Нима ҳам дейиш мумкин?

Барчамизга маълумки, бу йил М.Солиҳ ва Ж. Маматов орасида жуда ҳам чиройли бўлмаган маш-маша бошланиб кетди. Мен ҳам Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф фикрда бўлганлардан бири бўлганлигимдан ва мухолиф ҳаракатда озми-кўпми хизмат ҳам қилганлигим туфайли,  бу хунук тортишувни кузатиб турибман, албатта. Шу билан бирга торшувчиларнинг бош шахслари М.Солиҳ ва Ж. Маматовлар ҳақида унча мунча ижобий ва салбий маълумотларга эга бўлишимга қарамай бу мавзуга аралашишни истамай келаётгандим. Бироқ М.Солиҳнинг Uznews.net мухбири Тўлқин Қораев саволларига жавоблари эълон қилинганидан кейин, яъни куни кеча (22.06.07, жума куни) менга баъзи ёшлар хат ёзишиб, М.Солиҳнинг жавобларидан кўнгуллари тўлмаганлигини билдиришди ва мендан бу ҳақда фикр сўрашдилар. Тўғрисини айтганда, мен у суҳбатнинг сарлавҳасини “Ватандош”да кўрган бўлсамда, уни ўқимаган эдим. Менинг почтамга келган хатларнинг бирида, ”Aliboy aka, men Muhammad Solihning ohirgi chiqishlaridan juda bezovtaman. U kishi oldiniga Erk partiyasi saylovga qatnashmaydi deb bayonot berdilar. Endi esa halqni kuchaga faqat erk olib chiqadi degan bayonot bermoqda. Agar halqni kuchaga olib chiqishiga ishonsak biz albatta u kishini qullagan bular edik. Ammo afsus unday emas. Nima, u kishi bizning bir necha yillik ishimizni yuqqa chiqarmoq chimi?

 

Agar u kishi shu qulidan kelmaydigan ishni boshlamoqchi bulsa, unda men ham shu paytgacha qullamagan ... qullayman. ... “ (нуқталар ўрнидаги сўзлар бугун учун зарарли маш-машаларга сабаб бўлиши мумкин бўлгани учун уларни келтирмадим) каби сўзлар ёзилади. Иқтибос ишонарли бўлиши учун хатдан парчани оригиналда келтириб, ундаги имловий хатоларни ҳам ўз ўрнида қолдирдим. Кўраяпсизми, хат муаллифи биринчидан, М.Солиҳнинг одамларни кўчага олиб чиқишига ишонмаяпти. Иккинчидан, кишиларда “бир неча йиллик” ишлар қилиниб, дурустгина режалар борга ўхшайди. Шундай экан, ундай одамларнинг борлигини, уларнинг режаларини билмасдан  туриб, қўлдан келадиган, келмайдиган иш ҳақидаги гапларни сўзлаб юбораверишни маъқуллаб бўлмайди, албатта. Ундан ташқари кўчага минглаб одамлар чиқаришни ташкил қилиш, уларни бошқариш ва ўшандай кўча ҳаракатини фойдали оқибатга олиб бориш кўп қадамли, машаққатли, ўта ўткир тадбир ва ақл талаб иш эканлигини ёддан чиқариб қўймаслик тарафи ҳам ниҳоятда муҳимдир. Шундай мураккаб бир тадбирни бошлаш ҳақида сўз юритаётган киши жуда катта масъулиятни ўз устига олиши керак бўлади. Борди-ю М.Солиҳ, ниҳоят шундай масъулиятни бўйнига олган бўлса, бу сўзсиз мақтовга сазовор бир ҳаракатдир. Аммо бундай масъулиятли ишни аъло даражада ташкил этаётган ёки ташкиллаштириб қўйган ва уни мақсадга мувофиқ натижага олиб бора оладиган шаввознинг бунчалар олдин мақтаниб қўйиши эса, ҳеч қандай бир ўлчовга сиғмайди, деб ўйлайман. Бундай ҳаракат фақат қарши томонни ҳушёрликка чақириш, ҳатто қатағонларнинг янада кўчайишига сабаб бўлишдан бошқа натижа бермаслиги ҳам аниқдир.

Хуллас, мана шу сабаб билан номи тилга олинган савол-жавобни ўқиб чиқиш зарур бўлди. Масалан, бу суҳбатда менинг эътиборимни жалб этган энг биринчи нуқта мухбирнинг “У ҳолда муҳолифат нима қилиши керак?” дейилган саволи ва унга М.Солиҳнинг жавоби бўлди. Мана жавобнинг тўла кўриниши: ”МС: Ҳозирча Ислом Каримов ҳокимият тепасида экан, биз ўзимизга шу саволни бермоғимиз лозим: уни истеъфога чиқишга мажбур этиш учун нима қилиш керак? Бу биз учун ҳам, бизнинг ҳалқимиз учун ҳам жуда муҳим савол.” Қизиқ, бу савол бугун туғилдими? Муҳтарам М.Солиҳ, бу савол ҳамиша олдимизда турган эмасмиди? Иккинчи нуқта эса, мухбирнинг ”Сиз нима қилмоқчисиз?” дейилган саволига М.Солиҳнинг, “Мен муҳолифат ва халқ кўчаларга чиқиши лозим деб ҳисоблайман, бошқа бирор муқобил йўлимиз йўқ. Биз, муҳолифат вакиллари, халқни уюштиришимиз лозим. Ҳукуматга тишларимизни кўрсатадиган пайт келди.

Агар биз мамлакат учун оғир бир пайтда ташкилотланмас эканмиз, мамлакатдаги вазият янада мураккаблашади. Энг даҳшатлиси, Ислом Каримовнинг 18 йил ҳукмронлиги даврида халқимизнинг қулликка кўника бошлаганидир” каби жавобидир. Менга хат йўллаган дўстимизни ҳам ташвишга солган нарса айнан мана шу жавобдир. Унинг ташвиши жуда ўринли кўринади. Чунки менимча, бундай томдан тараша тушган каби дабдурустдан ” ... халқни кўчаларга чиқариш лозим, бошқа бирор муқобил йўлимиз йўқ. ...” деб айтиб юбориш,  юмшоқ қилиб айтганда ўта масъулиятсизликдир. “Эрк” партияси раисиман деб юрган бир кишининг  “Ҳукуматга тишларимизни кўрсатадиган пайт келди” ибораси эса, бунисини ҳам юмшатиб айтсак, сиёсат одами сўзлайдиган сўз эмас. Иборанинг ўхшатиш тарафига қарасак, ўта қўпол ва маданиятсиз ўхшатишдир. Жавобнинг соф юракларни ҳақиқатан эзиб юборадиган қисми эса, “Агар биз мамлакат учун оғир бир пайтда ташкилотланмас эканмиз, мамлакатдаги вазият янада мураккаблашади. Энг даҳшатлиси, Ислом Каримовнинг 18 йил ҳукмронлиги даврида халқимизнинг қулликка кўника бошлаганидир” дейилган жумласидир. Ҳақиқатан бу жумлада “даҳшатли” сўзи тўғри ишлатилган. Аммо ўзини мухолифат лидериман деб келаётган бир кишининг бугун, 18 йилдан сўнгра шундай сўзларни сўзлаётганидан ҳам даҳшатлиси бўлмайди, дейилса тўғрироқ бўларди. Муҳтарам М. Солиҳ, мамлакат учун энг оғир пайт бугун ўртага чиқдими? Бу “оғир пайт” бутун 18 йил давомида мавжуд эмасмиди? Бу 18 йил давомида сиз қаерда эдингиз? Биз қаерда эдик? Нега ўтган 18 йил давомида эмас, фақат бугун “ташкилотланиши”миз керак бўлди? Ўша ўтиб кетган 18 йил давомида ташкилотлансак, даҳшатли кўникмага йўл қўймасак биров бизнинг чаккамизга шапалоқ туширармиди? Бутун бу 18 йил давомида биз ўзимизни мухолифатмиз деб келмадикми? Бутун бу ўтган йилларда ташкилотланайлик деб куйиб пишмадикми? Бутун бу 18 йил давомида  мен ва мен кабилар доим ташкилотланишга уриндилар, қўлларидан келгунича ҳаракат қилдилар, десам заррача бўрттирилган бўлмайди. Бироқ афсусларнинг чеки йўқки, бу уринишларни сиз муҳтарам М.Солиҳ ва “Бирлик” халқ ҳаракатининг раисдоши А.Пўлатов натижасиз қолдирдинглар. Масала шундай эканлигини тан олиш керак ва элдан, халқдан кечирим сўраб, янгидан ишга киришилса балки бирор нарса чиқар. Аммо сизнинг бугунги бу хил суҳбатларингиз омма қулоғига кирмайди. Айнан шундай эканлигига тан бериш зарур. Аммо бу ҳам марднинг қўлидан келади. Бироқ бу сизнинг ва бошқа ўзларини лидер ҳисоблаб юрганларнинг қўлларидан келармикан?

Қадрли ўқувчилар, фурсати келганда яна шуни ҳам айтайинки, М. Солиҳ ва Ж. Маматовларнинг ҳозирги сен ёмон, мен яхшилари бошланмасидан бир мунча илгари Оллоҳу таоло кўнглумга А. Пўлатов ва М.Солиҳга яна бир марта муроса таклифи билан мурожаат қил деган бир фикр солди. Бу масалада болаларимдан бири билан маслаҳат қилиб, ўшандай таклиф матнини тайёрладим ва уларнинг ҳар иккаласига жўнатдим. Таклиф эса, “Келинглар ўтган яхши-ёмон гапу-сўзларни унутинглар, катта-кичик камчиликларингни тан олинглар-да, халқни атрофларингга чақиринглар. Шундай қилсаларинг ютуқ силарники бўлишига ишончим комил. Шу билан бирга биз каби мухолифат аъзолари ҳам ўзига яраша хато-ю камчиликларини тан олсинлар ва халқдан узр сўрасинлар. Масалан мен, мана бугундан бошлаб, бунгача қандай хато қилган бўлсам уларнинг ҳаммаси учун тавба қилдим. Тўғридир ёки нотўғридир мендан хафа бўлганлар бўлсалар, улар  мени авф этсинлар. Мен эса, ўз навбатида кимдан гинада бўлсам уларнинг ҳаммасини кечирдим ” каби фикр атрофида бўлганди. Уларга ёзилган таклифнинг матни айни эди, фақатгина исмлар фарқли эди, холос. Аммо бу таклифимга улардан жавоб олишни кутмагандим. Менинг бундай фикримга Оллоҳ ва болаларимдан бири гувоҳдир.

Яна бошқа бир воқеа ҳам тасодифан юзага чиққанди. Бу эса, Шу йилнинг феврал ойлари эди шекилли, иш қилиб бу ҳол ҳам М.Солиҳ ва Ж.Маматовларнинг жанжали бошланишидан аввал эди. Мен ўша маҳал Канадада болаларим олида эдим. Ўша имкониятдан фойдаланиб АҚШ - дагилардан бир иккитасини кўриб, яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг яқин келажакдаги иш режалари билан танишиб чиқишни ният қилдимда, Ж.Маматов, М. Маликов ва Б. Чориевларга (Буларнинг учаласини ҳам Вашингтонда яшашади деб билардим. Аммо Б. Чориев бошқа шаҳарда яшар экан) хат ёздим ва уларга меҳмон бўлишимни билдирдим. Улардан Маматов хавфсизлик нуқтаи назаридан мен билан учраша олмаслигини билдирди. Маликов умуман жавоб беришни лозим ҳисобламади. Аммо М.Маликов билан ҳам, Ж.Маматов билан ҳам бунгача ёзишиб туришимиз ва телефон сўзлашувимиз жуда илиқ эди. Б.Чориев эса, мен билан учрашишдан жуда мамнун бўлишини билдирди.

Ўзбекистондаги бу йил бўлиши эҳтимолда турган президент сайловлари ва умуман мухолиф ҳаракатнинг тактикаси ва келажаги ҳақида  ана ўша уч киши билан учрашиб, сўзлашсак баъзи бир маслаҳатлар қилиш, фойдали фикр алмашишлар мумкин бўларми деган умидим бор эди. Афсус насиб қилмаган экан, ундай бўлмади.

Мен, М. Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатовга ёзган таклифимни ва юқорида номлари келтирилган кишилар билан учрашишга ҳаракатларимни бугун ўзбеклар номига иснот келтирилаётган тортишув-маш-машалар ҳақида қуйида келтириладиган ўзимнинг сўнгги фикримни айтиш учун эсладим.

Қаранг, агар менинг таклифим (мен ўртага чиқарганим учун эмас, таклифда келтирилган фикрни амалга ошириш зарур бўлганлиги учун) қабул қилинганида бугунги бу тортишувларнинг олди олинган ва мухолифат учун, айниқса икки лидер бўлмишларнинг ўзлари учун чинакамига фойдали бир ишлар қилиш имконияти туғилиши мумкин бўлган йўллар очилган бўлмасмиди? Сўзсиз бўларди.

Муҳтарам, Муҳаммадбобир ва Жаҳонгирлар билан яқиндан суҳбат содир бўлганида (бу ҳам мен билан суҳбат бўлганлигидан эмас, умуман улардан бир мунча йироқ турган бир киши билан суҳбат бўлганида ўртага бошқачароқ фикрлар чиқиб қолиши эҳтимолидан) балки М.Солиҳ ва М. Маматовларнинг бугунги “хўроз” уриштиришларининг олди олинган бўларди. Ҳа, ҳақиқатан шундай бўлиши мумкин эди.

М.Солиҳ ва Ж. Маматов орасидаги бу хўроз уриштиришлар, уларнинг бошланиб кетишига ким сабабчи бўлишидан қатъи назар, улар нега бу йил, бугун бошланди? Бу ҳақда бирор кимса, бошини қўллар орасига олиб ўйлаб қарадими?  Ўзбекистон демократик конгресси номидан умуммухолифат қурултойи ўтказилиши устида қизғин уринишлар кетиб бораётган бир вақтда, Каримовдан бошқа кўчадаги дайди итга ҳам зарари бўлган бу уқувсиз театр ўйини нега бунча тўхтамасдан узоқ давом қилади? Актерларга қаранглар, улар кимлар? Уларнинг аксарияти эндигина ўзларини мухолифатчи ҳисоблаётган кишилардир. М.Солиҳ тарафида ёзаётганлар, айтингчи, М. Солиҳни қанчалик даражада танийсиз? Ж. Маматовга  М, Солиҳни қоралаб савол бераётганлар, мақолалар ижод қилаётганлар, сиз Ж. Маматовни қанчалик биласилар, салбий образларинг М. Солиҳни дурустроқ танийсиларми? Ҳеч бўлмаса уни шоир сифатида билиб, танийсиларми?

Эй! http://www.uzbekcongress.org/ ни, Исёнкор, Ватандош каби саитларни тўлдириб бир-бирингизни шарманда қилаётганлар, мен санаган саволарга тўла ва тўғри жавоб бера олмаслингиз аниқ, шундай экан, ижодларингни дарҳол тўхтатинглар! Силарнинг бу ишларинг миллатга фақат иснот келтиришдан бошқа ҳеч нарса бермаяпти. Силарнинг фаолиятларингни қўллаётганлар эса, иснот нима эканлигини ҳам тушунмай диган махлуқларга ўхшайди, шекилли. Билингларки, ўзбек исмли халқ сиздан, хўроз чўқиштиришни эмас, дардига илож, ҳолига нажот кутаяпти. Ўзларингга дурустроқ боқинглар, сиз шундай даволовчи ва нажотпарварларданмисиз? Сизнинг бу даҳанаки жангингиз кимга ва нимага керак?

Танқид, ўзаро бир-бирини танқид бунақа бўлмайди. Ўз фикрини эркин ифодалаш ҳам бу эмас. Аслида силарнинг бу торшиувларингни фикр билдириш дейиш ҳам айбдир. Демократияси ҳам бунақа бўлмайди, бу ҳам бунақа эмас. Мени кечиринглар-у, силарнинг бу ишларингни шаллақиликдир деб аташдан бошқасига ярамайди. Билмадим кимга қандай, аммо мен, силар ўзбек исмида юрганларингдан уялиб кетаяпман.

Менинг сўзларим энг аввал сиз “буюк”лар М.Солиҳ ва Ж. Маматовларга тегишлидир. Чунки силар бир-бирларингни бугун кўраётганларинг йўқ. Силар ҳукуматда ҳам (қизиғи шундаки, мана шу Каримов билан баровар), унга мухолифатда ҳам (агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлган бўлса, яъни силар бирон вақт мухолифатда бўлган бўлсаларинг) бирга бир тарафда эдиларинг. Силар Тошкентда Олий совет биносида ёнма-ён ўтирдинглар, “Эрк” партияси сафида ҳам бирга бўлдиларинг, Баку, Истанбулда бирга яшадинглар, биргалашиб ишлар ҳам қилишганга ўхшадиларинг. Ҳатто кечагина, 2005 йилда ҳам бир дастурхон атрофида чой ичиб, бир стол атрофида суҳбат қуриб, кўринишдан киши кўнглига ёқадиган бир нарсалар бажаришга ваъдалашган ҳам эмасмидиларинг? Ҳозирги маш-машаларинг асослари ҳам ўша бундан ўн йиллар аввалги даврларга бориб тақалмоқда. Шундай экан, нега ораларингни ўша замон, ўз вақтида бир ёқли қилиб олмагандинглар? Сабаби нимада эди? Нега бунча узоқ вақтлар халққа, элга бунчалик зарарли хусусиятларингни ўртага чиқармай келдинглар? Бу ҳақда шу кунларда кўрсатаётган сабабларинг эса, жуда ҳам мантиқли чиқмаяпти. Бу силар кўрсатаётган сабабларга ақли бошида бўлган кишилар ишона олмаяптилар. Оқибатда бугунги ҳаракатларингнинг ҳаммасидан кўринаяптики, ё бирингсиз ёки иккалангиз ҳам биргаликда учинчи тарафга тасодифан эмас, балки тўла тушунган ҳолда махсус ишлаяпсиз. Шунинг учун ҳам жанжалга айланган бу маш-маша, Ватанда ҳаёт-мамот ишлар ҳал қилиниши лозим бўлган бир муҳим пайтда, силар қайси бирларинг ўғри, қайсиларинг тўғри масаласини ўртага чиқариб, бору-йўқ имконларни ана шу бир тийинга қиммат нарсага сарфлаб турибсилар. Омманинг эътиборини тушунган ҳолда атайлаб асосий мақсаддан чалғитмоқдасилар. Билмадим, бу ҳолни қандай исмлаш керак ва силарни кимлар деб аташ лозим?     

Юқорида келтирилган сўзлар, фикрлар менга хат билан мурожаат қилган дўстимизга  жавоб бўлиши учун етарли деб ҳисоблагандим. Бироқ муҳтарам М.Солиҳнинг саволларга жавобларида яна бир қатор фикрлар ҳам учрайдики, улар ҳам менга энг ози жуда мунозарали кўринди. Шу сабаб уларга ҳам ўз муносабатимни қисқача билдиришни лозим кўрдим.

 М.Солиҳ, ”Биз барча тараққийпарвар фикрдаги шахсларни сафларимизга қўшиш учун иш олиб бораяпмиз ва биз бундай ҳаракатларга шу йилдан киришиш ниятидамиз. Биз кўчаларга чиқишга уриниб кўрамиз ва биз бунга тайёрланаяпмиз” дейди. “Барча тарақийпарвар фикрдаги шахсларни” сафингизга қўшиш ҳаракатларига шу йилдан бошлаб ҳатто киришасиз эмас, ҳали фақат киришиш ниятида бўлсангиз, бу йилгача яна бошқа нималар билан шуғуллангандингиз? Ўзингизнинг тан олишингизга кўра, орадан 18 йил ўтиб кетган бўлса-ю, сиз тарақийпарвар фикрлиларни сафингизга эндигина, яъни бу йилдан бошлаб қўшиб олиш ниятида бўлсангиз, ажоба бу сўзларни кимлар ўқиши учун сўзладингиз, балки невараларингизга аталган эртакдир бу. Мени бағишланг муҳтарам М.Солиҳ, бундай сўзлар сиз ташиб юрган номдаги кишиларга силлиқлаштириб айтилганда ярашмайди. Аслида эса уятдир. “Биз кўчаларга чиқишга уриниб кўрамиз ва биз бунга тайёрланаяпмиз” деганингиз-чи? Бу сўзларни ўзингиз тушуниб айтингизми ё ...? Сафингизга “тарақийпарвар фикрдаги шахсларни” (билмадим сиз бу атама билан кимларни кўзда тутмоқдасиз) шу йилдан бошлаб қўшиш ниятидагинасиз-у, “кўчаларга чиқишга уриниб” кўрмоқчи бўласиз. Билмайсизки, ҳақиқатан тарақийпарвар шахслар сизнинг сафингизга қўшиладими ёки сизга қарши чиқадими? Аслида эса, ҳали сафларида кимлар борлиги аниқ бўлмаган бирор ташкилот номидан сизнинг “Биз кўчаларга чиқишга уриниб кўрамиз ва биз бунга тайёрланаяпмиз” жумлангизга ўхшаш фикрни дабдурустдан айтиб юбориш жуда жўн айтилганда ақлсизликни билдиради. Борди-ю, қандайдир гуруҳ ҳақиқатан ҳам ўшандай ҳаракатга уринаётган бўлса, сизнинг бу жумлангиз уларни сотиш бўлади.  Оқибати тўла фойдага олиб келмайдиган уриниб кўришларга, кетма-кет асоссиз, ўринсиз қурбон бераверишга ярайдиган халқ қолмаганлигини наҳотки ҳозиргача тушуниб етмадингиз!! Бундан кейин, шу бугундан бошлаб уриниб кўрилмайди. Қўлидан келган киши иш бажаради ва уни қачон, қандай ва қаерда бажаришини эълон қилиб ўтирилмайди. Ўзбекистонда бугун мухолифат номидан қилинадиган ҳарқандай иш (экстремистик ҳаракатнинг ҳар қандай кўринишидан ташқари) қилишнинг бирор кўринишини аввалдан эълон этган киши ё фитнакор ёки хиёнаткордир.

Мухбирнинг “Шундай овозалар тарқалаяпти, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда янги «терактлар» келтириб чиқаришга тайёргарлик кўраётган экан, шу йўл билан Каримовнинг қайта сайловини амалга ошириш учун. Сиз бундай миш-мишларга қандай қарайсиз?” каби саволига муҳтарам М.Солиҳ, сиз жавобингизда,  “Аммо ҳукумат энди бундай йўл тутмайди деб ўйлайман, чунки аллақачон дунёда Каримовнинг «терроризм» билан курашини муттасил қўллаб қувватлайдиган бирор бир мамлакат қолгани йўқ” дейсиз. Бироқ  “Биз кўчаларга чиқишга уриниб кўрамиз ва биз бунга тайёрланаяпмиз” деб Каримовнинг  янги террорига асос яратиб берасиз ёки шундай қилаётганингизни тушунмайсиз. Каримов терроризими чет давлатларнинг қўллашига эмас, асосан мамлакатнинг ичидагиларни, нуфусни қўрқитишга қаратилган бўлади. Сизнинг бу суҳбатингиз Каримовнинг бўлажак ёки бўлиши эҳтимолда бўлган террористик режаларига жуда қулай бир асос яратди. Бугундан бошлаб, кўчага одам чиқаришга сизнинг ҳаракат қилишингизга ҳожат қолмади. Сиз ғояни бердингиз, амалини эса, зарур пайтида Каримов жуда чиройли бир шаклда бажаради. Аммо жиноятчи сиз бўласиз. Хотирангизда бирор ўзгариш юз берган бўлмаса, яхшилаб эсланг, 1994 йилда Истанбулдаги ёшларга берган ваъдангиз, 1998 йили Яраш Қурбон билан суҳбатларингиз оқибатида айнан шундай бўлмаганмиди? Каримов, ўзи ўтказаётган қатағон сиёсатига нисбатан халқаро ҳамжамиятнинг муносабатига аллақачон тупирган. Буни тушуниш учун ҳам сизга яна18 йил вақт ўтиши керакми?

Ташқаридан кўмак масаласига ҳам ўзингиз тафаккурингиз доирасида жавоб қиласиз. Аслида демократик дунё (бу дунё ҳам энг аввал ўз манфаатларидан келиб чиқади, албатта) дунёнинг жуда кўп давлатларига ўз ёрдамларини аямаётир. Аммо Ўзбекистонга келганда кимга ёрдам бериб, кимни қўлласин, ахир. Муҳтарам М,Солиҳ сизга ёрдам берсинми? А. Пўлатовни қўлласинми? Ж. Маматовми келгусида Ўзбекистонни бошқарадиган? Инсоф билан айтинглар, қайси бирларинг Ўзбекистонда, аслида Марказий Осиёда янги бир иссиқ (оловли) нуқта юзага келтирмай ҳукуматни қўлга олиб, уни бошқариб кетишларингни кўрсата олдинглар? Кўрсата олмадингларку, ахир. Ҳозирча силарнинг қўлларингдан даҳанаки жанг, яъни хўроз уриштиришдан бошқаси келмаяпти. Нима Каримовни Ўзбекистондан ҳайдаб юборишиб, унинг ўрнига ташқаридан бирорта Овропаликними, америкаликми олиб келиб қўйишадиларми? Йўқ ахир, бундай қилишмайдилар, нима бўлганда ҳам Ғарбда бироз этика деган гаплар бугун ҳам мавжудлигича қолиб турибди.

Азиз ўқувчи, шуни жуда яхши билингларки, ташқаридан ёрдам берувчиларнинг ёрдамлари аниқ мақсадларни кўзда тутган бўлади ва тўла аниқланган режа асосида берилади. Акс ҳолда нисбатан (албатта ташқари, яъни Ғарб учун) барқарорликни қўлда сақлаб турган диктатор Каримовга ҳам чидайверилади. Дунёда Демократик Ғарб чидаб келаётган диктаторлар фақат биргина Каримов эмас-ку, ахир.

Қадрли ўқувчи, маъзур тутасиз, менинг қоғозга туширганларим бир мунча аччиқ сўзлардан ҳоли бўлолмади. Чунки нарсаларни, ҳодиса ва воқеаларни ўз исмлари билан сўзланмаса уларнинг моҳияти очилмай қолади. Менга хат билан мурожаатда бўлган дўстимизга эса, шошилманг, бажармоқчи бўлган ишингизга пухта тайёргарлик кўринг, бу ерда ёзилганлардан тўғри хулосалар чиқаринг дейман. Шуни ҳам айтаманки, бу ёзилганлар менинг(бир шахснинг) бошқа бир кишининг фикрларига билдирилган муносабатимдир. Уларда камчиликлар бўлмаслиги мутлақо мумкин эмас. Маълумки, бандаси доим хатолар билан арашиб юради. Фикрларнинг энг тўғриси Яратганга махсусдир.

Хулоса, ўрнида яна шуларни ҳам айтишга журъат қилдим:  Ўн тўққизинчи асрда яшаган Туркияли олимлардан Пичоқхода Аҳмад Ҳақи, “Бир халқ ичида ўзаро хийлакорлик мавжуд бўлса, у халқ  бедаво сил касалига мубтало бўлгани шудир. Бир-бирини ёқтирмаган (севмаган), фикр-мулоҳазаларини бир-бирига тушунтира олмаган, бири иккинчисини хуш кўрмаган, бири бошқаси тўғрисида жосуслик қиладиган халқ, миллат узоқ мустақил яшай олмайди. Мулк, бойлик ва мартаба билан жоҳилдан яхши одам ясаб бўлмайди” деган эканлар.

 

Келинглар ғийбатлардан узоқ турайлик. Кўпчилигимиз ўзларимизни мусулмон ҳисоблаймиз, шекилли. Шундай экан, эй мусулмонлар! Ёлғондан ва туҳматлардан қўрқинглар ва қўрқайлик!

 

Атроф, чеврамиздан нодўстни эмас, доим дўст ахтарайлик. Иззату-номус – бу инсоннинг энг буюк қиммати, зийнатидир. Иззату-номусимизни сақлайлик!

Алибой Йўляхшиев, 25 июн 2007 йил.

Бундан кейингисини ўқиш учун шу ерга босинг!

 

Hosted by uCoz