Китобнинг бошига ўтиш

Тарбия ва мафкура масалалари ҳақида фикрлар (давоми):

Ўзбекистон олтинлари ҳақида. ("Озодлик” радиоси, 21.12.96-да ўқиб берилган)

Материал радиода ўқиб бериш учун тайёрланган эди. Шу сабабли у таҳрирсиз, бошланғич вариантда бу ерда келтирилмокда. Материални компютерда тераётган вақтда, унинг кўпгина ерларини яна ўткирроқ ифодалаш мумкинлигини сезсам-да, уни аслида, яъни радио тингловчилар эшитган вариантда қолдиришни лозим топдим.

Айтишларича, марҳум, раҳматли Шароф Рашидов Ўзбекистонда қазиб олинаётган олтинларнинг бир фоизи бизда, яъни Ўзбекистонда қолдирилса эди “ҳар бир ўзбекнинг остонаси олтиндан бўларди” - деган экан. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида табиий ва бошқа бойликлари бўйича энг бой мамлакат ҳисобланади.

Масалан, ушбу рақамларга бир назар ташланг. Ўзбекистон бугун олтин запаслари жиҳатидан дунёда туртинчи ўринни, олтин қазиб олиш бўйича эса еттинчи ўринни эғаллаб турибди. Мамлакат йилига 80 тонна соф олтин қазиб олмоқда. Зарафшон шаҳрида жаҳонда энг катта олтин тозалаш заводларидан бири жойлашган. Бу заводда 18 минг киши ишлаётгани ҳам корхонанинг чиндан ҳам улканлигини кўрсатади. Булардан ташқари Ўзбекистон кўпгина қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хомашёлар етиштиришда ҳам жаҳонда кўринарли ўрин эғаллаб турибди. Масалан, Ўзбекистон (20 фоиз) ва АКШ (30 фоиз) биргаликда дунёда экспорт қилинадиган пахтанинг эллик фоизини назарот қилиб туришибди.

Ўзбекистон олтиндан ташқари ҳозирги замон технологияси ва машинасозлиги учун жуда зарур бўлган бир қанча маъдан запасларига ҳам бой. У конларнинг кўпчилиги ҳозир ишлаб турибди. Мамлакатда жуда кўп мева, сабзавот, жун, қорақўл тери ва бошқа қимматбаҳо бойликлар мўл. Бу рўйхат Ўзбекистон бойликларининг бир қисмигинаси, холос. Аммо Ўзбекистон олтини, нефти ва пахтаси унинг 23 миллион аҳолисини иқтисодий жиҳатдан тўла таъминлай олади, мамлакат эса, жаҳон давлатлари ҳамжамияти орасида муносиб иқтисодий ўрин эғаллай олмоғи учун тўла шароит мавжуд. Афсуслар бўлсинким, Ўзбекистон ҳамон иқтисодий бўҳрондан қутила олмаяпти, ҳатто ундан қутулиш йўлларини ҳам изламаяпти ёки у йўлларни излашни истамаяптилар. Масалан, шу кунга қадар мамлакатда рақобатли бозор иқтисодий муносабатлари пайдо бўлмаяпти, иқтисодий системада хусусий сектор бирор бир шаклда майдонга чиқмаяпти, қишлоқда колхоз ва совхозлар яшаб турган бўлса, шаҳарларда бутун саноат ишлаб чиқариши ва унинг воситалари давлат қўлида бўлиб, улар йилдан-йил иқтисодий ночор ҳолга тушиб бораяпти. Натижада, аҳолининг ижтимоий аҳволи кундан-кун ёмонлашиб, оғирлашиб кетмоқда. Ҳукуматнинг янги қарор ва кўрсатмалари назарий асос ва бирор мантиққа эга бўлмаганлиги сабабли мутлақо самарасиз қуруқ қоғозларда қолиб кетмокда. Нега, нима учун шундай бўлмоқда? Одатда, Ўзбекистон президентининг иқтисод бўйича эълон этган фармонлари ёзма мазмуни жиҳатидан Ўзбекистондаги долзарб масалаларга бағишланганга ўхшайдику, ахир. Бордию, мамлакат матбуот воситалари шарҳларига назар солсангиз у фармонлар ва ҳукуматнинг бошқа иқтисодий “тадбирлари” фавқулодда муҳим ва аҳамиятли иқтсодий муаммоларга бағишланади. Аммо Республика ҳаётида ҳеч фавқулодда ижобий ўзгаришлар юз бермаяпти. Менимча эса, Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча иқтисодий ислоҳотлар йўлига ўта олмаяпти ёки бундай ислоҳотларнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Масалан, мамлакат халқ хўжалигида ислоҳот номи билан ўтказилган баъзи бир таъмирлашлар (ремонтлар) ҳозирча мутлақо ижобий натижа бермади. Аксинча, бу ремонтлар хўжаликлардаги эски советлар даври меҳнат интизомини ҳам бўшаштирди, умум халқ мулкини талон-тараж бўлишига олиб келди, холос.

Уч-тўрт минутга мўлжалланган бу хабарда иқтисодий ислоҳотларнинг асосий принсип ва усуллари ҳақида чуқур фикрлар айтиш имкони йўқ, албатта. Лекин принсипиал бир масалага тил теккизмасдан ҳам бўлмайди. Яъни давлат бошқарув системасида маданий мулоқотга асосланган кўп фикрлилик вужудга келсагина давлат тузумида ислоҳот амалга ошади. Шунингдек, иқтисодда рақобатли хусусий мулкчилик пайдо бўлмас экан иқтисодий ислоҳотлар ҳам бўлмайди.

Аҳоли турмуш шароити яхшиланиши, ижтимоий аҳволда ўзгариш юз бериши давлат тузумининг демократлашувига, иқтисодда чиндан ҳам ривожланиш юзага келишига чамбарчас боғликдир. Бу эса жамиятда ҳукмрон бўлган ҳукумат сиёсатига мухолиф фикрнинг ва сиёсий кучнинг очиқ фаолият кўрсатишини тақозо этади. Бунга дунёда ривожланган давлатлар сиёсий системаси жуда яхши мисолдир.

Ўзбекистонда шунга ўхшаш вазият борми? Қисқача қилиб, йўқ деб қўя қолсак ҳам бўларди. Аммо бироз бунинг сабаблари ҳақида ҳам сўзлаш лозим, деб ҳисобладим. Чунки, ҳозир қисман Ватанда, қисман чет элда ўзларини мухолифат атаб келаётган “Бирлик” ҳаракати ва “Эрк” партияси вакиллари сиёсий куч сифатида бирлаша олмай деярли тарқаб бўлди. Шу замонда улар сиёсат билан эмас, балки кўпроқ ўз шахсий иқтисодий шароитларини яхшилаш билан машғул бўлиб қолдилар. Шунинг учун бугун Ўзбекистонда янги бир шароит вужудга келди, деб ҳисобламоқ зарур.

Биринчидан, Ўзбекистон ҳукумати ягона партиявий ҳукуматга эга бўлиб олди. Бу якка ҳокимлик барча янгилик, ислоҳот йўлларини ёпиб қўйди. Иккинчидан, мухолифат кучлар ташқилий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам бир мустаҳкам ғоя ва режа атрофида жипслаша олмай парокандаликка юз тутди. Натижада улар якка-якка “курашчиларга” айланиб қолишди. Демак, чиндан ҳам Ўзбекистонда бугун мутлақо янги сиёсий вазият пайдо бўлди, яъни ҳукумат ўз якка ҳокимлигидан маҳлиё, мухолифат эса, тарқаб бўлган бир вазият юзага келди. Шундай бир вазиятда умидбахш дастур ва режалар эълон этиш зарур, деб ўйлайман. Шунинг учун Ўзбекистондаги миллий-ижтимоий шароитни, у ердаги ҳаёт тарзини ҳисобга олган, жаҳон демократияси принсипларига асосланган дастурга эга янги партия тузиш учун вазият етишди, деб ҳисоблайман. Шу сабабдан чет элдаги муҳожирларни Ватанга қайтишга даъват этаман. Ўзбекистон ҳукуматидан эса, янги шароитда янгича фикрлайдиган ва янгича фаолият кўрсатадиган мухолифат кучларнинг ташкил бўлишига ҳалақит бермасликларини сўрайман.

Ҳукумат ҳам, унга мухолифат ҳам Ўзбекистоннинг, унинг меҳнаткаш халқининг фаровонлиги учун қайғурадиган бўлишсалар, нима учун улар бирга, муросада, маданий рақобатда яшай ва ишлай олмайдилар?!

Ватан келажаги ва унинг фаровонлиги учун фақат Ватанда самарали меҳнат қилиш мумкин. Аммо бу меҳнат жиддий ватанпарварлар томонидан ташкил этилмоғи зарур бўлмоқда.

Ўзбекистон вақтли матбуоти саҳифаларидан лавҳалар:

ЛАВҲА – 1, матбуот  мамлакатнинг саводхонлигини белгилайди.

Кейинги вақтларда Ўзбекистонда нашр этилаётган газеталарнинг номлари анча кўпайиб қолди. Қўяверинг, уларнинг номлари ўзига яраша хилма-хил. “Мерос”, дейсизми, “Камолат”-у, “Ишонч”, “Марифат”-у, “Ҳуқуқий” ва ҳ.к., ва ҳ.к. Қаранг-а, ҳатто уларнинг ичида “Бирлик” номли газета ҳам бор. Негадир у нашрларнинг тиражлари жуда оз. Нима бўлганда ҳам бу ҳол ташқаридан қараганда мамлакатда матбуоти масалалари бир мунча дурустдай кўринади. Мана, қаранг қанча рангба-ранг газеталар. Қизиғи шундаки, советлар замонида ҳам жуда кўп газета ва журналлар нашр қилинарди. Аммо улар мазмун жиҳатидан бир-биридан ҳеч фарқ этмасди. Масалан, Брежнев, ўша давр совет раҳбари, яъни бугунги президентларга ўхшаш “катта одам”, бирорта журналистни қабул қилса ҳам бутун мамлакат газеталари минглаб, миллионлаб нусҳаларда бу қабулнинг “тафсилотларини” эълон этишардилар.

Бугун Ўзбекистон матбуоти ана ўша брежнев даври совет матбуотини айнан такрорламоқда. Бу ҳали масаланинг бир томони, бошқа тарафдан Ўзбекистонда чоп этилаётган газеталарда нуқул мантиқсиз, мазмунсиз, ҳатто граматик жиҳатдан хато мақолалар, материаллар берилаётгани жуда хунук кўринмоқда. Сўнгги йилларда таркиб топган анъанага кўра Ўзбекистонда “Ўзбекистон овози” (собиқ “Совет Ўзбекистони”) газетаси, “Халқ сўзи” (советлар давридаги “Правда”, “Известия” газеталари каби) газеталари йўл бошчи газеталар ҳисобланади. Мамлакатга оид энг муҳим воқеалар илк дафа бу газеталарда босилади ва ундан сўнггина бошқалари улардан кўчириб босишадилар. Нима ҳам қила оласиз, тартиб шунақа. “Каттанинг” кўрсатмаси шу. Аммо ўша “оқсоқол” (таъбир жойиз бўлса) газеталарда ҳам мантиқсиз, мазмунсиз материалнинг босилишини қандай баҳоламоқ керак? Фикримизни исботлаш учун “Халқ сўзи” газетасининг 1997 йил 21 июн номерини оламиз.

Газетанинг бу сонини бошдан-оёқ ўқиб чиқсангиз қатор грамматик хатоларни ҳам учратмаслигингиз мумкин эмас. Аммо биз газетанинг бу сонида ўрин олган ҳуқуқшунослик фанлари номзоди, дотсент А. Рафиқовнинг “Устувор мезон ёки эркин фуқаролик жамиятининг уч муҳим тамойили” номли мақоласи тўғрисида баъзи мулоҳазаларни келтирамиз. Айтиш керакки, мақоланинг сарлавҳаси анчагина жазибадор. Сарлавҳани кўриб, хайрият, бизнинг ҳуқуқшуносларимиз ҳам фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий тамойилларини таҳлил қилиш даражасига кўтарилибди, деб кўнгилдан бир илик туйғу ўтади. Афсуслар бўлсинким, мақоланинг матнини ўқир экансиз ҳафсалангиз пир бўлади. Мақолада кўрсатилишича муаллиф, иқтисод, маданият ва қонунни эркин фуқароликнинг учта тамойили демоқчи бўлади. Масалани айнан шундай қарашнинг ўзи ҳам анча-мунча мунозаралидир. Иккинчи томондан Ҳуқуқчи олим инсон фаолиятининг йўналишини иқтисод, маданият ва қонуннинг узвий боғланишидан иборат, деб таъкидлайди. Аммо бунинг эркин фуқаролик жамияти тамойиллари билан боғлилик томонлари ҳақида лом-лим демайди ёки дея олмайди. Ундан ташқари мақолада қатор мантиқан янглиш ва грамматик хато фикрлар ўртага ташланади. Масалан, муаллиф “Инсон маънавияти ва давлат фаолияти ўртасида яқин муштараклик мавжуд”, деб ёзади. Аммо “инсон маънавияти ва давлат фаолияти”, дейиш мантиқий нотўғри жумладир. “Яқин муштараклик” бирикмаси эса ўзбекчани билмасликни кўрсатади. Бу гамматик хатодир. Бошқа бир жойда муаллиф “Давлат ўзи қабул қилган қонун - қоидалар (ҳуқуқий меъёрлар)га таянган ҳолдагина изчил сиёсат юрита олади”, деб тасдиқлайди. Наҳотки бу ҳуқуқчи дотсентимиз “давлат ўзи” ўзининг қонун-қоидаларини қабул қилмаслигини, қабул қила олмаслигини билмайди? Ҳуқуқчиларимиз шундай деб турса оддий фуқародан нима кутиш мумкин? Муаллифнинг учинчи бир фикри “Сиёсат реал ҳақиқатга айланиши учун ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган жамиятнинг қонун-қоидаларига итоат қилиши шарт”, деб ҳукм чиқаради. Аммо мақоланинг бу қисми барча чегарадан чиқиб кетибди. Бу “ҳукм” қабул этилса, демак, фуқаро бу солдат, у фақат командаларга итоат қилиши шарт, деб тушунмоқ лозим бўлмоқда. Ҳуқуқчи олим бу билан бизга сталин замони қатағон қонун-қоидаларига ҳам, шу билан бирга бугунги режимга ҳам “итоат қилиш” шарт, деб кўрсатмоқда, у бизни қулларча итоаткорликка чақирмоқда. Бошқа томондан энг муҳими у сиёсатни жамиятнинг қонун-қоидаларидан ажралган ҳолда қарамоқда. Бу мутлақо мантиқдан узоқ бўлиб, айрим мансабдор гуруҳнинг безориликларини очиқчасига қўллаб қувватлашдан бошқа гап эмас. Аслида эса, қонун-қоидалар фуқароларнинг эркинлиги ва озодлигини таъминлай олиши сиёсатдир. Сиёсат ҳақиқатга айланиши учун фуқаро итоаткор бўлиши эмас, аксинча сиёсат фуқароларнинг эркин, озод бўлишига шароит яратади. Бошқача айтганда, фуқаролик жамиятида омма фикри барча масалаларни ҳал қилувчи қудратга эга бўлади. Фуқаролик жамиятида қонун - қоидалар халқ оммаси тарафидан, унинг озодлигини, эркини тўла таъминлайдиган тарзда яратилади ва халқнинг овози ила қабул этилади. Бу жамиятда давлат, ҳукуматни, унинг сиёсатини халқ белгилайди ва уни назорат қилади. Бунинг тескариси эса, диктатурадир, мустабидликдир.

Шундай қилиб, муаллиф ҳар ҳолда учта фикр айтишга ҳаракат қилади. Аммо уларнинг ҳар учаласи ҳам мантиқий янглиш, ўзбек тили грамматикасида хато ёзилган бўлиб, эркин фуқаролик жамияти тамойилларига ҳеч алоқаси бўлмаган фикрлардир. Булардан ташқари мақолада бир неча мисол сифатида келтирилган фикрлар ҳам кўп мунозаралидир. Унинг устига у мисоллар мақола мавзуга унча мос келавермайди. Масалан, бир жойда “Маънавиятга таяниб ҳуқуқий чора кўриш ислом анъаналарига хос хусусиятдир”, дейди-да дарҳол бошқа мавзуга ўтиб кетилади. У “хос”лик нималарда намоён бўлиши кўринмай қолади. Айнан шу жойнинг ўзида бирданига Ўзбекистон Конститутсиясини мақташга ўтилади. Дарвоке, муаллиф эркин фуқаролик жамияти ҳақида ҳам бир лўнда фикр айтади, яъни у, “Ўзбекистон янги Конститутсияси эркин фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатчиликнинг асосидир”- деб таъкидлайди. Ҳамма фикр, хулоса, барчаси, “уч тамойил” ҳам шу жумла билан тугайди. Совет даврида Совет конститутсияси дунёда энг демократик, энг халқчил асосий қонун, деб ёзишарди. Бу ерда ҳам қаранг, Фақат Ўзбекистон Конститутсияси “Эркин фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатчиликнинг асоси” эмиш. Мисоли жаҳонда бошқа конститутсиялар йўқ, фақат уларники мавжуд. Мақолада “демократик фуқаролик жамияти”, “ҳуқуқий демократик жамият” ва бошқа шунга ўхшаш жумлаларни ўқиб муаллифнинг ҳуқуқшунослигига шубҳаланади киши. Наҳотки, нодемократик фуқаролик жамияти ёки ноҳуқуқий демократик жамият бўлса ?

Хуллас, мақола муаллифи у ёқдан бу ёққа бориб-келиб, бир вақт томдан тараша тушгандай художуйлик ва сохтахудожуйлик ҳақида ёза бошлайди. Аммо улар (художуй ва сохтахудожуйлар) кимлиги яна очилмай қолаверади. Лекин негадир муаллиф “диний эътиқод ҳар бир инсоннинг дилида бўлиши лозим”, деб алоҳида таъкидлаб кўйишни унутмайди. Билмадим, бу билан муаллиф “диний эътиқод”ни фақат дилда сақлаш керак, тилга чиқармаслик керак демоқчими? Аммо эътиқод дилда қабул этилиб, тилда эътироф этилади. Яратганга инонишни, Аллоҳни тан олишни сир сақлашга ҳеч ҳожат йўқ.

Ҳуқуқшунос А. Рафиқов мақоласини ўқиб ва “Халқ сўзи” газетасининг мазкур сони билан танишиб, ўзбек ўкувчисига нисбатан хурматсизликка йўл қўйилган, Ўзбекистон фуқаросига маънавий зарар келтирилган деган хулосага келдим. Инсонга маънавий зарар етказиш ҳуқуқшуносликда қандай тушунилади? Ўзбекистон жиноят кодексида қандай модда билан жазоланади, бу? Балки ҳуқуқшунос А. Рафиқов бу саволларга яхшироқ жавоб берар.

Фуқаролик жамияти ҳукм сураётган мамлакатларда матбуот тўртинчи ҳокимият сифатида фаолият кўрсатади. Бу биринчидан, иккинчидан, матбуот, ёзма матбуот мамлакатнинг саводхонлигини белгилайдиган кузгу ҳам ҳисобланади. Буни унутиб бўлмайди, азизлар.

ЛАВҲА – 2, ( Яна “Ҳуррият” газетаси ҳақида.)

Сарлавҳанинг бундай аталишига сабаб, бундан бироз илгари ҳам бу газета ҳақида бир мақола эълон қилган эдим. Шунинг учун “яна” деб бошламоқдаман.

Алоҳида мамнуният билан таъкидлайманки, бугун Ўзбекистонда “Ҳуррият” газетаси ҳам нашр этилиб турибди. Бизга келган маълумотларга қараганда бу кунга қадар газетанинг 40 - га яқин сони чоп этилибди. Мен илк дафа “Ҳуррият”нинг 1997 йил 9 апрел сони билан танишиб, унга тақриз ҳам ёзган эдим. Ўшандан сўнгра бу газетани ўқиб боришга ҳаракат қилдим. Аммо маълум сабабларга кўра газетанинг барча номерлари менга етиб келавермайди. Масалан, шу онда (1997 й. сўнггида) “Ҳуррият”нинг 20, 25, 34, 35, 36 - сонлари қўлимда. У газеталарни ўқиб чиқдим.

Шу кунларда Ўзбекистон вақтли матбуоти саҳифаларидан лавҳалар тайёрлар эканман, “Ҳуррият” газетаси материалларига ҳам бир лавҳа багишлашни лозим топдим. “Ҳуррият”да босилаётган мақолаларнинг кўпчилиги мавзу жиҳатдан долзарб, мазмунан салмоқли кўринади. Газетада ўрин олган Ҳусан Эрмуҳаммаднинг “Тўртинчи ҳокимият сирлари”, Юсуф Расулнинг “Маънавият нима?”, Алижон Зоҳидийнинг “Ажаб ўгирмалар” каби мақолалари бир мунча қаноат ҳосил қилади, кишида. Афсуслар бўлсинким, бу ёқимли газета ҳам бир қатор қусурларга йўл қўйган. Ишдаги камчиллик ва хатоларни холисона кўрсатиш, дўстона танқид газетанинг фақат обрўсини оширади, деган фикрдан келиб чиқиб, газетадаги камчилликларнинг баъзиларини кўрсатиб ўтмоқчиман. Масалан, газета муаллифлари бир қанча ерда ўзларининг мусулмон эканликларига негадир фақат ишора қиладилар. Улар мусулмон эканликларини очиқ айтишдан қўрқаётгандай туюлади. Совет замони, коммунистлар даврида шунақа бўларди. Билмадим, мамлакатда аҳвол ҳақиқатан шундайми ёки газета таҳририяти уларни шу қадар ўзгартирдиларми, ажабо? Ҳайкал ва ҳайкаллар ўрнатишга багишланган материалларнинг газетада кенг ўрин олаётгани ҳам ижобий хусусият эмас. Чунки бу анъана бизнинг маданиятимизга ёт бир кўринишдир. Исломда бу ҳатто тақиқланган бир одат. Шу сабабдан биз ислом одоб-ахлоқини тарғиб этишдан тортинмаслиги миз керак. Бу оламдан ўтганларга дабдабали ҳайкаллар, безатилган қабрлар эмас, бошқача, исломий ҳурмат керак, уларга. Қабрларни ҳайкаллар билан тўлдириб ташлаш бу ҳуррият эмас, аксинча исрофгарчилик ва хурофотдир. Газета саҳифаларидаги бошқа бир камчиллик, бу газета ҳам Ўзбекистон президентига мадҳия ва тасаннолар ўқишни бошлабди. “Ҳуррият”нинг илк сонларида бу унча сезилмасди. Демократик давлатларда мустақил матбуот ва давлат раҳбарлари, бюрократик давлат ходимлари ўртасида муносабатлар бутунлай бошқачадир. Нега бизда бундай бўлмаслиги керак?! Нима учун бизда ҳар бир матбуот органи президентга мадҳия ўқиш учун алоҳида бир қоида ўрнатиши зарур? “Ҳуррият” газетаси ҳам мустақилку, ахир. Ҳар бир матбуот органи, жумладан Ўзбекистондаги матбуот ҳам жаҳонда ва Республикада содир бўлаётган воқеаларга кенг ўрин бермоқлари табиий бир ҳол. Масалан, президентларнинг ўз мамлакати бўйлаб саёҳатлари, чунончи Ўзбекистон президентининг ҳам мамлакат кезишлари воқеадир. Даврий матбуот бунга ўрин ажратиши, унинг тафсилотларини ёритиши лозим. Аммо уни тасвирлаш билан тасвирлаш орасида катта фарқ бор. Ана шу маънода газетанинг 36-сонида ўрин олган, газетанинг бош муҳаррири имзоси билан берилган “Маърифат йўлининг бир йили” мақоласи типик хусусиятга эга. Сарлавҳага қаранг, бу нимаси? Ўзбекистонда маърифат йўлига бундан бир йил муқаддам ўтилибдими? Ундан ташқари гўё президентнинг обрўсини кўкка кўтариш мақсадида, мақолада унинг “Маънавият ва иқтисод соҳасида устиворлик ҳамма вақт маънавият томонида бўлади”- деган сўзлари келтирилади. Муҳтарам Президентнинг бундан бир неча йил аввал айтган “Сиёсат ва иқтисодда” иқтисод устивордир, деган “афоризми” ҳам бизга маълум. Ўзбекистон “лидери” афоризмлар ижодкорига айланиб қолмокда. Аммо мен бошқа бир нарсага ҳайронман, бизнинг олим бўлмишларимиз, ёзувчи ва мансабдорларимиз, президент ва бошқалар ҳам хаёлига нима келса ўшани ўйламасдан бемалол сўзлаб юбораверадилар. Улар ўзбекча сўзланган ва ёзилган жумлаларни бечора ўзбекларнинг ўзларидан бошқа ҳеч кимса эшитмайди ва ўқимайди, деб ўйласалар керак. Ўзбекларга эса, нима десанг ҳам, ҳа, “раисбобом” айтдилар, деб кетаверадилар деб ўйлайдилар, шекилли. Сиёсат, дейилганда иқтисод унинг таркибий қисмини билдиришини улар англамайдилар. Шунинг учун сиёсатми устивор ёки иқтисодми, деган масала бўлиши мумкинми? Бу ерда қайси бири дейиш, мантиқдан узоқ бир нарса эмасми? Энди эса маънавият ва иқтисодни бир-бирига қиёслашга ўтишибди. Бунда “маънавият иқтисоддан устивор”, дейишиб, яна бир бор чуқур мантиқий хатога йўл қўйиб, кулгили бир ҳолга тушиб қолишибдилар. Наҳотки, улар бу оддий нарсаларни тушунмасалар. Ваҳоланки “Ҳуррият”нинг 34-сонида маънавиятга жуда яхши таъриф берилган. У таърифга кўра, маънавият - инсон қалбидаги илоҳий нур, инсоннинг энг олий аъмолидир. Шундай бўлгач, иқтисод устиворми, маънавият устиворми, деган масала қўйилиши мумкинми? Ва бу масалада маънавиятни иқтисоддан устивор, деган бир кимсани авлиёга айлантиришга ҳожат бормикан? Бундан ташқари маънавият ва иқтисод бошқа-бошқа фалсафий категориялар бўлиб, уларнинг бири устивор, иккинчиси устивор эмас, аввал маънавиятли бўламиз, ундан сўнг бой бўламиз, бойлик орттирамиз, мулкдор бўламиз, деб мулоҳаза юритиш мантиқсиз бир сафсатадир

"Маърифат йўлининг бир йили”да яна бир штрих бор, яъни унда “Ислом Абдуганиевичнинг Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига боргач, сўнг Масжиди Калонни зиёрат қилиши диёримизда маънавият ва иқтисоднинг аҳамияти бирдек улуғланишини кўрсатди”- дейилиши қайси ахлоқ, қайси маънавият ўлчамига киришини билолмай қолдим. Билмадим, муҳтарам бош муҳаррир бу жумла билан нима демоқчи, нимани улуғлаб, нимани таъкидламоқчи, кимга мадҳия ўқимоқчи?

Президент, раҳбар, бирор иш ерига (у ҳам советлар замонидан мерос) конкрет ишлаб чиқариш жараёнини кўриш, балки у жараённи жонлантириш учун, моддий ёки техникавий ёрдамлар бермоқ учун боради. “Масжиди Калонни зиёрат қилиши” эса, бошқа масала. Агар фақат “зиёрат” бўлса, у улуғ масжидни кунда минглаб хорижий кишилар ҳам томоша қилиб кетмокда. Уларнинг бири И. Каримов ҳам у ерга кириб чиқкан бўлса бирорта мўъжиза рўй бермайди, ҳеч қанақа мўъжиза рўй бериши ҳам мумкин эмас. Ҳатто И. Каримов у буюк маданий марказда ибодат қилганда ҳам воқеа бўлган бўлмасди, мусулмон бир давлатнинг бошлиғи масжидда ўз нормал  ибодатини бажарган бўларди, холос. Менимча муҳтарам И. Каримов, “ҳожи бобо” шекилли. Мусулмончиликнинг ҳатто ҳаж маросимини ҳам бажарган бир мусулмоннинг масжидда намоз ўқиши воқеа бўладими? Балки, И. Каримов у ерда ибодат ҳам қилгандир. Аммо муаллиф бу ҳакда маълумот бермайди.

Хуллас, мен “Ҳуррият” сингари газеталар ўз мустақиллигини сақлаб қолса гўзал бўларди, деб ўйлайман. Энг муҳими вақтли матбуот сиёсат, иқтисод, маданият ва маънавият каби тушунчаларни аралаштириб юбормасликлари керак.

Бу йўлда “Ҳуррият” газетаси ўз номига содиқ қолишига ишонгим келади.

ЛАВҲА – 3, Маънавият ҳақида бир мулоҳаза.

Ўзбекистон вақтли матбуоти билан танишар экансиз, сўнги вақтларда унинг саҳифаларида маънавият ҳақида хабарлар кўпайиб қолганига эътибор бермаслик мумкин эмас. Бунга сабаб нима экан, деб сўрасангиз, бу саволга жавобни ҳам ўша матбуот воситаларининг ўзидан топасиз. Матбуотнинг хабарларига қараганда, бундан бир йил муқаддам, яъни 1996 йили Ўзбекистонда “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик маркази ва унинг қошида “Олтин мерос” халқаро жамғармаси (фонди) ташкил этилган. Бу йил эса, яъни 1997 йили Марказ ва Фондни “қўллаб-қувватлаш” ҳақида мамлакат президенти фармон эълон қилибди. Ўзбекистон вақтли матбуотининг тўтиқушлар каби бир овоздан маънавият ҳақида қаторлаштириб мақолалар эълон қилишлари ана шундан экан. Марказ ва Фонд ташкил этиш, уни ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши ва ҳ.к. масалалари кунлик одатдаги турмуш ишларидир. Ҳамма қусур бу муносабат билан эълон этилган маъруфий ва ахлоқий фикрлардаги камчиликларда, ҳатто улар камчиллик эмас, бир томондан улар, у фикр-мулоҳазалар хушомадгуйлик, лаганбардорликдан иборат бўлиб, нуқул саёз ва нотўғри, фақат ўқувчисини чалғитувчи, асил маънавият ва маърифатдан узоқ бўлган олди-қочди гаплардан иборат бўлиб қолганидир.

Энди матбуотда эълон этилган материалларга келайлик. Масалан, “Маърифат йўлининг бир йили” (маърифат сўзи қўштирноқ ичига олинмаган, ахир, “Ҳуррият” газетаси), “Ҳаётимиздаги бурилиш”, “Маънавият - эзгулик элчиси” ("Маърифат” газетаси) каби мақолалар эътиборимизни ўзига тортди. Ўзбекистонда чиқаётган бирорта газета ёки журнал бу воқеага баҳишлаб материал босмай қолган бўлиши мумкин эмас, албатта. Лекин биз уларнинг барчасини ўқиб ҳам чиқа олганимиз йўқ ва уларнинг ҳар биридан мисол келтиришга ҳам ҳожат йўқ. Чунки уларнинг ҳаммаси бир хил мазмунлидир. Шунинг учун мен бу ерда Марказ ва Фонднинг ўзи ва уларга ҳукуматнинг ёки Президентнинг муносабати ҳақида сўзламоқчи эмасман. Аслида булар ҳам алоҳида сиёсий ва маъруфий масалалар ҳисобланади. Лекин ҳозир бу эмас, балки маънавиятни тушуниш, маърифатни тушуниш ҳақида фикр билдириш аҳамиятли кўринаяпти.

Айтиш лозимки, ўша Ўзбекистонда нашр этилаётган материаллар ичида маънавиятга, маърифатга жуда яхши таъриф берилган мақолалар ҳам бор. Шу билан бирга ўша жойнинг ўзида қатор ҳеч бир зиёлиликка мос бўлмаган фикрлар бемалол ёзилаверилганига ҳайрон қоласан киши. Масалан, профессор Муҳаммаджон Имамназаров “Маънавият - инсон қалбидаги илоҳий нур”, “Маърифат - илм, ирфон, маориф”дир, деб таъриф берибдилар. Бу кўп яхши гап. Маънавият ва маъруфий масалалар ҳақида фикр юритилганда мана шу таърифдан, мана шу қарашдан масалага яқинлашилса яхши бўларди. Матбуотда эълон қилинган кўпгина мақолаларда бундай маънавий нуктаи назарни кузатмаймиз. Кўпгина ҳолларда одобли, ахлоқли, маънавиятли, маданиятли каби сифатларни қаторлаштириб ишлатаверишадилар. Аслида бу мутлақо нотўғри. Чунки одоб, ахлоқ, маданият бу маорифга тегишли. Бу илм билан суғорилиб маърифатни ташкил этади. Илмли, одобли, ахлоқли киши, бу маърифатли инсондир. Бундай инсон ўз илми, ахлоқи ила Аллоҳ таолло зоту сифатларини англаб етишга эришади. Ана шундан сўнгра у чин маърифатга эришади. Бу эса ҳақиқий маърифатдир, маърифатлиликдир. Бундай маърифатга ўқитиш, тарбия орқали эришилади. Ана шундай буюк маърифатлилик даражасига эришган инсон маънавиятлидир. Демак, маънавият юксак тушунча бўлиб, у иймонли бўлиш, Аллоҳни таниш, Уни тушуниш даражасига кўтарилиш демакдир. Маънавиятга ана шундай тушунчадан қарайдиган бўлсак (шундай қарамоқ ҳам керак), “Маърифат” газетасида босилган (10.09.1997 й.) “Маънавият-эзгулик элчиси” номли мақолада қатор чалкаш фикр ва хулосалар бор, деб тасдиқлашга асослимиз. Бу газета Халқ таълими ва Олий таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон зиёлилари газетаси бўлганлиги учун ҳам унинг саҳифасидан ўрин олган бу мақолага алоҳида эътирозимиз бор. Чунки эзгулик ҳам маънавиятнинг таркибий қисмидир. Эзгулик маънавиятнинг элчиси эмас, унинг атрибутидир. Масалан, мақолада “қўшиқ тинглашни ҳам маънавият дея оламизми?”, яна бошқа “Қалб маънавияти” каби тушунилмайдиган иборалар борки, улар сўзсиз ўқувчини чалғитади. Бу нимаси, қалб маънавияти ва қалбдан ташқарида яна бошқа айрича маънавият ҳам бўладими? Бу газетада босилган яна бир маълумот кишини ўзига жалб қилади. Унда келтирилган хабарга кўра Ўзбекистон телевидениеси “Маънавият” канали ташкил этибди. Унда маънавият ҳақида кўрсатувлар олиб борилармиш. Газетада босилган “Ҳаётимиздаги бурилиш” мақоласида бу кўрсатувларни “Ҳозирги пайтда янги йўналишлар бўйича изланиб, кўрсатувларимизнинг янгича аънаналар, маърифий-исломий жиҳатларини ҳам тўлдиришга ҳаракат Қилмокдамиз”- деб баҳолайди. Жуда қизиқ, маънавиятнинг “маърифий - исломий” жиҳатлари энди тўлдирилаётганмиш. Бунгача улар телекурсатувларда нимани маънавият, деб, нималарни кўрсатди эканлар?

Демак, Ўзбекистон телевидениесида кўрсатилаётган маънавият ҳақидаги материалларда маънавиятнинг илоҳий нурлиги, бу нурга фақат тўла иймонли бўлиш билан, Аллоҳ таоллони тушуниш билан, яъни исломни тушуниш, чинакам муслим бўлиш орқалигина эришиш мумкинлиги ифодаланмаётган эканда. Демак, Ўзбекистон телеведениесидагилар маънавиятни бундай чуқур маънода ҳануз англаб етмабдилар-да. Шундай бўлгач, телевидениеда маънавият, деб нималар ҳақида гапириб, нималарни кўрсатишди экан ва кўрсатишмоқда эканлар?!

Иймонли бўлмай, Аллоҳни танимай, чиндан мусулмон бўлмай инсон маънавиятли бўла олмайди. Инсон зоти одоб, ахлоқ, илм ўрганиб иймонга эришади, Ҳақ-у Таоллонинг зоту сифатларини англаб етади. Ана шундан сўнггина киши маънавиятли, зиёли, комил Инсон даражасига кўтарилади.

Маънавиятли киши атрофга зиё, эзгулик тарқатади, бошқаларни ҳам Ҳақ йўлига, Аллоҳ йўлига чорлайди, унга даъват этади. Маънавият энг юқори даражадир, яъни инсон сифатининг энг мукаммал даражасидир.

Биз маънавиятли, зиёли инсон тарзини Пайгамбаримиз Муҳаммад САВ образида кўрамиз, унга эргашамиз, унинг маънавиятига интиламиз. Зиёлилик, маънавий даражамизни унинг суннати ила ўлчаймиз ва ўлчашга ҳаракат қиламиз.

Биз худосиз, мустабид сиёсий тузумни истамас эканмиз, энг аввал маънавиятнинг асил моҳиятини чуқур ва жуда яхши тушуниб етмоғимиз лозим. Шунинг учун, ҳаммадан аввал мактаб ўқитувларидан, олимлардан, матбуот ходимларидан маънавиятли бўлишни талаб этмоқ зарурдир.

Қалбдаги илоҳий нур, Ислом дини, иймон шарофати билан оловланади, тозаланади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бошқа ҳолда ҳар хил чиройли сўзларни сўзлаб, таълим-тарбия ҳақида баландпарвоз гапларни гапириб юраверамиз. Газета ва журналларда неларнидир ёзиб, телевидениеда нималарни ёки кимларнидир кўрсатаверамиз. Аммо бу билан асл максадга, чин маънавиятга қайтиб бўлмайди. Бир асрга яқин давр сурган совет замони буни исбот қилмадими?

Чинакам зиёли, маънавиятли бўлиш йўли, ягона йўлдир. Шунча вақт адашиб юришлар етар. Энди ҳеч икқиланмасдан Аллоҳ йўлига, чин маънавият йўлига қайтиш вақти келди. Аллоҳу Акбар!

ЛАВҲА – 4, Советларга ҳамоҳанг товушлар.

Ўзбекистонда нашр этилаётган журналлардан бири “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” номи билан аталади. Бу журнал ҳамда унда босилган материаллар билан танишиб чиқиш радио эшитувчилар учун аҳамиятли ва қизиқарли бўлар, деб ҳисоблайман. Бу журналнинг менинг қўлимдаги сонини ўқиб 80-йиллар совет матбуотини ўқигандай бўласан, киши. Журнал “Ишлаб чиқаришни жадаллаштириш” шиори билан бошланади. Яна бир кўзга ташланарли жойи, у махсус бағишлов билан тантанали бошланган. Бағишлов сифатида И. Каримов “асарларидан” кўчирмалар келтирилган. Шунингдек, журнал хилма-хил мақтаниш, шиор ва даъватлар билан тўлиб - тошиб ётибди. 80-йиллар совет матбуоти ҳам худди шу каби Брежнев ёки Ленин сўзларидан олинган бағишлов ва турли хил даъватлар билан тўлдирилган бўларди.

Журналда чоп этилган мақолаларнинг ҳар бирининг сарлавҳалари ҳам алоҳида-алоҳида шиордан иборат. Масалан, улардан бири “Янги йил бурилишлар йили бўлади”, деб аталади. Яъни 1997 йил ҳақида гапирилмоқда, Ўзбекистонда 1997 йил бурилиш йили бўлармиш. Ваҳоланки 1991 йилдан буён ҳар янги йил “бурилиш йили бўлади”, деб эълон этилади. Аммо ҳозирга қадар уларнинг бирортаси ҳам бурилиш йили бўлмади. Аксинча, сиёсатнинг барча соҳасида бу йилларнинг барчаси нуқул муваффақиятсиз бўлиб, иқтисодий кўрсаткичлар йилдан-йил пасайиб бормоқда, аҳолининг аҳволи баттарлашмоқда.

Советлар замонида ҳам матбуот саҳифалари мана шунақа мактаниш ва шиорларга тўлиб-тошган бўларди. Масалан, “ишлаб чиқаришни жадаллаштитириш”, шиори Совет Иттифоқи компартияси сўнгги съездларидан бирида ўртага ташлаган эди. Қаранг, бугун Ўзбекистонда чиқарилаётган журнал эса, айнан ўша эски советлар шиорини рубрика қилиб олаяпти. Аммо нормал иқтисодий муносабатларда, яъни бозор иқтисодий муносабатларида, хусусий мулкчиликка суянган рақобатли иқтисодий системада бирор киши, давлат ёки партия томонидан тўқилган шиор, даъватлар билан ишлаб чиқариш, умуман иқтисод жадаллашиб ёки ривожланиб кетмайди. Бозор муносабатларида, рақобатли иқтисодий система шароитида вазир ёки вазирлар кабинети ишлаб чиқаришни ёки халқ хўжалигининг бирор соҳасини жадаллаштириш ҳақида махсус қарорлар қабул қилмайди.Бу ҳақда президентнинг дабдабали фармонлари ҳам эълон этилмайди. Бунга ҳеч бир ҳожат ҳам бўлмайди. Афсуски, номи тилга олинган журналда эса, “Устивор йўналишлар”, “Манфаатдорлик – самарадорлик мезони”, “Истиқлол ва иқтисодий онг”, “Бозор иқтисодига ўтиш даврида қишлоқ аҳолисининг бандлигини ошириш муҳим вазифадир”, “Давр талабини ҳис этиб” каби, нуқул даъват ва шиорлардан иборат мақолалар жой олган. Булар барчаси совет замони шиор ва даъватларининг айнан ўзгинаси, ҳатто уларнинг айнан кўчирмасидир. Булар совет даври оҳанглари эмасми? Журналда кўзга ташланадиган яна бир нарса бор, яъни унда шундай бир сифатсиз қоғоз ишлатилганки, кўпгина саҳифаларда матнларни ўқиб бўлмайди. Қоғознинг сифатсизлиги бир томон, иккинчи тарафдан қатор типографик камчилликлар ҳам жуда кўп. Маълумки, Ўзбекистон аграр бир мамлакат, иқтисод ва бюджетнинг асосий қисми қишлоқ хўжалигидан келади. Шундай бир мамлакатда ўша соҳа муаммоларини ёритувчи илмий - оммабоп 60-70 саҳифалик бир журнал учун дурустроқ қоғоз топилмапти.

Журнал саҳифаларида муҳтарам радио эшитувчиларни қизиқтириши мумкин бўлган бошқа баъзи бир маълумотлар ҳам жой олган. Масалан, “Манфаатдорлик-самарадорлик мезони” номли мақолада “Мулкчиликнинг турли шаклларини такомиллаштириш, кўп босқичли иқтисодни йўлга кўйиш, меҳнаткашларда ҳақиқий мулкдорлик ҳиссиётларини уйғотиш, чинакам тадбиркорлар синфини етиштириш ҳозирги иқтисодий ислоҳотнинг асосий вазифаларидан саналади”- деб ҳукм чиқарилади. Бу фикр оддий журналхон, оддий нуфусга мутлақо тушунарли эмаслиги кўриниб турибди. Балки “бу хулоса” илмий нуктаи назардан қаралса дурустроқ тушунилар. У ҳолда, “меҳнаткашларда ҳақиқий мулкдорлик ҳиссиётларини уйғотиш”-дейилган, жумлага бир эътибор берайлик. Бу ерда биринчидан, қандайдир мавҳум “мулкдорлик ҳиссиётларини” уйғотувчилар ҳақида сўз кетмоқда. Улар кимлар, ажабо? Иккинчидан, бу “тасдиқ” ила мақола муаллифи мамлакат аҳолисини ҳеч бўлмаганда икки табақага бўлмоқда. Яъни бирлари меҳнаткашлар, уларда “мулкдорлик ҳиссиётлари” уйғотилиши керак, иккинчилари “иқтисодий ислоҳотлар” ўтказувчилар, яъни “мулкдорлик ҳиссиётларини” уйғотувчилардан иборат бўлиб қолмоқда. Советлар замонида ҳам аҳоли ана шунақа икки тоифага бўлинган эди. Компартия ва унинг раҳбарияти меҳнаткашларни “коммунистик жамият қурушга” ўргатишарди. Мақоладан келтирилган кўчирмада яна бир ифода бор. Унда, “чинакам тадбиркорлар синфини етиштириш”- дейилади. Бунга қаранг, меҳнаткашлар, уларни “мулкдорликка” ўргатувчилар ва энди “тадбиркорлар синфи” ҳам бормиш. Бу синфни ким етиштирар экан? Кўринаяптики, бир мамлакат аҳолиси яна учинчи гуруҳга ҳам бўлинмоқда. Ундан ташқари бу фикрлар мантиқдан ҳам, мулк ва уни хусусийлаштириш масалаларидан ҳам, илмдан ҳам узоқ қуп-қуруқ жумлалардир. Ҳеч бир замон “мулкдорлик ҳиссиёти” кишиларда махсус уйғотилмаган ва уйғотилмайди. “Тадбиркорлар синфи” ҳам бўлмайди, улар ҳеч бир замон бўлмаган.

Совет тузуми замонида барча мулк умумхалқ мулки шаклига келтирилган эди. У мамлакатда шахсий “мулк”, яъни ҳар бир шахснинг фақат шахсан ўзига тегишли ашёлари, кийими, ётар жойи ва ҳ.к мулкдан ташқари, ҳамма шаклдаги мулк давлат мулки (одамларни чалғитиш мақсадида умумхалқ мулки ҳам дейиларди) ҳисобланарди. Бугун Ўзбекистонда ҳам мулкчилик айнан совет давридаги каби сақлаб қолинмоқда. Аммо иқтисоднинг бу системаси инқирозга учради.

Эндиги, бугунги масала, яъни иқтисодий ислоҳот масаласи бутунлай бошқа муаммо бўлиб, бу ерда иқтисодий муносабатларнинг бошқа шаклига ўтиш, унинг бозор муносабатлари шаклига, хусусий мулкчиликка, рақобатли иқтисодий система йўналишига ўтиш масаласи ҳақида сўз кетмокда. Бу илмий жараён, иқтисодда чинакам инқилобий жараёндир. Бу жараёнга чуқур билим ва илмий хулосалар билан қуролланган тарзда ёндашмоқ лозим. Аммо бу жараёнда ҳеч ким “уйғотилмайди”, ҳеч ким “етиштирилмайди” ҳам. Аксинча, мулкнинг умумхалқ шаклидан хусусий мулк шаклига ўтиш жараёни фақат қонунлаштирилади. Ана ўша қонунлар илм ва билимга асосланган бўлмоғи керак. Яъни у қонунлар, умум халқ мулкидан барча бирдай (унда нуфус, аҳоли меҳнаткашга, раҳбар-ўргатувчига ва тадбиркорга бўлинмайди) ўз улушига эга бўладиган старт ҳолатни белгиламоғи шарт. Афсуски, Ўзбекистонда бундай ҳол ҳамон юз бермади. Мулк хусусийлашмади. Бу жараён эса, Ўзбекистонда бутунлай бошқача кўриниш олди. Ўзбекистонда мулкни хусусийлаштириш мавзуси бошқа алоҳида бир масала, унга алоҳида тўхтамоқ лозим. Биз бу ерда яна ўша мақола мавзуйига қайтамиз.

Мақоланинг муаллифлари икки киши бўлиб, улардан бири иқтисод фанлари бўйича докторант А. Маматов, иккинчиси Гулистон шаҳри бизнес (аслида шундай ёзилган) мактабининг директори И. Алимов исмли, унвонларига қараганда анча салобатли кишилар. Аммо уларнинг “илмий хулосалари” бирмунча илмдан узоқдир. Шунга қарамасдан улар ижобий кўрсаткичлар, деб келтирган мисоллари билан Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар амалга ошмаётганини, у ислоҳотлар тескари бажарилаётганини кўрсатиб қўйишганларини сезмай қоладилар. Масалан, “1991 йилда Ўзбекистонда 971 та жамоа хўжалиги (колхозлар) бўлса, 1996 йилнинг бошига келиб уларнинг сони 1545 тага етди”- дейилади мақолада. Аслида улар, яъни у хўжаликлар тугатилиши керак эмасми? Бу ерда эса, совет қишлоқ хўжалик юритиш системаси ривожланибди. Бу ривожланиш хўжалик юритишни яхшилаш, иқтисодий ўзгариш яратиш маъносида эмас, фақат совет бошқарув системасини мустаҳкамлаштиришга қаратилган мутлақо нотўғри иқтисодий сиёсатдир. Фақат колхозлар сони беш йилда икки баробар ошиб турган бир ўлкада хусусий мулкчилик, умумхалқ мулкини хусусийлаштириш ҳақида гап бўлиши мумкинми? Мақоланинг яна бошқа бир ерида “иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш даврида аҳолига 550 минг гектар ер томорқа учун ажратиб берилди”- дейилади. Томорқага ер олиш совет замонида ҳам мавжуд бўлган система эмасми? “Томорқа учун ер ажратиш” ислоҳот ҳам, хусусий мулкчилик ҳам, яъни иқтисодий ислоҳот эмаску. Нахотки, иқтисод фанлари докторлигига даъвогар бўлаётган “олимимиз” буни тушунмаса?

Мақолада, “Республика аҳолисининг 60 фоизга яқини қишлоқда ҳаёт кечирмоқда”- дея олишибди муаллифлар. Аслида Ўзбекистон нуфусининг бундан анча кўпроқ қисми қишлоқларда яшашади. Шунинг учун қишлоқда, қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ўтказиш жуда муҳим. Аммо “Қишлоқда ислоҳотлар секин кечмоқда ва ҳозиргача кўзда тутилган натижани бергани йўқ”- деб таъкидлашади муаллифлар. Лекин унинг сабабларини кўрсатишмайди ёки кўрсата олишмайди. Баъзи жойларда у сабабларни чалкаштириб юборишади. Масалан, тормоқда ислоҳотлар дуруст кечмоғи учун “қишлоқ хўжалик корхоналари (колхоз, совхоз) раҳбарларидан ҳам уддабуронлик ни, ностандарт фикрлашни талаб қилинади”- деб хулоса чиқаришади муаллифлар. Бундан кўринадики, қишлоқда ислоҳотлар ўтказиш мақола муаллифлари фикрича колхоз раиси, совхоз директорининг “уддабуронлиги ва ностандарт фикрлашига” боғлиқ эмиш. Бу фикр мутлақо нотўғри. Қишлоқ хўжалигидами, умуман халқ хўжалигининг қайси бир соҳаси бўлмасин, ундан қатъи назар совет планли хўжалик юритиш системасидан, бозор муносабатларига ўтиш, яъни иқтисодий ислоҳот энг аввал мулкни ўзгартиришдан, умумхалқ мулкини хусусийлаштиришдан ва бу жараённи қонуний йўлга қўйишдан бошланади. Муаллифлар тил теккизган тормоқ, қишлоқ хўжалигида ҳам ислоҳот, у ердаги мулкни хусусийлаштиришдан, энг олдин ерга хусусий мулкчиликни жорий этишни қонунлаштиришдан бошланади.

Мулкни хусусийлаштириш жараёнида хўжалик раҳбарининг ёки ҳукуматнинг бошқа бир масъул ходими, мансабдорнинг раҳбарлигига, уларнинг “уддабуронлигига” ўрин йўқ. Барча поғоналари қонунлаштирилган бу жараёнда мулкнинг хусусийлашиш тартиб ва суръатларига мос равишда янги мулкдорлар, ер эгалари ўз-ўзидан юзага келаверади. Уларга эса “меҳнат самарадорлигини оширишдан” дарс берадиган  “ўқитувчига” ҳожат булмайди. Аммо мулкни хусусийлаштириш саноатда бир, қишлоқ хўжалигида икки ва ҳ.к. алоҳида-алоҳида ўтказилмайди. Аксинча бу жараён бир бутун кўринишда барча тормоқларда системали равишда қонуний қоидалар асосида ташкилий бир шаклда амалга оширилади.

Мақолани ўқиб, дарҳақиқат, Ўзбекистонда умумхалқ мулкини хусусийлаштириш бўйича бир қатор дарслар зарур экан, деган фикрга келасан, киши. Аммо жаҳонда бу соҳада ҳам катта практика (амалиёт) бор. Масала фақат ундан, у амалиётдан фойдаланишни исташда. Ўзбекистонда эса, ўша истакнинг ўзи йўқ кўринади.

Ўзбекистонда ҳам, чиндан иқтисодий ислоҳотлар ҳам, сиёсий ислоҳотлар (дарвоке, улар бир сиёсат, сиёсий ислоҳотдир) ҳам бошланар, деб умид қиламан.

ЛАВҲА – 5, Ўзбекистон иқтисодий аҳволига доир баъзи мулоҳазалар.

Ўзбекистон вақтли матбуот саҳифаларини кузатсангиз, Республикада иқтисодий ислоҳотлар “босқичма-босқич” ўтказилмоқда ва бу йўлда катта ютуқлар қўлга киритилмоқда, деб хулоса қиласиз. Аслидачи, аслида иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистонда қандай йўллар билан амалга оширилмоқда? “Босқичма-босқич” иқтисодий ислоҳотларни қандай тушунмоқ лозим? Босқичлар, яъни иқтисодий ислоҳот босқичлари нималардан иборат? Ислоҳотлар босқичлари сони қанча? Бу қадар ва бошқа шунга ўхшаш саволларга Ўзбекистон расмий матбуоти саҳифаларида жавоб топиш эса, мушкул бўлиб қолмоқда.

Биз Ўзбекистон матбуотида босилган, расмий маълумотлардан фойдаланиб баъзи бир таҳлилларни ўртага чиқариб кўрамиз. Ана шундан келиб чиқиб мамлакатдаги иқтисодий аҳволга баҳо беришга ҳаракат қиламиз.

Республика матбуоти хабарларида ислоҳотларнинг йўналиши, уларни амалга ошириш усуллари ҳақида ҳеч нарса топа олмайсиз. Аммо баъзида иқтисоднинг у ёки бу кўрсаткичлари ҳақида сонли маълумотлар матбуот саҳифаларига чиқиб қолади. Бундай маълумотлар фақат Президент жанобларининг ўз нуткларида учрайди. Чунки мамлакатда “аҳамиятсиз баъзи бир камчиликлар бўлса” улар ҳақида фақат Президент жаноблари ўзлари гапириш ҳуқуқига эга. Шунинг учун биз ҳам “кимларнингдир” маълумотларидан эмас, президент жаноблари нутқидан олинган рақамлардан фойдаланиб Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол ҳақида хулосалар чиқарамиз. Масалан, иқтисоднинг энг муҳим кўрсаткичи миллий даромад ҳақида бир маълумот, жумладан, Қорақалпоғистонда миллий даромад 1996 йилда 1995 йилга қараганда 16 фоизга камайган. Бутун Республика бўйича ҳам бу кўрсаткич бундан оз бўлмаганлиги кўриниб турибди. Бу бир йиллик кўрсаткич. Борди-ю бу ҳолат сўнгги уч-тўрт йилда узлуксиз давом этаётганини ҳисобга олсак, 1993-1994 йилга қараганда 1996 йилда миллий даромад 40-45 фоизга камайган бўлиб чиқади. Демак, бугун 1997 йилда 1993 йилга нисбатан мамлакат аҳолиси ҳақиқатан очлик, гадолик ҳолига келиб бўлибди.

Мен, кўпгина радио чиқишларимда бу ҳолни такрор-такрор сўзлаб келаман. Чиндан ҳам бугун Республикада ишсизлик ниҳоясига келиб етган. Маълум даражада иш билан таъмин этилганлар маошлари ўртача яшаш минимумидан жуда паст даражада. Шунинг учун улар ҳам деярли очлик ҳолатида кун кўраяптилар. Президент жаноб И. Каримов Қорақалпоғистон Жуқори Кенгесида сўзлаб, “Меҳнатга лаёқатли аҳолининг асосий қисми қишлоқда яшайди, афсуски, бугун Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида инқирозли вазият вужудга келган”-дейди. Қизиғи шундаки, президент жаноблари Ўзбекистоннинг қайси бир вилоятида сўзламасин, у доим шу каби танқидий фикрларни ва рақамларни келтиради. Бундан кўринадики, бутун мамлакатда “инқирозли вазият” вужудга келганлигини Президент жанобларининг ўзлари тан олмоқда. Нима учун, нега ахир? Республикада “босқичма-босқич” ислоҳотлар ўтказилмоқда, улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда-ку? Бу “инқирозли вазият” ислоҳотларнинг қайси босқичида вужудга келди? Нима учун, нима сабабдан бундай бўлди? Яна рақамларга боқинг? Кейинги уч йилда биргина Қорақалпоғистоннинг ўзида 282 минг тонна шоли кам етиштирилган, яъни бутун Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 13 кг.дан кўпроқ шоли кам етиштирилган. Шунингдек, пахта ҳосилдорлиги 7-8 сентнерга, полиз маҳсулотлари 4 -5 бараварга камайиб кетганлиги маълум. Экин майдонларига уруғ ташламаслик ҳоллари юз бермоқда. Чунки хўжаликлар уруғ ва техника топа олмаяптилар. Бор техника эскирган, янгиларини сотиб олишга қурби етмаяпти. Ерга хусусий мулкчилик жорий қилинмаганлиги учун хусусий хўжаликлар йўқ. Экилмай бўш қолаётган экин ерларидан якка шахсларнинг фойдаланишига ижозат берадиган қонунлар ҳам йўқ. Мен бундан уч-тўрт йил аввал содир бўлган типик воқеанинг шоҳиди бўлганман. У замон Жиззах вилоятининг бир хўжалигида кузги ғалла экиладиган майдоннинг бир қисми хўжаликда имконлар бўлмаганлиги сабабидан экилмай қоладиган бўлди. Ўшанда аҳолининг баъзилари хўжалик раҳбаридан бўш қолаётган ерларга шахсий экин экишга ижозат сўрадилар. Аммо хўжаликда юқорининг руҳсатисиз бу каби қарорларга ижозат йўқлигидан кишилар илтимоси бажарилмай қолди. Натижада хўжаликнинг жуда катта бир экин майдонида ғалла экилмай қолиб кетди. Бугун эса, ер берсангиз ҳам у ерга экин эка оладиган одамларнинг ўзлари йўқ. Чунки улар камбағаллашиб қолишган. Шунинг учун ҳам бугун ғалла экиладиган ерларнинг 40 фоизига уруғ ташланмай қолмокда. Ғалла экилган майдонлардан эса, 5 сентнердан кўп ҳосил олиша олмаяптилар. Аҳоли истеъмол молларининг бошқа турлари ҳақида ҳам маълумотлар бундан дуруст эмас. Масалан, сут, сут маҳсулотлари (қатиқ, қаймоқ, сариёғ) ва гўшт етиштириш ҳам расмий маълумотларга кўра Республика хўжаликларида 40-45 фоиз пасайиб кетган. Республикада ташкил этилган, сони жуда ҳам кўп бўлмаган фермер хўжаликлари қонунларнинг йўқлиги ёки борларинниг ҳам яхши ишламаслиги, ҳукумат сиёсати фақат колхоз-совхозларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани натижасида ривожланмаяпти, аксинча улар қарзларга ботиб қолмоқда.

Республикада мулкчилик масаласи ҳал этилмаганлигидан савдо системаси ҳам издан чиққан. Савдо тармоқларида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бутунлай бузилган. Озиқ - овқат магазинлари бўм-бўш. Улардаги молларнинг турлари жуда оз ва сифати паст бўлиб, нархлари ниҳоятда қиммат. Мулкни хусусийлаштиришнинг умумий қоидалари, принсиплари қонунлаштирилмаганлигидан савдо тармоқларида автоном бир усулда хусусийлаштириш амалга оширилган, аммо у моҳиятан давлат тасарруфида қолган. Ана шундай савдо дўконларининг ҳам 60 фоизидан кўпроғи ҳозир фаолият кўрсатмайди. Бу расмий рақам. Аслида бундан ҳам кўпроқ “хусусийлашган” магазинлар ишламайди. Чунки улар давлат солиғи ва турли хил “назоратчиларнинг” жабридан фаолият кўрсата олмайдиган ҳолга тушиб қолишган.

Республика аҳолиси шу кунларда жуда ночор ҳолга келган. Ҳукумат иқтисодий ислоҳотларни бошлашни билмайди ёки ислоҳотларнинг натижасидан, нуфуснинг тўқ ва фаровон бўлишидан қўрқади. Шу билан бирликда Республикада ишлаб чиқиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан ун ва ун маҳсулотлари нархини атрофга (Ўзбекистон атрофидаги давлатларга) нисбатан бироз арзон тутиб туришга уриниш ҳам бор. Аммо бу тадбир ҳам бир тарафлама ва нотўғри. Биринчидан, пул қиммати доимий тушиб бораётган бир замонда бу “арзончиликни” давомли ушлаб туриш мумкин эмас. Иккинчидан, бу ҳолат кўшимча ўғирлик авж олинишига олиб келади. Чунки бундай вазиятда арзон маҳсулотларни ноқонуний йўллар билан четга чиқариб юборувчилар кўпаяди. Учинчидан, Ўзбекистонга ташқаридан озиқ-овқат маҳсулотларининг кириб келиши сусаяди ёки умуман улар кирмайди. Тўғри, иқтисодий сиёсатда мамлакат ички маҳсулот етиштиришни қўриқлаши учун қўлланиладиган усуллар ҳам бор. Аммо уларнинг ҳам ўз иқтисодий қонуниятлари мавжуд, у қонуниятларга амал қилишнинг ҳам қоидалари бор. Бизда ана ўша қоидаларга амал қилиш ҳам йўқ. Натижада Ўзбекистонда иқтисод бўйича “мен нимани истасам шу бўлади, бошқасини билмайман” қабилида иш юритилмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда мулкчилик ҳал етилмаганлигидан мамлакатда турли ва хилма-хил даражада ўғирлик авжга чиққан. Халқ эса оч, мулк умумий. Шунинг учун аҳолининг асосий қисми ишлаб нон топишга интилмай, умумий мулкдан ўғирлаб кун кўришга ҳаракат қилади. Бундай бир ҳолатда тартибни сақлаш, ҳуқуқни маҳофаза қилиш ишларини нормаллаштириш имкони бўлмайди. Шунинг учун ҳам тартибни сақлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида сансалорлик, фақат ўғирлик, ноҳақлик бенихоя авжга чиққан.

Булардан кўринадики, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳот ўтказилмаяпти. Эски совет иқтисодий системаси Ўзбекистонда зўр бериб сақлаб қолинмоқда. Аммо ҳокимиятни бошқаришда бир мунча ўзгариш юз берди. Яъни хўжалик раҳбарлари умумхалқ мулкига президентдан сўнгра ўзлари хўжайин бўлиш шароити яратилди. Ҳатто бугун Ўзбекистонда колхоз раислари ва совхозлар директорлари, завод-фабрика раҳбарлари бошчилигида, муҳтарам президент жаноблари раҳномалигида “иқтисодий ислоҳотлар” ўтказилиши планлаштирилган. Бу йўлда, бу принсипда И.Каримов жуда изчил турибди. Шунинг учун ҳам президент жаноблари “Ислоҳотларнинг муваффақиёти кадрлар малакасига, уларнинг ташкилотчилигига, янгича фикрлашига боғлиқ. Шунинг учун раҳбарликнинг барча буғинларига инсофли, диёнотли, ҳалол ва пок, талабчан ва қатъиятли, халқпарвар инсонлар бошчилик килмаса мақсадга эришиб бўлмайди”-дейди. Аммо И. Каримовнинг бу сўзлари ва Совет иттифоқи компартияси съездларида айтиладиган кўрсатмалардан нимаси билан фарқ қилади? Мутлақо фарқ этмайди. Билмадим, 70 йил давомида топилмаган, у, “инсофли, диёнотли, ҳалол ва пок бошлиқларни” қаердан топишмоқчи?

Аслида эса, масаланинг асосий муҳим томонини тушуниб етмоқ лозимдир. Масалан, ислоҳотни сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга бўлиб қаралмайди. Бу ҳаммаси сиёсатдир. Советлар тугаб, янги давлатлар юзага келганидан сўнг сиёсий ислоҳотлар майдонга чиқди. Бу ҳолда барча соҳаларда ислоҳотлар масаласи ҳақида сўз кетмокда. Бу умумий ислоҳотларнинг иқтисодий қисми Ўзбекистонда қандай вазиятда ва унга қандай ёндашмоқ керак? Бир неча марта такрор айтганимиз каби иқтисодий ислоҳот умумхалқ мулкини хусуслаштиришдан, ерга хусусий мулкчиликни жорий этишдан бошланади. Бу жараён адолатли бўлмоғи, барчага тенг шароитлар яратилмоғи учун у қонунлар асосида амалга оширилиши шарт. Бу соҳада жаҳон тажрибалари бор. Дунё тажрибаларидан самарали фойдаланмоқ лозим.

Агар умум мулкини хусусийлаштириш жараёни яхши бир усулда қонунлаштирилса, унда ҳамма учун нормал ва бир хил старт ҳолат вужудга келтирилса, у ерда ислоҳотга бошчилик қиладиган раҳбарга ҳожат қолмайди.

Хусусий мулкчилик тўла амал қиладиган давлатда ҳокимиятнинг (давлат ҳокимиятининг) функтсияси бугунги Ўзбекистондаги ҳокимият функтсиясидан бутунлай бошқача бўлади. Бу эса бошқа алоҳида бир мавзу. Давлат ва унинг ҳокимияти, ҳокимиятнинг функтсиялари, бунда фуқаро ва фуқаронинг роли, унинг ўрни катта бир мавзудир. Бу мавзуга алоҳида тўхташга тўғри келади.

Бу ерда эса,Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол ҳақида мулоҳазаларимизни шулар билан вақтинча тугаллаймиз.

ЛАВҲА – 6, “Озодлик нони ширинми?"

Бу саҳифани “Озодлик”ни тингловчиларимиздан бирининг хати асосида туздим. У хат қуйидаги мазмунда эди.

"Ўзбекистон матбуоти саҳифаларини варақлар эканмиз у хил, бу хил материалларга кўзимиз тушади. Масалан, Ўзбекистонда чиқадиган “Инсон ва қонун” газетаси 26 август 1997 йил сонида “Истиқлол ва ислом” рубрикаси билан “Озодлик нони ширин” мақоласини чоп этди. Мақола муаллифи Қобулжон қори Тошпўлатов исмли киши бўлиб, у Республика “Маънавият ва маърифат маркази” Тошкент шаҳар бўлими бош мутахассиси ҳисобланади. Ушбу мақола юзасидан баъзи мулоҳазаларни “Озодлик” радиосига ёзишни ният қилдим. Чунки менинг фикрларимни Республика матбуоти саҳифаларида эълон этиш имкони йўқ. У  “Озодлик"да ўқиб берилар, деб умид қиламан"- дейди хат муаллифи. Аммо муаллифнинг исми- шарифини бу ерда келтирмаяпмиз. Чунки бу ёзувлар матбуотда эълон этилиши мумкин бўлганда ҳали Ўзбекистонда сиёсий вазият дуруст эмас эди.

Шундай қилиб, “Озодликнинг нони ширин” мақоласи буюртма мақоладир. Борди-ю у буюртма бўлмай, холис ният билан ёзилган бўлганда эди, энг аввал рубрика бироз бошқачароқ, яъни “Ислом ва истиқлол” шаклида бўлиши керак эди. Унинг устига мақола муаллифининг расмини газета соқолли кўринишда бериши ҳам шубҳали туюлади кишига. Чунки Ўзбекистонда бугун “ёзилмаган қонунлар”га кўра Қобулжон қори ёшларидаги кишиларнинг соқоллари мажбурий олдириб ташланмоқда. Бу кишининг соқолли юриши ва унинг бу шаклда газетада намойиш қилинишига қараганда Қобулжон қори жаноблари Ўзбекистон расмий доираларида ўзига хос имкониятларга эга кўринади.

Энди мақоланинг ўзи билан тўлароқ танишайлик. Дарҳақиқат, мақола долзарб масалани ўртага ташлаган. Аммо мақола буюртма бўлганлигидан масала унда биртомонлама ёритилган. Ҳа, истиқлол Аллоҳнинг улуғ неъмати эканлигини ҳамма эътироф этади. Лекин мақола муаллифи айтганидай, истиқлол туфайли, яъни Ўзбекистон истиқлоли туфайли “диндорларга Аллоҳнинг улуғ марҳамати насб этди”-деган фикрга кўшилиб бўлмайди. Аммо ана шу фикрнинг ўзи мақоланинг буюртмалигини исботлайди. Маълумки, яқинда муҳтарам Президентимиз Бухорода бўлиб, у ерда “Масжиди Калонни” ҳам кўрди. Шу муносабат билан Масжидда ўтказилган йиғилишда Масжид имоми “Аллоҳнинг инояти, марҳамати билан шундай кунларга етдик”-деб Аллоҳга шукр айтса, “ўртоқ” Каримов уни “нима учун мустақиллик шарофати билан деб айтмайсан. Нима бошимга салла кийиб, бу гапни ҳам мен айтишим керакми?"-деб роса кайиб берибди. Шу кунларда имом домла “оқибати нима бўлар экан”-деб жонини ҳовучлаб юрибтилар. Буни қарангки, бу мақоладаги фикр ва жаноб президентнинг фикрлари нақадар бир-бирига ўхшаш, бунчалар бир-бирини тўлдиради. Улар нақадар муштарак фикрлар. Қобулжон қори мақоласининг буюртма эканлигига бундан бошқа яна қандай исбот лозим? Мақоланинг яна бир ерига эътибор берайлик. Масалан, муаллиф Афғонистонлик муҳожир, асли ўзбек, бир киши билан 1982-1984 йилларда бўлиб ўтган суҳбатни эслайди. У, Афғонистонлик муҳожирнинг “Ўзбекистонда мусулмонларнинг диний эркинлиги тўлиқ таъминланмагани, радио, телевидениеда диний мавзулар ёритилмаслиги, масжид мадрасаларнинг камлиги ва диний адабиёт сотадиган дўконларнинг йўқлиги ҳақида гапириб, аминманки, ҳадемай доруломон кунлар келади. Мусулмонларга ҳам кенг имкониятлар яратилади”, деган эди, деб хотирлайди. Шу ерда Қори Ўзбекистондаги бир қатор диний қулайликларни санаб ўтади: биринчидан, оммавий ахборот воситалари орқали ҳам диний мавзулар кенг ёритила бошланибди. Иккинчидан, муборак ҳаж сафарига борувчи зиёратчилар учун ҳукуматимиз томонидан имтиёзлар яратилибди. Аммо афсуски, исломшунослик ва қорилик даъвоси бўлган Қобулжон биродаримиз ҳақиқатни пардалаб кўрсатмоқдалар. Чунки Ўзбекистонда оммавий ахборотнинг аҳволи жаҳонга ойнадек равшан. Ҳаж масаласига келсак, ўша Горбачев даври, деб аталмиш “Қайта қуруш ва ошкоралик” замонида яратилган, яъни юзага келган имконларни Қобулжон қори уялмай - нетмай “мустақиллик қаҳрамонларига” ёпиштириб қўйишга уринаяпти.

Қобулжон қори айтганидек, “муборак ҳаж қилиш имтёзлари” кимлар учун яратилганини билмаймиз-у, аммо оддий мусулмонларнинг Ўзбекитсондан ҳаж қилишлари ниҳоятда мураккаблашиб кетгани, уларнинг жуда кўпчилиги қўшни жумхуриятлардан ҳаж сафари, ҳаж бурчини бажараман, деб минг хил ташвиш ва азобларга дуч келаётганликларидан Қобулжон қори кўз юмаётгани аниқ. “Озодлик нонини ширин” атаган Қори ҳукумат тарафидан қамоққа ташланган, ўғирлаб кетилган мусулмон биродарлари ҳақида лом-лим демайдилар. Шунинг учун ҳам мақола буюртма-да. Чунки Қори домла ҳақиқатни ёзсалар, мақола буюртмалик хусусиятини йўқотади, у матбуот юзини кўрмайди. Қобулжоннинг ўзи эса, ўша қамоқдагилар ҳолига тушиб қолиши ҳам аниқ.

Бир умр диним, халқим, ватаним равноқи учун хизмат қиламан, деган уламолардан Абдурауф ака Ғафуров, Умархон домла Бузрукхўжаев, мулла Муҳаммад Ражаб, Абдували қори Мирзаев,  Абдулла Ўтаев ва уларга ўхшаган юзлаб уламо ва оддий мусулмонлар қамоқларда фақат  мусулмон бўлгани учун, эътиқоди учун ётганлиги Қори домла кўзига кўринмайди. Унинг устига улар туҳмат билан, яъни уларнинг уйларидан “наша” ёки “совуқ қурол” чиққанликда айибланиб жазоланганлар. Ҳатто улар қамоқда муддатлари битса ҳам қайта ўша туҳматлар ёрдамида қамоқхоналарда давомли сақлаб қолинмоқда. Бу буюк инсонлар учун “Озодликнинг нони ширин”ми ёки аччиқлиги ҳақида Қобулжон қори ўйлаб ҳам кўролмайди шекилли. Ёки у бу масалаларни кўришдан ва уларга тил текизишга ҳам қўрқади.

Мақола муаллифи шукр қилиш ҳақида ҳадислар келтирадилар, лекин ўша ҳадислар олинган ернинг ўзида ёлғон гапирмаслик, тўғри сўзлик ҳақида ҳам ҳадислар бор, улар ҳақида қори ҳазратлари лом-лим демайдилар.

Мақолада киши эътиборини ўзига жалб қиладиган яна бир нозик жойи бор. Чет эллик диндор биродарларининг бир неча чет тилларни билишлигига ҳаваси келиб, Қобулжон қори “Камина 1993-1995 йиллар давомида Миср Араб Республикасида “Ал Азҳар” диний университетида ўқиб юрган давримда ... ”, деб ёзади. Бу ерда бир савол туғилади, нима, дунёга машҳур “Ал Азҳар” дорулфунунида ўқиш икки йилликми? Йўқ, у буюк университетда йилларча ўқимоқ, таҳсил олмоқ лозимдир. Аммо Қобулжон қори бу ерда ҳам Ўзбекистон ҳукуматига алоҳида ҳурмат сақлайди. Ҳукуматнинг кирдикорлари ҳақида ҳеч бир нарса демай, уни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Чунки Ўзбекистон Мисрда ўқиётган талабаларни “Амир Темур тўйи” баҳона махсус самолёт билан Тошкентга келтириб, ундан сўнг уларни қайтариб ўқишга жунатмай қўйганликларини Қори ёзмайди ёки ёза олмайди. Туркияда ўқиётган талабаларга нисбатан қабул қилинган Ўзбекистон ҳукумати қарори ҳам бутун жаҳон жамоатчилигига аниқ. Муҳтарам Қори бу воқеалардан бехабармисиз? Нахотки! Йўқ, бу масалаларнинг ҳаммаси сизга ҳам ойдиндир. Аммо у ходисалар ҳақида сизда ёзишга ижозат йўқ, улар ҳақида сиз ёза олмайсиз. Чунки мақолани сиз ёзмагансиз. Дарвоке, ёзилганлари ҳам Сизга тегишли эмас.

Хуш қори ака, бу аҳволда қандай қилиб, ватандош ёшларимиз чет тилларни ўрганиб, дунё даражасидаги етук мутахассис бўлиб етиша оладилар?  Сизнинг ҳавасингиз кетган у чет тилларни мукаммал билажак кишилар қаерда ва қандай йўллар билан етишадилар? Қобулжон қори, сиз орзу қилган “Озодликнинг ширин нони” бугунги Ўзбекистонда йўқ. У нон, Ватан чиндан ҳам озод бўлса, барча нуфус тўла эркин бўлсагина ширин бўлади ва у ҳақиқатдан ҳам барчага татийди.

Қори ака, мусулмон биродарларингиз қамоқхоналарда ноҳақ заҳмат чекиб ётганда Сизга Ўзбекистондаги нон қандай ширин бўлиши мумкин? Кўриб турибсизки, қанчалар ноҳақлик,  диндор-у, ҳурфикрли авлодга бунчалар зулм ўтказилмоқда. Шундай бир вазиятда наҳотки “ширин нон” ҳақида сўзлаш мумкин? Қори ака бу сўзни сўзлашга қандай тилингиз борди?

Мустақиллик ҳақиқатан эркинликни, озодликни таъминласа, ҳурликни эъзозласагина унинг нони ширин бўлиши мумкин. Халқнинг ярими заҳар ютуб турганда, қолган шаввозларнинг егани қандай қилиб ширин бўлади? Диндошлар, хайрхоҳлар эрк учун, озодлик учун зулм чекиб, заҳар ютуб турса бизга нон татийдими? Қори ака, Сизга балки у нон шириндир, аммо бизга мутлақо ширин эмас.

Ҳа, Қори ака, майли бу замонлар ҳам ўтар. Ҳақиқий эрк ва озодлик замони ҳам келар, иншооллоҳ. Лекин Қобулжон қори эшитинг, “Ёлғоннинг умри қисқа бўлади”. Бу нақлни унутмаслик лозим, Қори ака.

Юқорида мазмуни баён этилган матн “Озодлик”ни тинглавчилар хатига асосланиб, радиода ўқиб беришга тайёрланган эди. Аммо у эфирга чиқарилмади. Чунки бу вақтга келиб “Озодлик” радиосининг ўзбек шубаси тўла Каримов таъсирига ўтиб бўлганди. Ўзбекистон ҳукумати талабига биноан бизга, яъни Намоз Нормўмин ва менга бу вақтга келиб радиода чиқиш ман этилганди.

ВАТАН ДУШМАНИ КИМ ?

Ватан сўзи одатда она сўзи билан бирга ишлатилади. Яъни кўпинча “Она Ватан”, деб юритамиз. Ҳа, чиндан ҳам инсон боласи Онадан туғилади, Ватанда (маконда) улғаяди. Шу сабабли тупроғимизни, туғилиб ўсган тупроғимизни, “Она Ватан” деб эъзозлаймиз. Шунга қарамасдан мен бу ерда Ватан тушунчасига фалсафий таъриф бермоқчи эмасман. Аммо “Ватан хоинлари”, деган атаманинг Ўзбекистонда шу онда қайтадан истеъмолга кираётганига эътибор бермаслик ҳам мумкин эмас.

Биз, Она Ватандан узоқда қолишга мажбур кишилар Ўзбекистон ахборот воситаларининг маълумотларини вақтида ўқий олмаймиз. Аммо сўнгги вақтларда у воситалар “ватан хоинлари”, деган васвасаларни изчил тарқатаётганликларидан хабаримиз бор. Аслида бу мудҳиш атама асрнинг бошларида “болшовойлар” томонидан тўқилган атамадир. Бугун эса Ўзбекистон ҳукмрон доираларига бу “тўқима” негадир яна керак бўлиб қолибди. Яхшилаб, ўйлаб кўрайликчи, Ватанга ким хоин ёки душман ҳисобланади? Бу тушунчанинг мукаммал бир таърифи, тавсифи борми? Бу таъриф ҳам, тавсиф ҳам бор, албатта. Лекин мен бу тушунчага ҳам бу ерда алоҳида таъриф ажратмоқчи эмасман. Аммо ким ҳақиқатни, ким ёлғонни сўзламокда, бу ҳақда бироз сўзлашга тўғри келаяпти, бу ҳам ҳақдир. Масалан, Ўзбекистонда расмий ахборот воситалари Ватанда содир бўлаётган ўғирлик, бузгунчилик, очлик-камбағалчилик ҳақида ё бирор нарса демайди ёки бутунлай тескарисини, яъни ёлғонни тарқатади. Ўзбекистон расмий сиёсатига мухолифатда бўлган гуруҳлар эса, мамлакатнинг ривожи, халқнинг бадавлат яшай олиш чоралари ҳақида кўриниб турган ҳақиқатни сўзламокда. Бу ерда қайси бири тўғри? Расмий хабарларми ёки мухолифат маълумотларими? Ҳақиқатда эса, Ўзбекистон расмий доиралари мухолифат аъзоларининг “Озодлик” радиосида сўзлаб турганларни “Ватан хоинлари”, деб атамоққа уринмоқдалар. Аслида нуқул ёлғонларни қаторлаштириб ташлаб, Ўзбекистон ҳукуматини, айниқса унинг президентини кўкка кўтараверишми, ё бунинг тескарисини, мамлакатнинг асл аҳволини, чин ҳақиқатни сўзлаш, у ҳакда борини ёзиш ва бу қийинчиликлардан қутулиш йўлларини холисона кўрсатиш, у аянчли аҳволдан тезроқ чиқиш усулларини таклиф қилишми, қайси бири тўғри?

Хуллас, ёлғон сўзлашми хоинлик ёки тўғри сўзлашми? Тўғри сўзлаган дўстми, ёлғон сўзлаган дўстми? Халқда “Дўст ачитиб (йиғлатиб ҳам дейишади) гапирар, душман кулдириб”, деган нақл бор. “Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади”, деб қўйилганлигини ҳам унутмайлик. Уддабурон кишилар касални яширмасдан, уни зудлик билан даволатиш зарур, деб ҳисоблайдилар. Дарҳақиқат, шундай эмасми?

Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий аҳвол ҳақида фикримиз қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун бир солиштириш келтирамиз. Масалан, бундан 6-йил муқаддам совет даври билан бугунги Ўзбекистондаги аҳволни қиёслаб кўрамиз. У замонларда аҳолининг анчаггина қисми 90-100 сўм (рубл) маошга ишлашарди. Аммо бу пулга 450-500 дона (буханка) нон, 18-20 кг. гўшт, 2-3 жуфт энг қиммат нархда оёк кийими (аёл ёки эркак туфлиси), яхшигина костюм ҳарид қилса бўларди. Бу маош ўрта маълумотли лаборант ёки оддий хизматчининг бир ойлик иш ҳақи эди. Мос равишда вазифасига кўра бошқа ишчи-хизматчи ва бошқа вазифадор кишилар бу кўрсаткичдан юқори даражада маош олардилар. Бугун эса, Ўзбекистонда олий маълумотли бир врач ёки ўқитувчи 2000-2500 сўм маош олмокда. Аммо бу иш ҳақига 100-150 буханка (совет даврига нисбатан 4-5 марта оз) нон, 3-4 кг. гўшт харид қилса бўладида, аммо бирорта кийим олиб бўлмайди. Мана, сизга мисол, мана сизга солиштириш. Келтирилган мисол нотўғрими? Афсус, бу ҳақиқатдир. Унда бу нима ҳол, нега бундай ҳолат юз берди? Тўғри, ҳозир Ўзбекистонда “Мерседес”ларда, “Тоито”ларда юриб, 2000-3000$(доллар) маош олаётганлар, 500-1000 долларлик кийим кияётганлар ҳам бор, албатта. Улар нуфуснинг 1-2 фоизини ташкил этармикан? Балки бундан оздир, бу хил одамлар. Дунёда исталган мамлакатнинг, унинг нуфуси иқтисодий ва ижтимоий аҳволини аниқламоқ учун миллий даромад, деган тушунча бор. Яъни у мамлакатда етиштирилаётган маҳсулотларнинг сўмдаги ёки халқаро пул қиймати (доллардаги микдори) аҳоли жон бошига бўлинмаси билан белгиланадиган кўрсаткичдир. Бу ҳисоб ҳам мана 6-йилдир эълон этилмайди. Чунки Ўзбекистонда миллий даромад кўрсаткичлари ҳам сирдир. Ҳатто кейинги йилларда Ўзбекистонда пахта етиштириш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш натижалари ҳам эълон этилмайди. Шунингдек Республикада ишлаб чиқариладиган кўплаб бошқа қимматбаҳо маъданлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳақида ҳам статистик маълумотлар тақиқланган соҳадир. Чет мамлакатлар (Руссия, Туркия, Украина каби) матбуот воситаларида эълон қилинган хабарларга қараганда Ўзбекистон йилига 80 тонна олтин қазиб олмоқда. Маълумки, Ўзбекистон мис, кумуш, вольфрам ва бошқа қимматли маъданларга ҳам бойдир. Шундай, экан бу қадар бой мамлакатнинг мулкини талон-торож қилиб, халқини оч, ёланғоч ҳолга келтирганлар душманми, ўғрини ўғри, очни оч деяётганлар душманми? Эй, халойиқ, атрофга бир боқсангларчи? Биласизми, Ўзбекистонда юқоридаги каби васвасалар қачон, қайси замонларда бошланади? Бу васвасалар ҳар сафар куз ойлари авжга чиқади, яъни Ўзбекистон мустақиллиги кунига яқин онларда ҳар йили бир ғавғо чиқаришади. Чунки Ўзбекистондаги “катта раҳбар"нинг тутаноқ касали бормиш. Уники шу куз мавсумида тутиб қолармиш. Унинг ёнидаги хизматчилари бу аҳволни яхши ўзлатиришганлар шекилли, айни мавсумга мўлжаллаб ҳар сафар бир “ажойибот” тайёрлаб туришади. Бу йил ҳам улар ўша касалга наша сифатида “хоинлар, ватан хоинлари” ҳақида “ажойибнома” тўқишибди.

Сўнгги пайтларда “Озодлик” радиосидан Ўзбекистон ҳукумати сиёсий йўлига мухолиф фикрлар билан чиқиш қилаётганлар 3-4 кишидан кўп бўлмай қолди. Ўзбекистондаги воқеаларни бирмунча тўғри ифодалаб турганлар ҳам ўшалар, холос. Уларни ҳам бугун “душман”, деб аташга бориб этдилар. Демак, Ўзбекистонда инсоф, диёнот чиндан ҳам тугади. Ҳа, Ўзбекистоннинг ҳолига чиндан ҳам энди маймунлар йиғлайдиган бўлди.

Ҳақиқатан, сўнгги вақтларда нафакадорлар кўчама-кўча юриб гадолик қилаяпти, врачлар, олий мактаб домлалари бозорда эски кийимларини нон учун сотишга мажбур бўлмоқда каби хабарлар бизгача етиб келмоқда эди. Аммо биз бу маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа билан қарамокда эдик. Афсуски, бу хабарлар рост чиқаяпти. Ҳақиқатни сўзлаш, ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқига эга бўлиш бу бебаҳо бир ҳурлик, катта бахтдир. Аммо бугун Ўзбекистонда, Ватанда ёлғон гапириш, маълумотларни бузиб кўрсатиш одатга айланди. Ватандан ташқарида эса, мухолифат вакиллари буни танқид қилмоқда. Бошқача бўлмайди ҳам. Танқид, холисона танқид душманлик эмас, бу танқид умумга, халқка дўстлик, ҳатто бир-биримизга дўстлик белгиси эмасми?

Аслида, расмий сиёсат фақат ёлғонлардан ташкил топмайди. Иккинчидан, расмий сиёсатни мухолифат танқид қилмаса, қилолмаса, у сиёсатмас, у демократия эмас, у диктатурадир, у мен “нимани хоҳласам ўшани қиламан. Менинг сўзим қонун”-дегани бўлади. Расмий ҳокимият, ўзини танқид килган ҳар бир кишига ёки кишилар гуруҳига “душман”, деб қарар экан унинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ. Билмадим, бу ҳолат Ўзбекистонда қанча вақт давом этар экан?

Наҳотки, мухолифат ва ҳукумат Ватанда маданий муносабатда Ватан такдири учун, Ватан равноқи учун маданий рақобатда ишлай олмайди?

Менимча биз, ўзини Ўзбекистон фуқароси, деб ҳисоблаётганлар бир - биримизга душман бўла олмаймиз. Битта Ватан ватандоши-фуқароси бир-бирига душман бўлмайди, бўла олмайди. Биз фақат бир-биримизга рақобатда, мухолифат бўламиз, холос. Бу душманлик эмас, ахир. Рақобат бўлмаса, муқобил фикрлар эркинлиги бўлмаса, сиёсатда демократия, одамларнинг маданий ва моддий ҳаётида ривожланиш бўлмайди. Бир-биримиздан душманлик излагандан кўра, бир-биримизни тушунишга ҳаракат қилсак, биримиз танқидидан бошқамиз тўғри хулосалар чиқарсак нур устига нур бўлмасмиди?  Чинакам демократияси шу эмасми ?!

Замон сабокларидан бир лавҳа.

Бу лавҳада келтираётган фикрларни 28.08.1997да ёза бошлаб, 12.09.1997 да сўнгги нуктани кўйган эдим. 17.09.1997да “Озодлик” радиосида ўқиб бердим. Аммо у эфирга чиқарилдими ё йўқ била олмадим. Чунки бу вақтга келиб радио бизнинг хабарларимизни эфирга чиқаришни тўхтатишга кўрсатма олган замонлар эди.

 

Лавҳа қуйидагилардан иборат эди.

"Биз советлар замонида, совет мактабида тарбиялангандик. Мафкура, ғоя тўласинча коммунистик, динсиз бўлган эди. Совет давлат тузумидан бошқа тузумлар ва дин ҳақида маълумотларни мутлақо билмасдик десам ҳам бўлади. Советлардан ўзга давлат тузуми ҳақида ва диний тушунчаларни эса, фақат мустақил равишда, кексалар суҳбатларидан яширинча ўргандик. Бу хил маълумотларни мустақил ўрганишга уринганлар ҳам ўша замонларда жуда оз эди. Чунки совет мактаби, совет тарбияси дунёда советлардан ўзга тузумларнинг барчаси эски, чириган улар ўлимга маҳкум, деб ўргатарди. Сотсиализм ва ундан кейин келадиган коммунизм - бу порлоқ келажак, фақат у яшашга арзийди, коммунизм яшайди, ўсади, ривожланади. Бошқа тузумлар, жумладан капитализм эса, чиримокда, у яқинда тугайди, у ўлимга маҳкум, деб ўргатди, бизга. Кўпчилигимиз бунга чиндан инондик ҳам. Шунинг учун бу ғоядаги, яъни коммунизм ғоясидаги китобларни чиндан берилиб, ундан порлоқ келажакни топамиз, деб ўқидик. Жуда озчилик совет мактаби программасидан бироз четга чиқа олди. Масалан, ўзимни ўша бирозлар қаторига кўшсам бўлар, деб ҳисоблайман. Чунки мен дин ҳақида, ислом дини хaкида онамдан ва бошқа мендан кекса авлоддан сўраб, суриштириб баъзи маълумотларга эга бўлдим. Бу соҳада отам раҳматлини эсламаяпман, чунки у киши мен ҳали дунёвий масалаларга қизиқа олмаган замонда бу дунёдан ўтганлар.

Ўзбекистон қишлоқларида, одамлар орасидаги муомалаларда сақланиб қолган урф-одатлардан Ислом ахлоқини ўргандим. Яна бир менга хос хусусият, мен газеталарда ислом дини ҳақида босиладиган танқидий мақолалардан ва Исломга қарши тарғиботлардан тескари хулосалар ясардим. Яъни улар “дин афюн”, деб ёзсалар, демак, дин инсон учун зарур ахлоқ экан, деган хулосага келардим.

Давлат тузуми масаласига келсак, “советлардан ташқари қандай давлат тузуми бор экан, дунё фақат совет мамлакати эмас-ку”, деган савол мени ҳеч тинч қўймасди. Шундай қилиб, менинг диний ва сиёсий қарашларимда ўзига хослик пайдо бўлганди. Шу каби бир қатор саволларга жавоб излаш ва уларни топиш билан биргаликда менда совет тузумига танқидий фикрлар ҳам пайдо бўлди. Ўйлайманки, бутун совет мамлакатида, жумладан Ўзбекистонда ҳам шу каби фикрдаги кишилар бўлган, албатта. Аммо улар оз сонли эдилар.

Советлар тузумига танқидий нуктаи назарда бўлган кишиларда ўзига хос бир муаммо (проблема) бор эди. Яъни биз советлар тузуми ва совет яшаш тарзининг ижобий ва салбий томонларини яхши ажрата билсакда, иккинчи томоннинг, капитализм томоннинг давлат тузумини ва яшаш тарзини яхши билмасдик. Бизнинг бу ҳолатимиз совет тузуми тугаш даврида сиёсий ишимизга кўп зарар берди. Нотўғри хулосалар чиқаришга сабаб бўлди, турли оғишларга олиб борди.

Оқибатда, биз яшаб турган давлат тузумимизни, яшаш тарзимизни, яъни совет давлат тузумини танқид қилар эканмиз, ўз-ўзидан, автоматик равишда иккинчи тараф - капитализм томоннинг тарафдорларига айланиб қолдик. Бошқа бир йўл танлай олмадик. Чунки бошқа, учинчи йўлнинг борлигини ҳам билмасдик. Учинчи йўл яратиш хусусида ўйламадик ҳам. Бунинг устига биз ўша капитализмни, унинг хўжалик юритиш ва давлат бошқаруви, иқтисодий қонунларини ҳам мутлақо билмасдик. Шундан бўлса керак, бизнинг илк сиёсий программаларимизда (дастурларимизда) иқтисодда бозор муносабатлари, сиёсий тузумда демократияни талаб қилдигу, аммо иқтисодда ҳам, демократияда ҳам амалда кўзга ташланарли бир ғоя, дастурни ўртага ташлай олмадик. Дунёда мавжуд бозор иқтисодининг ва демократик принсипларнинг асил моҳиятини кенгроқ ва дуруст тарғиб-ташвиқ қилолмадик. Ҳатто ҳамон бизнинг мухолифат лидерлари ҳам, расмий лидерлар ҳам бундай ғояни илгари сура олмаяптилар ва янги бир муҳим программани туза олишмаяптилар.

Менимча, бугун бизга бир масала жуда ойдинлашди. Яъни совет демократияси (аслида совет диктатураси) ҳам, ғарб демократияси ҳам мутлақ эмас, балки ҳар бири ўзига яраша ижобий ва салбий хусусиятларга эга экан. Кимки, советлар тузуми - бу ёруғ дунёнинг жаҳаннами, ғарб демократияси эса, унинг жаннати деса, у кўп хато қилади ва янгилишади. Бу дунёда мутлақ ҳеч бир тузум ёки қонун йўқдир. Мутлақ адолат, Яратганнинг Ўзига хос. Аммо бугун биз учун янги сиёсий йўл танлаш зарур. Бу йўл эса, янги ғоя билан белгиланади. Ғояни эса яратиш, ишлаб чиқиш лозим бўлади. Бундай ғоя Ўзбекистонга ҳам сув ила ҳаводек зарур. Дунё тажрибалари кўрсатадики, бундай масалалар билан махсус сиёсий институтлар шуғулланади. Шу сабабдан Ўзбекистонда ҳам шунақа институтлар фаолият кўрсатмоғи лозим. У институтлар жаҳондаги мавжуд сиёсий тузумларни, иқтисодий муaммoларни таҳлил қилиш ва бу соҳада кўрсатмалар, қўлланмалар яратиш билан шуғулланмоғи зарур бўлади.

Жаҳоннинг бугунги сиёсий ва иқтисодий вазиятини таҳлил этиш, мафкурани (идеологияни) танлаш билан чамбарчас боғлиқ бир муаммодир. Мен мафкура, деганда дунёда иккита мафкурани, яъни исломий ва христианлик мафкурасини ва улар ўртасидаги муносабатларни тушунаман. Келажакнинг сиёсий тузуми, иқтисодий жараён, ижтимоий турмуш бу икки мафкурадан ташқарида бўлолмайди.

Демак, биз мусулмон кишилари, Туркистонда янги бир сиёсий тузум истар эканмиз бу муҳим масалаларни тушуниб етмоғимиз зарур. Булардан кўринадики, диёримизда янги тузум яратмоқ учун фақат мавжуд қусурларни танқид қилавериш билан иш битмайди. Фақат Ўзбекистондаги камчилликларни кўриш, уларни танқид қилиш, ҳатто у хато, камчилликларни тузатиш ҳам келажак олий максадларга мос зарур натижаларни бермаслиги мумкин.

Бу ерда масала Туркистонда, балки дунёда сиёсий тузум ва иқтисодий йўналишларнинг келажак асрга татирли янги дастурини ишлаб чиқишга келиб тақалмоқда. Бу жуда муҳим бир масала, улкан муаммодир. Бундай муаммони ҳал этишда чуқур билимли мутахассис ва кадрлар армияси лозим бўлади. Бу кадрларни тўпламоқ учун энг аввал чет элларга чиқиб кетган мухолифат аъзоларининг барчаси Ватанга қайта оладиган шароит махсус расмийлаштирилмоғи зарур. Ўзбекистоннинг ва бутун Туркистоннинг келажагини белгилаб берадиган дастурлар, илмий тадқиқот ва сиёсий хулосалар ишлаб чиқадиган институт ташкил этишда улардан унумли фойдаланмоқ лозим.

Ана шундай муҳим бир муаммони ҳал этиш атрофида Ўзбекистон расмий доиралари ва унинг мухолифати ўртасида келажакнинг такдирини ҳал этиш аҳамиятига эга бўлган жиддий келишувга эришмоқ мумкин ва зарур деб ҳисоблайман”.

ЯНА ВАТАН ҲАҚИДА ( 28.08.1997 й. “Озодлик”да ўқиб берилган)

Ўзбекистон мустақиллигининг 6-йиллиги муносабати билан тайёрланган қутлов.

Мустақил Ўзбекистон давлати мана 6-йилдир жаҳон давлатлари орасида ўз байроғини кўтариб турибди. Аммо бунинг ал-байроқлиги, унинг ҳайбати, қудрати ва умрбоқийлиги мамлакатнинг бойлиги, нуфуснинг озодлиги, эркнинг ҳимояланганлиги, ҳаёт фаровонлиги билан белгиланади.

Мамлакатнинг бойлиги-бу энг аввал унинг маданияти, илмли-билимли, фозил олиму-уламоларидан, эркин ва бахтиёр халқидан, ундан сўнгра моддий бойликлардан(ер ости ва ер усти), яъни моддий-табиий бойликлардан иборат бўлади. Ҳа, Ўзбекистон чиндан ҳам чексиз кўп табиий бойликларга ва тарихий маданиятга эга. Энг муҳими унинг ўта меҳнаткаш, ёввош, тинчликсевар, эркпарвар халқи-ватандош бор. Афсуски, мамлакатнинг бу қадар табиий бойликлари ўша эрксевар халқнинг мулкига айланмади, унинг фаровон яшашини таъминлашга хизмат қилмаяпти. Нега, нима учун, ахир? Бу саволнинг жавоби бир томондан жуда жўн, бошқа томондан эса ниҳоятда мураккабдир.

Масалан, биз Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф ўлароқ бу саволга ўтган олти йил давомида узлуксиз жавоб излашга ҳаракат қилдик. “Озодлик” радиосида ва бошқа чиқишларимизда унга жавоб беришга уриндик ҳам. Ҳамон, бу бой мамлакатнинг фуқароси бадавлат бўлиши кераклигини кўрсатмокдамиз. Шу билан бирга Ўзбекистондаги қошшоқликнинг, сиёсий диктатуранинг сабабларини, уларнинг фалсафий моҳиятини исбот этишга ҳаракат қилмокдамиз. Шу жумладан Ўзбекистон ҳукмрон доиралари ҳам, унинг президенти ва ҳукумати ҳам мамлакатнинг тарихий бой маданиятини, табиий бойликларини пеш қилиб (кўз-кўз қилиб) Ўзбекистонда “буюк давлат” қурушга ваъда бериб келмоқда. Халқ фаровонлиги ҳақида ҳам муҳтарам Президентнинг бир қатор “сеҳрловчи” шиору-ваъдалари тарихдан ўрин олганлиги маълум. Дарҳақиқат, 1991 йили Президент жаноблари, мустақилликнинг 1-йиллиги муносабати билан энг буюк сохта ваъдани берганда, яъни “Ўзбекистонда нон нархини оширмайман”, деб ёлғон сўзлаганда Ўзбекистонда тўписини осмонга отмаган одам жуда оз қолган эди. Ёки, масалан бошқа бир масалада, яъни “рубл зонасидан чиқмаймиз”, деб “маҳкам” туриб олиб, Қирғизистонда ўз пул бирлиги қабул этилганда, унинг Президенти А.Ақоевни аҳмоққа чиқаришганда, “бизнинг ўзбеклар” “Ақоевда қош, Каримовда бош” каби мақол ҳам тўқиб улгурушган эдилар. Тарих кўрсатдики, бу ваъдалар, бу ҳайқиришлар ҳеч бир назарий ёки бошқа бир амалий тажрибалар билан алоқаси бўлмаган бўш, авом халқни вақтинча алдаш экан, холос. Бугун эса, Марказий Осиёда, ҳатто бутун МДҲ орасида қирғиз сўми энг турғун, энг барқарор сўм бўлиб қолмокда. Ўзбекистон сўми эса сўнгги уч йилда давлат нархида 9-10 марта (яъни 900-1000 фоиз) арзонлашди. Қорабозорда бу сўм 2500 фоиздан ҳам ошиғироқ арзонлашди.

Нон нархининг қанча ошганлигини ўзбеклар бугун ҳисобидан чиқа олмаяпти. Масалан, фақат кейинги бир йилда, яъни 1997 йилда нон нархи 1996 йилга нисбатан 200 фоиздан кўпроқ ошганлиги ҳам аниқ. Бутун озиқ-овқат моллари (гўшт, сут, сут маҳсулотлари, ун ва ҳ.к. кундалик истеъмол моллари) ой сайин қимматлашмокда. Маълумки совет даврида ўзбекларни пахта (чигит) ёғи билан озуқланишга ўргатишган. Шунинг учун улар асосан чигит ёғи истеъмол қилишади. Аммо Ўзбекистон йилига 4 млн тонна пахта етиштиришига қарамасдан кишилар ўша чигит ёғини ҳам топа олишмай оворалар. Санайверсак Ўзбекистонда бу хил қусурлар қаторлашиб ётибди.

Буюк бойликлардан яна бири бу маданият, маданий турмуш дедик. Бу соҳада ҳам чиндан мақтанса арзийдиган тарихий маданий манбамиз бор. Аммо ўша тарихий маданиятни тиклаш, бугунги маданиятимизни, маданий ҳаётимизни қурушда ундан унумли қўлланмоқ учун ҳам маълум даражада билимга, илмга эга бўлмоғимиз лозим. Бунинг учун эса таълим-тарбия, мактабларда ўқув масалалари яхши, жуда яхши йўлга қўйилмоғи шарт. Афсуски, бу ишлар ҳам жуда оқсоқ. Шу кунларда ёшлар мактабдан безган, ўқитувчилар оч ҳолга тушиб қолишган. Ҳозир Ўзбекистонда моддий аҳволи энг танг қатлам бу мактаб ўқитувчилари ҳисобланади. Энг ачинарлиси шундаки, олий мактаб ҳам бундан дуруст эмас. Маданиятимиз дин, ислом билан мустаҳкамдир ва унинг асосида маънавият, иймон ётади. Балки маданиятни дин ёрдамида, исломий тарбияни авжлантириш йўли билан тиклаш ва сақлаш мумкин бўлар, дерсиз. Бу ерда ҳам аҳвол аянчли. Чунки диний мактаблар ёпилди, ислом олимлари қамоқхоналарга ташланмокда.

Қисқаси, Ўзбекистон йилига фақат биргина олтиннинг ўзидан 80 тонна қазиб олади, тўрт- беш миллион тонна пахта етиштиради ва қатор қиммат баҳо маъдан ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Бу маҳсулотларнинг барчасини пулга чақсангиз ва Республика аҳолиси (25 млн нуфус) жон бошига ҳисобласангиз ўртача энг оз 1000-1500 АКШ доллар чиқади. Бу ҳисоб, 5 нафар кишиси булган оила ойига 500-600 доллар маош олади, деганидир. Кани, энди шундай бўлса?! Аксинча, бугун мамлакат аҳолисининг 60 фоизи, ҳатто ундан ҳам кўпроғи ишсиз қолмокда. Иш жойларини ҳамон фақат давлат ўз қўлида ушлаб турибди. Ойлик маош 10-15 доллардан ошмаяпти. У ҳам ўз вақтида тўланмайди. Энг аянчлиси, илм билан шуғулланадиганлар, мактаб ўқитувчилари ойлик маошларига кун ўтказа олмаяптилар.

Айтилганлардан кўринадики, бу мамлакатда сиёсат нотўғри юргизилмокдадир. Расмий доираларнинг сўзи ва иши бир хил эмасдир. Сиёсатда ёлғон, амалда ўғрилик ниҳоятда кўпдир. Мамлакат бой бўлсада, унинг аҳолиси қошшоқлиги сабабларининг бир қисми ҳам мана шулардан иборатдир.

Яхши яшаш, маданиятли, илмли бўлиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу кураш ва яна кураш билан, илм ўрганиш, ўқиш, билимни ошириш билан амалга ошади. Ўқимишли, чуқур билимли ва маданиятли инсонларгина Буюк давлат қуради ва уни адолатли бошқаради.

Хуллас, бироз вақтли бўлсада, ватандошларни, чет элларда юрган муҳожир дўстлар-у, мухолифат аъзоларини Ўзбекистон мустақиллигининг олти йиллиги билан табриклайман, қутлайман!

Барча ватандошларга фақат яхшиликлар тилаб қоламан.

Охир, оқибат Ўзбекистоннинг бутун бойликлари ўзбеклар қўлига ўтишига, Ўзбекистон аҳолиси бой, бадавлат ва гўзал маданиятли бўлиб етишишига ишониб қоламан. Соғ бўлинг, дўстлар!

АМАЛИЙ ДАСТУРИМИЗ.

"БИРЛИК” халқ ҳаракатининг эски дастури Ўзбекистон тўла мустақилликка эришмаган замонда тузилган бўлиб, мамлакатда вужудга келиши мумкин бўлган давлат тузуми ва ижтимоий жамиятнинг шакллари ва унинг фалсафий (ғоявий, мафкуравий) асосларини ўз ичига олмаган эди. Аксинча, у даврда давлат тузумини совет давлат тузуми шаклида, олам ва инсониятга муносабатни ўша давр коммунистик фалсафий қарашлари доирасида тушуниш аксиома шаклида қабул қилинган эди. Шу сабаб Ҳаракатни тузган илк ташаббускорлар ҳам, унинг кейинги давомчилари ҳам , янгидан юзага чиқкан партиялар ҳам Ўзбекистонда давлат тузуми масаласига фалсафий нуқтаи назардан ёндашмадилар ёки ёндаша олмадилар. Улар кўпроқ совет коммунистик ҳокимият структураларига жойлашишга ва шу йўл билан юқоридан таъмирий ислоҳотлар ўтказишни мўлжалладилар. Шунинг учун 1989 йил СССР, 1990 йил Ўзбекистон Олий советларига депутатлар сайлашда Ҳаракатнинг раҳбарлари ва бошқа бир қатор ўзларини демократ ҳисоблаган шахслар совет депутати бўлишга жон куйдириб уринишдилар.

Шундай қилиб, ҳозиргача ҳеч ким ва ҳеч бир сиёсий ташкилот Ўзбекистон тўла мустақил бўлгандан сўнг у ерда қанақа жамият ва қандай давлат тузуми вужудга келади, унинг фалсафий асосида қандай ғоя туради каби масалаларни ўртага қўйганича йўқ. Ҳатто бугунги Ўзбекистондаги қусурларнинг кўпчилиги ана шу масала ҳал этилмаганлигидадир.

Аслида Ўзбекистонда бутунлай янги жамият яратилиши, бу ерда совет давлат тузумидан мутлақо фарқ қиладиган давлат системаси ўрнатилиши керак. Энг муҳими ўша янги жамият ва давлат тузуми назарияси (ғояси) ишлаб чиқилмоғи лозим. Бу янги жамият Оламни тушунишда, Ер юзида Аллоҳнинг инъоми ила яратувчилик қудратига эга Инсонга, унинг қадр - қимматига, тарихий қадриятларига мутлақо янгича муносабатда бўладиган инсонлар жамияти бўлмоғи лозим. Масала, айнан шундай қўйилмоғи керак. Аммо муаммонинг бу муҳим жиҳати ҳануз яхши тушунилмади. Мазкур дастурий-амал юқорида тилга олинган масалаларни бироз ойдинлаштирар, деб ўйлаймиз.

Биз тасаввур этаётган давлат тузуми тубандагилардан иборат бўлади деб тушунамиз.

I ДАВЛАТ   ТУЗУМИНИНГ  АХЛОҚИЙ АСОСЛАРИ.

II.  ТУЗУМНИНГ  МАЪНАВИЙ ВА ДИНИЙ СИСТЕМАСИ.

III.  ДАВЛАТНИНГ СИЁСИЙ СИСТЕМАСИ ( қурулиши ).

IV.  ИҚТИСОДИЙ  СИСТЕМА.

V.  ИЖТИМОИЙ  ҚУРУЛИШ.

Ҳар қандай жамият, давлат тузуми инсонлар билан мавжудлиги сабабли энг аввал Инсоннинг мафкурасини, унинг адабини, хулқини белгилаш зарур бўлади. Ана шулардан тузумнинг ахлоқий асослари ташкил топади. Шундай асосга суянилганда  жамият ўзининг  ҳозири ва келажагини яратади ҳамда сақлайди; ривожланиш сари силжийди, янгиликлар кашф этишга қодир бўлади, деб биламиз. Соғлом жамият қурмоқ, инсон ҳаёти зарарсизлигини, унинг софлигини сақлаш демакдир. Бунинг учун дунёга янгича қараш, уни батамом янгича илғаш зарур бўлади. Бутун саъй-ҳаракатлар, режаю-дастурлар мустаҳкам мафкурага асосланиши ва  бизнинг фикримизча дунёнинг яратилиши ва унинг тузулиши ҳақида, инсоният жамияти ҳақида мустаҳкам соф фалсафий асосга эга бўлиш уни янгича тушуниш ва илғашдир. Жамият асосини  ана шундай нуқтаи назардан қарашга ҳаракат қиладиган инсонлар амалга ошириши мумкин бўлган дастурий - амал лойиҳасини таклиф этамиз.

Инсон жамияти фалсафий асослари ҳақида.

Айтилганлардан келиб чиқиб, инсонлар жамияти фалсафий асослари сифатида тубандагиларни таклиф этамиз.

 

1.Онг ва одамгарчилик асослари.

Онг ва инсонгарчилик асослари асосан қуйидагилардир:

1.1 Бутун мавжудотнинг манбаи ва инсоният кадр - қиммати, кадрияти асоси, таянчи Аллоҳ ва Унинг Ўзидандир. Инсон ва барча тирик - нотирик дунёнинг мавжудлик шартлари ҳамма учун баробар Ягона Яратувчи тарафидан тузилган, яратилгандир. Барча Оламлар учун энг улкан, энг зарур умуминсоний кадр - қиммат, кадрият бу Аллоҳдир.

1.2 Инсоннинг яратилиши қутлуғ воқеадир. Инсон ўз навбатида Аллоҳнинг марҳамати ила буюк яратувчидир. Унинг бу хусусиятини сақлаш ва ривожлантириш кишиларнинг ҳозирги ва келажак авлоди учун қутлуғ ва амалий вазифа бўлиб қолаверади. Аммо сўнгги даврда одамларнинг ҳақ йўлдан оғиши натижаси ўларок, Ер қитъаси ва инсоният шу замонда дунё маданиятини (сивилизатсиясини) тугатишга олиб бораётган инқирозни (бўҳронни) бошдан кечирмокда. Бу бўҳроннинг олдини олмоқ кўп жиҳатдан инсонларнинг ўзларига боғликдир.

Биз, барча имкониятларимиз билан инсониятни маънавий, иқтисодий ва экологик бўхронлардан қутқаришга кўмаклашамиз.

1.3 Инсон хусусиятлари, унинг ривожланиш усуллари, Ер юзаси тозалиги, ундан (ердан) фойдалиниш тамойиллари (характерлари) ва мулк шакллари умумжаҳон прогрессив принсипларига мос бўлмоғи шарт.

Маданиятли ва маънавиятли, юксак мафкурали инсонлар тарбияланадиган таълим-тарбия усулларини жорий этамиз; атроф-муҳитни покиза сақлашни кескин йўлга қўйиш тадбир-чораларини ишлаб чиқамиз ва уларни қонунлар ёрдамида амалга оширамиз.

1.4 Ҳар бир киши ўзи ва у яшаётган жамиятда маънавий, руҳий ва иқтисодий ривожланишга асос солишга интилмоғи зарур. Бунинг учун у тирик дунё ҳаёти ва инсоният олдида ўз шахсий масъулиятини англаб етмоғи керак бўлади.

Биз, бу борада ўз шахсий турмуш тарзимиз билан ибрат кўрсатамиз.

1.5  Инсоннинг ер юзидаги ҳаёти ва тирик дунёни сақлашни таъминлаш  барча билимларни ягона бирликка айлантириш йўли билан амалга оширилади.

Биз, Инсоннинг ва Давлатнинг қудрати юксак илмлиликда, деб биламиз. Шунинг учун илмни ривожлантириш учун барча куч ва имкониятларни қўллаймиз.

Қудратимизни, илм ва билимимизни системали ошириш асосий мақсадимиздир.

1.6 Тирик мавжудотни ўз табиий ҳолида зарарсиз саклай билиш инсон ҳаёти яхшиланиши асосидир. Демак, ҳаёт фаровонлиги, софлиги, атроф муҳит тозалиги, бутун тирик дунё oсойишталиги ва поклигидадир. Оламларни(табиийликни) сақлаш, яратувчилик, коинот сирларини кўпроқ ўрганиш, улардан фойдаланиш, бу барчаси фан тарракиёти натижаларини қунт билан кўпроқ, яхшироқ ўрганиш ва билишдадир.

Биз, гўзаллик яратишни, меҳрибонлик ва эзгуликни тарғиб этамиз. Атроф-муҳитнинг поклигини сақлашда, кишиларнинг бир-бирига меҳрибон ва ёрдамчи бўлишида уларга кўмакчи бўлиш, бизнинг буюк вазифамиз ва шиоримиздир! Фан ютуқларидан унумли фойдаланишни жорий этиш дастурий мақсадимизнинг асосини ташкил этади.

2. Ҳуқуқ ва ахлоқ асослари.

2.1. Инсон Аллоҳ яратган энг буюк ва қудратли эркин зотдир. Инсон ҳақи, ҳуқуқи ҳеч бир ҳолда камситилиши мумкин эмас.

Биз демократик принсиплар, фуқаровий давлат тузуми тарафдоримиз.

2.2.Ҳар бир авлод ( якка шахс ҳам) барча илм ва билимлар билан бир қаторда Аллоҳ ҳақида тўла маълумот олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқни ҳеч ким буза олмайди.

2.3. Одамзотнинг ҳозирги ва келажак авлоди умум дунёвий билим олишда бир хил тенг ҳуқуқга эгадирлар. Ҳар бир киши Ер қитъасига ва инсон шахсига шахсан ўзи келтирган зарарлари учун жавобгардир.

2.4. Шахс эрки, ҳақ - ҳуқуқларини камситадиган ва тирик мавжудоднинг яшашга бўлган эҳтиёжига қарама қарши қўйилган ҳукумат тартиби ва қарорлари кишилар ҳаёт тарзини шакллантиришга асос бўла олмайди. Бундай тартибни ҳокимиятнинг қайси поғонаси (органи) ўрнатгани ва у тартибларни ким жорий этишидан қатъий назар улар қонун кучига эга бўла олмаслиги лозимдир.

2.5. Тубанликка кетган, сунаётган руҳларда меҳр - шафқат уйғотилади. Шундай қилиб, бу ҳаётда, бу муҳим қуткариш системасида Оламни, унда барқарорликни ва яратувчиликни сақлаш каби қутлуғ бир бурчни адо этишга ҳисса қўшилади. Ҳеч бир ҳаракат қонундан ташқарида бўлмайди.

I.  ДАВЛАТ ТУЗУМИНИНГ АХЛОҚИЙ АСОСЛАРИ.

Бизнинг дастурий назаримизга кўра, Ўзбекистонда давлат тузумининг ахлоқий асосларини таъкидлаб ўтамиз. Улар асосан ўзига хос учта хусусият билан белгиланади:

а) Биринчи хусусият. Давлат ва унинг фуқаролари  Онг ва одамгарчилик асосларига мос қонунларга амал қиладилар. Ана шу асослар кишилар ахлоқи ва одоби учун энг юқори ўлчамга айланади. Шу мақсад йўлида кишилар ўз маънавиятини оширади, бу йўлда халакит берувчи тўсиқлардан чекинилмайди.

б) Иккинчи хусусият. Давлат (янги давлат) аслида алоҳида Кўринишга эга бўлиб, бутун оламда учрамайдиган янги одоб ва муомалалар тартибини эълон қилмайди, албатта. Фақат, бу давлат одамлардаги барча яхши адаб ва одамшавандаликни ахлоқий системага киритади ва уни одам тарбиясининг асоси шаклида тарғиб этади. Бу ахлоқий система ҳамма соҳани, ҳаётнинг барча кўринишларини (якка шахсларора муносабатлар, ижтимоий муносабатлар, сиёсат, иқтисод, бозор ва бозор муносабатлари, мактаб, маҳкама, милитсия, ҳарбийлар ва ҳарбий ҳаракатлар, тинчлик учрашувлари ва ҳ.к.) ўз ичига олади.

Ўзбекистонда барпо этиладиган давлат тузуми ҳаётнинг барча соҳаларида одоб, ахлоқни, хушмуомалаликни, инсофни, одамшавандаликни энг устун қўяди. Бу ерда одамзот ҳаётида софлик, ахлоқ ва одамшавандалик улуғланиб, эҳтирос, жиззакилик, манманлик ёки шахсий манфаат бошқарувчи ролга ўтиб қолмаслиги асосий максад қилиб кўйилади.

в)Учинчи хусусият. Янги ахлоқий система заррача ёвузлик аралашмаган, эзгуликка асосланган яшаш тарзини вужудга келтиради. Кишиларнинг ана шундай яшашлари қонунлар билан бошқарилади. Бу система фақат яхшиликка, эзгуликка тарғиб этади, инсоният эъзозлайдиган, ҳурмат этадиган, фақат яхши ишларни тарқатиб ва тарғиб қилиб, нафрат ва кўнгулсизликларга сабаб бўладиганларидан воз кечишга ундайди.

Бундай ахлоқий система фақат эзгуликларга интиладиган, яхшиликлар яратадиган инсонларни тарбиялайди. Бу ахлоқий системага қурилган давлат ва унинг фуқаролари юксак мафкурага, ахлоққа эришиб, қудратли кашфиётлар қилишга қодир бўладилар.

Хуллас, биз таклиф этаётган давлат тузуми ахлоқий асослари “Инсон жамияти фалсафий асосларига” тўла мос қурулади.

II.  МАЪНАВИЙ ВА ДИНИЙ СИСТЕМА.

Давлатнинг ахлоқий асосларидан кўринадики, бундай давлатда фуқаро энг аввал чуқур иймонли бўлиб, табияланган бўлади. Маънавиятнинг асоси, унинг муҳим суянчи бу ахлоқдир. Ахлоқ, одоб чуқур тарбия билан инсон мафкурасининг юқори даражасига кўтарилади ва унинг чин мафкуравий қудратини ифодалайди

Шунинг учун Ўзбекистонда жорий этиладиган маънавий система кишиларни юксак тарбия олиб, иймонли бўлишларини таъминлайди. Бу ерда ҳар бир шахс ва ҳамма учун ҳақ ва тўғри ишлар қилиниб, улар учун ботил ва нотўғрилари ман этилади .

Хуллас ижозат этилган ва ижозат этилмаган; рост ва ёлғон; эзгулик ва ёвузлик орасидаги фарқни одамлар ўзлари ҳеч кимнинг ёрдами, кўрсатмасисиз ажратадиган, уларни ҳеч қачон аралаштириб юбормайдиган жамият пайдо бўлади .

Давлат маънавий асосини мустаҳкам мафкурага қуриш натижасида инсонлар меҳр - шафқатли, оқибатли бўладилар. Улар ўзларининг барча ҳаракатларини мафкура асослари билан солиштирадиган, саҳий, эҳсонли инсонларга айланадилар.

Чуқур асосли тарбия олган кишилар ўзларининг бутун куч-қувватини, илм - малакасини оламда эзгуликнинг ғалабасига сарфлашга уринадиган бўладилар.

Жамиятнинг асосини илмли, билимли кишилар ташкил этадиган вазият вужудга келади. Бунинг учун маданий ва маъруфий ишлар авж олдирилади.

Ўзбекистонда ХХI аср етук мутахаcсислари етиштириш йўлга қўйилади. Мамлакатда математика, физика, кимё, биология фанлари соҳасида замонавий даражада илмий - тадқиқот ишлари олиб борадиган академик институтлар ва олий ўкув юртлари ривожлантирилади. ХХI аср, Ўзбекистонда алхоразмийлар, берунийлар дунёга келадиган аср бўлиб қолажак.

Табобат соҳасида чуқур илмий - тадқиқот ишлари олиб боришга катта капитал маблағ ажратилади. ХХI аср Ибн Синолари етишиб чиқмоғи учун мамлакатнинг моддий имкониятлари ишга солинади.

Коинотни ўрганиш Ўзбекистон фанининг муҳим йўналиишларидан бирига айлантирилади. ХХI аср улуғбеклари етишмоғи учун тўла шароитлар вужудга келтирилади.

Деҳқончилик, чорвачилик соҳасида илмий тадқиқот ишлари замоновий даражага кўтарилади. Чорвачилик маҳсулотлари етиштиришда замоновий технологияни қўллаш мутлақо йўлга қўйилади.

Биз иқтидорга келгандан сўнг биринчи беш йилда табиий - техник, табобат ва коинот соҳасида илмий - тадқиқотлар ўтказиш бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллашга эришилади. Бу йўлда барча имкониятлар ишга солинади ва зарурий маблағ ажратилади.

III.  СИЁСИЙ СИСТЕМА.

Биз таклиф  этаётган давлат тузуми ва унинг сиёсий сиcтемаси ўз принсиплари, тартиб қоидалари ва нормаларига эга бўлади. Бу принсип, нормалар гўзаллик, эзгулик ва бахтиёр ҳаётнинг вужудга келишига, кишилар яшаш тарзи фақат яхшиликлардан, инсофдан, покликдан иборат бўлишига хизмат қилади.

Максадлар очиқ-ойдин ифодаланган узоқ муддатга мўлжалланган сиёсий дастур ва унга мос режаларини давлат умумхалқ муҳокамасига ташлайди. У дастур аввал мамлакат Парламентида Умумдавлат дастури ва режаси шаклида тасдиқланади.

Сиёсий партиялар (ҳаракатлар) дастури ва режалари ўша Умумдавлат дастури ва режасини амалга ошириш йўллари ва усуллари билан фарқ қилишлари лозим.

Давлатнинг сиёсий системаси инсоният тарихида синовдан яхши ўтган уч ҳокимият (Қонун чиқарувчи, Ижроия ва Маҳкама ҳокимиятлари) мустақиллигини таъминлашдан иборат бўлади.

Хуллас, сиёсий система :

3.1. Қонун чиқарувчи ҳокимият: Парламент (Ўзбекистонда у Халқ/Миллат Мажлиси ёки Кенгаши деб аталиши ҳам мумкин). Унинг таркиби ва унга сайловлар алоҳида қонун билан белгиланади. Парламентга бевосита ҳисобдор, унинг маҳаллий органи оқсоқоллар Кенгаши(Қишлоқ, Шаҳар, Вилоят оқсақоллар Кенгаши) жорий этилади. Оқсоқоллар Кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти алоҳида қонун билан аниқланади.

3.2. Ижроия ҳокимият: а) Президент (Ўзбекистонда Давлат Раиси, деб аташ таклиф этилади), беш йилда бир сайланади. Унинг ҳуқуқ ва ваколатлари, Президентликка сайловлар тартиби Асосий Қонун ва қонунлар билан белгиланади.

Президент давлатнинг, мамлакатнинг тимсоли ўлароқ умум давлат аҳамиятига эга масалаларни ҳал этмоғи лозим деб ҳисоблаймиз. Ижроия ҳокимиятининг асосий функтсияси Вазирлар кабинетига, унинг Раиси Бош Вазир зиммасига юклатилиши тарафдоридирмиз.

б) Вазирлар кабинети ва Бош Вазир ваколатлари ҳам қонун билан белгиланади.

Вазирлар кабинети маҳаллий (қишлоқ, шаҳар) бошқарув органларини ҳамда вилоят ва шаҳар ижроия комитетларини (ҳозирги ҳокимиятларни) бошқаради. Маҳаллий бошқарув органлари қишлоқда қишлоқ комитети, шаҳарда маҳалла комитети бўлиб, улар энг қуйи бошқарув органлари ҳисобланади. Маҳаллий бошқарув органлари ва ижроия комитетлар фаолиятларини белгилайдиган қонунлар ҳукм суради.

в) Маҳкама ҳокимияти : Олий маҳкама, вилоят, шаҳар ва маҳаллий маҳкамалар шаклида ташкил этилади.

Маҳкамаларнинг барча буғунларида ҳақамлар сайлаб қўйилади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва тартибни сақлаш органлари ваколатлари махсус қонунлар билан аниқланган бўлади. Уларнинг иш тартиби ва усуллари Давлатнинг ахлоқий асосига мос тўла қайта ишлаб чиқилади

Инсон ҳуқуқларининг асосий принсиплари.

Ўзбекистон давлати инсон ҳуқуқларини тўла ва батамом ўз давлат мафкураси асосида аниқлайди. 

Ер юзидаги барча одамларга Аллоҳ бандаси, инсон деб қаралади. Шунинг учун инсон ҳуқуқлари ҳамма жойда, ҳар қандай ҳолатда Давлат томонидан ҳимоя қилинишш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Аёллар, болалар, қариялар, касал ва ярадорларни ҳужумдан сақлаш, аёллар шанини муҳофаза этиш каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг муқаддас бурчи ҳисобланади.

Очнинг емак ейиши, беморнинг қаровчи билан таъминланиш ҳақи қонун билан таъминланади. Бундай қонуннинг шаксиз бажарилиши давлат назоратида бўлади.

Юқорида саналган ҳуқуқлар бутун одамзотга тегишли бўлиб, умум инсоний ҳуқуқлардир, фуқаролар фақат инсон бўлгани учун ҳам бу ҳуқуқларга эгадирлар.

Фуқаролик ҳуқуқлари умум инсоний ҳуқуқларнинг хусусий ҳолидир. Яъни Ўзбекистон ҳудудида инсоннинг бу ҳуқуқлари сўзсиз муҳофаза этилади. Шу билан бирга Ўзбекистондан турли хил сиёсий ва иқтисодий тазйиклар натижасида чиқиб кетганларга Ўзбекистон фуқаролиги беришга эришилади.

IV.  ИҚТИСОДИЙ СИСТЕМА.

Давлат иқтисодий сиёсати поклик, ҳақлик, адолат ва ишончга асосланган маълум чегара ва нормаларга мослашган булади.

Иқтисодда, капиталнинг ( маблағнинг ) ишлашида, унинг ўсиши ва ҳаражат этилишида барча ишбилармонлик, ишдаги фаоллик ўша аниқ қоида ва нормаларга қурилади, ундан жиндак ҳам оғишга йўл кўйилмайди. Капитал (маблағ) инвеститсиясининг айланиш (фойдаланиш) шакли ва йўли аҳамиятга эга эмас. Чунки бу шакл ва йўллар тарихий давр ва вазиятга қараб ўзгариб туриш эркига эга.

Маълумки ҳар бир иқтисодий система ва унинг тизими (структураси) жамиятда содир бўладиган вазиятларга, уларнинг мавжудлик шартларига, ҳаётнинг турли хил поғоналарида одамлар талабларига мос равишда ўзгариб, бир кўринишдан бошқа кўринишга ўтиб турадиган инсоният сивилизатсияси жараёни билан биргаликда ривожланади. Лекин биз таклиф этаётган системанинг қоида ва нормалари, ҳатто жамиятда кескин иқтисодий вазият туғилганда ҳам, хилма-хил иқтисодий шакллар фаоллашганда ҳам бузилмайди. Аксинча, бу иқтисод нормалари ва қоидалари доим сақланиб қолади. Уларга ҳар қандай вазиятда ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва сўзсиз амал қилиш зарур бўлади.

Иқтисоднинг таклиф қилинаётган нормалари Аллоҳ яратган барча ер ости ва ер усти бойликлар одамзотга тегишли деб ҳисоблайди. Ёруғ дунёга келган ҳар бир инсон зоти Аллоҳ яратган бойликларга шерик деб қаралади. Аллоҳ яратган бойликлардан фойдаланишда барча баравардир. Ҳар қандай монополизм қонунлар ёрдамида тақиқланган бўлади.

Ҳар бир кишига ўз турмуш даражасини яхшилаш имконияти яратилади. Меҳнатга қобилиятли кишиларнинг ҳаммасини фойдали меҳнатга жалб этиш учун Давлат, Ижроия ҳокимият ўз вақолатидаги барча имкониятларни ишга солади.

Дарёларнинг, булоқларнинг суви, урмон дарахтлари, мевали дарахтлар мевалари (кишилар хусусий ерларидаги мевали дарахтлар бундан мустасно), шунингдек ер юзидаги бошқа бутун ўсимликлар, ёввойи ҳайвонлар, ер ости фойдали қазилмалар алоҳида кишиларнинг хусусий монополистик мулкига айланмайди. Бундай мулкдан фойдаланишнинг адолатли умум халқ шакли ишлаб чиқилади.

Ерга хусусий мулк тикланади. Аммо ердан фойдаланиш агротехник асосда нормал бир шаклда қонунга мувофиқ йўлга қўйилади. Яъни ер эгалари ернинг сифатини ва доим фойдаланишда қолишини таъминлашга қонунлар асосида мажбур бўладилар. Ердан фойдаланиш ва унинг экологик тазолигини сақлаш махсус қонунларга мувофиқ давлат томонидан назорат қилинади.

Иқтисодий система мулкнинг :

Умум давлат (умум халқ) мулки ва фуқаролар хусусий мулки шаклларига эга бўлади. Мулкнинг советлар замонида учраган жамоа, кооператив ва бошқа хил кўринишлари фуқаролар томонидан ўз ихтиёрлари билан ташкил этилган бўлиб, хусусий мулкнинг юридик шахсларга оид бир шаклидан иборатдир. Уларга муносабатлар хусусий мулкга муносабатлар каби бўлажакдир.

Бу иқтисодий система барча инсонлар учун иқтисодий тенглик яратишга эмас, балки уларнинг бойликлар ортиришга, иқтисодий яхшиланишга, турмушини ўнглашга бўлган интилиш ва ҳаракатларида баббаравар имкониятлар яратишга қаратилгандир. Бу системада кишилардаги Аллоҳ томонидан берилган куч ва қобилиятларини яхши яшаш учун ишлатишга халакит берадиган маҳаллий ва миллий шароитларни ҳисобга олмаган қонунлар ва бошқа тўсиқларга чек қўйиш кўзда тутилгандир.

Иккинчидан, бу система, баъзи бир хил гуруҳлар, уруғ - аймоқ ва оилаларга мерослар ҳисобидан алоҳида иқтиосдий имкониятларга эга кишиларнинг, бошқа шунақа мулкка эга бўлмаганлар устидан монополиясига йўл қўймайди. Бундай монополиянинг тикланмаслигини Давлат қонунлар асосида таъминлайди.

Шундай қилиб, янги иқтисодий система кишиларнинг ҳаракат ва қобилиятларига мос меҳнат билан яхши турмуш қуриладиган шароит ва имкониятлар туғдиради. Бу эса жамият аъзоларининг (инсоннинг) ижодий ташаббускорлигини оширади. Бундай иқтисодий система принсиплари қонунлар билан аниқланиб, улар кескин белгилаб қўйилади.

Қариялар, етим болалар, ногиронлар ва бошқа ночор кишилар давлат нафақалари билан таъминланади ва уларга доимий ёрдам этадиган жамғармалар, вақифлар ташкил этиш рағбатлантирилади. Бундай меҳр - шафқат ишларига давлат тарафидан махсус ёрдам ажратилади. Улар қонунлар асосида махсус имтиёзларга эга бўладилар.

Солиҳ системаси адолатли қоидалар асосида қайта ишлаб чиқилади. Янги ситемага кўра ҳеч ким  солиҳлардан қочмайди, солиҳ тўланиши лозим бўлган молини яширмайди, натижада кишилар турмуши учун зарур бўлган барча бюджет маблағлари лозим вақтда муҳайё бўлган бўлади. Давлат маъмурлари фақат солиҳлардан ҳосил бўлган бюджетга мувофиқ яшашга ўрганадилар.

Янги иқтисодий система якка шахс ва кишилар жамоасини мутлақо бир хил даражада қарашга асосланади. Бунда мулкка бўлган инсон ҳуқуқлари ва эрки жамиятга фойда келтирадиган даражада қўриқланади ва ҳимоя қилинади.

Мулкчилик ва мерос қонунларга мувофиқ аниқланади. Фоизсиз банк системаси ривожлантирилади.

Хуллас, иқтисодда кўзга ташланарли ўзгаришларга эришилади. Буниинг учун қатор муҳим ва долзарб иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилади.

Бу ерда энг аввал барча фуқаро манфаатини баравар ҳисобга оладиган қонунлар асосида умумий мулкни хусусийлаштириш амалга оширилади.

Умумий мулкни хусусийлаштириш қоидалари алоҳида ишлаб чиқилади ва қонун кўринишида эълон қилинади.

Дунё иқтисодий жафҳасида юқори ўринларда (ривожланган мамлакатлар қаторида) мустаҳкам жой эгаллашга эришилади. Бунинг учун мамлакатда оғир саноат (металлургия, машинасозлик, самолётлар ишлаб чиқариш), егил саноат (тўқимачилик : ипак ва пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш) жадал ривожлантирилади. Бу соҳада замонавий технологияни жорий қилишга мутлақ эришилади.

Ўзбекистон оғир саноати ва енгил саноати маҳсулотлари дунё бозорида рақобат қила оладиган даражага кўтарилади. Ипак ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришда жаҳонда энг юқори ўринлардан бирини эғаллашга эришилади.

Қишлоқ хўжалигида кескин инқилобий ўзгаришлар амалга оширилади. Чигит экиш майдонларини қисқартириб, ҳосилдорликни эса, замонавий илм асосида ошириш, пахта толаси сифатини яхшилаш ҳар томонлама рағбатлантирилади. Ғалла экиш (буғдой, зиғир, кунжут, кунгабоқар) ривожлантирилади. Ўсимлик ёғлари (зиғир, кунжут, кунгабоқар, чигит) ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилади. Бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш технологияси ривожлантирилади. Ўсимлик ёғлари сотишда дунё бозорида рақобат қилиш даражасига кўтарилади.

Мева-сабзавот етиштириш ва бу маҳсулотларни дунё бозорида сотиш ишлари энг уйғун бир шаклда йўлга қўйилади. Майиз, туршак, ер ёнғоғи тайёрлаш ва сотиш ишлари замонавий технология асосида қайта ишга солинади. Бу соҳада илмий тадқиқот ишлари ривожлантирилади.

Мамлакат қоракул тери ва жун етиштириш ва уни сотиш бўйича дунёда рақобат қила олиш даражасига келтирилади.

Ўзбекистонда гўштдор ва жунли қўйларни кўпайтириш шароити бор. Шунинг учун чорвачиликда бу соҳага алоҳида эътибор берилади. Ўзбекистон қўй гушти экспорт қила бошлайди.

Ер ости бойликларидан фойдаланиш мантиқли план асосида олиб бориладиган бўлади. Олтин ва бошқа рангли металлар қазиб олиш, нефт, газдан фойдаланиш узоқ келажак авлодларимиз такдирини ҳисобга олган ҳолда жуда тежамли план асосида қайта кўриб чиқилади. Шу билан бирга ер ости геологиясини ўрганиш ва ер ости бойликларини разведка қилиш соҳасида илмий текшириш ва тадқиқот ишлари ривожлантирилади. Бу соҳага капитал маблағ етарлича ажратилиши таъминланади.

Ўзбекистон юк ва йўлчилар самолётлари, енгил автомобил, қишлоқ хўжалик машиналари, ипак ва пахтадан ишланган тайёр маҳсулотлар, ўсимлик ёғлари, қуруқ мевалар, қоракул тери, жун, олтин ва кумуш буюмлар ҳамда қўй гўшти экспорт қиладиган мамлакатга айлантирилади.

V.  ИЖТИМОИЙ ТУЗУМ.

Ижтимоий тузумда бош масала одамзот ибтидода Одам аллайҳиссаломдан тарқаган, деб билишга асосланади. Шундан келиб чиқиб, бутун дунёда инсонлар бир-бирига оға-ини ва дўст, улар барчаси бир хил ҳақ ва ҳуқуқка эгадирлар. Уларнинг ҳеч бири бошқасидан бирорта ҳуқуқий фарқка эга бўла олмайдилар деб қаралади.

Давлат ўз фуқаролари инсоний ҳуқуқларини белгилашда ана шундай умуминсоний тушунчаларга асосланади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда кишилар (фуқаро) ижтимоий келиб чиқиши, ранги, яшаш жойи, тили ва диний эътиқодига қараб фарқланмайдиган ижтимоий система вужудга келтирилади. Кишилар фақат ўз фикр-мулоҳаза, билим, илм, мақсад, адаб-ахлоқ ва тақвадорликлари билан бир-биридан фарқ этадилар. Масалан, бир ота-она фарзандлари бўлган икки қардош, ака-ука узларининг ахлоқий хусусиятларидан келиб чиқиб турли хил ҳаётий йўл танлашлари мумкин. Уларнинг бири ғарбдан, бошқаси шаркдан ўз нуктаи назарларига мос ҳамроҳлар топишлари мумкин.

Ўзбекистонда тор миллий доирада эмас, балки умумий мафкура ва ахлоқга эга бўлган ижтимоий жамият тузилади. Айни шундай принсиплар ва мақсадлар атрофида бирлашганлар жамияти Ўзбекистон ижтимоий давлат тузумини ташкил этади. Бу жамиятда кишилар уруғ, миллат ёки бошқа жамоатчилик хусусиятларига қараб белгиланмайди. Уларнинг орасида миллий белгисига қараб даражаланадиганлари йўқдир. Инсон ўз лавозими ёки ижтимоий келиб чиқишига қараб юқори ёки паст даражали ҳисобланмайдиган шароит вужудга келтирилади.

Ҳар бир кишининг жамиятдаги ўрнини, даражасини, унинг юқори ахлоқи, маънавияти ҳақиқатпарварлиги ва иймони белгилаши таъминланади.

Мамлакатда фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг энг муҳимларидан бири оила масаласи бўлиб, у муҳим ижтимоий муаммо ҳамдир. Оила одатда эр ва аёл ўртасида никоҳ асосида вужудга келади. Шу сабабдан бу масалада миллий ва диний фарқланишлар қонунлар ёрдамида тугатилади.

Оила жамиятнинг асосий элементи бўлганлиги учун у ижтимоий системанинг ҳам асосини ташкил этади. Келажак авлод оилада илк тарбия олади. Унинг ахлоқи, мафкураси энг аввал оилада шаклланади. Шунинг учун ёшларнинг оиладаги ва мактабдаги ахлоқий тарбияси мамлакатнинг ижтимоий системасидан ажралган ҳолда бўла олмайди. Демак, бу ижтимойи система болаларнинг мактабда ва оилада бир усулда, бир хил тарбия оладиган муҳит яратади.

Ижтимоий системада кишиларнинг ўзаро муносабатлари (қардошлик, жамоатчилик ва ҳ.к.) алоҳида ўрин тутади. Бу муносабатлар: а) ҳар бир инсонга, энг яқин қариндошларга (ота-она, ака-ука, фарзандлар ва ҳоказолар) муносабат; б) жамиятнинг қолган барча аъзоларига, бутун инсониятга муносабатлардан ташкил топади.

Мазкур ижтимоий тузум инсонлар ўртасидаги муносабатларда бир-бирига меҳрибон ва шафқатли, оқибатли бўлишни талаб этади ва ўрнатади. Аммо бу муносабатларда ўзаро адолатли бўлиш алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳеч бир замон қариндошлик, ёр - дўстликдан келиб чиқиб ноҳақ ишларда бир-бирини қўллаб - кувватлаш каби қусурларга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолатлар умум манфаатларига катта зиён келтириб, у буюк гуноҳ ҳисобланадиган бўлади.

Кишилар орасидаги муносабатларда буюк пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алейҳи вассалом ҳадисларидан бирида айтилганидай ҳолат вужудга келтирилади. Пайғамбар ҳазратларидан, “Аллоҳга қасам ичиб айтаманки улар иймонсиздир, улар иймонсиздир у кимдир“-деб сўрашганда Расулуллоҳ, “у қўшнисини бахтсизлик ва ёвузликлардан қўруқламаган"-деб жавоб айтган эканлар.

Ўзбекистон давлати, фуқароларнинг соғлигини сақлаш, болалар, ёшлар ва қарияларга қонунлар асосида ёрдам ташкил этишни таъминлайди.

Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг қонун билан тартибга солинган имтиёзли иш таътиллари жорий бўлишига эришилади.

Бутун дунёда яшовчи одамзотга энг аввал Аллоҳ яратган инсон, деб муносабатда бўлиш одатга айлантирлади. Фуқаронинг давлатга ва аксинча Давлатнинг фуқарога муносабатлари халқаро принсипларга мос қонунлар ёрдамида йўлга қўйилади.

Ташки сиёсатнинг асосий принсиплари.

Ўзбекистон ҳарбий блокларга кирмайди. У бетараф давлатдир.

Ўзбекистон давлати халқаро муносабатларда жаҳон ҳамжамияти қабул қилган келишувларга оғишмай амал қилади. Тинчликни сақлаш, атроф-муҳитни асраш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва бошқа эзгуликларга қаратилган Умумжаҳон шартномаларига қўшилади ва уларни қўллаб, қувватлайди.

Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини, қадр-қимматини дунёнинг ҳар бир ерида қўриқлай оладиган имконни яратувчи давлатлараро шартномаларга эга бўлади.

Дастурда кўрсатилган барча мақсадлар қонунлар асосида амалга оширилади. Биз иқтидорга келсак бундай қонунлар қабул этилишига эришамиз ва уларнинг амалда қўлланишини таъминлаймиз.

Биз ана шундай жамият қурамиз! Иншооллох!

ХОТИМА

Китобчани хулосаламоқ учун фикримдан бир қатор ўй ва хаёллар ўтиб юрган бир замонда Пичоқзода Аҳмад Ҳаққининг “Ҳикмат дарёсидан томчилар"( 1989 йили Байрам Темир тарафидан ҳозирги туркчага мослаб қайта нашр қилинган ) китоби қўлимга тушиб қолди.

Бу китоб муаллифи Пичоқзода Аҳмад Ҳаққи 1277 йили Туркиянинг Измир шаҳрида туғилиб, араб, форс, немис ва инглиз тилларини мукаммал билган Усмонлилар даври турк олимидир. Унинг “Ҳикмат дарёсидан томчилар” китоби эски усмонли туркчасида ёзилгандир. Мен бу ажойиб китоб билан танишганимдан сўнгра, бу китобдан бу ерда бир қатор парчалар келтирсам, улар бир томондан Аҳмад Ҳаққи ҳазратлари ҳикматларидан ўзбек ўқувчилари учун намуналар бўлса, бошқа томондан меннинг юқорида ёзганларимга бу ҳикматлардан ҳам бошқа бир қулай хотима ёзолмасман, деган хулосага келдим. Шунинг учун “Ҳикматлар дарёсидан томчилар"дан тубанда бир қатор ҳикматлар келтираман.

Дин :

Инсонлик дин билан билинади. Дин йўқ ерда фазилатга, ахлоққа ўрин йўқ. Чунки диндан ўзга ҳеч бир қонун виждонга ҳоким бўлолмайди. Виждоннинг ҳақиқий ҳокими диндир. “Аллоҳдан қўрқмагандан қўрқ"- дейилади нақлда.

Дин, сидқидил эътиқод, чинакам ибодат, юксак ва етук ахлоқ, демакдир.

Динни танимаганларда номус, ватан ва миллат тушунчалари мутлақо йўқ. Улар шахсий манфаатлари учун зарур бўлгандагина бу сўзлардан фойдаланадилар, ҳатто у сўзлар устида баҳслар ҳам қилишади.

Дин кишини инсон, илм санъаткори даражасига кўтаради. Илми йўқ жоҳил, дини йўқ эса ҳайвондир.

Дин давлат, ҳукумат ва миллатнинг бирлик ва тенглик маркази, уларнинг умумий бирлаштирувчи нуқтаси эканлигини кўриш қийин эмас.

Демак, биз динимизга содиқ бўлишимиз, ахлоқимизни у билан ўлчашимиз лозим экан. Мусулмонман, дейишдан чўчиганлардан, қўрқинг!

Ҳуррият :

Ҳеч бир кимсанинг ва ҳеч кимнинг ҳақкига зарар бермасдан кўпчиликка маъқул ва мақбул ўлчовли эркин ҳаракатлар қилиш мумкин бўлган озодлик, инсонлар излаган ва кутган ҳуррият шудир.

Дин ва ахлоқнинг олмос занжирлари билан боғланиши асосида вужудга келган ҳуррият энг яхши ва маъқул маданий ҳурриятдир.

Динсиз, ахлоқсиз ҳурриятни ҳеч бир миллат қабул қилмайди. У ҳуррият чиркин ва разолатга тўлиб-тошган бўлиб, фақат сарсонгарчиликлардан иборатдир.

Ҳуррият кишиларга ўзидан бошқаларга, атрофга ва умумий ҳуқуқка зарари бўлмаган барча эркинликларни беради, яъни ҳуррият “истаганингни қил, аммо ўзгаларга ва ҳуқуққа зарар берма"-демакдир.

Ҳурриятли, озод инсон бўлишга ҳаракат қилишдан чарчаманг!

Болалар :

Ҳар ўттиз йилдан сўнг миллатнинг ақли роса, меҳнатга қобилиятли қисмини ташкил этган халқ бугунги болалардир. Борди-ю бугун идорада, идорачиликда, яъни ҳокимият бошқарувида бирор қусур, ёмонлик ва камчилликлар мавжуд бўлса, улар бундан ўттиз ёки қирқ йил илгарги идорачиларга тегишли ва уларга бевосита оиддир.

Келажагини ўйлаган халқ, энг аввал болаларининг юксалишини таъминлайди. Уларга дин севгиси, эътиқоди, миллатга ошиқлик, ҳуррият ва фазилат савдоилари бўлиш, юксак ахлоқ ва ҳаққоният тарафдорлари бўлиб етишиш руҳида таълим беради ва тарбиялайди. Бунинг учун эса катта урушларга сарф бўладиган даражадаги ҳаражатлар сарфлаш кўзда тутилади.

Келажагини ўйламаган халқ болаларига аҳамият бермас (бугунги Ўзбекистондаги каби), улар ўз ҳолича нима бўлса бўлар, ботар, йўқолар ундан хабари бўлмас. Камбағал, қароқчи, жоҳил, фазилатсиз, қўпол одамлар ўз вақтида ўзи бўларликка ташлаб қўйилган, уларнинг таълим-тарбиясига аҳамият берилмаган кечаги болалардир.

Ҳар бир уйда 5-6 та бола, ҳар бир мактаб бир қишлоқ бўлмаса, у миллат яшамас.

Ўз ривожи, турмуш даражасининг яхшиланишини таъминлаш ниятида халқ болаларини қанча кўпайтирса, шунча яхшидир. Болалар оз бўлиб, уларнинг таълим-тарбиясига аҳамият бермаган халқ тугашга, инқирозга маҳкум, демакдир.

Қаранг, бу олим, бундан бир неча юз йил муқаддам турк оиласини “планлаштиришнинг” хавфи ҳақида сўзлаб кўйган экан.

Фарзандлар ва уларнинг тарбияси масаласини замон даражасида ҳал етмоқ бизнинг энг муҳим ватанпарварлик бурчимиздир!

Ёшлик :

Ёшлик заковат дарахтининг кўчатидир, у ҳамиша тарбия ва ислоҳ талабдир. Акс ҳолда, у бузилади, мева бермайди. Ёшлик, жамиятнинг юксалиши учун зарур бўлган ҳар қандай вазифани ўз зиммасига ола билади. Ёшлик, ўз даврига (замонига), муҳитига, уйига мос ўсади, етишади.

Бирор халқнинг келажагини билмоқчи бўлсангиз, уларда ёшларни тарбиялаш ва таълим-тарбия қандай йўлга қўйилганини кўринг.

Бирор халқнинг яшаш муҳитини, яшаш ҳаётини ўрганмоқчи бўлсангиз, уларнинг ёшлари ҳаётига, яшаш ва ўй-фикрлари, тушунчаларига боқинг.

Ҳар бир халқнинг илғорлиги ва ривожланиши унинг ёшлари олаётган тарбияга чамбарчас боғлангандир.

Халқнинг асл ҳаёт муҳитини ва маданий турмушини бузмаслик, яъни халқни ўз ерида, ўз даражасида сақламоқ учун мактабларда юксак фикрли ва миллий маданиятга эга ва шундай маданий муҳитда яшаган ўқутувчилар ёрдамида юксак ҳисли ва миллий фикрга, ғояга бой дарслар ўқитилиши зарурдир.

Тарбия :

Киши, юксак ва буюк туйғуларни кечинмоқ билан инсон даражасига кўтарилади. Буюклик даражасида сўз юритолмаган, буюк ғоя, фикрларга эга бўлмаган миллатлар, билмадим, миллатмилар? Буюк фикр, буюк ғоя - бу дин ҳисси, ватан, миллат ва ор-номус ҳисси, демакдир.

Бирор миллатни ислоҳ этиш, кимларнингдир имзоси билан эмас, болаларига яхши тарбия бериш билан муваффақ бўлинади.

Ижтмоий(сотсиал) тарбияда бирлик ва баробарлик кўрсата олмаган халқ(миллат) бошқа бир миллат(халқ) тарафидан ютуб юборилади. У миллат ўзини ютган миллатнинг маданияти ичига кириб, унга ўхшаб қолади. Чунки одатда тарбия тарбияни, маданият маданиятни ютуб юбориши тарихдан маълум ҳолдир.

Ижтимоий тарбиясини ўз қўлида тутган халқнинг ўзи малак, ватани, уйи эса жаннатдир.

Менимча, ўз Ватанида қамоқхона ҳаётини яшаётган, биздан бошқа яна бирорта миллат дунёда қолмабти.

Болаларини тарбия эта олмаган ёки уларни тарбияламаган жамият, келажагини ўз қўллари билан қорага бўёган бўлади.

Тарбиялаш фақат тарбиялиларнинг қўлидан келади, холос. Тарбиячилар эса, юксак малакали, одоб-ахлоқли, иймонли ватанпарварлар бўлмоқлари зарур.

Сиёсат :

Ҳукуматнинг фуқарони “менинг фуқаром, халқим” дейишидан, халқнинг ўзини идора этаётган ҳукуматига нисбатан “менинг ҳукуматим"- дейиши аҳамиятлирокдир, яъни халқнинг (фуқаронинг) ўз ҳукуматини, идорачиларини “менинг” дейишлари янада авло, яхшидир.

Халқ қалбида ҳукуматга ҳурмат, ҳукумат маъмурларининг шиддатлари билан эмас, балки уларнинг халқка зарур ишларни ҳал этишдаги ҳаракатлари, жиддиятлари билан ҳосил бўлади.

Буюк мансабдорлар қонун муқаддаслигига амал қилиш ва уни қўруқлаш вақолатини ўз зиммаларига олиши зарур. Яъни уларнинг ўзлари у қонунларга ҳеч оғишмай итоат қилишлари ва барчанинг бу қонунларга итоат етишларини таъминламоқлари лозим. Аммо бугун “у буюк” мансабдорлар, идорачилар ўзлари қонунларни турлича бузиб, халқдан эса қонунларга бўйинсунишларини талаб етарлар. Бу нимаси, бу нима, демак, бу қанақа парҳез, бу қанақа, “тузланган қарам"?

Ёмонларни, тарбия билан, сиёсат, қаттиқ қўллик, тақиқловчи қонунлар билан йўлга солиш ва шундай йўл билан тартиб ўрнатиш мумкин. Аммо бугун қонунларни амалга оширувчилар ёмон бўлганликлари учун қусурлар кўпаймоқда.

Қонунларни амалга оширувчилар дағал ва ваҳший бўлмасдан, жасур ва адолатли бўлмоқлари лозим.

Бирор ерда кишилар қошшоқлик ва зулмдан “оҳ” чекаётган бўлса, у ерда ҳоким ўз вазифасини бажармаяпти ёки бажара олмаяпти, демакдир.

Ҳеч нарсани ўзингга мослаб, ўз манфаатингдан келиб чиқиб тушунма. Фақат халқни, миллатни ўйла. Унинг ҳаёти, сенинг ҳаётингдир. Чунки у ўлса, сен ҳам ўларсан.

Келажагини назорат остига ола билган халқ азали-азимда, ғояда айнан бир хил фикрни ифода этмоғи керак.

"Сиёсатга аралашмайман”, “сиёсатга аралашма”, демак, “Ватан ишига, миллат ишига аралашмайман, сен ҳам бу ишга аралашма”, демак бўлиб, бу энг сўнг даражада тахликали бир вазиятдир. Бу “оч корним, тинч қулоғим” принсипидан ҳам тубан бир аҳволдир.

Куч-қувват билан ўрнатилган ҳокимият зулмдир, ўткинчидир. Фақат Ҳақнинг ва адолатнинг ҳокимияти боқийдир.

Тарих :

Тарихини унутган халқ абадий юксак даражали бўла олмайди. Турк миллати сингари тарихига бу қадар эътиборсиз, ҳисоб-китобсиз яна бошқа бир миллат топилмаса керак (оргиналда “йўқдир ҳар ҳолда”, дейилган). Аслида турк миллатининг тарихи шан - шарафга тўлиб-тошган муҳташам бир тарихдир. У кунлар ҳаётидаги унсурлар дуруст бир шаклда тадқиқ этилса, у унсурларнинг Ислом билан боғлиқ бўлганлиги маълум бўлади. Шунинг учун бугун динимизга соҳиб, эга чиқа олсак, у эски кунларни такрор яшамоқ, хаёл эмас, ҳақиқат бўлар. Фақат бугунги режалар, ўйинлар бунинг қаршисига ишламоқда. Буни ҳам тушунмоқ, англамоқ ақлнинг ишидир.

Англаяпсизми, бу фикрлар на қадар бизнинг бугунимизни ифодалайди. Ўзбекистонда бугун сиёсатнинг бутун моҳияти халқни тарихдан, диндан узоқлатиришга қаратилган. Аммо уни тушунадиган фаросат керак.

Виждон :

Виждон ҳақиқатни акс этирувчи бир ойнадир.

Умумий виждон бутун халқнинг туйғу ва муҳокамаси демакдир. У бутун маълумотларни ва идрокларни маълум ва ҳақиқий бир илҳомдан олади. Умумий виждон, шахсий виждонлар оҳангларининг бирлиги ва баробарлигидир. Умумий виждон бир денгизга ўхшайди. Унда сузиб юрган ёлғонларни соҳилга чиқариб ташлайди. Ёлғоннинг, инкор қилишнинг, сўзи бошқа, иши бошқаларнинг юзига (суратига) туфириб турувчи бу виждондир.

Бир халқ ичида ўзаро хийлакорлик мавжуд бўлса, у халқ бедаво сил хасталигига мубтало бўлгани шудир.

Бир-бирини ёқтирмаган(севмаган), фикр-мулоҳазаларини бир-бирига тушунтира олмаган, бири иккинчисини хуш кўрмаган, бири бошқаси тўғрисида жосуслик қиладиган бир миллат, халқ узоқ мустақил яшай олмайди.

Мулк, бойлик ва мартабо билан жоҳилдан яхши одам ясаб бўлмайди.

Гийбатдан, ёвузлик ва жоҳилликдан ҳоли бўлинг!

Овозинггизни маъноли ва ширин сўзлар билан ёқимли этишга ҳаракат қилинг.

Атроф, чеврангиздан нодўстни эмас, доим дўст ахтаринг.

Инсоннинг иззати, номуси - бу энг бебаҳо қийматдир. Иззатингизни ва номусинггизни сақланг!

Номусли, Иззатли, Ҳурматли кишиларнинг Ватани буюк, ўзи бадавлатдир.

Китоб ичида юлдузчалар билан белгиланган жумлаларга тегишли эслатмалар:

12 саҳифа бўйича:

*Бу ерда “юртбошига” бало борми? Аммо бизнинг қул сифат одамларимиз, мен қайта-қайта таъкидлаганимдек мансабдорга ҳатто мана шунақа ёзувларда ҳам хушoмaд қилишни канда қилишмайди. Амалдорга алчоқлик қилмасанг жонинг кетади-да, а? Қандингни ур “ўзбегим”!! Олий Кенгаш сессиясидан Каримов сўзи, деб келтирилган кўчирмадаги сўзлар менинг мақоламдан олинган. 1989-1991 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Холхўжаев “Турон” труппаси ташкил этиб, ЎзКП МКга тасдиқ учун топширганда, шахсан И.Каримов “жаноблари” труппа исмидан Турон сўзини ўчиришни талаб этгани аниқ. Б.Холхўжаев ҳали тирик ундан сўраб билса бўлади. Қарангки, ўша Каримов бугун Турон соҳиби ўзбеклар “сардори” эмиш?!

**Уюшган ўғирлик, жиноятчилик ва шу кабилар билан “шахсан президентнинг ўзи шуғулланиш ...” Борди-ю шу гап рост бўлса, бу нима дегани бўлади? Демак, мамлакатда Президентдан бошқа ҳокимиятнинг ўзи йўқ. Ҳамма қусур шунда-да, ҳамма иш билан “шахсан Президент шуғуланади”, диктаторлик шу эмасми, ахир.

** *Жириновский оддий журналист ёки илм одами эмас, у буюк бир мамлакат сиёсатчиси унинг расмий фикрига сиёсат кишиси, яъни давлатнинг расмий мансабдори жавоб бермасдан, оддий мухбир ёки бир илм одами жавоб қилиши керакми? Мантиқ ҳам ўзига ярашада буларда.

14 саҳифа бўйича:

*Ноинсофликни қаранг, ўзлари компартияларига аъзо бўла туриб, хоҳлаганларини, яъни ўзлари кабиларни қабул қилиб бошқаларни қабул килмасдан, компартия аъзоси бўлмаган бир киши, менинг номимга айтаётган сўзларини кўрмайсизми?! “Ўғри бўл, инсофи билан бўл!”, дейдилар, ахир.

** Кўраяпсизми, “... маърузалар ўқишга имкон яратиш зарурми ё йўқ”, яъни менинг устимдан уларнинг аллақачон “ҳукмлари” тайёр.

***Бу “олимчалар”, юрт ва унинг ҳукмдори орасидаги фарқни, ҳукумат сиёсати ва мамлакат тушунчаларини бир-биридан ажрата олишмайдилар.

**** Ясама “олимчалар”, ўзлари худобехабарлар-у, қаранг, керак жойда Яратганни тилга олишадилар. Аммо улар барча бирдай, жумладан, ўзлари ҳам Яратганнинг ҳузурида жавоб беражакларини хаёлига ҳам келтиришмайдилар. Чунки уларга ўғри ҳукуматнинг ҳаром пули келиб туриши зарур. Улар фақат ана шунинг ташвишида.

31 саҳифада:

* Буюк раҳбар, дейилганда доимий(ўлгунича) раҳбарлик қилувчи ягона шахсни тушунмаслик керак. Қонунлар йўли билан аниқланган муддатда мажбуран алмашиб турадиган шахслар шаклидаги Давлат раҳбари(доҳий) кўзда тутилади.

  

Bosh sahifaga qaytish | Шу қисмнинг Бошига ўтиш

 

 

Hosted by uCoz