бошлаб совет олий мактабида тўла қонли ишчи бўлиб қолдим, десам бўлар. Бундан кейин ҳам менинг ҳаётимда критик ҳолатлар такрорланди. Аммо олий мактабларда ишлашим давом етиб турди.

 

7.2 Совет олий мактабида тўлақонли ўқувчи бўлиб қолишим ҳақида.

Самарқандда кооператив институтида 1965 йили ўтказилган имтиҳон компанияси мен учун деярли яхши бўлди. Бироқ ярим ставка лоборантлик вазифасида давомли ишлашим мумкин эмасди. Шу сабаб давомли иш ставкамни ўзгартириш борасида ҳам ҳаракатда бўлдим. Оқибат, Самар қанд қишлоқ хўжалиги институти қашида Тошкентдаги институтларнинг бирининг (Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригатсиялаш ва механизат сиялаш инженерлари институти-ТҚХИМИнинг) ўқув-консултатсия бўлими очилганидан хабардор бўлдим. У бўлимнинг бошлиғи Абдулло Саттаров исмли бириси эди. А.Саттаров мутахассислиги бўйича агроном эди. Мен А.Саттаров билан танишдим ва у бўлимда математикадан соатбой дарс олдим. Янги ўқув йили (1965-66 ўқув йили) учун, яъни 1965 йили ёзида эса, бу ерда бир қатор вилоятлар учун ТҚХИМИ - га кирув чилар учун кириш имтиҳонлари ташкил этиладиган бўлди. “Экзаменатор“лар асосан Тошкентдан келишди ва Самарқанддан ҳам бир-икки киши ни уларга қўшиш мумкин бўлди. Шундай қилиб, мен математика бўйича имтиҳон олувчилардан бири бўлдим. Бу менинг кириш имтиҳонлари қабул соҳасида иккинчи йил ишлашим бўлди. Бу сафар асосан болаларимнинг тоғалари, хонимимнинг акаси Ғайратнинг ўша йили ўқишга кири шига ёрдам қилдим. Мен учун бу соҳада ўша йилнинг энг катта иши ҳам шу бўлганди. Чунки бу ишни хатосиз бажаргандим.

 

Шу йили сентябр ёки ноябрида (аниқ вақтини унутдим) Институт Самарқанддаги ўқув - консултатсия бўлимида доимий ишлаш учун конкурс асосида математикадан ўқитувчи танлайдиган бўлди. Мен ўша конкурсга ҳужжатлар топширдим. Қизиғи шундаки, конкурсда номзод кишилар ўзлари эмас, фақат уларнинг ҳужжатлари қатнашарди. Совет олий ўқув юртларида шунақа ўқитувчи танлов усули бор эди. Менинг бу ҳарака тим бўлим бошлиғи А.Саттаров билан келишиб қилинганди. Аммо масалани фақат бўлим бошлиғи фикри билан ҳал этиб бўлмасди. Ўқитувчи танлашни Тошкентда Марказий Институтдаги математика кафедраси бажарарди. Шу сабаб мен Институт кафедра мудири суҳбатида ҳам бўли шим зарур эди. Кафедра мудири эса, Ўзбекистонда машҳур олим Тошмуҳаммад Қори Ниёзий, деган бир киши эди. Бу одам Сталин қатағони давридан омон қолиб, яшаётган, эски саводи яхши чиққан бир киши эди. У замонлар биз унинг фақат машҳурлигини билардик. Чунки Қори Ниёзий номи республикада машҳур эди. Аммо машҳурлик нималар билан белгиланишини ҳам яхши билмасдик. Иш қилиб, бу киши Ўзбекистон да номи улуғ бир одам эди.

 

Энди менинг олдимда ўша замон Ўзбекистонининг энг машҳур математик олими, энг машҳур кишиси билан учирашиш ва суҳбатда бўлиш каби масъулиятли бир иш турарди. Ҳақиқатан, ўша замонлар ўзбек тилида математикадан биргина Қори Ниёзийнинг китоблари нашр қилинган эди. Аммо негадир бизнинг университетдаги устозларимиз унинг китобларини ўқиш учун бизга тавсия қилишмасдилар.

 

Хуллас, Қори Ниёзий домланинг олдига у билан учирашувга борадиган бўлдим. Аммо бу машҳур учирашувга қайси вақтда Тошкентга боргандим хотирамдан кўтарилди. Бироқ учирашув таассуротлари жуда яхши хотирамдадир.

 

Учирашув тайинланган кун эрталаб соати 11-ларда мен Қори Ниёзий домланинг олдига кирдим. Кобинет анча катта эди. Кобинетнинг турида жуссаси кичикгина бир одам ўтирарди. Тўғрисини айтсам менинг тасаввуримда у одамнинг танаси ҳам буюк бўлиши керак эди. Одатда шундай бўлади, номи жуда машҳур бўлиб кетган одамлар уларни ҳеч учратмаган киши тасаввурида ҳамма тарафдан улкан туюлади. Менда Қори Ниёзий домла ҳақида ҳам шунақа тасаввур бор эди. Аммо амалда эса тескариси чиқди.

 

Хуллас, Қори ниёзий мен билан кўп узоқ сўзлашмади. У фақат бироз менинг ҳаётим ва қандай дарсликлардан фойдаланишим ҳақида сўради. Мен унга “Сизнинг китобларингиз мен қўлланадиган асосий дарсликлар ҳисобланади“, дедим. Менинг бу жавобим, дипломатия эди, албатта. Чунки мен у кишининг китобидан фойдаланмасдим. Бизнинг устозларимиз бизга бошқа китоблардан дарс беришганди, ахир. Ҳақиқатда ҳам Қори Ниёзий китоблари ўзбек тилида бўлса-да русча китобларга нисбатан анча бўш ёзилганди. Лекин бу ерда менинг ишга олинишим масаласи турарди. Аллоҳ Каримдир, деб бироз ёлғон сўзладим. Балки ҳаётимда биринчи ва охирги хушомадим (агар ўша ҳолатни хушомад ҳисобласак) бўлган бўлса керак. Аммо Қори Ниёзийлар каби кишига шунақа ҳурмат кўрсатиш, унчалар хушомадга кирмас, деб ўйлайман. Хулоса шу бўлдики, Қори Ниёзий домла менинг ишга қабул қилинишимга рози бўлдилар. У кишининг розилиги, математика кафедрасига ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқиши билан тенг кучли экан. Шундай қилиб, мен, ТҚХИМИ математика кафедрасининг Самарқандда ишловчи “Катта ўқитувчиси” бўлиб қолдим. Совет олий мактабларида, профессор, дотсент, Катта ўқитувчи, ўқитувчи ва лаборант деб аталадиган иш унвонлари бўларди ва уларнинг ойлик маошлари ҳам шу тартибда юқоридан пастга қараб камайиб келадиган қилиб белгилаб қўйилганди. Мен эса, Оллоҳу таолонинг қудрати билан совет олий мактабида учинчи даражали маош оладиган ўқитувчи бўлиб қолдим. Мазкур вазифада мен то 1972 август ойига қадар ишладим.    

 

Қорий Ниёзий домланинг менинг тасаввуримдаги шакли ва аслида эса бошқача бўлиб чиқиши, инсонлар орасида тез-тез учраб турадиган бир психологик ҳол бўлганлигидан, шу ерда ўша психологик ҳолатга оид бошқа бир мисолни ҳам айтиб ўтишни лозим кўрдим. Биринчиси, шу Қ.Ниёзий домла билан бўлган ҳол. Яъни домла ҳақида жуда кўп ёзилгани, унинг номи машҳур бўлиб кетгани оқибатида, унинг ҳақида киши тасаввурида ҳар тарафлама фақат буюклик шакланишидир. Бу киши психикасига оиддир. Иккинчи мисол, ўқувчига ҳам бироз ибратлироқ бўлар, деб ўйлайман.

 

Бу воқеа мен кандидатлик дессертатсиямни ёзиб тугатганимдан сўнг бўлаганди. Советларда дессертатсия ҳимоя қилиш тартиб қоидасига кўра иккита олим (бири албатта фан доктори бўлиши шарт) ҳимояга қўйилаётган дессертатсияни ўқиши ва унга ижобий таҳриз (ижобий баҳо бери ши) ёзиши керак бўларди. Дессертатсия ҳимоя қилмоқ истаган изланувчилар, фан докторини мамлакатнинг марказий шаҳарларидан танлашга ҳаракат этардилар. Унинг ҳам Москва бўлишига кўп аҳамият бериларди. Чунки бунга жиддий сабаб бор эди. Ҳимоя этилган дессертатсиялар Москвага жўнатилиб, у ерда қайта кўриб чиқилар ва ўша ерда  тасдиқланарди. Бунда эса, Москавалик олимнинг имзоси жуда катта рол ўйнар ди. Шу сабабга кўра менинг дессертатсиямга ҳам ўшандай олим Москвадан танланганди. Унинг исми шарфи Игор Анатолиевич Кийко эди. Жуда яхши йигит эди. Ёши жиҳатидан мендан кичик эди. Аммо фан доктори бўлганига анча замон бўлганди. И.А.Кийко бундан олдин ҳам Ўзбекистонлик бўлажак фан номзодларига оппонентлик қилганди. Шу сабаб билан Тошкентга келганди. Одатда Москвалик Тошкентга келса уни  Самарқандга томошага олиб боришардилар. И.А.Кийко ҳам худди шунақа йўл билан бир неча марта Самарқандга келганди. Унинг энг сўнгги дафа Самарқанд саёҳатида мен йўлдошлик (гидлик) қилгандим.

 

Қисқаси, мен, оппонентим И.А.Кийко олдига Москавага боришим ва унга шахсан ўзим дессертасиямни кўрсатишим керак, деган қарор қилин ди. Шунинг учун мен Москвага борадиган бўлдим. Ўша замонлар истаган вақт учоққа билет олиб учиб кетавериш деярли мумкин эмасди. Совет даврида ҳамма жойда навбат бўларди. Нимани исатасанг ўша йўқ бўларди. Худди шунингдек Москвага учоқда учиш ҳам шулар жумласидан эди.

 

Шундай қилиб, менга лозим бўлган вақтга билет тополмадим. Шундан сўнг таниш-билиш хизматидан, яъни совет даврининг энг авж олган усулидан фойдаланишга мажбур бўлдим. Аллоҳга шукр,  совет ҳокимият доираларида ишлашадиган ўзимга яраша жўраларим, дўстларим бор эди. Шуларнинг бирига, яъни Анвар Қодирович Мирзаев деганига ёрдам сўраб мурожаат қилдим. У менга ёрдам бериб, “Сиз Москавага бир киши билан бирга кетасиз, унга Облисполкомдан (Вилоят ижроия комитетти) Б. Султонов билет олиб беради. Унга сизни ҳам қўшишларини сўрадим“, деди. Бу Султонов, деганлари облисполкомда масъул секретар ҳисобланарди. Ўша замон ҳокимият структурасига кўра бу мансаб жуда аҳамиятли ҳисобланарди. Ундан ташқари у замонлар Самарқанд Вилоят Ижроия комитети Раиси Синдор Ҳамроқулов исмли бир киши бўлиб, у Ўзбекистоннинг хўжайини Шараф Рашидовнинг жияни ҳисобланарди. Б.Султонов эса, унинг танлаган кишиси, унинг қўлида ишлайдиган одам эди. Шунинг учун у нима истаса Ҳанроқулов истагандек ҳисобланарди.

 

Совет замонинг ўзига хослиги яна шунда эдики, ҳукумат одамлари истаган нарсалар ҳар доим муҳайё эди.

 

Шундай қилиб, мен ҳам бир кунда билетли бўлдим ва эртаси куниёқ Москвага жўнашим мумкин бўлиб қолди.

 

Б.Султанов менга қўшадиган кишининг исми шарфини унутдим. Қизиғи шуки, мен уни ҳукуматда ишлайдиган бир амалдор, деб қабул этдим, албатта. У замонлар ҳукуматда ишлайдиганлар ҳам биз оддийлар тасаввурида ҳамма тарафлама улкан бўлиши керак эди-да. Шу сабаб мен билан Москавага жўнайдиган “ҳукумат“ одамини ҳам шунақа гавдаси ҳам, мансаби ҳам улкан, деб тасаввур этдим. Ҳозирлар бироз  хотирамдан кўтарилди, у Москвага боришда менга йўлдош бўладиган киши билан биринчи марта қачон учирашдим? Жўнаётганимиздами ёки бироз ундан илгарими? Аслида бунинг унча аҳамияти ҳам йўқ. Иш қилиб, учоққа бирга чиқдик. Ҳақиқатдан унинг гавдаси менинг тасаввуримга мос эди. Ҳар ҳолда бу йўлдошим мендан гавдалироқ эди. Икковимиз бир ерда турсак у мендан узун ва гўштдор кўринарди. Аммо унинг ҳукуматдаги амали, мансаби менга маълум эмасди. У киши қаерда ва қандай амалда ишлайди билмасдим.

 

Хуллас, биз иккимиз Москвага жўнадик. Бояги Б.Султанов менга икки-учта саватчалар ҳам берган эди. Улар Султановнинг Москвалик дўст ларига аталган совғалари эди. У совғаларни ҳали Москвада эгаларига тарқатишим керак. Демак, Облисполком ходими ёрдамида олган билет менга унча ҳам жўнга бўлгани йўқ эди.

 

Москвага эрталаб соати 05-ми, 06-да қўндик. Шеригим борадиган жойи аниқ эди. Аммо меники эса, Аллоҳ билади, қаерда нима бўлса бўларди. Мен ҳали унча ўзимни алоҳида жойларда ётиш ва туришга ўргатмагандим. У шерик эса, Москвадаги “Россия“ меҳмон хонасига бориши керак эди. Унга у ерда жой олиб қўйишганди. Ҳа-да “ҳукумат“ одамига ҳамма нарса жойида бўлмоғи керак, ахир. Шунинг учун аэропортдан шерик билан бирга “Росисия“-га келдик. У “ҳукумат“ одами ўз ерига кетди, ҳеч бўлмаса “менинг олдимга келинг“, деган манзират ҳам қилмади. Мен Б.Султановнинг саватчалари билан меҳмонхонанинг фоесида қолавердим. У ерда ўтириб, Султановни роса сўкдим. Чунки унинг юклари энди менга ҳалақит брадиган бўлди. Уларни мен Москва бўйлаб адрессларга тарқатишим керак, ахир. Билмадим, соати 07-ми, 08-гача ўтириб, ундан сўнг ўз юкларимни камерахранениега топшириб, Султанов юкларини эгаларига топширишга кетдим. Уларни зарур ерларга топшириб, меҳмон хонага қайтиб келдим. Нарсаларимни олиб бу ердан кетмоқчи бўлдим. Чунки бу ердан жой олишимга менда умид йўқ эди. Шунақа кетиш хаёлида турган эдим. Меҳмонхонанинг юқори қатидан бир к ши келбошлади. У Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти сиртқи бўлим мудири бўлиб ишларди. Мен уни танирдим. Хайрият бу одам дуруст чиқиб қолди. Қарангки, унинг ҳам исми эсда йўқ. Иш қилиб, бу киши мени ўз хонасига киритиб, нарсаларимни у ерда қолдиришга ижозат берди ва “шаҳарга чиқиб ишларингизни битириб келаверинг. Кечқурун жой масаласини ҳал қиламиз. Бу ерда биттаси бор у сизга жой олишга ёрдам беради“, деди. Аллоҳ рози бўлсин, у кишидан. Мен унинг айтганидек қилдим.

 

Кечқурун йиғилишдик. Маълум бўлдики, бу меҳмонхонада Самарқанд област Паст-Дарғом районда ерлашган “Карл Маркс“ номли колхоз раиси Жониқул Юсупов яшаркан. Самарқанддан Москвага қадар менга йўлдош бўлган ҳалиги “ҳукумат“ одами раиснинг “одами“ (чунки уни қўштир ноқсиз одам деб ёзишга мос эмас эди) экан.

 

Ж.Юсупов деганлари, икки марта сотсиалистик меҳнат қаҳрамони, Ўзбекистонда энг машҳур раислардан бири ҳисобланарди. Мен унинг номи ни эшитгандим-у, лекин ўзини кўрмагандим. Умуман “сотсиалистик меҳнат ва совет Иттифоқи қаҳрамони“, деган номлар СССР давлатида жуда ҳурматланарди. У унвонга эга кишилар биз оддийлар ичида жуда буюк тасаввур этиларди. Мен эса, ҳозиргача яшаган ҳаётимда бирорта тирик “қаҳрамон“ кўрмагандим. Ж.Юсуповни кўришим бир томондан мен учун янгилик бўлди. Ҳар ҳолда “қаҳрамон“лардан бирини тирик кўринишда кўрдим. Қаҳрамон сўзини қўштирноқ ичида ёзишимда ҳам бир сабаб бор. Чунки совет даврида бирор турдаги қаҳрамон ҳақиқий бўлмай, ясама бўларди. Балки рус-олмон урушида ҳақиқатан қаҳрамонлиги учун унвон олганлар бўлгандир. Аммо сотсиалистик меҳнат қаҳрамони унвони олганлар ичида бирорта ҳам ўз меҳнати билан қаҳрамонлик даражасига эришган киши йўқ эди, деса бўларди. Уларнинг барчаси ёлғон қаҳрамон лар бўлиб, унвонлар сотиб олинганди.

 

Иш қилиб, менга жой тўғрилаш ҳам раисга қолди. Аммо раис ҳам бугуноқ менга жой тўғрилаб бера олмади. Чунки раис бу ерда Ўзбекистондаги каби ҳар нарсага қодир эмас экан. Ҳар ҳолда Москва Империянинг Пайтахти, раис истило этилган ўлка хизматчиси, ахир. Раиснинг бу меҳмонхонада “ўз“ кишилари бор экан. Улар эса, бошқа сменада ишлашар эканлар. Мен раис одамлари ишга чиққанига қадар ўша қишлоқ хўжалиги институти бўлим бошлиғи, танишимникида  қоладиган бўлдим.

 

Хуллас, раиснинг “қудрати“ билан “Россия“ меҳмонхонасидан менга ҳам жой берилди. Натижада мен Москвадаги ишларимни битирганга қадар у ерда қолдим.

 

Москвада, яъни “Россия“ меҳмонхонасида  яшаб турган замон давомида раис билан танишиш мумкин бўлди. Бояги менинг Самарқанд қишлоқ институтида ишлайдиган шеригим бир куни мени раис хонасига олиб келди. Қарасам, мен билан Самарқанддан бу ерга келган йўлдошим шу ерда раис хонасида хизматда, яъни унинг югурдаклигини қилиб, ўтирибди. Ана шунда у одам менинг кўзимга шунчалар кичик кўриндики, қўя верасиз. Унинг бўйи менинг бўйимдан ҳақиқатан узун эди. Раисникида унинг бўйи ҳам менинг кўзимга жуда паст кўриниб кетди. У раиснинг меҳмонхонадаги хонасида хизматда туриш учун Самарқанддан махсус чақирилган экан.

 

Буларнинг барчаси аввал менинг тасаввуримда гавдаланиб, асли эса, ҳаётда кўрилган ҳақиқатлардир. Кўрдингизми киши психикасида тасаввур ҳосил қилиш кўп аҳамиятли бир масаладир. Советларнинг бутун сиёсати, уларнинг тарғибот ва ташвиқотлари кишиларнинг фақат тасаввурида советларни ижобий кўрсатишга қаратилганди. Шунинг учун у замонлар биз, доим хаёлий, реалликдан (ҳақиқатдан) узоқ бўлган фақат тасаввури миздаги ҳаёт билан яшардик. Шу билан бирга баъзиларимиз, советларнинг тугашини кутардик, бизнинг ҳам ҳаётимиз яхши тарафга ўзгарар, деган умидда яшардик. Ҳақиқатан советлар тугади, бироқ афсуски, ҳаёт биз ўйлаганимиздек ижобий тарафга ўзгармади, аксинча кишиларнинг турмуши, ҳаёти яхшиланиш ўрнига баттар ёмонлашди. Ҳа, Аллоҳ Каримдир, бизга ва бизнинг халққа ҳам аталган яхши кунлар бордир. Аммо яхши кунлар ўз-ўзидан келиб қолмайди, Бунинг учун курашиш лозим бўлади. Балки биз истаган яхши кунлар келиши учун узоқ йиллар давомида сабр-чидам билан курашишга тўғри келар.

 

Хотирага келиб қолган ҳодисани ёзиш муносабати билан яна мавзудан бироз четга чиқилди. Тошкентда Қорий Ниёзий домланинг синовидан муваффақиятли ўтиб Самарқандда катта ўқитувчилик ишини бошлаб юбордим.  Бу ерда менинг бевосита бошлиғим юқорироқда исми тилга олинган Саттров Абдулложон Саттарович эди. Жуда мулойим характерли, яхши одам эди. Унинг туғилиб улғайган макони Андижон эди.  Бироқ математикадан мутлақо узоқ киши эди. Шу сабаб менинг иш фоалиятимни мутлақо назарот қилолмасди. Аллоҳу таолога шукр, мен ҳеч қачон ҳеч бир жойда бировни алдамадим. Ўз мутахассилигимга келганда эса, ўзимга жуда талабчан одам эдим. Математикани студентларга (ўқувчиларга) ўргатишда мени назорат қилишга ҳажот йўқ эди. Мен ҳар доим билганимни ўқувчига тўласича ўргатишга ҳаракат қилдим. Иш давомида мен Абдулложон ака (Мен у кишига Абдулло ака деб мурожаат қилардим) билан жуда яхши чиқишиб кетдим.

 

Бир-икки йил вақт ўтиши билан бизнинг Самарқанддаги ишхонамизга математикадан бошқа предметлар бўйича ҳам ўқитувчилар олина бошланди. Масалан, чизмачилик ўқи тувчиси Нуриев (унинг исмини унутдим) ва КПСС тарихи ўқитувчиси Раҳим Қодиров исмли кишилар пайдо бўлишдилар. Ҳар куни саккиз соат ўтириб ишлайдиган бир котибимиз (рус миллатига мансуб аёл киши эди) ҳам бўларди.

 

Шундай қилиб, консулпунктимизда икки йил давомида беш кишилик бир кичкина ишчи жамоаси ташкил бўлди. Бизга қўшимча рус тили ва чет тилларидан соатбай дарс берувчилар бўларди. Улар ҳам вақти-вақти билан бизнинг иш идорамизга келиб туришардилар. Иш қилиб, энди ишхонамиз жонли бир идорага айланиб қолганди.

 

Чизмачилик ўқитувчиси Нуриев қирим туркларидан бўлиб, жуда яхши, соф, кўнгли очиқ йигит эди. У мендан бироз ёшироқ эди. Аммо Абдулло ака ва Р. Қодировлар ёшлари жиҳатидан мендан анча улуғ эдилар. Р. Қодиров ҳақида Абдулла ака ва Нуриевларга берилган ижобий баҳони ай тишга тилим бормайди. Бу Р.Қодиров деганлари учига чиққан тулки, оқ кўз, номард киши бўлиб чиқди. “Шоли курмаксиз бўлмайди” деганлари дик, бизнинг беш кишилик жамоамиз ҳам курмаксиз бўлмади. 

 

ТҚХИМИ Самарқанд шаҳридаги консултатсия пунктига ёрдам олиш учун келиб туришадиган ва консулпунктда йилда икки марта ташкил қилинадиган бир ойлик дарсларга қатнашадиган студентлар ҳақида сўзлаш ҳам унча мунча қизиқарли деб ўйлайман. Чунки уларнинг барчаси кекса кишилар эди. Уларнинг ичларида ёшлари 40 дан пастда бўлганлар жуда озчиликни ташкил қилишардилар. Мен эса, ҳали 30-га ҳам бормаган ёш ўқитувчи (домла) эдим. Студентларимнинг баъзиси 60-га яқинлашиб қолишгандилар. Мен улардан имтиҳон олишга уялардим. Уларга, айниқса 60-га яқин ёшдаги ўқувчиларимга мен шундай сўрамасдан имтиҳон баҳолари қўйиб берганман. Чунки уларнинг ҳаммалари ўз ишларининг ўқимаган усталари эди. Ҳозир эса, улар ҳукумат мажбурлаганидан фақат диплом учун мажбур ўқишга қатнаб юришган эдилар. Балки мен ишлаб турган косулпункт ҳам шу қария студентлар учун махсус очилган бўлса керак эди. Қисқаси, мен оз вақт ичида ёшлари мендан 15-20 ёш улуғ бўлишган студентларим орасида жуда ҳурматли одам бўлиб қолдим. Тўғриси уларнинг ҳурмат қилишлари ҳам мени уялтирарди.

 

Олий мактабда ишлашни мана шундай ҳолатда бошлашга тўғри келган эди. Шу билан мен олий мактабда ўз ўрнимни топгандим. Яъни ТҚХИМИ Самарқанд шаҳридаги консултатсия пунктида бир-икки йил ишлаганимдан кейин ўзимни олий мактаб ўқитувчиси шаклида ҳис қила бошлагандим.  

 

7.3 Илмий иш қилишга интилишларим (Аспирантурага киришга уринишларим).

Бутун дунёда бўлгани каби советларда ҳам олий ўқув юртлари ёшларга олий таълим бериб, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш марказ лари бўлишлари билан бирга, илмий тадқиқот марказлари ҳам ҳисобланардилар. Шунинг учун университет ва институтларда ишлайдиган ўқитувчи ва бошқа ходимларнинг илмий даражалари ҳам етарли даражада юксак бўлиши лозим эди. Бу эса, ўз навбатида, олий ўқув юрти ўқитувчи-ходимларининг илмий даражаларини ошириш устида ишлашлари лозимлигини келтириб чиқарарди.  Бу ишнинг олий мактаб ўқитувчиларининг илм савиясини оширишдан ташқари моддий манфаатдорлик томони ҳам бўларди. Чунки илмий даражаси бўлган олий мак таб ўқитувчиси, илмий даражаси бўлмаганидан сезиларли миқдорда кўпроқ ойлик маош олишарди. Бундан ташқари бунинг маънавий тарафи ҳам йўқ эмасди. Олий ўқув юртида ўқитувчилик қилаётган кишининг олим ҳисобланиши маълум бир маънавий аҳамият касб этарди, албатта. Шунинг учун илмий даражага эга бўлмаган олий мактаб ўқитувчилари ҳеч бўлмаса фан номзоди дейилган илмий даражага эришиш учун жид дий ҳаракат қилишардилар. Илм даражасининг энг юқориси фан доктори бўлиш учун ҳам фан номзоди бўлиш бир синов қадами ҳисобланарди. Илм даражасига кўтарилишнинг энг  самарали йўли эса, аспирантурада ўқишни давом этказишдан иборат эди. Аспирантурада ўқиш эса, инсти тутларда ўқишга ўхшамасди. Аспирантурада ўқишни истаган киши, илимий даражаси юқори бўлган бирор олимга шогирд тушарди. Ўша шо гирид олувчи олим, у ёки бу аспирантнинг илмий раҳбари ҳисобланарди. Илмий раҳбарнинг асосий вазифаси илмий тадқиқот йўналишини аниқлаб, аспирант олиб борадиган тадқиқотга тема-мавзу қўйиб беришдан иборат бўларди. Тадқиқотниниг ўзини эса, аспирантнинг ўзи олиб борарди. Илмий раҳбар вақти-вақти билан кўрсатмалар бериб, аспирантда пайдо бўлган саволларга жавоблар ҳам бериб туриши лозим бўларди.

 

Мен ҳам Ўзбекистон олий ўқув юртларидан бирида катта ўқитувчилик унвонини эгаллаб турганим учун ҳам илмий даражамни оширишим лозим эди. Чунки университет ва институтларда катта ўқитувчилик унвони фан номзоди илмий даражаси бўлган кишиларнинг вазифаси эди. Мазкур вазифа Қори Ниёзий домланинг обрўи сабаби билан Оллоҳу таолонинг эҳсони бўлиб менга насиб этган эди. Ундан ташқари ҳозиргина айтилган илмий даража оширишнинг моддий ва маънавий тарафлари ҳам мендан илмий тадқиқот билан шуғалланишни талаб қиларди.

 

Шундай қилиб, мен ТҚХИМИ Самарқанд шаҳридаги консултатсия пунктида ишлашни давом қилдириш билан бир вақтда аспирантурага кириш, яъни менга илмий йўналиш кўрсатадиган бирон илмий раҳбар топиш масаласи билан доим қизиқиб юрдим. Бу вақтларга келиб, яъни 1966-1967 йилларга келиб, тўртта болали бўлиб оилам ўзига яраша каттариб қолганди. Шу сабаб бирор узоқроқ шаҳарга кетиб илмий раҳбар топиш ҳам мен учун жуда қулай бир вариант эмас эди. Аслида советларнинг илм марказлари ҳисобланган Москва, Ленинград, Новосибирск каби шаҳар ларида аспирантура ўташ фан номзоди даражасини олиш учун гарантга айланиб қолганди. Шунинг учун кўпчилик Ўзбекистонли илм даражасини оширишни истовчилар ўша шаҳарларда аспирантурани ўташардилар. Менинг тўрт болам билан у шаҳарларга бориб яшашим ёки болаларим қолдириб бир ўзимнинг аспирантурага кетишим жуда ноқулай бир иш эди. Шу сабаблар билан мен илмий раҳбарни Самарқанднинг ўзидан ёки Тошкентдан излардим. Самарқандда эса, математика соҳасидан илмий тадқиқотларга раҳбарлик қиладиган биронта олим йўқ эди. Шунинг учун менинг илмий раҳбар излашим учун фақат бир шаҳар, у ҳам бўлса Тошкент қолаётганди. Тошкентда эса, бир қатор олимлар шогирдлар қабул қилишиб, фан номзодлари чиқаришаётгандилар.

 

Хуллас, Оллоҳу таолодан умидни узмай бирор жойдан бир ёруғлик кўриниб қолар деб юрардим. Шуни ҳам айтиб ўтайки, ўша даврларда мен ва менга ўхшаш жуда кўпчилик Оллоҳга ишонишсакда ислом динига боғли бирор ибодатни ва амални қилмасдик. Аммо ўзимизни мусулмон ҳисоблардик. Мусулмончилигимиз эса, бирор нарса ейишни, бирон янги ишни бошлаётганимизда, бисмилло дейиш, баъзан “Худо хоҳласа ана у ишни қиламан”, “Худо хоҳласа, ундай ёки бундай бўлар” каби жумлаларни қўлланишлардан иборат эди. Мен танийдиган оғайниларимни билмайман-у, аммо мен, баъзан Самарқанд шаҳридаги ўша замонларда жума ўқиладиган масжидга бориб садақа ҳам қилардим. Буни мен ўзимча мусулмоннинг амали деб ҳисоблардим. Оллоҳу таоло ўзи ислоҳ этсин бизни, биз ўша замонларда диндан жуда узоқ эдик. Бунинг объектив ва субъуктив сабаблари ҳам бор, албатта. Бу сабаблар ҳақида бошқа китобларимда алоҳида тўхтолганман.

 

Шундай қилиб, кунлардан бир куни Самарқандга Тошкентдан бир ҳурматли олим меҳмон бўлиб  келди. Унинг исми шарифи Қобулов Восил Қобулович эди. Ўша замонларда Ўзбекистон фанлар академиясининг Кибернитека Илмий текшириш Институти бўларди. Восил Қобулов эса, ана ўша институтнинг директори вазифасида ишларди. Унинг илмий даражаси физико-математика фанлари доктори, академик эди. Бизнинг эшитишимизча бу олимнинг шогирдлари, яъни В. Қобулов илмий раҳбарлигида тадқиқот олиб бораётганлар жуда кўп эди. Уларнинг барчаси  ўз вақтида фан номзоди даражасини олиш бўйича илмий ишлар ҳимоя қилишиб, Москвадан тасдиқларини ҳам олиб туришгандилар. Бу олим нинг ҳузурига мени ва яна бир қатор ёшларни Сайдашев Ленин Сайдашевич (Л. Сайдашев Хоразмда туғилиб ўсган, Самарқанд университетини битириб шу ерда ишга қолдирилган киши эди. Бу вақтга келиб Сайдашев фан номзоди бўлиб олишга улгурган, ёш жиҳатидан биздан бирор ўн беш ёш улуғ одам эди. Унинг исми Ленин аталиши эса, узун тарихга улашиб кетади.) эргаштириб борди. Чунки Восил ака Қобулов қаерга борса ўша ердаги илмга қизиқувчи ёшлар билан учрашишни истарканлар. Л.Сайдашев, В. Қобуловнинг бундай ибратли одатидан хабардор бўлган лиги учун бизларни унга таништиришни лозим ҳисоблади.  Бу воқеа аниқ кун ҳисобида қачон бўлганлиги хотирамдан кўтарилди. Бироқ воқеа 1968  йилнинг биринчи яримида бўлганлиги аниқ. Чунки мен ўша йили (1968) кузда Тошкентга бориб Восил ака Қобуловга шогирд тушганман.

 

Устод Восил ака Қобуловнинг ҳузурига бордик, у биз ёшларни жуда илиқ қабул қилди. Л. Сайдашев бизни у кишига таништирди. Устод бироз илмдан сўзлаб, биздан ҳол-аҳвол сўрадилар. Биз ҳам катта устоднинг олдида тортиниброқ “яхши” деб қўйдик. Бизнинг ўрнимизга Л. Сайдашев тўлароқ сўзлаб, бизлар аспирантурага кириб илмий даражамизни оширишни хоҳловчилар эканлигимиз ҳақида дурустроқ тушунтирди. “Бизда аспирантурага қабул қилиш муаммоси йўқ. Фақат силарда илмга интилиш бўлса бас” деб устод бизнинг кўнглимизни кўтариб қўйди.

 

Шундай қилиб, Оллоҳу таолонинг эҳсони бўлиб, Л. Сайдашев воситасида мен бўлажак илмий устодим билан танишдим. Ўша йили, Восил ака Қобулов билан танишган йили кузда Тошкентга бориб, Кибернитика Институтига келдим. Бу ерда устод ўз иш кабинетида мени қабул қилди. Ниятимни, аспирантурага киришга келганлигимни унга арз қилдим. Оилавий шароитимни ҳам бироз тушунтириб, аспирантурада сиртдан ўқишим лозим бўлаётганини ҳам унга тушунтирдим.  Устод Институтнинг илмий котибини ҳузурига чақирди ва мени унга таништириб, Инсти тут аспирантурасининг сиртқи бўлимига киришим лозимлигини тушунтирди  ва яна нималарнидир сўзлади. Бу кейинги сўзлар ҳам мен ҳақда эканлигини сезиб турсамда, улар аниқ нима ҳақида кетаётганини тушуна олмадим. Илмий котиб (унинг исми шарифи Азизхўжаев эди менимча) мени ўзи билан эргаштириб устоднинг кабинетидан чиқди. Энди институтнинг илмий котиби кабинетида ўтирардим. Илмий котиб бироз ёзув лар билан шуғулландида, ундан сўнгра менга менинг аспирантурага кириш имтиҳони топширишим ҳақида буйруқ ёзилган бир вароқ  қоғозни берди ва қаерга боришимни тушунтириб қўйди. Ўша ердаги кишилар сиздан аспирантурага кириш имтиҳони олишади деди. Ишларим шунчалар тез битаётганидан хурсанд бўлиш билан бирга, ҳозироқ имтиҳон топширишим лозим бўлганлигидан бироз шошиб қолдим. Нима бўлса ҳам энди орқага қайтиш йўқ айтилган жойга боришим керак. Буларга шошманглар мен бироз имтиҳонга тайёргарлик кўришим керак дейишга ҳеч имкон йўқ эди, ахир.

 

Хуллас, илмий котиб кўрсатган қаватга чиқиб бордим. Институт биноси уч қават эди. Мен борадиган кабинет ҳам энг юқори қават учинчида эди. У ерда бир неча ёш йигитлар ўтиришган эканлар. Улар билан саломлашиб, қўлимдаги буйруқни уларга кўрсатдим. Ўзим уни ўқиб ҳам кўр магандим. Буйруқ бўйича эса, мендан уч киши имтиҳон олиши керак бўлиб, Толок Вячеслав Александрович исмли бириси келгусида менга иккинчи илмий раҳбар бўлиши ёзилган экан. Демак, устод В. Қобулов илмий котибга мана шу буйруқда ёзиладиган масалалар ҳақида сўзлаган экан, шекилли. Имтиҳон олувчиларнинг учаласи ҳам ўша хонада ўтиришардилар. Улар ўзаро келишиб,  келажакда менга илмий раҳбарлик қила диган кишига мени имтиҳон қилишни  юклашдилар. Толок Вячеслав Александровични ўша хонада ўтирганлар Славка (русларда исмлар эртакалатиш маъносида қисқартирилиб олинади ва танишлар, тенгқурлар бир-бирини ўзаро ана шу қисқартирилган исм билан аташадилар. Шу сабаб бу ерда ҳам Вячеслав “Славка” бўлиб қисқа айтилмоқда.) дейишарди. Шундай қилиб, Славка, менга учта савол ёзиб берди ва кутубхонага бориб тайёрлан, жавобларга тайёр бўлганингдан кейин бу ерга келасан деди. Оллоҳга шукр, буёғи ҳам яхши бўлди. Имтиҳонга алоҳида тайёрланиш лозим бўлмади. Керакли ёрдамни кутубхонада китоблардан олишим мумкин бўлди. Аслида ҳам аспирантурага кириш имтиҳони топшириш мен ўйлагандан фарқли бўлиб, кирувчининг олдига қўйилган саволларга жавоб тайёрлашида, унинг илмий тадқиқотга интилиш даражаси текширилар экан. 

 

Хуллас, бу имтиҳондан менга ”яхши” баҳо қўйишдилар. Илмий котиб менинг аспирантурага қабул қилинганим ва илмий раҳбарларим академик В.Қ.Қобулов ва В.А. Толок бўлиши ҳақида хабар берди. Йилида икки марта илмий раҳбарларим олдига консултатсияга келишим мумкинлигини ҳам тайинлаб қўйди.

 

Шундай қилиб, 1968-1972 йиллар давомида ТҚХИМИ Самарқанд шаҳридаги консултатсия пунктидаги ўқитувчилик ишимни давом этказиш билан бирга физико-математика фанлари номзоди илмий даражаси олиш учун илмий тадқиқот ишлари олиб бориш билан ҳам жиддий шуғуллан дим. 1972 йилда илмий даража олиш учун дессертатсия ёқладим.

 

Мен, фан номзоди илмий даражасининг тасдиғини олганимданоқ устодим Восил ака Қобулов мени Самарқанд университетида ишга ўтишимни таклиф қилди. Бундай таклифдан мен жуда мамнун бўлдим, албатта. Чунки мен студентлик олтин даврим кечган унивеситетга, энди илмий ходим ва ўқитувчи бўлиб қайтаётгандим. Унинг устига бу сафар ҳеч бир тусиқсиз, яъни юқорида тилга олинган маҳаллийчилик каби тусиқлар ҳам бўлолмайдиган бир ҳолда Самарқанд университетига ишга бориш имконига эга бўлаётган эдим.  Бу ҳолдан мамнун бўлмай бўладими?

 

Бу вақтга келиб Самарқанд университети эски ”Урал” исмли бир электрон ҳисоблаш машинаси (ҳозирги замон компютерларининг “оталари”) сотиб олган эди. Шу машина ўқув жараёнида қўлланиш билан бир қаторда унда баъзи бир ҳисоблаш ишлари ҳам олиб борилаётганди.  Шу муносабат билан университет қошида “Ҳисоблаш маркази” деб аталадиган бир бўлим ҳам ташкил қилинган эди. Аслида менинг устодим Восил ака мени ана ўша “Ҳисоблаш маркази”га раҳбарликка таклиф қилгандилар.

 

Оқибатда, 1972/73 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд университетининг “Ҳисоблаш маркази”да катта илмий ходим бўлиб ишга жойлашдим. Ярим ойлик маош билан университетда ўқитувчилик қилишимга ҳам ижозат беришди.

 

Университетда ишлаш давомида кишилар орасида, айниқса совет кишилари орасида жуда ҳам ривожланган бахиллик, бир-бирини кўролмас лик, ҳасад каби қусурлар натижасида анчагина қийинликларни бошдан кечирдим. Улар ҳақида бошқа жойларда ҳам сўз кетади. Шу сабаб бу ерда уларга тўхтолмайман.

 

Хуллас, Самарқанд университетда 1972/73 ўқув йилидан 1993/94 ўқув йилининг бошланишигача ўқитувчилик қилдим. Бу йигирма йил давомида олий мактаблардаги унвонлардан ҳисобланган катта илмий ходимдан университетнинг дотсенти унвонигача кўтарилдим. Совет Олий мактабларидаги энг ҳурматли мансаб ҳисобланган кафедра мудирлиги лавозимида ўн бир йил узлуксиз ишладим. Менинг сиёсий қараш ларим И.Каримовнинг ўзбек миллатига душманлик сиёсатига қарши бўлганлиги учун мени кафедра мудирлиги вазифасидан  мажбуран четлаш тирдилар. Менинг муҳожирлик ҳаётим ҳам ўша йили, яъни 1993 йили кузидан эътиборан бошланди.

 

7.4 Самарқанд университетида ишлаш фаолиятим ва очиқ сиёсий курашга чиқиш жараёни.

Самарқанд университетининг “Ҳисоблаш маркази”, маъмурий бўлиниш бўйича университетнинг Амалий математика факултетига қарарди. Бу факултетнинг декани (маъмурий раҳбари) дотсент Широв Иззатулло Исматуллаевич исмли киши эди. Мен маъмурий жиҳатдан энг олдин И.И. Шировнинг қўл остида ишлайдиган ходим ҳисобланардим. И.И. Широв менинг устодим бўларди. У киши биз университетнинг 4-курсида ўқиётганимизда бизга дарс берган эди ва домлага мен ҳам битта имтиҳон  топширган дим. Менда домлага нисбатан устодлик ҳурмати бор эди. Унинг устига менинг “Ҳисоблаш маркази”даги вазифамни мансаб деб бўлмасди. Буйруқ бўйича мен университетнинг катта илмий ходими ҳисобланардим. Бироқ бошқалардан фарқли ўлароқ менга қўшимча ваколат берилганди, яъни “Ҳисоблаш маркази”га қабул қилинадиган ишчи ва ходимларнинг ишга қабул қилишни сўраб ёзган аризаларига биринчи бўлиб  мен имзо қўйишим керак эди. Мендаги ана шу имзо қўйиш вако лати  факултет деканининг пинжига тиқилиб юрувчи баъзиларнинг ҳасадини қўзғашга сабабчи бўлди. Оқибатда, улар мени узлуксиз равишда деканга ёмонлай бошладилар. Билибми, билмай, ҳар ҳолда ёшлик қилиб, ўзим оловга керосин қўйиб қўйганимни билмай қолдим. Яъни декан “Ҳисоблаш маркази”га бир кишини ишга олишни истади. Мен уни “Ҳисоблаш маркази”да ишлашга мос эмас деб  ҳисобладим ва унинг аризасига имзо чекмадим. Шу билан мен декан ҳисобида иғвогарлар тасвирлаган, деканга қарши фаолиятда бўлган киши бўлиб қолдим. Энди деканимиз “Ҳисоблаш маркази”да ишларнинг яхшиланишига кўмак бериш ўрнига, ишга тўғоноқ беришга ўтди. Қисқаси, бу ҳолат менинг бошимга кўп ташвишлар келтирди. Унинг устига деканнинг менга узлуксиз тўсиқ бўла бошлаганидан аччиғланиб, ундан норози бўлганларнинг бир шикоят хатига мен ҳам имзо қўйдим.

 

Хуллас, бир йилча вақт тартишиб, жанжаллашиб юрганимиздан кейин декан “ҳақ” бўлиб чиқди. Ҳақиқат шикоятчилар тарафда бўлишига қара май, мансаби юқори киши ғолиб чиқди. Совет замонида шундай бўлиши ҳам табиий бир ҳол эди. Чунки у замонлар мансабдор киши ҳамиша, ҳеч бўлмаганда кўпинча ҳақ бўлиб чиқар эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Мен адолат, ҳақиқат тарафдорларига қўшилган бўлсамда, кейинчалик ўша шикоят хатига имзо чекканлигим нотўғри ҳаракат эди деган хулосага келганман. Чунки деканимиз менинг устодим бўларди, мен ундан дарс олгандим, унга бир марта имтиҳон ҳам топширгандим. Қисқаси, Иззатулло Исматуллаевич менга устод эди. Устодимнинг устидан ёзилган шикоят хатга қўл қўймаслигим лозим эди. Ҳақиқат юзасидан норозилигимни унинг ўзига, юзига айтиб қўйсам етарли эди. Шунинг учун деканимиз И.И. Широв мен учун ҳурматли бўлиб қолаверганди. Декан менга нисбатан анча вақт тумшуқ қилиб юрган бўлсаларда, оқибатда домла ҳам масаланинг асл моҳиятини тушуниб, орамизда муносабат жуда яхши изга тушиб кетди. Бироқ биз домламиз устидан шикоятчи бўлиб юрган замонда, деканнинг пинжида юриб, унинг тарафдори, уни қўллаб-қувватлайдиган бўлиб кўринганлар, энди И.И.Шировдан мансабни номардларча тортиб олишди. Ана шундагина И.И. Широв ҳамма нарсанинг фарқига бориб етди, аммо энди кеч эди. Биз домла билан очиқ  ва фақат ҳақиқат учун курашгандик, деканлик мансабига тажовуз қилмагандик. Аммо домланинг пинжида исиниб, етарлича ундан манфаатдор бўлиб юришган  “укалар” зимдан иш битириб, унинг оёғидан чалиб, уни ҳақиқатдан йиқитдилар. Биз шикоятчилар ҳам аслида домлага эмас, унинг пинжидаги ўша “укалар”нинг иғвогарлигига норози эдик. Ҳа шунақа, ҳаётда ҳамма ишлар силлиқ бўлавермас экан.  

 

Шунга қарамасдан, ўша шикоятлардан бир неча йил ўтганидан кейин мен факултетда ҳар беш йилда қайта сайланадиган кафедра мудирлигига икки марта сайландим. Қўшимча яна бир йил кафедра мудирлиги вазифасини бажарувчи бўлиб турдим. Учинчи марта сайлов вақти келганида юқорида таъкидлаганим каби сиёсий сабаблар билан мени вазифамдан четлаштирдилар. Аслида мен учинчи марта ҳам кафедра мудирлигига сайланган бўлсамда, ҳукуматнинг кўрсатмаси билан сайлов натижаларини сохталаштирдилар.

 

Оллоҳга шукрки, Самарқанд университетида йигирма йилдан кўпроқ ишладим, аммо ҳамиша адолат, ҳақиқат тарафдори бўлиб қолдим. Ўқувчи ларимдан тортиб, университет ректоригача менинг тўғри сўзларим ва адолатим олдида бош эгишга мажбур бўлдилар. Ўқувчиларим орасида адолатли ва инсофли домла номига эришдим. Бизнинг совет замонида олий мактабда ишлаб, ўқувчилар орасида бундай номга сазовор бўлган ўқитувчилар жуда озчилик эди.

 

Совет Иттифоқида узун бир давр, яъни 1964-1982 йиллар орасида ўтказилган сиёсат совет мамлакатининг тарихида турғунлик даври номини олди. Менинг бутун иш фаолиятим эса, ана шу мамлакатдаги турғунлик даврига тўғри келди. Даврнинг ўзига хос хусуссияти шундан иборат эдики, бу даврда сиёсат бир тарафдан жуда ҳам қатағон эмасди. Бўлар-бўлмасга кишиларни қамоққа ташлаш бўлавермасди. Ҳатто баъзи бир ўғирликлар учун ҳам қамоқ жазоси берилмасди. Лекин совет тузимига тил теккизиш мутлақо мумкин бўлмаган бир соҳа эди. Ҳаётнинг бутун жафҳалари марказлашган эди. Ўша замонларда ҳатто саратарашхоналарнинг иш фаолиятлари ҳам Москвада планлаштириларди дейилса муболаға бўлмайди. Чунки бирор сартарашнинг кунига қанча кишининг сочини олиши ҳукумат тарафидан белгилаб қўйиларди. Ҳукумат эса, Москвада эди. Маҳаллий ҳукумат номига эга бўлганлар, Москвадан туширилган кўрсатмаларни ижро этувчилардан иборат эди. Ҳар қандай бир ташаббус буғиб қўйилган эди. Бундай мамлакат фуқаросининг бутун фаолиятини қатъий чеклаб қўйишга суянган сиёсат, жамиятдаги яна бошқа қатор чекловлар кишиларда сускашликни, атрофда бўлаётган воқеаларга мутлақо қизиқмасликни, ўз ишига совуққонликни келтирб чиқарарди, албатта. Шу билан бирга жиноятчилик кўпайиб, давлат органларида порахўрликнинг авж олиши, бюрократизмнинг учига чиққан бир бузуқ шакли юзага келган эди. Хуллас, жамиятдаги бу бузуқ ҳолат аҳолининг сабрини роса чегарасига етказганди. Шунинг учун совет мамлакатида бир тарафдан кишилар жуда бефарқ бўлиб қолишган бўлсалар, бошқа тарафдан  сиёсатда, жамиятда жиддий ўзгаришлар юз беришини кутардилар.

 

Ана шундай бир замонда мамлакатда турғунликни келтириб чиқарган сиёсатнинг асосчиси ва устуни, 18 йилдан буён Совет давлатини бошқа риб келаётган “тенгсиз” раҳбар Л.И.Брежнев вафот қилди. Унинг вафотидан кейин совет давлатида ҳақиқатдан жиддий янгиликлар, ўзгаришлар бошланиб кетди. Жамиятдаги турғунлик фаол ҳаракатга айланди. Мамлакат аҳолиси давлат сиёсатининг мазмуни билан қизиқадиган бўлиб қолди, ҳатто аҳоли ичида сиёсий жараёнларга қатнашишга қизиқишлар сезила бошлади. Мамлакат ичида майдонга чиққан воқеалар, ўзгаришлар шу даражага бориб этдики, оқибатда Л.И.Брежнев ўлимидан кейинги тўққиз йил ичида СССР (Советских Социалистических Союзных Республик – Совет Сотсиалистик Республикалар Иттифоқи) номли буюк бир давлат, империя парчаланиб кетди. 

 

Мен эса, доим адолатли давлат тузими барпо бўлишини кутдим. Бу соҳада ўша турғунлик замонида ҳам мумкин бўлганича меҳнат қилишга пассив бўлсада ҳаракатда бўлдим.  Совет тузимининг кўплаб камчиликларини жуда яхши билганим ҳолда, Самарқанд шаҳрига ҳали турғунлик даврларида Владимир Қодиров исмли бир раҳбар келганида Самарқандда, Советлар Иттифоқи раҳбарлигига Л.И. Брежневдан кейин Ю.В.Ан дропов келганида Совет мамлакатида, советларнинг матбуоти тинмай мақтайдиган адолатли давлат тузими ўрнатилармикан дея умид қилдим. Чунки Самарқандда Қодиров ва ундан бироз сўнгра Андропов ўз фаолиятларини адолат ўрнатишдан бошладилар. Бироқ Қодиров вазифасида бир йил ҳам ишлай олмади, уни ўлдириб юборишдилар. Андропов ҳам касал кекса киши эди, Совет Иттифоқининг бош раҳбари мансабида узоқ ишламади, вафот қилди. Кейинги воқеалар кўрсатдики, уларнинг интилишлари ҳам алдовчи вақтинчалик тадбирлар экан.

 

Қисқаси, В. Қодиров ва Ю.Андропов каби раҳбарлар ўртага қўйишга уринган янги баъзи бир ижобий силжишларнинг умрлари қисқа бўлди. Аҳвол эски тос ва эски ҳамом бўлиб қолаверди.

 

Ниҳоят, 1985 йилдан бошлаб, Совет Иттифоқида Михаил Горбачев замони бошланди. Маълумки бу давр ”Жадаллаштириш ва ошкоралик” номи билан машҳур бўлди. Ҳақиқа тан бу даврда совет давлат бошқарув системасида ва иқтисодий жафҳада бир қатор ислоҳотлар ўтказишга уриниш лар бўлди. Ана шу илоҳотлар натижасида совет тузимига қарши фикрда бўлганлар учун ўз фикр мулоҳазаларини очиқ айтиш имкони туғилди. Жумладан мен ҳам ўша  ”Жадаллаштириш ва ошкоралик” сиёсати доирасида совет маориф системаси ва қишлоқ хўжалигида ўтказилиши лозим деб ҳисоблаган фикрларимни ўртага чиқаришни ният қилдим. Чунки мен совет тузимига қарши бўлсамда, ҳали у тузимдан бутунлай озод бўлиш керак деган хулосага келмагандим. Шу сабабли ўша тузим асосий принсипларини ўзгартирмасдан ислоҳот йўли билан адолат ўрнатиш ва жамиятни демократиялаштириш мумкин деб ҳисоблардим. Шунинг учун сув кам бўлиб, лалмикор ғалла ва чорвачилик билан шуғулланувчи қишлоқ  хўжаликларида ўтказилиши керак бўлган бир ислоҳот лойиҳаси билан Ўзбекистон Компартияси Марказий (Ўша вақтларда Ўзбе кистоннинг бош раҳбари Р. Н. Нишонов исмли бириси эди. Менинг хатим ҳам Нишонов номига юборилганди.) комитетига хат ёздим. Чунки мен ўзим туғилиб ўсган жойлар айнан ўшанақа кам сув ва лалмикор далалар эди. Инсонлар асосан лалмикор ғалла етиштириш ва чорвачилик билан шуғулланишардилар. Ўша жойларнинг хусусияти менга анча яхши маълум эди. Шунинг учун ўз лойиҳамдаги ислоҳотларни ўша жойларда амалга ошириш мумкинлигига ишонардим. Бу эса, сиёсатга аралашишда мен учун биринчи қадам бўлганди. Аммо менинг лойиҳам совет бюрократиясининг қурбони бўлиб йўлда қолиб кетди. Шу сабаб бўлиб, иккинчи лойиҳа, маорифга оид лойиҳа ҳақида совет раҳбариятига  муро жаат қилмадим.

 

8. Фаол сиёсат билан шуғулланишга киришиш сабаблари.

Совет мамлакати сиёсатида вужудга келган кескин бурилишлар мен каби тузимдан норози бўлган кишиларда алоҳида қизиқиш ўйғотиши табиий эди. Ҳақиқатда ҳам шундай бўлди. Айниқса Горбачев замонидаги ошкоралик ва демократия сиёсати, бутун мамлакат бўйлаб, яъни Совет Иттифоқининг барча ўлкаларида мен каби кишиларнинг совет тузимига қарши ҳаракатларининг у ёки бу шаклда юзага чиқишига сабаб бўлди. Ана шундай кишиларнинг ташаббуслари билан республикаларда миллий халқ ҳаракатлари, халқ жафҳалари тузила бошланди. Бу соҳада совет ларнинг Болтиқ бўйи республикалари байроқдор бўлишдилар. Жумладан бизда Ўзбекистонда ҳам миллий озодлик руҳидаги халқ ҳаракати туғи ла бошлади. Барча Халқ ҳаракатлари ва жафҳаларининг программаларида миллий озодлик  ғояси асосий ўринда турарди.

 

Бу янги жараёнда мен фаол қатнашдим. Бу жараён ҳақида ва ундан менинг қатнашиш фаолиятимни бир китоб шаклига келтирдим ва уни “Бирлик” ҳақида мен билган ҳақиқатлар” деб атадим. Бу китобчани 1999 йили Норвегияда тугатдим. Уни бу ерга китоб шаклида тўла илова қиламан.

 

Китобда “Бирлик халқ ҳаракати” номи билан машҳур бўлган Ўзбекистон миллий озодлик ҳаракатининг1988 йилдан 1999 йилгача бўлган фаолиятининг мен билган қисми ва унда менинг ўз фаолиятим имкони қадар тўлароқ ёритилган.

 

8.1 ”Birlik” haqida men bilgan haqiqatlar.

 

Kirish so`z.

Biz har doim o`zimiz, yani o`zbeklar haqida mulohazalar yurutsak darhol tarixni eslaymiz, tariximiz bilan mag`rurlanamiz, uni pesh-pesh qilamiz. Tarixdan muhim voqealarni, buyuk tarixiy siymolarni yodga olamizda, ularni bugungi o`zbekka aylantirishga intilamiz. Ularni faqat o`zbeklarniki, deb bilamiz. Bu his bir tarafdan menga juda yaqin bo`lishiga qaramasdan uni noto`g`ri hisoblayman. Chunki tarixda bizning ajdodlarimiz nima kashf etgan bo`lsalar, davlatmi, imperiyalarmi yaratgan ersalar, ular o`zlarini o`zbek, deb emas, balki eng avval   musulmon turklarmiz, deb hisoblaganlar. Shuning uchun u tarixga faqat ''o`zbek tarixi'' yoki ''O`zbekiston tarixi'', deb qarash va yana unga qo`shimcha yagona turk elida, bir butun Turkiston tuprog`ida ''qozoq, qirg`iz, turkman, tojik'' tarixlari ham alohida-alohida mavjudligini tan olish Turkistonga dushmanlik bo`lib, dushmanlarning, istilochilarning qarashlariga, ularning niyatlariga mos tafakkur etish, ularning izidan yurush, demakdir. Osiyo va Ovropadagi nihoyatda keng bir tuproqda turklar buyuk tarix yaratmish. Bunday tarixni bo`lib tashlash, uni bo`lakchalarga bo`lib o`rganish bu faqat dushmanning ishi bo`lib, u tarixiy haqiqatga va mantiqqa butunlay ziddir. Bu keng hududda yaratilgan tarix yagona musulmon turklar tarixi shaklida qarolmog`i va o`rganilmog`i  zarur.

 

Afsuski, bizning zamonimizda farzandlarimiz u tarixning bir qismini  O`zbekiston, Qozog`is ton, Qirg`iziston, Turkmaniston, Tojikiston, Turkiya  tarixi va yana boshqa nomlar bilan o`rganishmoqda. Nima uchun bunday bo`lmoqda? Bir yaxlit tarixni, bir xalq tarixini maydalab tashlash, yagona tuproqni, bir elni, bir millatni bo`lib-bo`lib, ularni turli urug`lar nomlari bilan atash kimga buncha zarur bo`ldi? Bu dushymanga, turklar dushmaniga zarur edi. Buyuk bir elning bugungiday tarqoq holga kelib qolishi uning dushmanlariga kerak edi, albatta. Bu butun turk millatiga katta dushmanlik bo`lib, u bobolar yo`l qo`ygan xatolik oqiba ti o`laroq mumkin bo`ldi va amalga oshirildi. Bobolarimiz yo`l qo`ygan buyuk xatolardan foydalangan dushman  bizning tariximizni o`z xohishicha soxtalashtira oldi. Buning natijasida o`z tarixiy o`rni, ulug` madaniyatiga ega bir millat bugungi o`zini-o`zi taniy olmaydigan manqurt bir holga keltirildi. Tarixni bunday soxtalashtirish, uni to`g`ri o`rganmaslik uzoq zamon davom etgan imperialistik siyosat natijasi hisoblanadi.

 

Bu impelialistik siyosatni yo`lga qo`ygan Russiya imperiyasining so`nggi hokimiyati-sovet davlat rejimi tugashi katta tarixiy voqealardan biri desa bo`ladi. Hatto bu voqeani XX asr buyuk mo`’jizaviy hodisalari qatoriga qo`shish mumkin. Allohga cheksiz hamdlar bo`lsin, darhaqiqat XX asrda chinakamiga Allohning mo`’jizasi sodir bo`ldi, uning kudrati bilan "yovuzlik imperiyasi" bitdi, axir.

 

Sovet Ittifoqi atalmish imperiyaning batamom bitishida 1985-1991 yillardagi siyosiy muhit alohida o`rin tutadi. Bu davr voqealari tafsilotlarini uzoq zamonlar va juda ko`p marta yozajaklar. Ularni har kim o`zicha ta`rif va tavsif etakjaklar. U ta`rif va tavsiflar ichida soxta erlari, mubolag`a qilingan erlari ham bo`lmasdan qolmaydi, albatta.

 

Men ham o`z hikoyalarimda bu tarixning tegishli erlaridan zaruratga qarab foydalanaman va ularni bilganim qadar va imkonim darajasida  tasvirlab o`taman.

 

Mazkur tarixiy bayonni yozishdan asosiy maqsad, XX asr mo`’jizasi sodir bo`lgan zamonda O`zbekistonga oid, men bilgan yoxud shaxsan ishtiroq etgan voqea va hodisalarni, ularda ''BIRLIK''ning o`rni, ayniqsa uning dunyoga kelish tarixi, Harakatning muvaffaqiyati va mag`lubiyati haqida chin, qo`shimchasiz xolis haqiqatni yozishdir. Mening bu sa’y-harakatim tarixni soxtalashtirmaslikda ibrat  bo`lar, deb umid qilaman. O`ylaymanki, bundan so`ng mening Vatanim tarixi, butun turklar buyuk yurti tarixi soxtaliklardan, yolg`on-uydurmalardan holi qolar, inshoolloh.

давомига ўтиш ...

Hosted by uCoz